loader
Foto

Туркия ўз манфаатлари йўлида ҳар қандай нархни тўлашга тайёр

Туркияда якшанбадан бошлаб Битлис вилоятидаги Аҳлат ва Муш вилоятидаги Малазгирт туманларида байрам тадбирлари давом этмоқда. Бу ерларда 11-асрда Салжуқийлар қўшини билан Византия қўшини ўртасида тарихий жанг бўлиб ўтган.

Туркия Президенти тадбир иштирокчиларига мурожаат қилиб, 1071 йил бўлиб ўтган Малазгирт жангидаги ғалабани - турк халқининг хоҳиш-иродаси ва қатъияти кўрсаткичи деб атади.

Президент Эрдўған «Ота-боболаримиз ҳаётлари эвазига бизга Анатолия ерларини ўз ватанлари сифатида васият қилдилар», деди.

Унинг сўзларига кўра, турк халқи учун фатҳ тушунчаси босқинчилик ва зўравонликни англатмайди. «Биз учун энг асосийси - забт этилган ерларда адолатни таъминлаш. Маданиятимиз фотиҳлар маданиятидир. Айнан турклар туфайли 949 йил олдин арманлар ва оссурияликлар Анатолиядаги Византия империясининг истибдод кишанларидан қутулган», - дейди Туркия раҳбари.

Туркия давлат раҳбари Ғарбнинг Анатолия устидан назоратни қайта тиклашга уринишларини эслатди. «Салиб юришлари мусулмонлар учун душманликнинг яққол кўриниши эди», - деди Эрдўған, туркларни Анатолия ҳудудидан чиқаришга уринишлар кейинги асрларда амалга оширилганини таъкидлаб.

Президент Эрдўған Туркияга қарши янглиш қадамлардан воз кечишга чақирди. «Рақибларимиз ўйлаб кўриб ҳаракат қилиши ва уларнинг қулашини яқинлаштирадиган ҳаракатлар қилмаслиги керак», - дейди сиёсатчи.

Президент Греция томонидан минтақада кескинликнинг авж олишига эътибор қаратди. «Ўзини ҳатто Византия империясининг меросхўри деб аташга лойиқ бўлмаган мамлакат бугун ЕИ кўмагида минтақада қонунсизлик ва қароқчилик муҳити яратишга ҳаракат қилмоқда. Ҳамма нарса шуни кўрсатадики, бу давлат тарихдан тўғри сабоқ олмаган», - дейди Туркия давлат раҳбари.

«Замонавий Туркия энди ён беришга тайёр мамлакат эмас. Анқара минтақада миллий манфаатларни ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўради ва бунинг учун ҳар қандай баҳони тўлашга тайёр. Туркия Ўртаер денгизи, Эгей денгизи ва Қора денгизда нимага ҳақли бўлса, шуни олади», - дея давом етди давлат раҳбари.

Президент Туркия ҳеч бир ҳудудни даъво қилмаслигини ва бошқа давлатлар ҳуқуқларини поймол қилишга интилмаслигини, аммо унинг манфаатларидан ортга қадам қўймаслигини таъкидлади. «Туркия ҳар бир айтилган мақсадга эришишга ва бунинг учун муносиб баҳо тўлашга тайёр. Туркияга қаршилик кўрсатишга тайёр бўлган давлатлар бунинг учун юқори баҳо тўлашини ҳисобга олиши ёки Анқаранинг йўлидан чиқиши керак», - дея огоҳлантирди Эрдўған.

Малазгирт ғалабаси - Анатолия калити

Хуросон ҳукмдори Чагра Бей Туркманнинг ўғли Султон Алпарслан Салжуқийлар давлатининг иккинчи султони бўлиб, ҳокимиятни тоғаси Тогрул Бейдан мерос қилиб олган. 42 ёшида Алпарслан минтақа тарихи йўналишини ўзгартирган ғалабани қўлга киритди

1071 йил 26 августда Султон Алпарслан қўшини Малазгиртда Византия императори Роман IV Диогеннинг устун кучларини мағлубиятга учратди.

Малазгиртдаги ғалаба турклар учун Анатолияга йўл очди.