loader
Foto

Туркий халқлар Исломни қандай қабул қилгани ҳақида

Турк хоқонлиги, Ҳазор хоқонлиги, Олтин Ўрда, Илхонийлар давлати, Темур империяси, мамлуклар Мисри, Бобурийлар давлати ва Усмонийлар империяси жаҳон тарихи ва маданиятига улкан ҳисса қўшган буюк туркий давлатларнинг кўзга кўринган қисми, холос. Бизнинг замонамизда туркий элатларнинг аксарияти мусулмонлардир. Лекин ҳар доим ҳам шундай бўлмаган. Исломни биринчи бўлиб қабул қилган туркийлар хазарлар эди. Бу 737 йил, Марвон Ибн Муҳаммаднинг (688-750) араблар армияси муваффақиятли ҳарбий кампания ўтказиб, Хоқон ва унинг атрофидагиларни тинчлик эвазига Исломни қабул қилишга мажбур қилганидан сўнг рўй берди. Янги дин Хазарияда осонликча илдиз отмаган, аҳолининг кўпчилиги мусулмон бўлгунича қарийб уч аср вақт ўтган.

Ўрта Осиёдаги воқеалар бутунлай бошқача сценарий бўйича ривожланди. 751 йилда замонавий қозоқ-қирғиз чегараси яқинидаги Атлах шаҳри яқинида Араб халифалиги қўшинлари Хитойнинг Тан империяси қўшинлари билан тўқнашди. Хитой армияси ҳар хил одамлардан ташкил топганди, уларнинг таркибида қул бўлишни истамаган қарлуқ турклари отрядлари бор эди. Жангнинг ҳал қилувчи палласида қарлуқлар араблар тарафига ўтиб кетишди ва шу тариқа жанг натижасини ҳал қилишди. Бу ғалаба туфайли Ўрта Осиё ҳудудининг катта қисми Араб халифалиги таркибига кирди. Ислом дини билан танишиб, Ўрта Осиёдаги туркий халқлар аста-секин янги динни қабул қила бошладилар. Х асрнинг охирига келиб, маҳаллий аҳолининг катта қисми аллақачон мусулмон бўлган бўлса-да, баъзи жойларда буддизм ва насронийликнинг ўчоқлари мавжуд эди, бундан ташқари, бутпарастлик тарафдорлари, айниқса, кўчманчи қабилалар орасида кўп эди. Ўнинчи аср Марказий Осиёнинг бир  қанча ҳудудларида қудратли туркий давлатларнинг пайдо бўлиш асри бўлди. 962 йилда саркарда Алп-Тегин Афғонистоннинг Ғазна шаҳрини эгаллаб, у ерда Ғазнавийлар давлатини тузди. Рекорд даражада қисқа вақт ичида, Алп-Тегин ворислари қўл остида, янги мусулмон давлати бутун Афғонистон, ҳозирги Покистон, Эрон ва Туркманистоннинг катта қисмини қамраб олди. Ғазнавийлар давлати, айниқса, у ҳақида илгари ҳатто эшитмаган ҳудудларда Исломни ҳар томонлама тарғиб қилди. Масалан, Афғонистоннинг ҳозирги пойтахти Кобул ўнинчи асрда буддизм марказларидан бири бўлганини кам одам билади. Шаҳарнинг ўзида ва унинг атрофида буддавийларнинг кўплаб ибодатхоналари бор эди. Бу Кобулни Ҳиндистон йўлидаги мусулмон қўрғонига айлантирган Ғазнавийлар қўшини эгаллагунга қадар давом етди. XIII аср бошларида Чингизхоннинг мўғул-туркий қўшини Хоразм ва Афғонистонни сел каби шиддат билан босиб ўтди. Қадимги шаҳарлар ва кўплаб қишлоқлар босқинчилар томонидан вайрон қилинди. Сўнгра Чингизхон саркардалари ҳукмдорининг топшириғи билан Эрон ва Кавказ орқали шимолга ҳаракатланиб, Волга Булғорияси ҳудудига етиб келдилар, бу ерда улар биринчи мағлубиятга учрадилар. Бир вақтлар Булғория Хазар хоқонлигининг бир қисми бўлган, лекин 922 йилда Исломни кабул қилгач, ўз мустақиллигини ҳимоя қилган. 1236 йилда Волга Булғорияси мўғуллар томонидан босиб олиниб, кейинчалик Олтин Ўрда улусларидан бирига айланди. Волга Булғориясидан сўнг мўғул-татарлар армияси Россияни ва Шарқий Европанинг кўп қисмини босиб олди. Мўғуллар қўшинининг қўмондони Боту Хон (1209-1255) Дашт-и-Қипчоқнинг барча туркий халқлари ва қабилаларини, биринчи навбатда, кўчманчи, кўп сонли суворийларга эга бўлган ва узоқ масофаларга ҳаракат қилишга қодир бўлган ўз қўшинига қўшиб олишга интилди. Бооту қўшинларининг Европадаги Ғарбий кампанияси даврида унинг аскарларининг аксарияти турклар эди. Улар орасида мусулмонлар кўп эди. Келажакда бу омил Олтин Ўрданинг исломлашувида муҳим роль ўйнади. Ботунинг ворисларидан бири Берке Хон (1209-1266) ислом динини қабул қилди ва имкон қадар унинг атрофида мусулмонлар кўп бўлишига интилди.

Шу билан бирга, у эҳтиёткор бўлиб, янги динни қабул қилишга ҳали тайёр бўлмаганларни мажбурлашга ҳаракат қилмади. Бу сиёсат Буркега кўп миллатли армияни назорат остида ушлаб туришга имкон берди, унда аскарларнинг аксарияти бутпарастлар, насронийлар ва буддавийлар эди. Олтин Ўрдада кенг кўламли исломлаштириш фақат Ўзбекхоннинг (1283-1341) ҳокимият тепасига келиши билан амалга оширилган. Бунда айрим нўёнлар (беклар) хонга қуролли қаршилик кўрсатдилар, лекин мағлубиятга учрадилар. Бу ғалабадан сўнг Ўзбекхон исломлаштириш душманларининг аксариятини жисмонан йўқ қилди.

Лекин ҳамма жойда ҳам мусулмонлар ўз душманларини мағлуб этишга муваффақ бўлмадилар. Ўрта Осиёда чингизийлар томонидан ташкил қилинган Чиғатой улусида Исломга босқичма-босқич ўтиш Хон Тармаширин (1326-1333) томонидан издан чиқарилди. Эҳтимол, Ўзбекхондан ўрнак олиб, у барча туркларнинг ўз ихтиёри билан Исломга ўтишини кутмасдан воқеаларни тезлаштиришга қарор қилгандир. Тармаширин нафақат шахсан ўзи учун янги динни қабул қилди, балки барча фуқароларини аждодларининг диний эътиқодларидан воз кечишга мажбур қилди. Бу вақтга келиб Ўрта Осиё аҳолисининг кўпчилиги узоқ вақт мусулмон бўлган, лекин кўчманчилар орасида мусулмонлар кам бўлган. Улар хонларининг куч усулларини маъқулламай, исён кўтардилар. Тармаширин ўлдирилди ва унинг ўрнига қўзғолончилар Бузан хонни, сўнгра Женкши хонни қўйдилар. Бу хонлар исломга қарши сиёсат юргизишга, католик черкови билан алоқалар ўрнатишга ва насроний миссионерларига улус аҳолиси орасида воизлик қилишга рухсат беришга мажбур бўлдилар. Бироқ XIV аср ўрталарига келиб Чиғатой улусини исломлаштириш тугалланди. Ўрта Осиёда насронийлик ва буддавийликнинг сўнгги ўчоқлари Амир Темур (1366-1405) даврида сўндирилган. XI аср бошларида Салжуқий турклар Туркманистон ва Эронда ўз босқинчилик юришларини бошладилар. 1055 йилда Бағдодни, сўнгра бутун Ироқни қўлга олдилар. 1071 йилда Манзикерт жангида Салжуқийлар Византия қўшинини бутунлай мағлубиятга учратдилар. Шундан сўнг улар XI аср охирига келиб улар томонидан қўлга киритилган Анатолияга кўчиб ўтдилар. Уларнинг муваффақиятларидан илҳомланган Салжуқийлар Константинополга ҳужум уюштиришни режалаштиришганди. Византия империяси ҳалокат ёқасида эди ва ундан қутулиб қолиш учун император Папага ёрдам сўраб мурожаат қилди. Папа бу чақириққа жавоб берди. Натижада Ғарбий Европа давлатлари биргаликда биринчи салиб юришини ташкил қилдилар, бу даврда Салжуқийлар бир қанча оғир мағлубиятларга учрадилар ва мусулмон дунёси Қуддусни қўлдан чиқарди. Византия Анатолияда қирғоқ ҳудудларини қайтариб олишга муваффақ бўлди, аммо унинг Шарқий қисми Салжуқийлар давлати ҳукмронлиги остида қолди. Салжуқийлар назоратидаги ҳудудларда маҳаллий насроний аҳолининг бир қисми исломни қабул килди. XIII асрда Анатолияда мўғул истилочилари томонидан Ўрта Осиёдан қувиб чиқарилган туркман қабилаларининг оммавий кўчиши бошланди. Византия ҳудуди билан чегарага кўчиб ўтган бу қабилалардан бири янги мусулмон давлати - Усмонийлар империясининг туғилиши учун замин яратади.

XIII аср бошларида Анатолияда Салжуқийлар томонидан ташкил қилинган Коня Султонлиги Яқин Шарқдаги энг қудратли мусулмон давлатларидан бири эди. Салибчилар етказган зарбалардан қутилиб, Салжуқийлар нафақат қаршилик кўрсатишга, балки минтақада ўз ҳокимиятини сезиларли даражада мустаҳкамлашга муваффақ бўлдилар. Султонлар Кайковус I ва Кайкубод I даврида Салжуқийлар давлат чегараларини кенгайтириш, Ўрта ер денгизи ва Қора денгиз қирғоқларига етиб бориш имкониятига эга бўлдилар. Коня Салжуқийларнинг муваффақияти мўғул қўшинларининг босқини билан поёнига етди. 1236 йилдан бошлаб Коня Султонлиги мўғуллар империясининг вассалига айланди. Мўғуллар Кёсе-даге жангида Салжуқийларга ҳал қилувчи зарба бериб, тажрибали саркарда нўён Байжу мусулмонларга қақшатқич зарба берди. Шундан сўнг давлатнинг катта қисми мўғул қўшинлари томонидан босиб олинди ва ички тартибсизликлар алғов-далғовликни янада оширди. Қочқинлар оломони ғарбга, нисбатан сокин бўлган Византия чегараларига интилди. Анатолияда атиги бир ярим аср ичида Салжуқийлар нафақат кучли давлат, балки кўзга кўринган маданият, асосан, ўз асосида мусулмон маданиятини шакллантиришга муваффақ бўлдилар. Кичик Осиёга Салжуқийлар келишидан олдин маҳаллий аҳолининг катта қисми насронийлар эди, лекин XII аср ўрталарига келиб ислом бутун минтақада ҳукмронлик қилди. Бу Салжуқий султонларнинг насронийларга нисбатан мослашувчан сиёсати ва исломни қабул қилишни рағбатлантирадиган чора-тадбирлар билан боғлиқ эди. Бир пайтлар мўғулларга қарам бўлган Коня Султонлиги инқироз қаърига чуқурроқ ботди - давлатнинг қулаши муқаррар эди. Бундай вазиятда туркманларнинг қайи қабиласи сардори Эртўғрул кичик бейлик -Анатолиянинг ғарбида мухтор хонлик ташкил қилади. Эртўғрулнинг ўғли Усмон (1299-1324) даврида бейлик ҳудуди, биринчи навбатда, Византияга қарши муваффақиятли уруш кампаниялари туфайли бир неча марта ўсди. Эртўғрул-Усмоннинг бейлиги янги мусулмон давлати - Усмонийлар империясининг муртагига айланади. Баъзи тарихчилар Эртўғрул ва Усмон ҳукмронлиги далилларига фақат шу асосда шуҳа қиладики, бу ҳақида деярли ҳеч қандай ҳужжат омон қолмаган ва Усмонли империясининг асосчилари ҳақидаги барча маълумотлар кейинги манбалар, ҳикоялар ва афсоналарга асосланган. Бундай ёндашув бир тарафламаликдан яққол азият чекади, чунки тарихда фақат афсоналардан маълум бўлган ва кейинчалик солномаларда эслатиб ўтилган кўплаб машҳур шахслар бор. Рус давлати асосчиси – Рюрик, Башоратли Олег ва Малика Ольгани ёдга олиш кифоя – улар ҳақида уларнинг ҳаётлик даврида жуда кам нарса ёзиб қолдирилган. Усмоннинг бейлиги ҳали ўзининг кичиклиги ва таъсири кучли бўлмаганлиги туфайли эмас, балки ўз ҳудудида мусулмонлар насроний аҳоли массаси орасида диний озчилик бўлганлиги учун ҳам тўла-тўкис империя эмасди. Мусулмонларни фатҳ қилинган ерларга жалб қилиш мақсадида Эртўғрул, сўнгра Усмон ўзларини дин учун курашчи – ғозий деб эълон қилдилар. Бу уларга византияликларни Анатолиядан сиқиб чиқара бошлаган кичик, аммо яхши мотивациланган армия ташкил қилишга имкон берди. Бу даврда туркманлар амалда янги масжидлар қурмаганлар: собиқ христиан черковлари ибодатхона сифатида фойдаланилган. Мусулмонлар сонининг ўсиб бориши ва исломлаштириш изчил сиёсати Усмонийларнинг кейинги муваффақиятлари учун шарт-шароитларни яратди. Усмоннинг ўғли Ўрхан (1324-1362) даврида мунтазам қўшин, жумладан, яничарлар корпуси ташкил қилинди ва Анатолиядаги энг муҳим Византия шаҳарлари: Никайя (Изник), Пруса (Бурса) ва Никомедия (Измит) босиб олинди. Византиядаги фуқаролар урушига аралашиб, Ўрхан Европада плацдарм яратди, бу ердан Усмоний султонлари кейинчалик насроний давлатларига қарши ҳужум уюштирдилар. Ўрхан даврида Бурса пойтахтга айланди ва у ерда биринчи Усмонли масжидларини қуриш бошланди.

XIV аср бошларида Коня Султонлиги тугатилгач, бутун Анатолия туркман қабилалари томонидан аслида мустақил давлатлар бўлган бейликларга бўлиниб кетган эди. Бироқ Султон Орхон ҳукмронлиги даврида бейликларнинг айримлари Усмонийлар ҳукмронлигига бўйсунган. XV аср охирига келиб Анатолиянинг Марказий ва Шарқий ҳудудларининг кўпчилиги деярли бутунлай исломлаштирилди. Христиан аҳолиси фақат қирғоқ минтақаларида устунлик қилишда давом этди. XV асрнинг иккинчи ярмида Қрим хонлиги - Олтин Ўрда қулаши даврида пайдо бўлган ёш туркий давлат - Қрим ярим оролининг фақат бир қисмини назорат қилган. Феодоро ва Генуя православ князлиги денгиз ва қуруқлик савдосининг кўп қисмини қўлида ушлаб турарди. Қримнинг ўша даврдаги мусулмон аҳолиси умумий аҳолининг 30% дан кўп бўлмаган. Улар асосан XI асрда Қрим заминига ўрнашган қипчоқ-туркларининг авлодларидан иборат эди. 1475 йилда Усмонийлар империяси яриморолнинг насроний давлатларига қарши қатор ҳарбий кампанияларини амалга оширди. Феодоро князлиги йўқ қилинди, генуяликлар мусталакалари барҳам топди. Орадан уч йил ўтиб, 1478 йилда Усмонийлар империяси Қрим хонлигини ўз протекторатига айлантирди. Бу XVII аср охирига келиб ярим оролни исломлаштириш жараёнининг бошланишига имкон берди. Бу вақтга келиб Қримда мусулмонлар бутунлай ҳукмрон эди. Нисбатан кичик насронийлар жамоаси асосан православ юнонлар ҳамда арманлардан иборат бўлган. Россия томонидан Қрим босиб олиниши арафасида, XVIII асрда, Қрим насронийларининг катта қисми Екатерина II буйруғи билан Азов денгизи соҳилига депортация қилинди - қисқа вақт давомида, Қрим татарлари давлати бутунлай туркий ва мусулмон бўлди. Айрим туркий халқларни исломлаштириш жараёни XIX асрда ҳам давом этди. Хусусан, Шарқий Қозоғистондаги баъзи қабилалар ўз ерлари Россия империясига қўшиб олинган вақтдагина исломни қабул қилдилар. Исломнинг қабул қилиниши туфайли турклар мусулмон дунёси ютуқларига, унинг маданияти ва анъаналарига қўшила олдилар. Шу билан бирга туркий халқлар оғир иқтисодий ва сиёсий инқирозни бошдан кечираётган бир пайтда Ислом тамадддун ривожига янги туртки берди.

Абу Муслим таржимаси