loader
Foto

Аллоҳ йўлида қийналаётганларга ҳавас қиламан

Ўшалар ҳеч бир қийинчиликсиз вафот қилганлар дедилар. Яъни бошқа саҳобалар мушриклардан озор чекишганда, ўша саҳоба иймонларини яшириб юриб, кейин Мадийнага ҳижрат қилганлар, деди. Шунинг учун баъзи кишиларни Аллоҳ таоло ҳеч бир қийинчиликсиз жаннатга киргизади деди. Шунга ундай ҳавас қилманг, дедилар. Яъни бизни ҳам шундайлардан қилсин демоқчи бўлганлар. Савол шуки, мен ҳавас қилиб хато қилганманми? Тўғрисини айтсам баъзи ҳолатларда Аллоҳ йўлида қийналганларга ҳавасим келади ва қанийди мени ҳам шундайлардан қилса эди деб қоламан. Охиратда ажрим катта бўлар эди деб қоламан. Бу ишим тўғрими?



ЖАВОБ (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ): Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Абдурроҳман ибн Жубайр ибн Нуфайр ўз оталаридан ривоят қилади:

«Бир куни Миқдод ибн Асваднинг олдида ўтирган эдик. Бир киши ўтиб қолди ва:

«Бу кўзлар қандай яхши кўзлар-а! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кўзлар бу!… Аллоҳга қасамки, бизнинг кўзларимиз ҳам шу кўзлар кўрган нарсани кўрган бўлса эди. Сен ҳозир бўлган нарсаларга биз ҳам ҳозир бўлсак эди», деди.

Бундан у (Миқдод ибн Асвад) ғазабланди.

Мен ажабланиб қолдим. Чунки яхши, чиройли гаплар айтилаётган эди. У ҳалиги одамга қараб:

«Аллоҳ таоло кишига ғойиб қилган нарсани орзу қилиб нима қилади? Агар ўша пайтларда бўлганингда нима бўлишни ўзи билмайсан.

Аллоҳга қасамки! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида кўп одамлар бўлган. Лекин кўпини Аллоҳ таоло тумшуғидан тортиб жаҳаннамга туширди. Улар у кишининг даъватига ижобат қилмадилар ва тасдиқламадилар.

Ундан кўра Аллоҳ азза ва жаллага Ўзини танитгани учун ва Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсани тасдиқлайдиган қилиб қўйганига ҳамд айтмайсизларми?! Бошқалар туфайли балодан қутилдингиз.

Аллоҳга қасамки, ҳеч бир пайғамбар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар қилиб юборилган вақтларидагидек шиддатли пайтда келмаган. Дин йўқ пайт эди. Жоҳилият даври эди. Одамлар бутларга чўқинишдан афзал ибодат йўқ, деган тасаввурда эдилар.

Ана шу вақтда у зот фурқон билан келиб, у билан ҳақ ва ботилнинг орасини ажратдилар. У ила ота билан бола орасини ажратдилар. Ҳатто одам отаси, боласи, ака-укасини кофир ҳолда кўрарди. Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган одамларнинг қалб қулфини иймон билан очди. У агар ҳалок бўлсалар, улар дўзахга тушишини биларди. Кўзи қувончга тўлмас эди. У ўз маҳбубини дўзахдалигини биларди.

У Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Эй Роббимиз! Бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қорачиғимизни – кўзимизга қувонч бўладиган нарсани бергин», дегани шу эканини ҳам биларди» – деди».

Шарҳ: Демак, жуфти ҳалоли ўзига мос бўлса, иймон-исломда бўлса, тоат-ибодатли бўлса, бундай жуфти ҳалол мусулмон одамнинг кўз қувончи бўлади.

Зурриётлар ҳам иймонли, ибодатли бўлса, тақволи бўлса, уларни кўриб мусулмон ота-онанинг кўзи қувнайди. Акс ҳолда, бу аҳволида дўзахга тушади, деб қайғураётган ота-она ҳеч қачон қувонмайди. Демак, бола кўзнинг қувончи бўлиши учун, иймонда, исломда бўлиши, шариатда бўлиши керак экан.

Бу ривоятдаги бобга боғлик жой боланинг кўз қорачиғи эканлиги ҳақидаги ояти каримадан келтирилган иқтибосдир.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Ўзи яшаб турган вақтдан олдин ўтган вақтда бўлишни орзу қилиш яхши эмаслиги. Чунки унда ҳоли нима бўлиши номаълум.

2. Аллоҳ таолонинг бандаси У зот уни Ўзини танийдиган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсаларни тасдиқлайдиганлардан қилиб қўйгани учун ҳамд айтиб туриши лозимлиги.

3. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам энг қийин ва мураккаб даврда пай-ғамбар этиб юборилганлари.

4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақни ботилдан ажратадиган Фурқон - фарқловчи билан келганлари.

5. Исломдан олдин мушриклар бутларга ибодат қилишдан афзал ибодат йўқ деб юрганлари.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги пайғамбар бўлганларида бир оилада биров мўмин бўлса, унинг отаси, боласи, ака-укаси кофир бўлгани.

7. Аллоҳ таоло қалби қулфини иймонга очган кишилар ўз яқинининг дўзахга тушишини билгани учун ташвишда бўлганлари.

8. Жуфти ҳалоллар қўз қорачиғи-қувончи бўлиши.

9. Зурриётлар қўз қорачиғи-қувончи бўлиши.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида:

«Аллоҳим! Менга мол-дунё берма, уни садақа қилиб юрмай. Менга бир бало бергинки, унга сабр қилиб, ажр олай» деб дуо қилди. Бас, у зот:

«Субҳаналлоҳ! Тоқат қила олмайсан! Ундан кўра «Эй Роббимиз! Бизга бу дунё-да ҳам, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни жаҳаннам азобидан қутқаргин, десанг-чи», дедилар».

Одам боласи ўзига қийин бўладиган нарсани сўраб дуо қилмаслиги лозим. Ўша қийналиш савобга сабаб бўлса ҳам. Бало-офатларга сабр қилган кишига ажр-савоб борлиги ҳаммага маълум.

Ушбу ҳадиси шарифда зикри келаёган саҳобий розияллоҳу анҳу ҳам ана шу савобдан ҳосил қилиш ниятида дуо қилган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг дуосини эшитишлари билан хатони тўғриладилар ва энг тўғри дуони ўргатдилар. Қуръони Карим оятидан иборат бўлган бу дуо энг яхши ва энг жамловчи дуолардан ҳисобланади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Кирди», деди. Мен Ҳумайдга:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламми?» дедим.

«Ҳа! Бетобликдан чарчаган кишини кўргани кирдилар. У худди пати юлинган жўжага ўхшаб қолган эди. Бас, у зот:

«Аллоҳга бир нарса ила дуо қил ёки сўра» дедилар.

«Аллоҳим! Менга охиратда берадиган азобингни бу дунёда бер», деди.

«Субҳаналлоҳ! Унга бардош қила олмайсан! Ундан кўра «Аллоҳим! Бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни жаҳаннам азобидан қутқаргин» дегин», дедилар. У дуо қилди ва Аллоҳ азза ва жалла унга шифо берди».

Бетоб киши ўзига қийин бўладиган нарсани сўрагандан кўра яхшиликни сўраши керак. Валлоҳу аълам.