loader
Foto

«Биг тек» устунлиги: Силикон водийси энди ўз кучини яшира олмайди

Унинг 1946 йилги эссесида берган сабаблари "иккинчи Жаҳон урушидан кўп йиллар олдин деярли барча ўқимишли одамлар Германияга қаршилик кўрсатиш тарафдори эдилар, аммо айни пайтда уларнинг аксарияти бу қаршилик учун етарли қуролларга эга бўлишга қарши эдилар".

Ўтган ҳафта бизга айнан шу ҳолатга деярли мукаммал ўхшашлик тақдим этди. 2020 йил сайловларидан олдин кўп йиллар давомида деярли барча америкалик консерваторлар "биг тек" га (АҚШда интернет ва ижтимоий тармоқларни тартибга солувчи йирик компанияларни, масалан, Google, Facebook ва бошқаларни шундай аташади) қаршилик кўрсатдилар. Шу билан бирга, бу консерваторларнинг аксарияти бу қаршиликни самарали қилиши мумкин бўлган қонун ва қоидаларга бундай ўзгаришларга қарши бўлди. Фақат фарқ шундаки, географик жиҳатдан узоқ туюлган немис таҳдидидан фарқли ўлароқ, Силикон водийсидан таҳдид бизнинг шундоқ бурунларимиз остида. Том маънода: мобил телефонларимизда, планшетларимизда ва ноутбукларимизда.

Бундан уч йил олдин журнал учун мақолада мен Дональд Трамп ва Силикон водийсининг яқинлашиб келаётган тўқнашуви ҳақида ёзгандим. «Ижтимоий тармоқлар Трампга Оқ уйни эгаллашга  ёрдам берди, — деб ёзгандим ўшанда. — Силикон водийси эса унга бу ишни такрорлашга имкон бермайди». Менинг «Майдон ва минора» номли китобим хулосаси эса янги онлайн-платформалар одамлар устидан ҳукмронлик қилишнинг янги бир турини ифодалайди, деган фикр бўлган. Янги тур анъанавий давлат иерархик ҳукуматига чақириқ ташлайди.

Онлайн-платформалар деганда мен Facebook, Twitter, Google ва Apple ни назарда тутаман. Уларни қисқача FATGA деб атайлик. Улар жамият устидан шундай ҳукмронлик ўрнатдиларки, Реформациядан олдин католик черкови гуллаб-яшнагандан бери бундай устунлик кузатилмаган. FATGA талабалар ётоқхоналаридаги хоналар ва гаражлар кўринишида ёлғондакам камтар манбага эга эди. 2008 йил бу компаниялардан биронтасини бозор капиталлашуви бўйича дунёнинг етакчи компаниялари орасида учратишнинг имкони йўқ эди. Бугунги кунда эса улар бозор «олий лигаси»да биринчи, учинчи, тўртинча ва бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Уларнинг ортидан хитойлик рақобатчилар — Tencent ва Alibaba бостириб келяпти.

Ўзи нима бўлди? Шунчаки, онлайн-платформалар қачонлардир марказлашмаган жаҳон ўргимчак тўрини олигархик ташкил қилинган, иерерхик оммавий муҳитга айлантирди. Бу муҳитда улар киришни назорати қилиб, пул ишлай бошладилар. Бурнидан сал узоқроққа қарашга қодир бўлган ҳар қандай одам учун бу интергент-гигантлар асосчиларининг либертариан мойилликлари тез орада сўл-либерал сиёсат босимига йўл бериши олдиндан маълум эди.

Тез орада АҚШнинг Шарлоттсвилида бўлиб ўтган ультра-ўнглар митингидан сўнг Cloudflare интернет-провайдери директорлар кенгаши раиси Мэтью Принс рўй берган воқеаларга ўз жавобини баён қилди: «Мен ёмон кайфиятда уйғондим ва кимгадир интернетда ҳар қандай фаолликни тақиқлаш керак бўлади, деган қарорга келдим». «Daily Stormer журналида [оқ танлилар устунлиги тарафдорларига яқин] ёзадиган одамлар, ахлоқий мажруҳлар» эканлиги асосида, Принс уларнинг вебсайти Интернетга уланишини узиб қўйди. «Умуман олганда, ҳеч ким бундай кучга эга бўлмаслиги керак», — тан олади у. «Биз бу мавзу бўйича муҳокама қилишимиз керак — аниқ қоидалар ва чегаралар билан. Аслида, Жефф Безос, Ларри Пейж ва Марк Цукерберг каби ажойибот ҳақидаги менинг ғояларим Интернетда нима рухсат берилган ва нима рухсат берилмагани ҳақида ҳал қилувчи омил бўлмаслиги керак».

Бироқ ўшанда, 2017 йил, бу мавзуда муҳокамалар энди бошланганди. Аслида кўплаб америкалик республикачилар ўша пайтлар FATGA эркин бозор тарафдори, уларга нисбатан енгилгина тартибга солиш йўл қўйилиши мумкин деб ишонарди. Ҳозирда республикачилар яхшироқ хабардор. Ўтган йили бўлиб ўтган сайловлардан сўнг (Байден ғолиб чиққан президент сайловлари кўзда тутиляпти) Twitter Трампнинг твитларига муаллифнинг соғлиқ билан муаммолари борлиги огоҳлантиришлар қўшиб қўя бошлади. Бунда гап АҚШ президентининг аслида у Байден устидан сайловда ғолиб чиққани ҳақида жиддий хабарлари ҳақида борган. Сўнгра, Трамп тарафдорлари Капитолийга бостириб кирган куннинг эртасига Twitter ва Facebook кўплаб аккаунтларни — жумладан, президентнинг аккаунтини ёпишни бошлади. Энди эса умуман, доимий «бан» қилишди. Трамп тарафдорлари мунозаларни Твиттердан у билан рақобат килувчи Parler платформасига ўтказишга уриниб кўришганда, Apple ва Google компаниялари тезда Parler га техник кўмакдан бош тортишди. Тез орада Amazon ҳам бу сервисни интернетдан ўчириб ташлаб, ўзининг «булут» хизмати мижозлари қаторидан Parler ни чиқариб ташлади. Бу "биг тек" кучининг даҳшатли намойиши эди.

Бизда аслида икки марта давлат тўнтаришига уриниш бўлганди, деб айтсак, бироз муболаға бўларди. Агар Конгрессга қарши безори ахмоқлар путчи барбод бўлган бўлса, сайланган прездентга қарши «биг тек» путчи, аксинча, муваффақият қозонди. Бу ерда муаммо шунчаки Трампга сайловчилар билан алоқа каналларидан биридан фойдаланиш имкони берилмаганида эмас. Муаммо шундаки, судлар узоқ вақтдан бери жамоатчилик макони, форум деб тан олиб келаётган жойдан чиқариб ташланди.

Турли хил суд прецедентлари «биг тек»га ғайриоддий мақом берди: бу баъзи сабабларга кўра хусусий қўлларда тушиб қолган жамоатчилик хизмати. 2018 йилда Нью-Йорк Жанубий округи суди Трамп унинг Twitter хабарларига ҳақоратли изоҳ ёзган одамларни "бан" қилиши мумкин эмас, деб қарор қилди: бу Олий Суд томонидан тасдиқланган "оммавий форумлар" доктринасига қарши жиноят бўлган бўларкан. Демак, президент фақат уни "танқид" қилишгани учун одамларни "бан" қилиши - яъни унинг твитларини ўқишга тўсқинлик қилиши мумкин эмас. Маълум бўишича, президент тақиқини "цензура", "одамларни сиёсий қарашлари асосида камситиш"сифатида кўриб чиқиш керак экан. Бу эса, халқнинг ўз нуқтаи назарини билдириш ҳуқуқи билан боғлиқ "Конституцияга биринчи тузатишни бузади" экан.

 «Пакингем Шимолий Каролинага қарши» иши бўйича (2017 йил) ўз вердиктида судья Энтони Кеннеди Интернет-платформаларни «бозор майдони замонавий тури»га ўхшатди. Шундай экан, деб ёзади у, ҳатто жинсий жиноятларда айбдор деб топилган одамлар учун ҳам бу платформаларга киришни блокировка қилиш ноқонуний, Конституцияга зид ҳисобланади. «Агар илгари энг ноодатий ғояларни алмашиш учун қулай бўлган жойни (соф техник маънода) топиш осон бўлмаган бўлса, энди бу жой маълум: бу кибермакон, интернетнинг ва айниқса, ижтимоий тармоқларнинг катта демократик форуми».

Шундай қилиб, АҚШ президенти Трамп Twitter фойдаланувчиларини «бан» қилиши ва уларга ўз хабарларини ўқишга халақит бериши мумкин эмас, лекин Twitter нинг ўзи президент аккаунтини ўчириб ташлаб, уни умуман «бан» қилиш ҳуқуқига эга. Президентга рухсат этилмаган нарса жинсий жиноятларда фош этилган кишиларга рухсат этилади.

Буларнинг барчаси, албатта, Трумпнинг ноябр ойидаги сайлов натижаларини қайта кўриб чиқиш учун бироз ақлдан озган уринишлари учун хайрихоҳлик сифатида кўриб чиқилмаслиги керак. Ўтган ҳафтадаги тартибсизликлар олдидан у ўз тарафдорларини тобора қиздириб борган эди. Улар Капитолийга ҳужум қилганидан кейин эса Трамп уларга ўз "севги"си ҳақида хабар юборди - улар амалга оширган тартибсизликларга қарамай. Мен Трампнинг айрим энг қизиққон тарафдорлари жамият хавфсизлигига таҳдид олишини ҳам инкор қилиш ниятида эмасман.

Лекин бу таҳдид жавоб сифатида "Facebook" хўжайини Марк Цукерберг ёки Twitter эгаси Джек Дорсига улар шубҳали шахс деб ҳисоблайдиган ҳаммани, жумладан, Капитолийни ишғол қилганларга хайрихоҳ бўлганларни жамоатчиик маконидан чиқариб ташлаш ҳуқуқи берилмаслиги керак. Тўғри жавоб қуйидагича: ФБР ва тегишли полиция бўлимлари потенциал трампчи-террорчилар билан сўнгги йигирма йиллик давомида исломий жангариларга нисбатан қўллаган билан бир хил формулага кўра шуғуллансин.

Ҳозирги абсурд вазиятнинг илдизлари қаерда эканини тушуниш учун эса қарийб чорак аср муқаддам қабул қилинган ва деярли унутилган қонунчиликни эслаш лозим. Бу қонунчилик Нью-Йорк суди «Продиджи» интернет-провайдерини ушбу провайдер хизматларидан фойдаланган субъектнинг туҳмат хабарлари учун қисман жавобгар деб тан олганидан сўнг юзага келган. Конгресс ўшанда 1966 йилги «Телекоммуникациялар ҳақида ҳужжат» билан жавоб берган бўлиб, унга кўра пайдо бўлаётган телекоммуникация компанияларига иккиюзамачилик асосида ўз фойдаланувчиларини ҳимоя қилиш ва шу билан бир пайтда тармоқда ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш таклиф қилинади – буларнинг барчаси гўёки кнж учун катта қўшимча харажатларсиз. Бу ҳужжатда қуйидагилар эълон қилинган:

«Интерактив компьютер сервисларининг ҳеч бир субпудратчиси ёки провайдер, агар бу маълумот ахборот контентининг бошқа провайдери томонидан тақдим этилган бўлса, ахборот ношири ёки эълон қилувчиси сифатида кўриб чиқилмайди.

Интерактив компьютер сервисларининг ҳеч бир субпудратчиси ёки провайдер ушбу провайдер беҳаё, ифлос, ҳаддан ташқари жинсий, ҳаддан ташқари зўравонлик ёки бошқа номақбул деб ҳисоблайдиган контентга киришни чеклаш учун жавобгар бўлмайди».

Юқорида айтиб ўтилган «Телекоммуникациялар ҳақида ҳужжат»нинг 230-бўлимига киритилган ушбу бандлар вебсайтларни уларнинг фойдаланувчилари жойлайдиган хабарлар учун жавобгарликдан озод қилади. Лекин шу билан бир пайтда вебсайтларга уларга ёқмайдиган контентни олиб ташлаш ҳуқуқи берилади. «Биг тек» учун жуда фойдали бўлган, қисман Джозеф Хеллернинг «Ҳийла-найранг-22» романида баён килинган вазият юзага келади. «Биг тек»ни ношир-эълон қилувчилар сифатида жавобгарликка тортишга урини кўрингчи. Улар сизга биз фақат бошқаларнинг фикрлари ва нуқтаи назарлари учун платформамиз, холос деб жавоб беришади. Уларнинг платформаларига чекланмаган уланиш талаб қилиб кўринг. Улар сизга бунга имкон бермаймиз, чунки маълум маънода ҳали ношир ҳам ҳисобланамиз, деб жавоб қайтаришади.

Бунда шундай вазият юзага келганки, юқорида айтиб ўтилган ҳужжатнинг 230-бўлимида «бошқа сабабларга кўра номақбул» материални ўчириб ташлаш ҳақидаги ибора тор маънода – «бошқа сабабларга кўра ЛИБЕРАЛЛАР УЧУН номақбул материал»ни ўчиришга рухсат сифатида талқин қилина бошлади.

Мисоллар учун узоққа бориш керакмас. Ёз бўйи кўп сонли Black Lives Matter (BLM) тарафдорлари кўп жойларда ибтидоий зўравонлик ва вайронагарчилик даражасига тушиб кетган ўз норозилик намойишларини ташкиллаштириш учун «мейнстрим» либерал медиа воситалардан ҳам, ижтимоий тармоқлардан ҳам фойдаланди. Бу зўравонликлар ва вайронагарчиликлар ўтган ҳафта Капитолийда кузатилган ҳолатдан анча оғир эди. Лекин биз на аккаунтларнинг ёпилиши, на Твиттердан у ёки бу фойдаланувчининг руҳияти жойида эмаслиги ҳақида огоҳлантиришлар гувоҳи бўлганимиз йўқ.

Келинг, Трамп 6 январь куни ўз нутқида фойдаланган тилни 2020 йил 18 июнда Стефен Колберт шоусида BLM ни қўллаб-қувватлаш учун Камала Харрис нутқида фойдаланган нутқ билан солиштириб кўрамиз. Бу нутқларнинг ҳеч бири зўравонлик рағбатлантириладиган нуқтагача етиб бормайди. Трамп оломонни Капитолий бўйлаб ўтишга чақирди, лекин бунда у "бизнинг овозлар эшитилиши учун бу ишни тинч ва ватанпарварлик билан қилиш"ни сўради.

Харрис ўз томонидан, «талончилик ва айрим зўравонлик ҳаракатлари»ни қоралади, лекин бунда BLM норозиликлари борасида қўшимча қилди: «Улар тўхтамайди. Бу ҳаракат, мен сизга аниқ айтаманки, у тўхтамайди. Шундай экан, эҳтиёт бўлинг! Улар ноябрдаги сайловларгача тўхтамайди ва бу саловлардан кейин ҳам тўхтамайди». Камала Харрис мана шундай гапирган.

Қизиқ, «эҳтиёт бўлинг» деганда у нимани назарда тутган экан?

Бундан ҳам аввалроқ, 2020 йил 1 июнда, Харрис Джордж Флойднинг ўлимидан сўнг Миннеаполисда исён кўтарган одамларни озод қилишга гаров сифатида маблағлар киритиш учун пул тўплаган Миннесота эркинлик фондига хайрия тўплаш мақсадида Твиттердан фойдаланди. Бошқа мисолларни ҳам келтириш мумкин. «Тикланиши мумкин бўлган хусусий мулкнинг йўқ қилиниши зўравонлик ёки инсон ҳуқуқларининг бузилиши эмас», — деганди ўшанда CBS интервьюсида «Нью-Йорк таймс» журналисти Николь Ханна-Джонс. Бу эса кўп шаҳарлар ўт қўйиш ва вандализмга учраган бир пайтда айтилган. Лекин нимагадир бу журналистнинг Твиттердаги аккаунти ҳали ҳам мукаммал ишламоқда.

New York Post газетаси кичик Байденнинг Хитойдаги иснод келтирадиган даражадаги ишлари ҳақида жанжалли воқеани очиб берганида иккиюзламалик стандартлари яққол кўзга ташланган эди. Аммо, Хантер Байденнинг шарманда бўлиши Джо Байденнинг кампаниясига зарар етказиши мумкинлигини тушунган Twitter ва Facebook ўз фойдаланувчиларининг ушбу мақолага киришини дарҳол узиб қўйди. Twitter ва Facebook Трамп кампаниясига зарар етказадиган мақолалар билан бу каби ҳеч қандай иш қилмаган.

Буларнинг барчасини хавфли, хавотирга солувчи тенденция сифатида кўриб чиқиш учун Трамп тарафдори бўлишингиз шарт эмас. Барча тусдаги консерваторлар, шунингдек, айрим «подадан адашган» либераллар бу янги цензурани ўз бошидан ўтказди. Бу тенденция, айниқса, COVID-19 пандемияси «биг тек»ни ёқимсиз контентларни кескин йўқотишга ундаган пайтда янада кучайди. Британияда TalkRadio радиостанцияси бир муддат YouTube дан йўқолиб қолди. Сабаб: TalkRadio локдаунга қарши норозилик билдирган одамлар фикрларини ўз тўлқинлари орқали берганди, бу эса, маълум бўлишича, YouTube «жамият стандартлари»ни бузар экан. Колумнист Spectator Лионель Шрайвер (Lionel Shriver) пандемия мавзусида бир нечта хабарларини YouTube да ўқиб бергач, у ҳам дарҳол ушбу видео-хостингдан узиб қўйилди. Карл Хенеган (Carl Heneghan) ва Том Джефферсон (Tom Jefferson), Оксфордлик икки илмий тадқиқотчи, Facebook цензорларига ёқмай қолди. Уларнинг айби Spectator журналида Данияда ниқоб тақиш самарадорлиги шубҳа остига олинган мақола ёзганлигидадир.

Сиз FATGA «биг тек» компаниялар иттифоқи АҚШнинг амалдаги президентига қарши фатволарида ҳаддан ошиб кетган, деб ўйлашингиз мумкин. Сиз мана шу ера улар қизил чизиқни аниқ босиб ўтган, деб ўйлашингиз мумкин: ҳатто Алексей Навальный ва Ангела Меркель ҳам «биг тек» кучи ҳаддан ташқари эканлиги ҳақида норозилик билдиряпти. Аммо йўқ, улар ҳеч қандай қизил чизиқни босмаган экан. Бу ажойиб, лекин Америка либераллари асосан цензуранинг бу қайтишини қабул қилдилар (ва баъзан қўллаб-қувватладилар). Америка фуқаролик эркинликлари Иттифоқи (ACLU) ягона истисно бўлди.

Адолат нуқтаи назаридан таъкидлаш жоизки, Байден кампанияси қатнашчилари ўтган йили баъида «биг тек»ни, айниқса Facebook ни ёмонлаган. Бироқ Байден-Харрис маъмуриятидан «биг тек»га таҳдид солиши мумкин бўлган энг қўрқинчли нарса бу — анъанавий антитраст чоралари эканлиги маълум бўлмоқда. Ушбу чора-тадбирлар FATGA рақобатни ҳимоя қилиш бўйича эски меъёрларни бузгани мавзусига қаратилади. Бунда чоралар эса, тажриба шуни кўрсатадики, «ГОРА РОДИЛА МЫШЬ» формуласи бўйича якун топади. Асосийси: цензура масаласи кўриб чиқилмайди, чунки у антитраст даъволари юридик доирасига кирмайди.

Демократларнинг иккиюзламачилигидан шикоят қилиш жалб этувчан бўлиб кўринади. Эмишки, агар «биг тек» зарбани бошқа томонга каратиб, яна битта, айтайлик, Камала Харриснинг аккаунтини ёпиб қўйса, ўпкалари тўлиб чинқирган бўларди. Аммо, бошқа томондан, агар Камала ҳақиқатан ҳам блокланганида, қанча республикачилар шикоятлар билан уни ҳимоя қилган бўларди? Жуда оз республикачилар бундай килган бўларди. Йўқ, ҳақиқатни тан олиш керак: республикачиларда «биг тек» ортиқча кучи муаммосини ҳал қилиш имконига эга бўларди, аммо улар бу имкониятни бутунлай қўлдан бой беришди.

Улар телекоммуникациялар ҳақида ҳужжатнинг 230-бўлими аслида Силикон водийсининг "Ахилл товони"ни ёпиб турганини жуда кеч англадилар. Фақат республикачилар «биг тек»дан барча масъулиятни олиб ташлайдиган 230-бўлимини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун қонун лойиҳасини тайёрлашга жуда кеч киришдилар. 230-бўлим мавзуси Трампнинг нутқларида жуда кеч янграй бошлади. Ҳатто ҳозир ҳам кўплаб республикачилар 230-бўлимни бекор қилишнинг ўзи кифоя эмаслигини аниқ тушуниб турибдилар. «Конституцияга биринчи тузатиш» каби бирон нарсасиз, фақат интернетга махсус иловада – бундай тузатишсиз 230-бўлимга тақриз етарли бўлмасди, акинча, у фикр билдириш эркинлигини янада чеклаган бўларди.

Оруэлл тўғри айтганидек, «биз ҳаммамиз ёлғон деб билган баёнотларга ишонишга мойилмиз; кейин эса, ноҳақлигимиз юзага чиққанда биз барибир ҳақ бўлганимизни кўрсатиш учун аллақачон бўлиб ўтган воқеаларни буришга, бузиб кўрсатишга мойилмиз». Инсон табиатини ҳаммадан кўра яхшироқ билган Оруэлл қўшимча қилади: «Интеллектуал низоларда бу жараённи чексиз давом эттириш мумкин. Ягона чеклов - ҳақиқий ҳаётда, эртами-кечми, сохта эътиқод реал воқелик билан тўқнашуви ҳисобланади».

Оруэллнинг бу сўзларини ўтган тўрт йил давомида АҚШ республикачилар партиясида турли ички вазиятларга нисбатан блдириш мумкин. Реал воқелик шундоққина уларнинг бурни остида эди: Трамп партияни мағлубият сари етаклади. Мағлубиятга учраган ҳолда эса Трамп ўзини номуносб тутади. Ҳаммасини олдиндан айтиб бериш мумкин эди. Бошқа нарсани ҳам башорат қилиш мумкин эди: FATGA (Facebook, Amazon, Twitter, Google, Apple) — 2020 йил сайловларида мана ким ҳақиқий ғолиб бўлади. Harvard Law Review нашри айтганидек, бу бизнинг «янги ҳукмдорлар».

Нил Фергюсон — Стэнфорд университети қошидаги Гувер институти катта илмий ходими