loader
Foto

«Истиқоматда бўлиш», нима дегани?

Жавоб: Аллоҳтаоло бундай марҳамат қилади:

«Албатта: “Раббимиз - Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингизмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон Зог (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”. Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, “Мен мусулмонлардандирман”, деган кишидан кўра ким чиройли сўзловчидир?!» (Фуссилат, 30-33).

“Тўғри бўлган зотлар” қандай кишилар экани тўғрисида турли хил фикрлар айтилган. Масалан, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Сўзи билан иши бир бўлган одамлар”, деса, Умар (розияллоҳу анҳу): “Мунофиқлик қилмайдиганлар”, деган. Усмон (розияллоҳу анҳу): “Амални ихлос билан адо этувчилар”, деса, Али (розияллоҳу анҳу): “Фарз амалларни бажариб юрувчилар”, деган. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) айрим саҳобалардан: “Истиқомат нима?” деб сўраганларида, улар: "Гуноҳ қилмаслик”, деб жавоб беришган. Шунда у зот: “Жуда қийин ишга айлантириб юбординглар. Ундай эмас, балки имон келтиргандан кейин қайта бут ва санамларга ибодат қилиб, ширкка қайтмаслик”, деб жавоб бердилар (“Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил”).

Баъзи олимлар айтади: “Истиқомат тўрт нарса билан бўлади. Тоат-ибодат билан, тақво билан, шукр билан, сабр билан. Бу тўрт нарса бошқа тўрттаси билан комил бўлади: тоат ихлос билан, тақво тавба билан, шукр ожизликни билиш билан, сабр Аллоҳ йўлига бутунлай берилиш билан”.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади: «Истиқоматнинг аломати ўнта нарсада кўрилади. Биринчиси, тилни ғийбатдан сақлаш. Зеро, Қуръонда ғийбат ҳаром экани баён қилинган. Иккинчиси, ёмон гумондан сақланиш. Зеро, Қуръонда гумондан четланиш буюрилган, гумонларнинг баъзиси гуноҳ экани таъкидланган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёмон гумондан сақланинглар, чунки у сўзларнинг энг ёлғонидир”, деганлар. Кейингиси, масхара қилишдан четланиш. Қуръони каримда бир қавм иккинчи қавмни масхара қилмаслиги буюрилган, масхара қилинаётган қавм масхара қилаётган қавмдан яхшироқ бўлиши мумкинлиги таъкидланган. Тўртинчиси, кўзларни номаҳрам аёлларга қарашдан тийиш. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тўғри (йўлдир). Албатта, Аллоҳ улар қи-лаётган амаллардан хабардордир» (Нур, 30). Бешинчиси, рост сўзлаш, олтинчиси, Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш. Зеро, Аллоҳ таоло: “Касб қилиб топган нарсаларингизнинг покизасидан инфоқ қилинглар”, деган. Еттинчиси, исроф қилмаслик, саккизинчиси, кибрланмаслик, тўққизинчиси, беш вақт намозни муҳофаза қилиш ва охиргиси, аҳли сунна вал жамоа йўлини маҳкам тутишдир.

Мусулмон киши истиқоматда туриши билан улкан савобларга сазовор бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни истиқоматда айласин, омин!

Муфтий Усмонхон Алимовнинг "Сўраган эдингиз" китобидан