loader
Foto

Тақсит савдоси

Ислом Фиқҳи Академиясининг еттинчи мажлисида ушбу савдо тўғрисидаги уламолар муноқашаларини тинглангач, унинг жоизли-ги тўғрисида қарор қабул қилинди. Албатта, ушбу савдо турининг ҳам тўғри бўлиши учун маълум шартлар амалга оширилиши керак.

Тақсит савдосининг шартлари:

1. Сотилаётган савдо молининг мубоҳ нарса бўлиши;

2. Савдо моли сотувчи ёки вакилининг мулкида бўлиши;

3. Бўлиб бериладиган маблағ бўлакларининг қиймати маълум бўлиши;

4. Муддатнинг аниқ тайинланган бўлиши;

5. Икки тараф насия ва муддат орасида иттифоққа келишмай, ажралиб кетмаслиги.

Тақсит савдосининг низоми

1-модда. Тақсит савдоси насия савдо турларидан бўлиб, бунда сотувчи ва олувчи келишилган пулни тайинланган вақтларда бўлиб-бўлиб тўлашга келишишади.

2-модда. Тақсит савдосининг битимида қуйидаги шартлар икки нусхада тўлиқ баён қилиниб, ҳар бир нусха сотувчи ва олувчининг қўлида бўлмоғи лозим:

1. Савдо молининг тўлиқ сифати;

2. Баҳонинг миқдори ва (агар берилса) олдиндан бериладиган маблағнинг миқдори;

3. Бўлиб тўлашга қўйилган муддатнинг аниқлиги;

4. Бўлиб тўланадиган маблағларнинг аниқлиги;

5. Бўлиб тўланадиган бўлакларнинг адади;

6. Бўлиб тўланадиган бўлакларнинг вақти;

7. Баҳонинг тўлиқ тўлаш шартлари;

8. Шу билан бирга, сотувчи ва олувчининг ўзидан содир бўлиши мумкин бўлган баёнотлар, ўзаро келишув асосида қандай баёнот ёки шартлар бўлса, уни келтириш...

3-модда. Савдо моли битим тузилган вақтда харидорга тўла-тўкис берилиши лозим;

Бериш – савдо молига боғлиқ бўлган нарсаларни ва ундан фой-даланишда доимий сифат бўлиб эътибор қилинадиган ҳар бир нар-сани ўз ичига олади. Бу эса нарсанинг табиати, урф ва икки томон-нинг мақсад тақозосига мувофиқ бўлади. Шу билан бирга, савдо молини олувчи ундан ҳар қандай тўсиқсиз, тўлиқ тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлиши шарт ҳисобланади. Бу нарса шаръий исти-лоҳда «таслим» дейилади.

4-модда. Тақсит савдосида сотувчи харидордан баҳонинг ҳамма қисмини тўлиқ адо этгунича гаров ёки зарарнинг ва тўлиқ тўлаш-нинг кафолатини сўраши жоиздир;

5-модда.

А. Сотувчида тақситга сотиладиган товар қийматининг 20%дан кам бўлмаган маблағини олдиндан олиш ҳуқуқи бор;

Б. Харидор гаровни ёки зарар ҳамда тўлиқ тўлаш кафолатини келтирса, келишувга қараб, юқоридаги нисбат озайиши мумкин;

6-модда. Харидор бўлиб-бўлиб бериладиган пулни қайси ман-зилда адо қилишини ҳам аниқ белгилаб олишлари лозим.

7-модда. Битимда харидор зиммасидаги келишилган баҳонинг кўп қисми берилган бўлса ва харидор ўз зиммасидаги бўлаклардан бир қисмини беролмай қолса, икки тараф учун ҳам ушбу савдо шартномасини бузиш талаби жоиз бўлмайди;

8-модда. Харидор зиммасидаги бериши керак бўлган бўлакни камида икки маротаба ўз вақтидан кечиктирсагина, қолган пулни нақд қилиб бериш ҳақида тузилган келишув амалга ошади.

Тақсит савдосининг баъзи келишувларида, «Агар харидор кели-шилган маблағнинг бир бўлагини ваъдалашган вақтда адо қилмаса, қолган бўлаклари нақдга айланиб қолади ва бу ҳолатда сотувчи учун шу ҳолда харидордан қолган бўлакларнинг ҳаммасини нақд тўлашни талаб килиши жоиз бўлади», дейдиганлар ҳам бордир. Ушбу шарт жоизми? Бу масала айрим ҳанафий китобларида зикр қилинган.

