loader
Foto

Мўмин, мусулмон ва бошқалар

Куннинг ўртасида тўрт ракат, ундан кейин яна тўрт ракат, қуёш ботгандан кейин уч ракат ва тунда тўрт ракат ўқийди.

Булар фарз этилган намозлар бўлиб, уларнинг ҳаммасини адо этиш бир кунда ярим соат вақтни олмайди, ўқишга хос бир жой шарт қилинмайди. Унингсиз намоз дуруст бўлмайдиган муайян шахс (бошқа динларда бўлгани каби дин кишиси) бўлиши ва (ибодатларнинг ҳаммасида ҳам) мусулмон билан Раббиси ўртасида туриб беришга воситачи шарт этилмайди.

Иккинчиси, йилда муайян бир ой бор. Мусулмон киши бу ойда нонуштасини сал олдинроқ – куннинг ибтидоси ўрнига тун ниҳоясида қилади. Кечкилигини эса қуёш ботгандан кейинга суради. Кундуз куни таомдан, шаробдан ва аёл билан яқинликдан тийилади. Шу боис бу ойда руҳи покланади, ошқозони роҳатланади, хулқи тузалади ва жисми соғлом бўлади. Бу ой яхшиликка йиғилиш ва тирикчиликда тенглик кўринишларини намоён қилади.

Учинчиси, агар ўзининг, оила аъзоларининг ҳаражатларидан орттириб маълум миқдор мол йиғса ва унга эҳтиёжи бўлмай бир йил тўлиқ ўтса, ундан беҳожат бўлгани сабабли 2,5 фоизини садақа ўлароқ чиқаради ва уни фақир ва муҳтожларга беради. Берадигани катта бўлмагани сабабли унинг оғирлигини сезмайди. Унинг бу берганида муҳтожларга тўлиқ ёрдам, ижтимоий бирдамликка мустаҳкам устун ва энг ёмон дард – фақирлик дардига шифо бордир.

Тўртинчиси, Ислом мусулмон жамиятга даврий мажлис-йиғинлар белгилагандир.

Буларнинг баъзиси маҳалла йиғинларига ўхшайди. Мактаб ўқув соатларига ўхшаб бир кунда беш марта чақирилади. Бу жамоат намозлари бўлиб, бунда ҳар бир мажлис аъзоси Аллоҳга бандалигини Унинг ҳузурида туриб мустаҳкамлайди. Бу йиғиннинг самараси шуки, кучли заифни қўллайди, олим жоҳилга ўргатади ва бой камбағалга ёрдам беради. Мажлис муддати чорак соатни ташкил қилади. Ишчини ишидан, савдогарни тижоратидан қолдирмайди. Йиғин тугаб, унда қатнашолмаган мусулмон намозни уйида ўқийди. У қатнашмагани учун жазоланмайди, лекин жамоатда ҳозир бўлиш савобини бой беради.

Уларнин баъзиси туман мажлисларига ўхшайди, ҳафтада бир марта чақирилади. Бу жума намозидир. Бу йиғин муддати бир соатдан кам. Қатнашиш эркакларга фарз.

Яна бир йиғин борки, у шаҳар мажлисидаги йиғилишга ўхшайди. У йилда икки марта чақирилиб, ийд намози деб номланади. Вақти ярим соатдан кам бўлиб, унда иштирок этиш вожиб.

Яна бир йиғин умумий халқ қурултойига ўхшайди. Йилда бир махсус жойда ташкил этилади. У ҳақиқатда йўлловчи, риёзий ва фикрий анжумандир. Мусулмон агар қатнашишга қодир бўлса, бу анжуманда умрда бир марта иштирок этишга таклиф қилинади. Бу анжуман номи ҳаждир.

Булар ҳаммаси таклиф этилган аслий ибодатлардир.

Муайян ишлар, яъни дунё оқиллари унинг ёмонлигига иттифоқ қилган ишлардан тийилмоқлик ҳам ибодатдир. Ноҳақ одам ўлдириш, одамларга зўравонлик қилиш, турли кўринишдаги зулмлар, ақлни кетказадиган мастлик, обрўни тўкиб, насабни аралаштирадиган зино, рибо, ёлғон, фирибгарлик, хиёнат, Аллоҳнинг калимаси олий қилинадиган ҳарбий хизматдан қочиш. Булар сирасига (балки энг ёмони) ота-онага оқ бўлиш, ёлғон қасам ва нотўғри гувоҳлик беришлар, ҳамда ақллар қабиҳлиги, ёмонлигини тан олган қабиҳ ва ёмон ишлар ҳам киради. Бу ишлардан тийилиш вожиб.

