loader
Foto

Дунёвий фанлар: шайтон васвасасими ёки Аллоҳ берган кучми?

«Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!»  дейди Аллоҳ таоло. (Зумар сураси, 9-оят). Албатта, тенг бўлмайдилар, худди кўр ва кўра оладиган, тирик ва ўлик тенг бўлмаганидек, улар ҳам тенг эмас. Мусулмонлар уламоларнинг фазилатларини ва динимизда фойдали билимларни ўрганишнинг афзалликларини жуда яхши билишади. Мана шу масаланинг иккита муҳим нуқтасига эътиборингизни қаратмоқчимиз.



Биринчидан, одамлар ўрганаётган нарсаларнинг барчаси ҳам илм бўлавермайди. Ислом нуқтаи назарига кўра, илм – нарса ёки ҳодисаларнинг асл моҳиятини англаб етишдир. Маълумки, агар ўзлаштирилган илмлар саҳиҳ бўлмаса, улар илм ҳисобланмайди, балки адашишдир. Агар уларга мустаҳкам ва комил ишонч бўлмаса, унда бу бир фараз ёки шубҳадир.

Иккинчидан, барча илмларни ҳам фойдали деб бўлмайди. Аллоҳга яқинлаштирадиган, улар солиҳ амалларга сабаб бўладиган ҳамда Аллоҳ олдидаги фарзларни тўғри бажаришга ёрдам берадиган илмларгина фойдали илмлар сирасига киради. Фойдасиз илмлар эса, қалбларни кераксиз нарсаларга тўлдиради ва яшашнинг асосий мақсади – Аллоҳ таолога ибодат қилишдан чалғитади.

Мана шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога дуо қилиб фойдали илм сўрардилар, фойда келтирмайдиган нарсадан эса паноҳ тилардилар.

Термизий, Муслим, Насаий, Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: “Эй Аллоҳ! Мен фойда бермайдиган илм, қўрқмайдиган қалб, эшитилмайдиган дуо, тўймайдиган нафсдан ва мана шу тўрттасидан Сендан паноҳ тилайман”. Бунга ўхшаш яна бошқа ҳадислар ҳам ривоят қилинган.

Фойда берадиган илмлар қайсилар? Бу, аввало, қабрда бериладиган учта саволга тўғри жавоб беришдир: “Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?”.

Аллоҳ таоло ва унинг Пайғамбари ва дини ҳақида билимга эга бўлмаган ҳеч ким нажот топа олмайди. Шунинг учун ҳам уламолар диний илмларга фақат тафсир, ҳадислар, фиқҳ ва буларга тегишли бўлган илмларни тааллуқли деб айтишган.

Қолган илмларчи? Тиббиёт ва физика, математика ва астрономия, бундан бошқа ижтимоий ва табиий фанлар фойдали илмга кирадими? Бу саволга жавоб бера туриб, баъзилар Имом Шофеъийнинг қуйидаги сўзларидан иқтибос келтиришади: "Қуръон, ҳадис ва фиқҳдан бошқа ҳар қандай илм оддий машғулотдир. Илм  бу ўтганлардан нақл қилинган маълумотлар, қолгани эса шайтоннинг васвасасидир".

Буюк имомнинг сўзларини ўша даврдагилар ва кейингилар қандай тушунгани ўртасида қанчалик катта фарқ бор? Мана бир неча асрлардан бери мусулмонлар, Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари уқтирган нарсани унутган ҳолда, Имом Шофеъий ушбу шеърининг юзаки маъноси билан чекланишяпти.

Мусулмонларнинг бир неча авлоди дунёвий фанларга эътиборсиз қилиб тарбияландики, бу, охир-оқибатда, барча фанларни эътиборсиз ташлаб қўйишга олиб келди. Ислом дунёси жаҳолат ва дангасалик зулматига кириб қолди. Бундан фақат Аллоҳ раҳм қилган кишиларгина қутулиб қолдилар, холос.

Амалда эса Имом Шофеъий (Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин) диний масалаларда фалсафага берилиб кетишни "шайтон васвасаси" деб атаган. Бу шуни англатадики, дин илми фақат Қуръон, ҳадис ва фиқҳдан олинади. Бу ҳақида Шайхулислом Абу Яҳё Закариё Ал-Ансорий "Аснаул-матолиб" номли китобида ёзган.

Келинг, дунёвий илмлар ҳақида солиҳ салафлар нима деганини кўриб чиқайлик. Имом Тақийиддин Субқий раҳматуллоҳи алайҳ ўз фатволарида, жумладан, шундай деганлар: “Уч тоифадаги илмлар қадр-қийматга эга. Биринчиси – Қуръондан олинган, суннатга асосланган ҳамда нуфузли имомларнинг баён қилган фикрларига таянган шариатнинг иккинчи даражали ақидалари ҳамда улар манбаларининг билими. Буни фиқҳ деб айтадилар ва бу илмни эгаллаган ва шуғулланаётган инсонларни уламо деб атайдилар. Иккинчиси – шариат илмларини ўрганмоқ: Қуръон, ҳадис ва дин ақидаларининг ҳуқуқий тафсилотларига берилмай тафсир қилиш. Бу иш билан шуғулланганларни ҳам уламо деб атайдилар. Учинчиси – аввалги иккитасига тааллуқли бўлмаган қолган илмларни эгалламоқ. Бу илмлар ҳунармандчиликка яқин. Бу илмлар билан машғул бўлган одамлар ҳам нуфузга эга, аммо биз уларни на фақиҳ ва на уламо деб атай оламиз. Шундай қилиб, Тақийиддин Субқий дунёвий илмларни ҳам фазилатга эга дея атаган ҳолда, шариат илмларининг муқаррар устунлигини таъкидлаб ўтган.

Абу Умар ибн Абдулборр шундай деганлар: “Барча динлар вакилларида илм уч тоифага бўлинади: олий, ўрта ва қуйи. Олий илмлар тоифасига диний илмлар киради ва улар ҳақида фақат Аллоҳ ўзининг Китобларида, ёки бўлмаса, Пайғамбарларининг лафзи орқали баён қилган сўзларини гапириш мумкин, холос. Ўрта илмлар тоифаси қаторидан ўзаро ўхшаш нарсаларни қиёслаш йўли билан асосланувчи дунёвий илмлар ўрин олган. Уларга, мисол учун, тиббиёт ва ҳандаса (геометрия) киради. Қуйи илмлар – ҳунармандчилик ҳамда сувда сузиш, чавандозлик, чеварчилик, хаттотлик ва шуларга ўхшаш турли машғулотлар бўлиб, улар шунчалар кўпки, санаб адоғига етиб бўлмас ва бирорта китобга сиғмас. Уларни амалиёт йўли билан ўрганадилар”.

Кўриб турганимиздек, атоқли олим дунёвий илмларни сузиш ёки чавандозликдан юқори деди, ҳолбуки, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам чавандозлик билан шуғулланишни қўллаб-қувватлаган эдилар, сузишни ўрганишнинг муҳимлигини жуда кўп уламолар ҳам ўз асарларида таъкидлашган.

Имом Заҳабий “Зағлул-илм ва тиб” китобида турли хил илмларни ажойиб тавсифлайди. Хусусан, у айтади: “Математикада қисман ҳақиқат бор, аммо геометрик ва арифметик қонунлар қисман ёлғондир. Астрология ва унга ўхшаш таълимотлар инсон эътиқодига зарар етказувчи, унда шубҳа-гумон уйғотувчи ёлғондир. Қисман ҳақиқат бу санъат, маҳорат, аниқликдир. Бунинг эвазига мукофот ҳам, жазо ҳам олмайди. Табиий фанларни ўрганишнинг ёмон жойи йўқ, аммо улар диний билимларга кирмайди, Аллоҳга яқинлаштирмайди ва келажакдаги ҳаётга заҳира сифатида хизмат қилмайди. Бу машғулотлар тури бўлиб, агар инсон чин эътиқодли бўлса, адолат ва виждонга хиёнат қилмаса, булар эвазига мукофот ҳам, жазо ҳам олмайди. Бундай одамларнинг кўпини кўрдик. Аммо яхши ниятларда бу фанлардан таълим беришлик учун мукофот олиш мумкин, агар Аллоҳ шуни ирода қилса (Инша Аллоҳ)”.

Булардан, дунёвий илмларни ўрганиш – тирикчилик қилишнинг бир воситаси, деган хулоса чиқарсак бўлади. Бу илмлар Аллоҳ таоло розилиги ва Ислом хизмати учун ўрганилган ва амал қилинган бўлсагина охират куни фойда бериши мумкин. Диний илмларга холис Аллоҳ таоло учун амал қилинмаса ёки бошқаларга ўргатилмаса улар ҳам ўзидан ўзи фойда бермайди.

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, эсипастларга ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади», дедилар».

Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Олимларнинг жазоси – қалбларининг ўлганидир. Қалбнинг ўлиши эса илми ва ухровий амаллари бўла туриб, дунёвий ниятлар кетида юрганидир”, деган экан.

Бу гўзал ҳикматли сўзлар маъносига назар солиб кўринг-а! Ҳар қандай илмни Аллоҳ таоло розилиги ва Исломнинг қуввати, адолат ва яхшиликни тарқатиш учун ўрганиш керак. Агар инсон шуҳрат, бойлик ёки бошқа шахсий мақсадлар учун ўрганадиган бўлса, унинг қалбини изтироб ва безовталик тарк қилмайди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Кимнинг ташвиши охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбида бойлик пайдо қилади ва хотирини жам этади. (Мол-)дунё унга судралиб келади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг икки кўзи олдига фақирлигини келтиради, хаёлини паришон қилади ва унга (мол-)дунёдан фақат ўзига тақдир қилинганигина келади” (Термизий, Ибн Можа, Имом Баззор, Имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. “Завоид” китобида ҳадиснинг санади саҳиҳ, дейилган).

Шариат илми дунёвий илмдан устувор эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Қуръон, ҳадислар ва мусулмон ҳуқуқи инсон учун билиши энг зарур бўлган асосий масалаларни ёритади, одам боласи уларсиз Парвардигорнинг раҳмати ва мағфиратига сазовор бўла олмайди. Шундай бўлса-да, Аллоҳ таоло одамларни ҳар хил қилиб яратган, уларнинг ҳар бирига ўзига хос қобилият ато этган. Ҳамма мусулмонлар ҳам Қуръон ёки мусулмон ҳуқуқининг билимдони бўлавермайдилар. Шариат ҳам буни биздан талаб қилмайди. Иймон келтирган ҳар бир инсондан фарз амалларни бажариш ва гуноҳлардан сақланиш учун керак бўладиган диний билимларни эгаллаш талаб қилинади, холос. Бунга дин ва маънавият асосларини, Аллоҳ таолонинг асосий буйруқлари ва таъқиқларини билиш киради. Бундан ташқари, ҳар бир мусулмон киши Қуръони каримни араб тилида ўқий олиши керак, ҳатто маъносини тушунмаса ҳам. Диндаги бошқа масалаларни билиш эса уламоларнинг мажбуриятига киради, ва улар бу ишни уддалаётган бўлсалар, унда бошқа мусулмонлар мазкур масалалар бўйича илм эгалламасалар ҳам бўлаверади. Бироқ, уларнинг чекида ўз соҳавий мутахассисликлари бўйича чуқур билим эгаллаш масъулияти қолади.

"Минҳожул қосидийн" китобида: "...Шариат илмларининг барчаси маҳбуб ва яхшидир. Бу илмлар усул, фуруу, муқаддимот ва мутаммимотларга бўлинади.

Усул, яъни асл илмлар – Аллоҳнинг Китоби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари, уммат уламоларининг ижмоси (якдиллиги), саҳобаларнинг осорлари, яъни сўз хабарлари.

Фуруу, яъни қўшимчалар – мазкур усуллардан англаниб тушуниладиган маънолар бўлиб, уларниа ақл-идрок яхши тушуниб етади, ҳатто айтилган лафз маъноси ва ундан бошқа маънони ҳам англаб етади, чунончи «Қози ғазабланган вақтда ҳукм чиқармайди», деб айтилган ҳадисдан «Қози қорни очиб турган вақтда ҳам ҳукм этмайди», деган маъно ҳам фаҳмланади. Мазкур ҳадисни Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа ва Аҳмад ибн Ҳанбаллар ўз китобларида турли лафзлар билан зикр этишган.

Муқаддимотлар – булар илм олишда гўё асбоб-ускуналар вазифасини бажаради. Бунга наҳв, сарф, луғат каби илмлар киради. Зеро, бу илмлар Аллоҳнинг Китоби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига тааллуқли илмларни билишда воситадир.

Мутаммимотлар, яъни тамомига етказувчилар – буларга Қуръони каримни турли йўллар билан қироат этиш, тажвид илмларига ўхшаш билимлар ва ҳадис илмига тааллуқли барча илмлар киради. Буларнинг ҳаммаси шариат илмлари бўлиб ҳисобланади ва барчаси яхши деб билинган", дейилган.

Мусулмонлар жамияти ҳуқуқшунос ва табиблар, физик ва кимёгарлар, муҳандис ва конструкторлар, дастурчи ва меъморлар, ўқитувчи ва тарбиячиларга муҳтождир. Ҳар бир мўмин ўз қобилиятини энг кўп фойда бера оладиган соҳада қўллаши керак. Фақат ўшандагина, мусулмонлар уммати ҳар бир аъзо ўз вазифасини тўлиқ бажараётган соғлом бир вужудга айланиши мумкин.

Диншунослар, табиблар, муҳандислар, қурувчилар – ҳар бир киши ўз вазифаси билан шуғулланмоғи ва ўзига юклатилган вазифаларни энг гўзал услубда адо этмоғи даркор. Бу бизнинг жамият олдидаги қарзимиз ва Исломнинг мустаҳкамланишига қўшган ҳиссамиздир. Аммо бундан ҳам муҳими – ўз вазифаларимизни деб Аллоҳни эсдан чиқармаслик, уни тез-тез зикр қилиб, ибодат ва дуоларда бардавом бўлишимиз керак. Кундалик ташвишларнинг жуда кўплиги эса буни адо этишимизга кўпинча имкон бермаётганга ўхшайди. Мана шунинг учун ҳам, ҳар бир мўмин, ўзининг касбидан қатъий назар, кечанинг бир қисмини Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун бағишламоғи лозим. Агарда сиз меъмор бўлсангиз ва Аллоҳ таолога ҳақиқатдан ҳам муҳаббат қилган бўлсангиз, албатта, ишингизни ташлаб, араб тили ва илоҳиётни ўрганишга берилишингиз шарт эмас. Сизга Исломнинг тамал аҳкомларини ўрганишингиз ва кечанинг бир қисмида Аллоҳга ибодат қилишни жазм қилишингиз кифоя қилади.

Вақтингизнинг кўпини телевизор олдида ўтказиб юборманг, бўш вақтларингизни болалар тарбиясига сарф қилинг, Қуръони каримни ўқишни ўргатинг ва илмий адабиётлар мутоласини вазифа қилинг. Эҳтимол, сиз лойиҳасини ишлаб берган масжид, мактаб ёки шифохона туфайли жаннатга тушарсиз, яъни сизнинг жаннат сари йўлингиз шу лойиҳаларингиз орқали ўтар. Бироқ, Аллоҳ таоло нури қалбингизни нурафшон қилган бўлса ва сиз фақат Исломни ўрганиб ва уни бошқаларга ўргатмай туролмасангиз, охиригача шу йўлда бўлинг.

Илмни уламолардан олиш йўлида туринг ва ярим йўлда тўхтаб қолманг. Агар кўп йиллар сарф бўлса ҳам шариатнинг бир йўналишини яхшилаб, мукаммал тарзда ўрганиб олишга ҳаракат қилинг. Дарҳақиқат, бугун Ислом дунёсига ҳақиқий олимлар ва профессионаллар керак. Бу масалада фақат Аллоҳ таологина ёрдам бера олиши мумкин. Ундан бошқа ҳеч кимда куч ва қудрат йўқдир!

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади