loader
Foto

Шариатда зарурат тақозоси

Бироқ, шариатнинг ўта муҳим бу икки қутблари ўртасида шубҳали ишлар, амаллар ва нарсалар борки, улар ҳар хил эҳтимоллар, фарқли шароитлар, фикрий қарашлар, турли заруратлар нуқтаи назаридан келиб чиқиб баҳоланади. Вақтлар ва даврлар, маконлар ва масканлар, одамлар ва шароитлар уларнинг баҳосига таъсир кўрсатиб келади. Шунинг учун одамларга айнан мана шуларни ажратиб олишлари қийин кечади, айнан шубҳаларнинг моҳиятини, унинг қандайлиги ва қайсилигини англаш оғир ҳисобланади. Ҳақиқат шуки, уларга қилинадиган муносабат Расулуллоҳ (с.а.в.) кўрсатмаларига биноан бўлмоғи энг афзал, энг эҳтиёткор йўл ҳисобланади. Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз вақтида бу борада мана бу машҳур иршодларини қилганлар:

الْحَلَالُ بَيِّنٌ وَالْحَرَامُ بَيِّنٌ وَبَيْنَهُمَا مُشَبَّهَاتٌ لَا يَعْلَمُهَا كَثِيرٌ مِنْ النَّاسِ فَمَنْ اتَّقَى الْمُشَبَّهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ كَرَاعٍ يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى يُوشِكُ أَنْ يُوَاقِعَهُ أَلَا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى أَلَا إِنَّ حِمَى اللَّهِ فِي أَرْضِهِ مَحَارِمُهُ أَلَا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ أَلَا وَهِيَ الْقَلْب

"Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром ҳам очиқ-ойдиндир. Улар орасида кўп одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва шаъни учун ўзини пок тутибди. Ким шубҳали нарсаларга тушса, худди қўриқхона атрофида чўпонлик қилиб, унга ўтиб кетай деган чўпонга ўхшайди. Огоҳ бўлинг! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бордир. Огоҳ бўлинг! Албатта, Аллоҳнинг ердаги қўриқхонаси – ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг! Танада бир парча гўшт бор, у соғлом бўлса, бутун тана соғлом бўлади. У бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлинг! Ўша нарса қалбдир".

(Бухорий, 1/52; Муслим, 3/1599; Абу Довуд, 3/3331; Термизий, 2/1221; Насоий, 4/4453; Ибн Можжа, 2/3984; Доримий, 2/2586; Аҳмад, 4/18394; Ибн Ҳиббон, 2/721; Байҳақий, 5/10180; Табароний, 1/1756; Ибн Абу Шайба, 6/22435; Абу Яъло, 4/1653; Абу Авона, 3/5460).

Шариатдаги зарурат тақозоси мавзуси юқоридаги ҳалол ва ҳаром ўртасидаги нозик ва мураккаб масала ҳисобланади. Қилни қирқ ёриб келган фақиҳлар ушбу масалани ҳам энг-энг дақиқ жойларигача ҳал қилиб келганлар. Бироқ, бугунги кунда ушбу масалага бағишланган машҳур фиқҳий қоида: – الضرورات تبيح المحظورات – "Заруратлар ман қилинганларни ҳам жоиз қилади"ни кўпчилик суистеъмол қилаётганига гувоҳ бўлинади.

"Заруратлар ман қилинганларни ҳам жоиз қилади" қоидаси ҳожат, эҳтиёж ва машаққатларни қамраб олиб, одамларга енгиллик ва осонлик туғдирилиши учун шариатга киритилган аҳамиятли фиқҳий қоидалардан биридир. Ушбу қоида бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотган эмас. Чунки, ҳожат ва эҳтиёжлар ҳар қачонгидан кўра кўпайган, табиий эҳтиёжлар ортган даврдир. Ҳозир ана шу қоиданинг моҳиятини тўлиқ англамасдан уни нотўғри талқин қилишлар ҳам кузатилди. Жумладан, кимлардир ушбу қоидани пеш қилиб, қуйидаги ношаръий ишларни қилаётганларини кўрсатиш мумкин:

-Одамлар кўп жойларда намоз ўқиш имконияти бўлмагани боис, заруратдан келиб чиқиб фарз намозлар қазо бўлмоқда.

-Ишлар кўпайиб кетгани, ишдан ортмай қолишлик, вақтнинг тезкорлиги заруратидан намозлар жамъ қилиб ўқилмоқда.

-Мусулмонлар дўстларидан уялгани, одамлардан айрилиб қолиш хавфи заруратидан ароқ ичмоқда.

-Маҳрамлари бўла туриб ҳам тижорат ва бошқа мақсадларда, ҳатто ҳажга ҳам аёллар маҳрамсиз бемалол узоқ сафарларга чиқиб кетмоқда.

-Иш юзасидан бирга ишлайдиган, лекин бир-бирларига мутлақо номаҳрам эркак ва аёл учрашиб-кўришиб, ёлғиз қолишиб, бемалол ҳар хил мавзуларда суҳбатлашиб бир хонада ўтирмоқда.