Агар мусулмон айрим вожиботларни қилишда қусурга йўл қўйса ёки баъзи қайтарилган ишларни қилиб қўйса, сўнг қайтса, тавба қилса ва Аллоҳдан афв сўраса, албатта Аллоҳ уни кечиради. Агар тавба қилмаса барибир мусулмонлардан ҳисобланаверади. Лекин қиёматда жазога мустаҳиқ осий бўлади. Аммо унинг жазоси муваққат, кофирнинг жазоси давом этганидек бардавом бўлмайди.

Аммо баъзи дин асосларидан, яъни аслий ақидалардан тонса, ёки унда шак этса ёхуд фарзлигига ижмоъ бўлган вожибни, ҳаромлигига иттифоқ этилган ҳаромни тан олмаса, ёки Қуръондан бир калимани бўлсада инкор қилса у диндан чиқади, муртад саналади, у мусулмон фуқароликдан ўчирилади. Муртадлик исломдаги энг катта жиноят. У янги қонунлардаги улкан хиёнат кабидир. Агар қайтмаса, муртадликни тарк этмаса унинг жазоси оғирдир.

Вожиблиги ва ҳаромлигини эътироф қилган ҳолда мусулмон киши гоҳо вожиблардан айримларини тарк этади. Ёки қайтарилган ишлардан баъзиларини қилиб қўяди. Бу ҳолда у мусулмонлигида қолади. Лекин у осий бўлади.

Иймон эса бўлакланмайди. Масалан, ақиданинг тўқсон тўққизтасига иймон келтириб фақат биттасини инкор қилса у кофир бўлади.

Мусулмон киши мўмин бўлмаслиги мумкин. Бу ҳолда у худди партия ёки жамиятга аъзо бўлиб, унинг мажлисларида қатнашиб, бадалларини тўлаб бориб, аъзолик вазифаларини бажарсада, унинг асосларини қабул қилмаган, улардан қониқмаган, балки уларга жосуслик ёки бузғунчилик қилган кишидек бўлади.

У икки шаҳодат калимасини айтиб, зоҳирий ибодатларни адо этадиган айни мунофиқдир[1]. У ҳақиқатда мўмин эмас. Гарчи одамлар наздида мусулмон деб қаралсада, Аллоҳ олдида нажот топмайди. Чунки одамлар сиртга қарайдилар, сирлар ва қалблардан эса фақат Аллоҳ хабардордир.

Агар инсон исломнинг фикрий асосларига иймон келтирса; Аллоҳни мутлақ тасдиқласа, Уни шерик ва воситачилардан покласа, фаришталарига, китобларига, охират ҳаётига ва қадарга ишонса, икки шаҳодат калимасини айтса, сўнг фарз намозларни ўқиса, закот вожиб бўлганда молининг закотини берса, қодир бўлса умрида бир марта ҳаж қилса, ҳаромлигига ижмоъ бўлган ҳаромлардан тийилса, демак у мусулмон мўминдир. Лекин у ҳаётида мусулмон-мўмин сулукида юрмагунча иймон самарасини кўрмайди, унинг ҳаловатини туймайди ва комил мусулмон бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сулук дастурини ўзларининг пурмаъно ҳадисларида бир қатор жумла билан хулосаладилар.

Бу сулук дастури қуйидагичадир; мусулмон турганида ҳам, ўтирганида ҳам, хилвати ва жилватида ҳам, чин ва ҳазилида ҳам, қисқаси ҳолатларнинг барчасида Аллоҳ ундан хабардорлигини ва унга қараб турганини ёдда тутмоқдир. Аллоҳ уни кўриб тургани ҳолда Унга гуноҳ қилмайди. Уни ўзи билан эканини билган ҳолда, қўрқмайди ва умидсизланмайди. Унга муножот қилар экан, ёлғизликни ҳис қилмайди. Ундан сўрар ва дуо қиларкан, бировга ҳожат туймайди. Гуноҳкорлик табиатида борлигидан гуноҳ қилиб, қайтса ва тавба қилса Аллоҳ кечиради.

Биз буларнинг барчасини “эҳсон” таърифидаги: “Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат қилишинг. Гарчи сен Уни кўрмаётган эсангда, У сени кўриб турибди”, деган расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салллам сўзларидан уқамиз.

Шайх Али Тантовийнинг “Ислом динига умумий таъриф” китобидан

Мубашшир Аҳмад таржимаси

---



[1] Нифоқ иймонни изҳор қилиб, куфрни яширишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мунофиқнинг аломати учтадир...”, деган ҳадисларидаги мунофиқлик бундай нифоқ эмас. Ваъдасида турмаса, ёлғон сўзласа ва омонатга хиёнат қилса, буларнинг ўзи билан ҳақиқий мунофиқ бўлмайди. Чунки булар ижтимоъий нифоқлар бўлиб, улар зикр қилганимиз аслий нифоқ – ақидадаги мунофиқликдан эмасдирлар.