Жавоб:
Таркибига ношаръий сўйилган ҳайвонлардан олинган ширдон қўшилган пишлоқ "Ал-Муғний" китобида (1/3) изоҳ билан келтирилганига кўра, Имом Аҳмад наздида жоиздир. Мусулмонлар мажусийлар ва улардан бошқа номусулмонлардан олиб келтириладиган пишлоқни истеъмол қилишга одатланганлар.
Бу борада илм аҳли икки хил фикрдалар:
Жумхур (кўпчилик) уламоларнинг фикрига кўра, бундай ширдон нопокдир (Мурожаат учун манбалар: "Ал-Кавонийн ал-Фиқҳиййаҳ", 121-саҳифа; "Ал-Мажмуъ", 2/588; "Ниҳаятул-Мухтаж", 1/244; "Шарху Мунтаҳо ал-Иродот", 1/31; "Ал-Инсоф", 92/1; "Ал-Иқноъ", 1/1). Улар унинг нопок эканига сабаб қилиб бундай ширдон олинадиган жой - ношаръий сўйилган ҳайвон ошқозонининг нопок эканини айтишади. Уларнинг сўзларига караганда, ўз аслига кўра оқувчи бўлган модда (суюқлик) нопок нарсага текканида ўзи хам нопокка айланади. Имом Нававий шундай деганлар: "Бу ҳайвоннинг бир аъзосидир. Шундай экан, у ҳайвоннинг қолган барча аъзолари каби нопокдир".
Бошқа бир фикрга кўра, бу каби ширдон покдир. Бу фикр Умар, Салмон Форсий, Талха, Хусайн ибн Али ва бошқа бир ганча саҳобий ва тобеинлардан ривоят қилинган. Шунингдек, Ҳанафий мазҳаби, Имом Аҳмаддан бўлган бир ривоят ва Ибн Таймийянинг фикрлари хам шундай (Мурожаат учун манбалар: "Бадоеъ-ус-Саноеъ", 1/63; "Ал-Бахрур-Роиқ", 1/112; "Табйинул-Хақоиқ", 1/26; Ал-Жассоснинг "Иҳкомул-Қуръон" и, 1/168; "Ал-Мабсут", 24/27-28; "Мажмуъул-Фатово", 21/102).
"Ал-Муғний" номли китобларида Ибн Қудома шундай деб ёзадилар: "Кимдир Имом Аҳмаддан пишлоқ ҳақида сўради. Шунда Имом шундай жавоб қилдилар: "Унинг исталганидан (шаръий ёки ношаръий сўйилган ҳайвоннинг ширдони қўшилганидан - тарж.) ейишинг мумкин". Бироқ, у киши мажусийлар тайёрлайдиган пишлоқ ҳақида сўралганларида: "Мен билмайман. Лекин Аъмашдан ривоят килинган бир саҳиҳ ҳадисда Амр ибн Шархабийл: "Умар ношаръий сўйилган ҳайвон ширдони ва у қўшилган пишлоқ ҳақида сўралдилар. Умар у кишига Аллоҳ номини зикр этишни, сўнг эса уни ейишни буюрдилар" деган", - деб айтдилар".
Улар ҳужжат қилиб қуйидагиларни келтиришади:
1. Ибн Абу Шайба (5/130) ва Абдур-Раззоқ (4/538) томонидан юқарида зикр этилган Аъмаш орқали ривоят қилинган ҳадис. Ушбу ҳадиснинг санади мутлақо саҳиҳдир. Имом Аҳмад: "Бу айни мавзудаги энг тўғри ҳадисдир", деб айтганлар;
2. Ибн Абу Шайбанинг ривояти (5/131). Унга кўра, Талха ўз пичоқларини пишлоқ устига қўйиб, Аллоҳ исмини зикр этар, сўнг уни кесиб ер эдилар. Бу хам санади саҳиҳ ҳадисдир;
3. Ибн Абу Шайбанинг Вақиъ орқали қилган ривояти. Унга кўра, Хасан ибн Алий пишлоқ ҳақида сўралдилар. У киши шундай жавоб қилдилар: "Бу жоиз, фақат унинг устига пичоқни кўй, Аллоҳ номини зикр эт, кейин еявер". Ушбу асарнинг Жаҳш ибн Зайддан бошқа барча ровийлари ишончли кишилардир;
4. Имом Термизий (1726-ҳадис) ва Ибн Можжах (3367-ҳадис) ривоятлари: "Бизга Исмоил ибн Мусо ал-Фазарийнинг Салмон (Форсий) дан ривоят қилишича, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эритилган ёғ (одатда сигир сутидан тайёрланади), пишлоқ ва тери ҳақида сўралди. У киши шундай деб жавоб бердилар: "Ҳалол нарсалар Аллоҳнинг Китобида ҳалол деб зикр қилинган нарсалардир. Ҳаром нарсалар хам Аллоҳнинг Китобида ҳаром деб зикр қилинган нарсалардир. У ерда зикр этилмаган нарсалар эса мубоҳ нарсалардир"". Бу ҳадис заиф. Ибн Абу Шайба ўзининг "Ал-Мусаннаф" номли китобида келтиришича (8/98), у киши Вақиъдан Салмон Форсийнинг ходими Суваййид оркали эшитган хабарда шундай дейилади: "Биз Мадоин жангида ғолиб бўлганимиздан сўнг Салмон айтдилар: "Биз ичида тўрт бўлак ажойиб нони, пишлоқ ва бир пичоқ бўлган сават топиб олдик. Кейин Салмон пичоқни олдилар ва пишлоқни кесдилар. Сўнг эса: "Аллоҳнинг номини зикр қил ва е", - дедилар". Бу ҳадиснинг санади заиф.
5. Улар айтадиларки, сут ва ширдон ҳайвон ўлганидан сўнг нопок бўлмайди ва тирик жонивордан олинган хар қандай нарса ўлимтик ҳукмидадир. Шундай экан, мазкур ўринларда сут ҳалол бўлгани каби ширдон хам ҳалолдир.
Ибн Таймийя айтадилар: Ношаръий сўйилган ҳайвоннинг сути ва ширдони борасида уламолардан икки хил сўз бор. Бирига кўра, у ҳалолдир. Бу сўзга Абу Ҳанифа ва у кишидан бошқалар юришган, жумладан, Имом Аҳмаддан қилинган бир ривоят хам шунга мувофиқ. Бошқа сўзга кўра, у нопокдир. Бу Молик, Шофеъийнинг сўзлари бўлиб, бунга Имом Аҳмаддан ривоят қилинган бошқа фикр хам мувофиқ келади.
Ушбу ихтилоф сўйган жонликлари бутунлай ношаръий эканига билиттифоқ бўлинган мажусийлардан олиб келинган пишлоқ борасида юзага келди. Модомики, ношаръий сўйилган ҳайвонларнинг сути ҳалол экан, саҳобийлар хам Ироқ жангидан сўнг уларнинг пишлоғидан еган эканлар, мен уларнинг пишлоқларини ҳалол деб биламан. Бу нарса бизга ўша замонлардан саҳиҳ ривоятлар билан етиб келган.
Баъзи ҳижозликлар пишлоқни хуш кўрмайдилар деган заиф ривоятлар бор, бироқ улар ишончли эмас. Ироқ халқи бу борада бошқалардан кўра ишончлироқдирлар. Чунки улар ўша ерда яшайдилар ва мажусийларни бевосита биладилар. Салмон Форсий ҳазрати Умарнинг ўша минтақадаги волийлари бўлганлар ва у киши мажусийларнинг пишлоғини ҳалол деб билганлар.
Энди агар "оқувчи нарса нопок жойга тегса - нопокка айланади" деган далилга келсак, бизнинг бу борадаги жавобимиз шуки, оқувчи нарсанинг пок экани суннатдан маълум. Яна шуни хам айтамизки, гарчи у нопок жойга тегса хам зарари йўк. Аллоҳ айтади: "Дарвоқеъ, сизлар учун чорва ҳайвонларида хам ибрат бордир: сизларни уларнинг қоринларидаги нажосат ва қон ораларидан чиқувчи, (лекин) ичувчилар учун иштаҳали тоза сут билан суғурармиз". ("Нахл" сураси, 66-оят.) Мана шунга кўра ёш боланинг танасида нима бор-йўқлигидан қатъий назар, ибодат вақтида уни кўтариб туриш хам жоиз бўлади. Аллоҳ яхшироқ билувчидир.
Юкоридаги далиллар эътибори билан мен пишлоқ ейишни жоиз деб биламан. Гарчи унга қўшилган ширдон ношаръий сўйилган жонликдан олинган бўлса хам, зарари йўқдир.
Аллоҳ яхшироқ билувчи Зотдир.
Шайх Салмон ал-Авда
(Саудия Арабистони)