-Телефон, интернет, скайп, агент, электрон почта ва бошқа воситалар заруратидан бир-бирига номаҳрам бўлган аёл-қизлар ва эркагу болалар ўзаро гаплашув, смс ва хат ёзишув кабиларни амалга оширмоқда.

-Замонавий фото-расмлар ва видиолавҳалар чиққани эҳтиёжидан ҳатто ёлонғоч аёллар сурати ва лавҳаларини кўришни жоиз, деган гапларни айтишгача борилмоқда.

Юқоридагилардан кўринадики, шариатда зарурат тақозосини яхши билиш, уни ўз ўрнида қўллай билиш лозим. Акс ҳолда, шариатнинг ҳукмларига путур етади, шаръий амаллар ўз бошимча ўзгартирила бошлайди, ҳаромлар "ҳалол"га, макруҳлар "мустаҳаб"га айланиб қолади. Бинобарин, ушбу мақолада шариатда зарурат тақозоси мавзуси қаламга олинади. Зарурат нима? Қайси ва қандай ҳолатдаги зарурат шариатнинг ҳукмини бошқа ҳукмга айлантира олади? Заруратни ким белгилайди? Унинг ҳукмини ким ўзгартиради?  

Ҳалол, ҳаром ва мубоҳ амалларни қисқача таништирув

Ҳалол ва ҳаромни азалдан мусулмонлар билиб, англаб келганлар. Уламолар булар борасида етарлича маълумотларни уларга тақдим қилганлар.

Ҳаром далиллар асосида таъқиқланган нарсалар бўлиб, улар далиллари кучига қараб қатъий ҳаром ёки макруҳ каби турларга бўлинади. Ҳаромнинг келиб чиқишига қараб айнан ўзи ҳаром (ҳаром ли-айниҳи, ҳаром ли-зотиҳи) ёки бирор нарса сабабли ҳаром (ҳаром ли-ғайриҳи) кабиларга ажратилади. Чўчқа, ароқ, рибо кабилар биринчи турдаги ҳаромлар бўлса, ҳайз вақтида аёлга яқинлик қилиш, ёлғон ишлатиб савдо қилиш кабилар иккинчи турга киритилади. Ҳаромлар чекланган ва сон-саноғи маълум бўлиб, шариат уларни қилмасликни қатъий талаб қилади, қилганларга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам жазолар таъйинланганининг хабарини беради. Ҳаромларни қилмаган кимса савобга эга бўлади, уни инкор қилган одам диндан чиқади. Ҳаромларга сабабчи бўладиган, ҳаромга восита бўлиб қоладиган нарсалар ҳам ҳаромга киритилади.

Ҳалол эса далиллар асосида бажариш буюрилган нарсалар бўлиб, улар ҳам далиллари кучига қараб фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб каби турларга бўлинади. Ҳалолларни бажарган кимса савоб олади, уларни адо қилмаган одам гуноҳкор бўлади. Ҳалолни ҳаром деган кимса диндан чиқади.

Бу икки турдан бошқа барча нарсалар мубоҳлар ҳисобланади. Мубоҳларни қилишга шариат изн берган бўлиб, инсон уни қилиши ёки қилмаслигида ихтиёрлидир. Инсон мубоҳларни қилса савобга эга бўлмайди, қилмаса гуноҳкор бўлиб қолмайди. Бироқ, мубоҳ амал ҳалол ёки ҳаромга сабабчи бўлса, унинг ҳукми шунга қараб ўзгаради.

Юқоридаги учта жиҳатни Расулуллоҳ (с.а.в.) мана бу гаплари ила баён қилиб берганлар:

إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ فَرَضَ فَرَائِضَ فَلاَ تُضَيِّعُوهَا وَحَرَّمَ حُرُمَاتٍ فَلاَ تَنْتَهِكُوهَا وَحَدَّ حُدُوداً فَلاَ تَعْتَدُوهَا وَسَكَتَ عَنْ أَشْيَاءَ رخصة لكم ليس بنسيان فَلاَ تَبْحَثُوا عَنْهَا

"Албатта Аллоҳ азза ва жалла фарзларни фарз қилгандир, уларни зойеъ қилманглар! Ҳаромларни ҳаром қилгандир, уларга риоя қила кўрманглар! Сарҳадларни ҳам белгилаб қўйгандир, улардан ўтиб кетманглар! Айрим нарсалар борасида эса сукут сақлагандир, улар сизларга рухсатдир, унутилган эмас, улар тўғрисида баҳс қилманглар!" (Ҳоким, 4/7114; Дорақутний, 4/4443; Байҳақий, 2/20217; Табароний, 22/589).

Зарурат ҳақидаги шаръий далиллар

Шариатда осонлик ва енгилликни талаб қиладиган оят ва ҳадислар шариатдаги зарурат тақозоси мавзусига оид дейиш мумкин. Айтиш мумкинки, айнан заруратга бағишланган оятлар Қуръони каримда бешта:

إِنَّمَا حَرَّمَ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةَ وَالدَّمَ وَلَحْمَ الْخِنزِيرِ وَمَا أُهِلَّ بِهِ لِغَيْرِ اللّهِ فَمَنِ اضْطُرَّ غَيْرَ بَاغٍ وَلاَ عَادٍ فَلا إِثْمَ عَلَيْهِ إِنَّ اللّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ {173}

"У сизларга фақатгина ўлакса, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Энди кимки золим ва ҳаддан ошмаган ҳолида ночор вазиятда қолса гуноҳкор бўлмайди. Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир" (Бақара, 173).

حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ وَالْدَّمُ وَلَحْمُ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللّهِ بِهِ وَالْمُنْخَنِقَةُ وَالْمَوْقُوذَةُ وَالْمُتَرَدِّيَةُ وَالنَّطِيحَةُ وَمَا أَكَلَ السَّبُعُ إِلاَّ مَا ذَكَّيْتُمْ وَمَا ذُبِحَ عَلَى النُّصُبِ وَأَن تَسْتَقْسِمُواْ بِالأَزْلاَمِ ذَلِكُمْ فِسْقٌ الْيَوْمَ يَئِسَ الَّذِينَ كَفَرُواْ مِن دِينِكُمْ فَلاَ تَخْشَوْهُمْ وَاخْشَوْنِ الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الإِسْلاَمَ دِيناً فَمَنِ اضْطُرَّ فِي مَخْمَصَةٍ غَيْرَ مُتَجَانِفٍ لِّإِثْمٍ فَإِنَّ اللّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ {3}

"Сизларга ўлакса, қон, тўнғиз гўшти, Аллоҳдан бошқа бировнинг йўлида сўйилган нарса, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, баланд жойдан қулаб ўлган, (бошқа бирон ҳайвон билан) сузишиб ўлган ва йиртқич ҳайвон тишлаб ўлдирган жониворлар ҳаром қилинди. Магар (бу жониворларни жони чиқмасдан туриб) сўйиб юборишга улгуриб қолган бўлсангиз, ҳалолдир. Яна бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўштини истеъмол қилиш) ва (фол) чўплардан қисматингизни сўрашингиз (ҳам сизларга ҳаром қилинди). Зотан бу ишларингиз итоатсизликдир. Бугун энди кофир бўлган кимсаларнинг сизларни динингиздан (чиқаришдан) умидлари узилди. Бас, улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз! Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим. Бас, кимки очарчиликда, гуноҳ томонга оғмаган ҳолида (мазкур ҳаром қилинган нарсаларни ейишга) мажбур бўлса (Аллоҳ кечирар). Зеро, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир" (Моида, 3).

وَمَا لَكُمْ أَلاَّ تَأْكُلُواْ مِمَّا ذُكِرَ اسْمُ اللّهِ عَلَيْهِ وَقَدْ فَصَّلَ لَكُم مَّا حَرَّمَ عَلَيْكُمْ إِلاَّ مَا اضْطُرِرْتُمْ إِلَيْهِ وَإِنَّ كَثِيراً لَّيُضِلُّونَ بِأَهْوَائِهِم بِغَيْرِ عِلْمٍ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِالْمُعْتَدِينَ {119}

"Аллоҳнинг номи зикр қилинган нарсалардан нима учун емас экансизлар?! Ахир У сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган-ку, Магар музтар бўлиб қолган ҳолингиздагина (у нарсалардан ейишингиз мумкин). Шубҳасиз, кўп (кишилар) ўз ҳою ҳаваслари билан билмаган ҳолларида (ўзларини) йўлдан оздирурлар. Албатта, Парвардигорингиз бундай тажовузкор кимсаларни жуда яхши билгувчидир" (Анъом, 119).

قُل لاَّ أَجِدُ فِي مَا أُوْحِيَ إِلَيَّ مُحَرَّماً عَلَى طَاعِمٍ يَطْعَمُهُ إِلاَّ أَن يَكُونَ مَيْتَةً أَوْ دَماً مَّسْفُوحاً أَوْ لَحْمَ خِنزِيرٍ فَإِنَّهُ رِجْسٌ أَوْ

فِسْقاً أُهِلَّ لِغَيْرِ اللّهِ بِهِ فَمَنِ اضْطُرَّ غَيْرَ بَاغٍ وَلاَ عَادٍ فَإِنَّ رَبَّكَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ {145}

"Айтинг: "Менга ваҳий қилинган Қуръонда ейдиган киши учун ҳаром қилинган нарсани кўрмаяпман. Магар ўлакса ё тўкилган қон, ёки тўнғиз гўшти бўлса – чунки у ҳаромдир,- ёхуд Аллоҳдан ўзга учун аталган фосиқлик бўлса (ҳаромдир). Бас, ким золим ва тажовузкор бўлмаган ