loader
Foto

Месут Ўзилнинг йўқ қилиниши

Ҳозирги кунда эса у Хитойнинг ғазабига учраган, ўз клубида эса унинг иш ҳақи қисқартирилишига рози бўлмаганидан сўнг умуман кўринмай қолди. Месут Ўзил  - турк миллатига мансуб бўлган германиялик футболчи. Яқинда унинг тақдири ҳақида New York Times да Рори Смит ва Тарик Панжи қаламига мансуб мақола чоп этилди, биз унинг ҳақиқат сўзларини қўрқмасдан айтганлиги сабабли фаолияти тўхтаб қолган бу футболчига одамларнинг эътиборини жалб қилиш мақсадида шу мақолага тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Ҳаммаси унинг Твиттерда қолдирган битта хабаридан бошланди. Ўтган йилнинг декабрида Месут Ўзил Хитойнинг Шинжондаги уйғур мусулмон аҳолисини таъқиб қилаётгани ҳамда бу воқеаларни жимгина кузатиб турган халқаро ҳамжамиятни қоралаб гапирганида уни қандай оғир кунлар кутаётганидан хабардор эди.

«Арсенал» ярим ҳимоячиси Ўзилни дўстлари бу ишнинг оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирганди. Унга Хитойдан бозор сифатида воз кечишга тўғри келиши, ушбу мамлакатнинг энг йирик ижтимоий тармоғи бўлган Weibo-даги олти миллион обуначисидан айрилиши, 20 мингдан ортиқ аъзоси бўлган фан-клубидан айрилиши, ўзи эса ҳеч қачон Хитойда футбол ўйнай олмаслиги, хитойликларга тегишли бўлган ёки хўжайинлари Хитойда бизнес қилиш ниятида бўлган ҳар қандай клуб уни қабул қилмаслиги айтилди.

Ўзил бунинг асоссиз, қуруқ ваҳима эмаслигини биларди. У бир неча ҳафта олдин МБА Houston Rockets Бош менежери Дэрил Морейнинг Твиттерда қолдирган хабарига Хитойнинг реакцияси қандай бўлганлигини биларди. Лекин шунга қарамай, Ўзил сўзида туриб олди. Бир неча ой давомида у ҳужжатли фильмларни томоша қилар ва янгиликларни ўқир экан, Шинжондаги вазиятдан тобора ғазаби ортиб борди. Ўзил ушбу муаммога эътиборни жалб қилишдан кўра аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат мамлакатлар, жумладан, Туркияга улар уйғурларнинг ёнини олиши учун таъсир этишни ўзининг бурчи деб ҳис қиларди.

Шу сабабдан у «Send» тугмасини босди.

Бу твитдан кейин бошланган ҳодисалар турлича тахмин қилинади. Ўзил ҳаммаси айнан шундан кейин ўзгарганига ишончи комил. «Арсенал» эса бундай эмас деб ҳисоблайди. Бу икки нуқтаи назар ўртасидаги зиддиятни ҳал қилишнинг имкони йўқдай кўринади. Эҳтимол, иккала томон ҳам ҳақдир. Эҳтимол, иккаласи ҳам ноҳақдир. На Ўзил, на «Арсенал» буни расман муҳокама қилишни истамади.

Бироқ, ҳаммаси нима билан тугагани маълум. Ўзил ўз фикрини билдирганидан сўнг бир неча кун ўтгач, Премьер-Лиганинг Хитойдаги икки ҳамкори, CCTV ва PP Sports «Арсенал» иштирокидаги ўйинни эфирга беришдан бош тортди. PP Sports «Арсенал» ўйинини кўрсатишга рози бўлганда эса шарҳловчилар Ўзилнинг исмини айтишни исташмади.

Видеоўйинлардан унинг номи ва расми ўчириб ташланди. Хитойда интернетдан «Месут Ўзил» деб қидириш хатоликлар ҳақида хабарни кўрсатарди. Унинг номи авторитар ҳокимиятнинг буйруғига биноан атайлаб, иложи бўлган ҳамма жойда йўқ қилинди ва ўчириб ташланди.

Агар ўшанда ишлар бундан ёмони бўлиши мумкин эмасдай, деб туюлган бўлса-да, аслида бундай эмас экан. Ўзилнинг номини йўқ қилиш энди бошланганди.

Иш ҳақининг пасайтирилиши

Ортга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзилнинг фикр билдириш ҳақидаги қарорига «Арсенал»нинг муносабати - энг камида мантиқсиз эди, изчиллик йўқ эди, деб айтиш мумкин. Омма олдида клуб тезда ўзини унинг мулоҳазаларидан четга олди. Хусусий тартибда эса у жазоланиши кўзда тутилганди.

Унинг Твиттердаги хабари ва 20 миллиондан ортиқ обуначи учун Instagram да жойлаган «пост»и нафақат «Арсенал» учун, балки бутун Премьер-лига учун жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин эди. Ахир, Хитой телекўрсатувлар бўйича клубнинг энг йирик хорижий ҳамкори ва энг йирик ташқи бозор эди. Премьер-Лига  ҳатто COVID-19 дан олдинги даврда ҳам ҳомийлар ва мухлислар маблағларидан қуруқ қолмаслик учун футбол трансляцияси тўхтатилишига йўл қўя олмасди.

 «Хитойда мулоқот доирасининг катта қисми уюшма, Лига ва хорижий мамлакатлардаги футболчи ўртасидаги муносабатлар характеридан хабардор эмас», - дейди Хитойда фаолият юритадиган Red Lantern маркетинг компанияси директори Чжэ Цзи. «Улар Хитойда футбол уюшмаси лигани тўлиқ назорат қилиши, лига эса футболчини назорат қилишини кўради. Бу жамоаларни, лигани ва алоҳида шахсларни қийин ҳолатда қолдиради. Маданий тартибсизлик мавжуд».

Буни англаб етган ҳолда, «Арсенал» раҳбарияти Ўзилдан сиёсий баёнотлар бермаслик ёки ҳеч бўлмаганда, клуб билан боғлиқ ҳар қандай баёнотларга йўл қўймасликка чақирди. Клуб Хитой янги йилини нишонлаш муносабати билан ўз маҳсулотини («мерч» сўзи билан аталадиган) тарқатганда у Ўзилнинг номи умуман ёдга олинмаслиги чорасини кўради.

МБА нинг Хитой билан миллиард долларлик бизнес муносабатларини хавф остига қўйган каби оммавий низоларидан қочиш учун Премьер-Лига сиёсий масалаларни ҳал қилишдан қочиш учун қўлидан келганини қилди. Аммо Премьер-Лига ва унинг клублари аралашмаслик сиёсатида иккиюзламачилик қилди. Ўзилнинг Твиттерда хабар қолдирганидан бир неча ой ўтгач, Премьер-Лиганинг 20 та клуби вакили бўлган футболчилар (уларнинг орасида «Арсенал» ўйинчиси Эктор Беллерин ҳам бор эди) футбол пайти Black Lives Matter ҳаракатини (АҚШ да полициячилар томонидан қора танли шахс ўлдирилагнидан сўнг бошланган ирқчиликка қарши ҳаракат) қўллаб-қувватлаш учун ҳаракат бошланиши ҳақида премьер-лигани хабардор қилди. Премьер-лига эса футболчиларнинг «сиёсий уйғониши»га эътироз билдирмади.

24 октябрда эса, «Арсенал» сардори Пьер-Эмерик Обамеянг Твиттерда Африкадаги полициялар зўравонлигига қарши норЎзиликларни қўллаб-қувватлаб «пост» қолдирганида клуб ўз баёнотини эълон қилди. «Бизнинг нигериялик мухлисларимизга. Биз сизни кўриб туримиз. Биз сизни эшитиб туримиз. Биз сизни ҳис этиб туримиз» - деб бошланади ушбу баёнот.

«Сиз бу ҳақида бир нуқтаи назар тарафдори бўлишингиз тобора муҳим аҳамият касб этади, - деди ҳомийлик бўйича маслаҳатчи Тим Кроу. – Агар шундай қилмасангиз, эртами-кечми ҳамма сизга эътибор қаратади ва одамлар сизга ортиқча савол бера бошлайди».

Ҳатто Хитой ҳақидаги твитидан кейин ҳам Ўзил 2020 йилнинг дастлабки бир неча ойи давомда «Арсенал» учун жуда муҳим роль ўйнади. Клубнинг янги мураббийи Микел Артета ўз интервьюсида собиқ жамоадоши Ўзил билан ишлашни, уни ўз фикридан қайтариш ва олдинги ҳолатга қайтаришга кўндириш истагида эканлигини таъкидлади.

Клуб раҳбарияти молиявий инқироз оқибатларини енгиллаштириш учун футболчилардан маошининг бир қисмидан воз кечишларини талаб қилганида бу муносабатлар бутунлай барбод бўлди. Музокаралар олти ҳафта давом этди ва апрел ойи охирига келиб, футболчиларнинг аксарияти ён беришди.

Бироқ, Ўзилда ҳали ҳам саволлар бор эди. У «Арсенал» раҳбариятидан жамғарма нимага сарфланиши, клуб эгаси ҳам бу ишга ўз ҳиссасини қўшиши ёки қўшмаслиги, жамоа пул маблағларини ўйнамаётган персонални ҳимоя қилиш учун сарфлашини кафолатлай олиши ҳақида батафсил жавоблар сўради.

Ўзил муаммолар бу тарзда ҳал қилинмаслиги керак, деб ҳисобларди. Zoom орқали сўнгги суҳабтдан кейин Артета ўйинчилардан «тўғри йўл тутиш»ни сўрагач, Ўзил бефарқ бўлиб қолди.

Июнь ойида иш ҳақининг 12,5% пасайтирилгани ҳақида расман эълон қилинди ва футболчиларга апрель санаси қўйилган ҳужжатлар тақдим этилди. Футболчиларнинг аксарияти бу ҳужжатларни дарҳол имзолади. Беш-олти киши имзоламади, холос. Ўзил сўзида қатъий туриб олди. У клуб томонидан таъқиб қилиниши ва «Арсенал»даги фаолияти якунлаши мумкин эканлигидан хабардор эди. Лекин бунга аҳамият бермади.

Шундан буён Ўзил «Арсенал» учун ўйнамади. Футболчиларининг маоши пасайтирилганидан икки ой ўтгач, августда пандемиянинг давом этаётган молиявий асоратларини баҳона қилиб, клуб раҳбарияти 55 нафар ходимни ишдан бўшатишини маълум қилди. Ўзил эса улардан бирига қаттиқ қизиқиш билдирди.

Динозавр

Ўзилнинг сиёсий қарашлари ва иш ҳақининг қисқартирилишига рози эмаслиги билан бир қаторда, томонлар ўртасидаги ишончсизлик қисман бўлсада, «динозавр» масаласидаги низо билан боғлиқ эди.

 «Арсенал» охирги 27 йил давомида ўйин пайти майдон четида улкан яшил динозавр бўлиб кийинган ҳолда турган ашаддий мухлис Джерри Куи билан хайрлашган экан. Куи - «Арсенал» талисмани Gunnersaurus («Пушкозавр») ортида турган одам

Унинг ишдан бўшатилиши, юмшоқ қилиб айтганда, PR-фалокат эди. Ўзил дарҳол бу имкониятга ёпишиб олди, мухлислар инглиз стадионларига қайтиши учун рухсат берилмагунча Куига тўланиши керак бўлган маошини тўлашни ваъда қилди. Клуб бундан  қаттиқ ғазабланди.

Четдан қараганда, Ўзил «Арсенал»ни мазаҳ қилгандай бўлиб кўринади. Албатта, эҳтимол, шундай бўлган бўлиши ҳам мумкин. Шуниси аниқ эдики, яхшими ёки ёмонми, ўйинчи ва клуб ўртасида чамбарчас боғлиқлик бор эди.

Клуб 2018 ва 2019 нинг ёзида Ўзилни сотишга ҳаракат қилиб кўрганди.

Ўзил эса бу ердан кетишни истамади. Нима учун эканлиги эса аниқ эмас. Клубда баъзилар яқинда турмуш қурган ва ёш қизи бор Ўзил Лондонда ўзини қулай ҳис қиляпти ва кўчиб ўтишни истамайди деб ҳисобларди. Мухлислар унинг футбол ўйнамасдан пул олиш билан кифояланиб, келаси йил шартнома тугагунга қадар кўп миллион долларли иш ҳақи олишдан ўзини бахтиёр ҳис қилади, деб ишонарди.

Унинг Твиттерда хабар қолдиришига сабабчи бўлган халқаро воқеа билан бир қаторда, оммавий ахборот воситалари Ўзил ўзини ташлаб қўйгани, спорт «азарти»ни йўқотган эканлиги ҳақида хабарлар берди – ваҳоланки, бу унга яқин бўлган кишилар томонидан ҳар доим қатъий рад қилинган, клуб томонидан эса оммавий равишда тасдиқланмаган. Футбол, умуман олганда, Ўзил билан боғлиқ муаммолар унинг истеъдодидан устун келади, деган қарорга келган кўринади.

Жаҳон чепионати ғолиби саналган футболчи бир неча ой давомида катта чегирма билан сотилиши мумкин эди. Лекин Европада ҳеч ким у билан боғланишни истамади.

Интиҳонинг ибтидоси

32 ёшли Ўзил уни «Арсенал»га бўлган «муҳаббат» ушлаб турибди, деб ишонтиришга уринмоқда. Унга берилган таклифлардан хабардор бўлган машҳур футбол менежерининг сўзларига кўра, Ўзил бу йил ёзда жамоадан кетиш имконига эга бўлган, леикн таклифларнинг биронтаси унга ёқмаган. Унинг иш ҳақи миқдори ва обрўсига путур етганлиги, ҳаттоки «Арсенал» уни сотиб юбориш учун шартномасининг учдан икки қисмидан воз кечишга ҳам тайёр бўлсада, унинг имкониятларини жиддий чегаралаб қўяди.

Фақат ўтган ҳафтага келиб, унинг аҳволи қанчалик ёмон эканлиги аниқ бўлди. Унга бу йил премьер-лига ўйинларида иштирок этмаслиги маълум қилинганида жамоанинг Европа Лигасида ўйнайдиган таркибига киритилмагани ҳам айтилди.

Трансфер ойнаси январгача ёпилган экани сабабли, у кетишга кеч қолди. Бунгача эса у ўзи томонидан, клуб томонидан яратилган «футболдан сурган» ҳолатида бўлади ва афтидан, бу ердан чиқиш йўлини топа олмайди.

У ҳаммаси Твиттердаги хабардан бошланган, деб ҳисоблайди. «Арсенал» эса буни инкор қилади. Вокеа қаерда ва нимадан бошланган бўлса ҳам, шунга олиб келдики, 10 ойдан сўнг Месут Ўзил деярли йўқ қилинди.