«Хулосатул фатаво»да» шундай дейилади:

«Агар (сотувчи олувчига): «Бўлакнинг тўлаш вақти кирса-ю, тўламасанг, қолган (насия) бўлаклар нақдга айланади» деса, дуруст бўлади ва мол нақдга айланади».

Бу масала «Фатавои Баззозия»да ўзгартирилган, маъно у билан тўғри бўлмайдиган ҳолда зикр қилинган. Рамлий «Жомиъул фусу-лайн»га ёзган ҳошиясида ана ўшандан огоҳлантириб, қуйидагилар-ни айтади:

«Баззозия»да келган матннинг маъноси шундай:

Ижарага берувчининг «Қачон бўлакнинг тўлаш вақти кирса-ю, тўламасанг, қолган (насия) бўлаклар нақдга айланади» дейиши ду-руст. Шундай булган тақдирда ижарага берувчининг «тўловнинг қолган қисмлари нақдга айланади», дейиши муддатни йўққа чиқа-ради. Чунки ижарага берувчи ўзининг бу талаби билан шартни буз-ган бўлади»

«Хулоса»нинг иборасида ҳам: «Қачон бўлакнинг тўлаш вақти кирса-ю, тўламасанг, қолган (насия) бўлаклар нақдга айланади», деса дуруст бўлади ва «мол нақдга айланади», дейиш билан муд-датни йўққа чиқариш шартни бузганлиги сабабли ҳосил бўлади», дейилади. 

Демак, ушбу фиқҳий матнлар бу каби шартни қўйишнинг жоиз-лигини кўрсатади. Харидор тақсит савдосидаги шартлардан айрим-ларини бузганда сотувчида ҳам насия муддатини нақдга айланти-риш ҳуқуқи ҳосил бўлади. Лекин бундай ҳолатда сотувчи нақдга айланган муддатдаги фойдаларни олмаслиги шартдир. Яъни сотувчи «Муддатни кутаман» деса, фойда олишга ҳақли бўлади, лекин харидорнинг айрим шартларни бузиши сабабли насия мудда-тини нақдга айлантирса, ўша муддатдаги фойдаларни чиқариб ташлаши лозимдир.

Товарни гаров қилиш.

Аксар фуқаҳолар товарни гаров қилишнинг қуйидаги кўринишига ижозат беришган. Харидор дастлаб товарни сотиб олади. Сўнгра уни ўз мулкига ўтказгач, сотувчининг ўзига гаров сифатида қайтаради. Лекин бунда гаров қилинган товар харидорнинг ўзида қолади. У ўша товарни ўз фойдасига ишлатади.

Ҳаскафий ушбу масалани «Дуррул мухтор»да зикр қилган: «Агар харидор сотувчидан сотиб олган нарсасини қабз қилганидан сўнг, «Ушлаб тур» деса, шу пайтда товарни ўз пулининг баробари-да гаровга қўйган бўлади (Яъни товарнинг мулкияти харидорда собит бўлади. Агар товар ҳалокатга учраса, у харидорнинг ҳисобидан бўлади. Шунда шартнома бузилмайди. Бу шарҳни Ибн Обидин ушбу матннинг остида келтирган). Агар харидор товарни қабз қилмасдан олдин шу гапни айтса, у гаров бўлолмайди. Бундай пайтда бу баҳоси келгунча ушлаб турилган товар бўлади. Яъни товарнинг зоминлиги гаровнинг зоминлигидан ўзгачадир. Бир хил нарса икки турли кафолат билан кафолатланмайди. Бир-бирига зид икки нарсанинг бир жойда жамланиши тўғри эмас. Агар харидор мулкни ўзида собит қилишдан олдин сотувчига, «Товарни ушлаб тур, пулини олиб келаман», деса ва шу пайтда товар ҳалокатга учраса, савдо шартномаси бузилади».  Бундай гаров турида товар мулкиятини учинчи шахсга ўтказиб юбориш жоиз бўлмайди. Сотувчида агар харидор баҳони тўлай олмаса, товарни сотиб, ўз ҳаққини олиш имконияти бўлади.

Товарнинг ҳужжатини гаров сифатида ушлаб туриш.

Ушбу гаров турида сотувчи товарнинг ўзини бўлмаса-да, унинг эгадорлик ҳужжатларини гаровда ушлаб турса бўлади. Бу ҳолда ҳужжатларни гаровда ушлаш билан гаров комил бўлади. Сўнгра гаров қилинадиган товар харидорнинг ўзида орият бўлиб қолади.

Агар ушбу савдони тақсит савдоси десак, мулкни харидорга мутлақ ўтказиб бермаслик билан тақсит савдосининг шартларидан бўлган мулк қилиб бериш йўққа чиқади. Шу билан бирга, харидор товарнинг аксар қисмини тўлаб бўлганидан сўнг сотувчи шартно-мани бузиб, товарни қайтиб олиши ҳам тўғри эмас. Ушбу ҳолатда харидор охирги қолган бўлакларни тўлай олмаса, қўлидаги мулкни сотиб, қолган бўлакларни тўлаши таклифи тўғрироқ бўлади. Бунда сотувчи харидорнинг қўл остидаги мулкни сотишига монеълик қилмаслиги шарт.

Бу кўринишда, агар тарафлар олдиндан келишиб олмаган бўлса, «Тушир, тезлат» қоидаси жоиздир. Мазкур қоида насия сабабли қўйилган устамани тушириб, қарзни тезлаб тўлашни жорий қилади. Агар сотувчи харидор тўлай олмаётган бўлакларни «Тушир, тезлат» қоидасига кўра оладиган бўлса, ўша бўлаклардаги фойда миқдорини чиқариб ташлаши керак. Биздаги жараёнларга кўра, мулкнинг ҳужжатларини харидорга расмий равишда ўтказиб бера олмаса ҳам, сотувчи ушбу мулкнинг харидорга ўтганлиги тўғрисида гувоҳлар олдида васиқа ёзиб бериши, лозим бўлиб қолганда харидорнинг ушбу мулкни сотишига тўсқинлик қилмаслиги лозимдир. Лекин харидор гаров ва кафолат сифатида олган машинасини қўйган бўлса, энди у токи ҳақини ўтаб бўлмагунича, гаров ёки кафолат сифатида қўйган нарсасини сотиб юбора олмайди.

Тақсит савдосида сотувчи харидордан йигирма фоиздан кам бўлмаган маблағни олдиндан олиши жоизлигини юқорида айтиб ўтдик. Шунга кўра сотувчи харидорга мулкни учинчи шахсдан олиб берар экан, дастлаб ўшани ўзига мулк қилиши, сўнгра харидорга сотиши, харидор имконият қилиб берган маблағ эса олдиндан олинган маблағ деб ҳисобланиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Тақсит савдоси учун қуйидаги шаклда битим тузиш мумкин. Ушбу битим томонлар келишувига кўра, албатта тақсит савдосига мувофиқ тарзда ўзгартирилиши ҳам жоиздир.

ШАРТНОМА

Ушбу битим ___ йил ___ ой ____ кунда(жой номи)да (Ф.И.Ш. туғилган сана, ой, кун, жинси, яшаш жойи (паспортга муво-фиқ)(бундан кейин сотувчи деб юритилади) ва (Ф.И.Ш. туғилган сана, ой, кун, жинси, яшаш жойи (паспортга мувофиқ)) (бундан кейин харидор деб юритилади) томонларидан тузилди.

Ушбу битим ___ йил ___ ой ____ кунда (жой номи)да қуйида СОТУВЧИ деб юритилувчи Фалончи Фалончи ўғли (исми-шарифи, фамилияси, туғилган санаси, жинси, паспортида кўрса-тилган яшаш жойи) ҳамда қуйида ХАРИДОР деб юритилувчи Фа-лончи Фалончи ўғли (исми-шарифи, фамилияси, туғилган санаси, жинси, паспортида кўрсатилган яшаш жойи) томонидан тузилди.

БИТИМНИНГ АСОСИ:

Сотувчи ва харидор ушбу битимни ўз розиликлари билан имзо-ласалар, қуйидаги келишув амалга ошади:

– СОТУВЧИ (русуми, ишлаб чиқарилган жойи ва йили, от кучи ва бошқа маълумотлар) машинани ХАРИДОРГА Ўзбекистон давлат валютасида 36 000 000 (ўттиз олти миллион) сўмга сотиб, 6 000 000 (олти миллион) сўм маблағни биринчи бўлак сифатида олди. ХАРИ-ДОР қолган 30 000 000 (ўттиз миллион) сўмни 2014 йилнинг 1 мартидан 2015 йилнинг 1 февралигача, яъни 12 (ўн икки) бўлакда, ҳар ойнинг 1 (биринчи) кунида 2 500 000 (икки миллион беш юз минг) сўмдан СОТУВЧИга тўлаб боради.

– ХАРИДОР ушбу (русуми, ишлаб чиқарилган жойи ва йили, от кучи ва бошқа маълумотлар) машинани айтиб ўтилган қайдлар асосида сотиб олиш шартини қабул қилди.

КЕЛИШУВ ШАРТЛАРИ:

Сотувчи ва харидор ушбу битимнинг қуйидаги шартларига ке-лишиб олишди:

1. Сотувчи сотилаётган (русуми, ишлаб чиқарилган жойи ва йили, от кучи) машинанинг ўз мулки эканини тасдиқлади.

2. ХАРИДОР ушбу машинани ўз кўзи билан кўрганини, савдони бузиб, сотувчига машинани қайтариб бериш учун ҳеч қандай сабаб йўқлигини тасдиқлади.

3. ХАРИДОР савдода қайд қилинган маблағ бўлакларини мило-дий 2014 йил 1 январдан 2014 йил 31 декабргача, яъни 12 (ўн икки) бўлакда ҳар ойнинг 1 (биринчи) кунида Ўзбекистон давлат валюта-сида 2 500 000 (икки миллион беш юз минг) сўм миқдорда СОТУВЧИга кўрсатилган манзилга етказиб беришга рози бўлди.

4. ХАРИДОР тўлов бўлакларини адо қилгунга қадар СОТУВЧИ ундан гаров ёки кафолат талаб қилиши мумкин.

5. Харидор 4-бандга рози бўлса, келишилган тўлов бўлакларини тўлай олишининг исботи учун молиявий кафолат, ишонч қоғозлари ёки кўчмас мулк ҳужжатлари кабиларни тақдим қилади.

(Бизда сотувчи ушбу машинанинг фақат ҳужжатларини гаров сифатида ушлаб туришини йўлга қўйиш мумкин. Лекин бу хари-дорга машинани мулк сифатида тасарруф қилиш ҳуқуқига тўсқин-лик қилмаслиги билан бирга шу кўринишдаги гаровни қўйган бўлса харидор савдо молини учинчи шахсга сотиб юбориши тўғри бўлмайди)

6. Харидор келишилган бўлаклардан бирини (харидор бунинг неча марталигини сотувчи билан келишиши мумкин) сабабсиз бера олмаса, сотувчи қолган бўлакларни нақд беришни талаб қилиш ҳаққига эга бўлади.

7. 6-банддаги ҳолат юзага келганда сотувчи харидордан қолган бўлакларни нақд олар экан, нақд олаётган бўлаклардаги фойдалар-ни олмайди.

 (Чунки аслида насия савдоси сабабли нарх оширилган эди. Бу вазиятда эса тўловни нақд олиш билан насия савдоси нақд савдога айланмоқда. Шунинг учун ҳам сотувчи нақд олган қисмидаги қўйилган фойдаларни олмайди. Мабодо фойдаларни олмоқчи бўл-са, насия муддатини кутсин. Йўқ, кутмайман деса нақд олар экан уларнинг фойдасини олмасин. Шу сабабли ҳисоб-китоб жараёнида икки тараф ҳам ҳар бир бўлакнинг фойдасини алоҳида белгилаб боришлари маъқул бўлади).

8. Агар харидор агар бошқа ўринда тўлашга келишилмаган бўл-са, харидор тўлов бўлакларини сотувчи яшайдиган манзилда бера-ди.

9. Харидор келишилган маблағларни тўла адо қилиб бўлгач, сотувчи гаров ёки кафолатларни эгасига қайтариб беради. Сотувчи харидорга машинани топширгач, ушбу машинага етадиган ҳеч қандай зарарга масъул бўлмайди.

10. Келишилган маблағнинг барчаси ёки аксар қисми адо қилингач, сотувчи машинани қайтариб олиши ёки унинг нархига устама қўйиши мутлақо жоиз эмас.

11. Расмий шартнома давомидаги сарф-харажатлар, мулкни кўчириш каби тўловлар харидор зиммасига юкланади.

12. Ушбу битим икки нусхада имзоланиб, ҳар икки томонда бир нусхадан сақланади. Шартноманинг ажралмас қисми бўлган тўлов жадвалини икки томон юзма-юз тўлдириб боришади.



Сотувчи: ..................... имзо /__________/

Харидор: ..................... имзо /_________/



Гувоҳлар:

1. ................................ имзо /_____________/

2. ................................ имзо /_____________/



Сана: 00.00.0000

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳмаҳуллоҳнинг «Бозор ва унга боғлиқ масалалар»  китобидан