Кириш
Бундан ўн тўрт аср муқаддам Ислом инсониятга инсон ҳуқуқларининг идеал кодексини берди. Ушбу кодексдан асосий мақсад – эксплуатация, жабр-зулм ва адолатсизликни бартараф қилиб, инсониятга ор-номус ва қадр-қиммат кафолатларини беришдан иборат бўлган.
Исломда инсон ҳуқуқлари концепцияси барча инсон ҳуқуқларининг манбаси ва қонунларнинг Муаллифи ёлғиз Аллоҳ эканлигига ишонишга асосланади. Аллоҳ инъом қилган инсон ҳуқуқлари илоҳий келиб чиқишга эга эканлиги сабабли бирон-бир ҳукумат, раҳбар ёки қандайдир раҳбарлик қиладиган гуруҳ томонидан қисқартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин эмас. Уларни ҳеч ким ўз ихтиёрича ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас.
Исломда инсон ҳуқуқлари Ислом тизимининг ажралмас қисмини ташкил қилади ва барча мусулмон ҳукуматлари ва ташкилотлари унинг руҳига ва расмий талқинига риоя қилишлари шарт. Дунёнинг қатор мамлакатларида, жумладан, Ислом давлатларида ҳам инсон ҳуқуқларининг ҳеч қандай жазога тортилмаган ҳолда бузилаётганлиги улкан фожиа ҳисобланади. Бундай ошкора қоида бузарликлар дунёда тобора кўп сонли одамларни ҳаяжонлантирмоқда ва уларнинг ижтимоий онгини уйғотмоқда.
Умид билдирмоқчиманки, мазкур инсон ҳуқуқлари Декларацияси мусулмон халқларга Аллоҳ инъом этган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаттиқ ва дадил интилиши учун кучли туртки беради.
Инсон ҳуқуқлари Декларацияси Ислом кенгаши томонидан Ислом даврининг 15 асрлиги муносабати билан тайёрланган иккинчи фундаментал ҳужжат ҳисобланади. Дастлабки ҳужжат Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ва унинг Мурожаатига бағишланган, 1980 йил 12-15 апрель кунлари Лондон шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда эълон қилинган Умумий Ислом декларацияси бўлди.
Инсон ҳуқуқлари умумий Ислом декларацияси Қуръон ва Суннатга асосланган бўлиб, машҳур ақл-заковат соҳиблари – мусулмон ҳуқуқшунослари ҳамда Ислом фикрининг турли йўналишлари ва ҳаракатлари вакиллари томонидан ишлаб чиқилган. Аллоҳ уларни қилган меҳнатлари учун муносиб тақдирласин ва уларга ягона тўғри йўлни кўрсатсин.
Салим Азам, Бош котиб
***
“Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир.” [Ҳужурот сураси, 13].
Преамбула
Одамнинг Ер юзида адолатли тузумга эришиш борасида асрлар мобайндаги орзу қилган, инсон қўрқув, жабр-зулм, эксплуатация ва муҳтожликлардан халос бўлган муҳитда яшаш ва ривожланиши мумкин бўлган жой рўёбга чиқишдан ҳали узоқ эканлигини ҳисобга олиб;
Аллоҳ меҳрибонлик ва сахийлик билан инсониятга инъом этган кун кўриш воситалари исроф қилиниши ёки одамлар улардан адолатсиз равишда маҳрум этилишини ҳисобга олиб;
Аллоҳ ўз ваҳийларини муқаддас Қуръонда ва Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) суннатида ваҳийлар орқали инсониятга барча зарур институтлар ва муносабатлар ўрганиш ва тартибга солиш имконини берадиган ҳуқуқ ва ахлоқий қоидалар ҳадя этганлигини ҳисобга олиб;
Илоҳий башорат инъом этган инсон ҳуқуқларининг асосий мақсади ор-номус ва қадр-қиммат кафолатлари, шунингдек, жабр-зулм ва адолатсизликка барҳам берилиши эканлигини ҳисобга олиб;
Инсон ҳуқуқлари уларнинг бажариши лозим бўлган вазифалар ва келиб чиқиш манбаси илоҳий эканлиги ҳамда на ҳукумат, на бошқа бир давлат институтлари томонидан бекор қилиниши ёки чекланиши мумкин эмаслигини ҳисобга олиб,
Биз, мусулмонлар,
а) Меҳрибон ва Раҳмли, Яратувчи, Парвардигори олам, барча қонунлар Манбаси ва инсониятни тўғри йўлга Бошловчи Аллоҳга тўла ишонганлар;
б) Аллоҳнинг ердаги амрини бажариш учун яратилган инсон бажариши лозим бўлган вазифаларга тўла ишонганлар;
в) бизга уларнинг вазифаси Пайғамбар Муҳаммаднинг (с.а.в.) бутун инсониятга якуний мурожаатида чўққисига чиққан пайғамбарлар орқали етиб келган илоҳий қонунлар донишмандлигига тўла ишонганлар;
г) рационаллик ўз-ўзидан, Аллоҳнинг нур сочишисиз, инсониятга ягона тўғри йўл кўрсата олмаслигига, инсон қалбига маънавий озиқа бера олмаслигига тўла ишонганлар; Ислом таълимоти якуний ва бенуқсон шаклдаги Илоҳий Башоратнинг асосий моҳиятини ифодалашига тўла ишонганлар, Аллоҳ инъом этган қадр-қиммат ва бажариш лозим бўлган юқори вазифалар ҳақида инсонга эслатиб туришни ўз бурчи деб ҳисоблайдиганлар;
д) Исломнинг ваҳийси моҳиятини бутун инсониятга тарқатиш лозимлигига тўла ишонганлар;
е) бизнинг Аллоҳ билан бирлигимиз азалий эканлигидан келиб чиқиб, бизнинг бурч ва мажбуриятларимиз бизнинг ҳуқуқларимиздан устун эканлигига ва ҳар биримизда Ислом таълимотини иш билан ва сўз билан, ҳар қандай тинч воситалар билан тарқатиш, унинг ғояларини нафақат шахсий доирада, балки жамиятда ҳам жорий қилиш борасида муқаддас бурч ётганлигига тўла ишонганлар;
ж) Ислом тартиби ўрнатиш мажбуриятига тўла ишонганлар, қайсики;
– бунда ҳамма одамлар тенг ва ҳеч ким ирқи, танасининг ранги, жинси, келиб чиқиши ёки тилидан қатъий назар камситиш ёки тенгсизлик шароитларида яшамайдиган ва алоҳида имтиёзларга эга бўлмаган;
– бунда одамлар эркин бўлиб туғиладиган;
– қулчилик ёки каторга ишлари тақиқланган;
– жамият ҳаётининг негизи сифатида оила институтини ҳурматлаш ва ҳимоя қилиш учун шароитлар мавжуд бўлган;
– ҳама одамлар, жумладан, ҳукмдорлар қонун олдида тенг бўлган;
– одам фақат қонун қоидаларига бўйсунадиган;
– ердаги ҳар қандай ҳукумат муқаддас бурч сифатида баҳоланадиган ва устуворликлар қайд этадиган Қонун билан тасдиқланган ва белгиланган чегаралар билан чекланган;
– барча иқтисодий ресурслар инсониятга Илоҳий инъом ҳисобланган ва ундан инсон Қуръон ва суннат қоидалари ва қадриятига мувофиқ фойдаланадиган;
– барча ижтимоий ишлар ва функциялар аниқ белгиланган ва ёзиб қўйилган, маъмурий ҳукумат ижтимоий фаровонлик мезонлари ва қонунларга мувофиқ қарорлар ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган диндорлар билан маслаҳатлардан (Шўро) кейингина амалга ошириладиган;
– Ҳар бир инсон ўз қобилиятларига мувофиқ ўз мажбуриятларини бажарадиган ва мос равишда ўз ҳаракатлари учун жавоб берадиган;
–Ҳар бир инсон унинг ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда уни ҳимоя қилиш учун қонунда белгилаб қўйилган чоралар қўлланишига ишончи комил бўлган;
– ҳеч ким қонун томонидан кафолатланган ҳуқуқлардан, қонунда белгиланган маънода ва даражада маҳрум этилиши мумкин бўлмаган;
– Ҳар бир инсон жамият ёки унинг айрим аъзоларига нисбатан жиноят содир этган бошқа шахсга нисбатан юридик чоралар қўллаш ҳуқуқига эга бўлган;
–а) инсониятни жабр-зулм, адолатсизлик ва эксплуатациянинг барча шаклларидан озод этиш ҳамда
б)қонунда белгиланган шартларда ва доираларда хавфсизлик, қадр-қиммат ва эркинликни кафолатлаш учун барча чоралар қўлланадиган;
Тасдиқлаймизки, Аллоҳнинг хизматчилари ва исломий биродарлик аъзолари бўлган ҳолда, исломий даврнинг ўн бешинчи асри бошларида Ислом йўл-йўриқлари сифатида белгиланадиган қуйидаги санаб ўтилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш мажбуриятини ўз зиммамизга оламиз.
1. Яшаш ҳуқуқи
а) инсон ҳаёти муқаддас бўлиб ва дахлсиз, уни ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилиши лозим. Хусусан, қонунда кўзда тутилган ҳолатларни истисно қилганда, ҳеч ким ярадор қилиниши ёки ҳаётдан маҳрум қилиниши мумкин эмас.
б) тириклик пайтида ҳам, ўлганидан кейин ҳам инсон танаси муқаддас ва дахлсиз ҳисобланади. Барча диндорларга тегишли ҳурмат-эҳтиром билан дафн этиш кафолатланади.
2. Эркинлик ҳуқуқи
а) Инсон эркин бўлиб туғилади. Ҳеч ким, қонунда кўзда тутилган ҳолатларни истисно қилганда, унинг эркинлик ҳуқуқларини чеклаши мумкин эмас.
б) Ҳар бир инсон ва ҳамма одамлар жисмоний, маданий, сиёсий ва иқтисодий эркинлик ҳуқуқига эга бўлиб, барча қонуний усуллар билан бу –ҳуқуқларни ҳимоя қилишга ҳақли бўлиши лозим. Бир киши ва ҳамма одамлар, уларнинг ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда, уларни ҳимоя қилиш учун бошқа шахсларнинг қонуний курашиш ҳуқуқларидан фойдаланишга ҳақли.
3. Тенглик ҳуқуқи ва барча шаклдаги дискриминация тақиқланиши
а) ҳамма одамлар қонун олдида тенг бўлиб, қонун олдида жавоб бериш учун бир хил имкониятлар ҳуқуқига эга;
б) ҳамма одамлар бир хил меҳнат учун бир хил мукофот олишга ҳақли.
в) ирқи, танасининг ранги, жинси, келиб чиқиши ёки тилидан қатъий назар, ҳеч ким меҳнат қилиш ҳуқуқидан махрум этилиши ёки биронта дискриминацияга дуч келиши ёки кўпроқ жисмоний рискка дуч келиши мумкин эмас.
4. Одил суд ҳуқуқи
а) Ҳар бир инсон қонунга ва фақат қонунга мувофиқ равишда ишини судда кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.
б) Ҳар бир инсон нафақат ҳуқуққа, балки адолатсизликка қарши норозилик билдириш мажбуриятига ҳам эга. Ҳар бир инсон, агарда унга адолатсиз равишда қандайдир зарар ёки зиён етказилган бўлса, қонунда кўзда тутилган ва қонун билан белгилаб қўйилган инстанцияда ёрдам ва ҳимоя сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, Ҳар бир инсон унга нисбатан қўйиладиган ҳар қандай айбловлардан ҳимояланиш, бошқа шахслар ёки жамоат вакиллари билан судлашишда ишни мустақил ва одил судда адолатли кўриб чиқилиш ҳуқуқига эга.
в) Ҳар бир инсон бошқа киши ёки бутун жамиятни (Хизба) ҳимоя қилиш ҳуқуқи ва мажбуриятига эга.
г) шахсий ёки жамоат манфаатларини ҳимоя қилишда ҳеч ким дискриминация ҳис қилмаслиги лозим.
д) ҳар бир мусулмон бундай буйруқнинг келиб чиқиши қандай бўлишидан қатъи назар, агарда қонунга зид келадиган бўлса, бундай буйруққа бўйсунмаслик ҳуқуқига эга.
5. Одил суд ҳуқуқи
а) агар унинг айби мустақил ва одил суд томонидан исботлаб берилган бўлмаса, ҳеч ким айбдор деб топилиши ва жазога ҳукм қилиниши мумкин эмас.
б) судланувчига ҳимояланиш учун нормал шароитлар тақдим этилганлиги шартида мустақил ва одил суд қарори ёки ҳукми чиқарилмагунга қадар ҳеч ким айбдор деб тан олиниши мумкин эмас.
в) Санкциялар қонунга мувофиқ, содир этилган жиноятнинг оғирлигига мутаносиб равишда ва жиноят содир этилган ҳолатни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши лозим.
г) агар у мос келувчи қонун моддаси матнида икки хил тушунишга йўл қўймайдиган тарзда ва аниқ ифодаланмаган бўлса, ҳеч қайси ҳаракат жиноят сифатида баҳоланиши мумкин эмас.
д) Ҳар бир инсон у амалга оширган ҳаракатлар учун жавоб беради. Содир этилган жиноят учун жавобгарлик, бу жиноятни содир этишга бевосита ва билвосита алоқаси бўлмаган оиласининг бошқа аъзоларига ёки у мансуб бўлган гуруҳ аъзоларига ўтказилиши мумкин эмас.
6. Ҳукмдорлик қилишда суиистеъмолдан ҳимояланиш ҳуқуқи
Ҳар бир инсон давлат институтлари босимидан ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Инсонга айблов қўйилганда ёки унинг жиноят содир этишга алоқадорлик эҳтимоли масалани кўриб чиқиш ўринли бўлган вазиятларда ҳеч ким ўзини оқлашга ёки айбдор эмаслигини исботлашга мажбур эмас.
7. Қийноққа солинмаслик ҳуқуқи
Ҳеч ким ундан жиноят соир этганликни тан олиш мақсадида руҳий ёки жисмоний қийноққа солиниши, таҳқирланиши, унга ёки қариндошлари ва яқинларига нисбатан ғаразли муносабат билан таҳдид қилиниши, зўрланиши, шунингдек, адолатсиз ҳукмни қабул қилишга розилик беришга мажбурланиши мумкин эмас.
8. Ор-номус ва обрў-эътибор ҳимояси
Ҳар бир инсон ор-номусини ва обрў-эътиборини туҳматдан, асоссиз айбловлардан, диффамация ва шантаж ҳаракатларидан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
9. Бошпана ҳуқуқи
а) таъқиб ёки жабр-зулм остида қолган Ҳар бир инсон бошпана ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуққа одамлар жинси, эътиқод қиладиган дини, ирқи ва жинсидан қатъи назар эгадир.
б) Ал Масжид Ал Харам – Маккадаги Муқаддас масжид барча мусулмонлар учун бошпана ҳисобланади.
10. Камчиликлар ҳуқуқлари
а) Қуръоннинг «динда мажбурлаш йўқ» тамойили мусулмон бўлмаган диний камчиликларнинг ҳуқуқларини белгилаб бериши лозим.
б) мусулмон мамлакатда диний камчиликлар вакиллари щахсий ва жамоат ишларини олиб боришда Ислом қонуни ва ўз қонунлари ўртасида танлаш имкониятига эга бўлишлари лозим.
11. Жамоат ишларини бошқаришла иштирок этиш ҳуқуқи ва мажбурияти
а) қонунга мувофиқ, жамиятнинг (Умматнинг) ҳар бир аъзоси жамоатчилик функцияларини амалга ошириш ҳуқуқига эга.
б) эркин маслаҳат жараёни (Шўъро) халқ ва ҳукумат ўртасида маъмурий муносабатларнинги негизи ҳисобланади. Ушбу тамойилга мувофиқ халқ ўз ҳукмдорлаини танлаш ҳуқуқига эга.
12. Дин, фикр ва сўз эркинлиги
а) Ҳар бир инсон ўзининг фикр ва эътиқодларини қонун билан назарда тутилган даражада ва миқёсда ифода этиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким жамият ахлоқига зиён етказиш ёки туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш ёки бошқаларнинг обрўсига зиён етказиш учун нотўғри маълумот ёки ахборот тарқатиш ҳуқуқига эга эмас.
б) Ҳақиқат излаш ва билимлар ўзлаштириш ҳар бир мусулмоннинг нафақат ҳуқуқи, балки бурчи ҳам ҳисобланади.
в) давлат ҳокимиятининг юқори даражадаги вакилларига қарши туриш керак бўлса ҳам, зўравонликнинг ҳар қандай турига қарши қонун билан белгилаб қўйилган даражада ҳимоя қилиш ва курашиш бурчи.
г) Агар давлат ва жамият манфаатлари учун хавф туғдирмайдиган ва қонун ҳужжатларида кўзда тутилган чегаралардан ташқарида бўлмаса, ахборотни тарқатишда ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги керак.
д) Ҳеч ким бошқаларнинг диний эътиқодидан нафратланиш ёки истеҳзо билан муносабатда бўлишга ёки уларга нисбатан жамиятда душманлик руҳини уйғотишга ҳақли эмас. Бошқа диндагиларнинг диний туйғуларига ҳурмат - ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.
13. Дин эркинлиги ҳуқуқи
Ҳар бир инсон диний эътиқодларига мувофиқ виждон эркинлиги ва диний маросимларни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
14.Уюшмалар ташкил қилиш эркинлиги ҳуқуқи
а) Ҳар бир инсон жамиятнинг диний, ижтимоий, маданий ва сиёсий ҳаётида индивидуал тарзда ёки жамоавий равишда иштирок этиш, эзгуликни (маъруф) бажариш ва ёвузлик (мункар) қилишни тақиқловчи институтлар ва ташкилотлар яратиш ҳуқуқига эга.
б) Ҳар бир инсон ушбу ҳуқуқларни амалга оширувчи ташкилотни ташкил этиш ҳуқуқига эга. Жамият бундай ҳолда ушбу ташкилот аъзолари шахсий хислатларини тўлиқ намоён қилиши мумкин бўлган шароитлар яратиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
15. Иқтисодий тартиб ва мос келувчи ҳуқуқлар
а) Иқтисодий фаолиятни амалга оширишда барча инсонлар Аллоҳ инсониятига инъом этган барча неъматлардан, яъни табиат бойлиги ва барча ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.
б) Ҳар бир инсон қонун билан рухсат этилган тартибда яшаш учун пул ишлаб топиш ҳуқуқига эга.
в) Ҳар ким индивидуал тартибда ва бошқалар билан биргаликда мол-мулкига ҳуқуқига эга. Бир қатор иқтисодий воситаларнинг давлат ихтиёрига олиб қўйилиши қонуний деб ҳисобланади.
г) Кам таъминланганлар закотга мувофиқ бадавлат яшовчиларнинг мулкининг муайян қисмига эга бўлиш ҳуқуқига эгадирлар. Ушбу қисм қонунга мувофиқ белгиланади ва тўпланади.
д) Барча ишлаб чиқариш воситалари бутунлай ва тўлалигича жамоат (уммат) манфаатларида фойдаланилиши лозим ва улар инсофсизлик ёки бепарволик билан фойдаланилмаслиги керак.
е) Мувозанатланган иқтисодиётнинг ривожланишини таъминлаш ва жамиятда эксплуатация имкониятини тўхтатиш учун ислом қонунчилиги монополияларни, ҳаддан ташқари ёпиқ тижорат амалиётини, судхўрликни, битимлар тузишда мажбурлашни ва ёлғонлиги олдиндан маълум бўлган рекламадан фойдаланишни тақиқлайди.
ж) Жамиятга (Умматга) зарарли бўлмаган ва Ислом қонунлари ва қадриятларига зид бўлмаган барча иқтисодий фаолиятга йўл қўйилади.
16. Мол-мулкни ҳимоя қилиш ҳуқуқи
Ҳеч қайси мол-мулк жамият учун манфаатга эга бўлмаган ҳолларда экспроприация қилиниши (мажбурий тарзда тортиб олиниши) мумкин эмас. Бундай экспроприация етказилган зарар учун етарлича ва мос келадиган миқдорда товон пули тўланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.
17. Меҳнаткашларнинг мақоми ва қадр-қиммати
Ислом меҳнатни ва меҳнаткашларни ҳурмат қилади ва мусулмонларга меҳнаткашларга адолатли, шунингдек, меҳрибон ва саховатли муносабатда бўлишни буюради. Меҳнаткаш нафақат қилган меҳнати учун ўз вақтида ҳақ олиши, балки дам олиш ҳуқуқини ва бўш вақтни ўтказиш имкониятини ҳам таъминлаши лозим.
18. Ижтимоий ҳимоя ҳуқуқи
Ҳар бир инсон жамият ресурслари ҳисобидан озиқ-овқат, уй-жой, кийим-кечак, таълим ва тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эгадир. Жамиятнинг ушбу мажбурияти, биринчи навбатда, вақтинчалик ёки доимий қобилиятсизлик туфайли бу масалаларни мустақил ҳал қила олмайдиган шахсларга тегишли.
19. Оила қуриш ҳуқуқи ва бу билан боғлиқ масалалар
а) Ҳар бир инсон ўз динига, урф-одатларига ва маданиятига мувофиқ равишда никоҳдан ўтиш, оила қуриш ва болаларни тарбиялаш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқлар ва имтиёзлар қонун доирасида муайян мажбуриятларга эга бўлган эр-хотиннинг иккаласига ҳам берилади.
б) Эр-хотин бир-бири томонидан ҳурмат қилиниш ҳуқуқига эга
в) Ҳар бир турмуш қурган эркак ўз мол-мулки асосида хотинини ва болаларини қўллаб-қувватлашга мажбурдир.
г) Ҳар бир бола ота-онаси томонидан тарбияланиш ва қарамоғида бўлиш ҳуқуқига эга. Болага ёки унинг табиий ривожланиши зарар етказиш билан боғлиқ болалар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланади.
д) Агар бирон-бир сабабга кўра ота-она фарзандларига нисбатан ўз мажбуриятларини бажара олмаса, жамиятга бу мажбуриятларни ижтимоий ресурслар ҳисобидан бажариш юклатилади.
е) Ҳар бир инсон моддий қўллаб-қувватланиш, оиласини ҳимоя қилиш ва қариганда ёки меҳнатга лаёқатсизлик ҳолатида парвариш қилиниш ҳуқуқига эга. Ота-оналар моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўз фарзандларига ёрдам беришга ҳақли.
ж) Оналикка оила томонидан ҳам, тегишли жамоат органларидан (Уммат) томонидан ҳам ҳурмат қилиш, уларга ғамхўрлик қилиш ва ёрдам кўрсатиш ҳуқуқи кафолатланиши лозим.
з) Оила доирасида эркаклар ва аёллар уларнинг вазифалари ва мажбуриятларини жинси, қобилиятлари, табиий имкониятлари ва мажбуриятларга мувофиқ равишда ажратиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Улар болаларга ва ота-оналарга нисбатан тенг масъулиятга эга бўлиши керак.
и) Ҳеч ким мажбурлаб турмуш қуриши мумкин эмас, никоҳ қургандан кейин қонуний мустақилликни йўқотиши ёки камроқ фойдаланиши мумкин эмас.
20. Турмуш қурган аёлнинг ҳуқуқлари
Ҳар қандай турмуш қурган аёл қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) эри яшайдиган уйда яшаш;
б) турмуш даражасини ушлаб туриш учун турмуш ўртоғининг даражасидан паст бўлмаган тегишли маблағлар олиши ва ажрашган тақдирда эса, расмий кутиш даври (Идда) давомида турмуш ўртоғининг молиявий имкониятларига ҳам, у қарайдиган ва боқадиган болалар учун ҳам, ўзи учун ҳам яшаш учун мос келадиган пул маблағлари олиш; унинг молиявий аҳволидан, ўз даромадлари ва у шахсан эгалик қиладиган мол-мулкидан қатъий назар маблағлар олиш;
в) Қонун талабларига мувофиқ никоҳни бекор қилишни талаб қилиш ва бунга эришиш (Ҳула); бундан ташқари, у суд тартибида ажрашишга эришиш ҳуқуқига эга;
г) эрига, фарзандларига, ота-онасига ва бошқа одамларга қонунга мувофиқ мерос қолдириш.
д) унинг турмуш ўртоғи у ҳақида эга бўлиши ва уни тарқатиш манфаатларига зиён етказиши мумкин бўлган маълумотни сир тутиши керак. Бундай мажбуриятга турмуш ўртоғи ёки собиқ турмуш ўртоғи олдида у ҳам эгадир.
21. Таълим олиш ҳуқуқи
а) Ҳар ким ўз туғма қобилиятлари ва имкониятларига мувофиқ таълим олиш ҳуқуқига эга.
б) Ҳар бир инсон касб ва карьера танлаш ҳуқуқига ва ўзининг туғма қобилиятларини тўлиқ ривожлантириш имкониятини олиш ҳуқуқига эга.
22. Хусусий ҳаёт ҳуқуқи
Ҳар бир инсон хусусий ҳаёти махфийлигини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадир.
23. Эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи
а) Ислом дунёси аслида Исломнинг уммати эканлигидан келиб чиқиб, ҳар бир мусулмон ҳар қандай мусулмон мамлакатга эркин кириш ва уни эркин равишда тарк этиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим;
б) Ҳеч ким агар бундай ҳаракатлар қонуний қоидаларга мос келмаса, яшаш жойини тарк этишга мажбур қилиниши ёки ноқонуний равишда депортация қилиниши мумкин эмас.
-------
Изоҳлар
1. Декларацияда қўлланилган айрим атамалар ҳақида қисқача изоҳ бериб ўтиш зарур
а) «инсон» деганда бир вақтнинг ўзида эркак киши ҳам, аёл киши ҳам кўзда тутилади;
б) "Қонун" атамаси остида Шариат, яъни Қуръон ва Суннатдаги кўрсатмалар мажмуаси, шунингдек, юқорида кўрсатилган манбаларнинг ҳар иккаласининг ҳукмларидан келиб чиқадиган, Ислом фиқҳи учун мақбул келадиган ҳар қандай қонун кўзда тутилади
2. Декларацияда санаб ўтилган инсон ҳуқуқларининг ҳар бири инсонга тегишли мажбуриятлар ҳам юклайди.
3. Инсоннинг юқорида саналган ҳуқуқлардан фойдаланиш имконияти фақатгина уларнинг мақсади бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний эътироф этиш ва ҳурмат қилишни таъминлаш, шунингдек, одоб-ахлоқ, жамоат тартиби ва жамиятнинг (Уммат) умумий фаровонлиги адолатли талабларини қондиришга қаратилган қонун қоидалари билан чекланиши мумкин.
4. Ушбу Декларация матнининг асл нусхаси араб тилида ёзилган.
Абу Муслим таржимаси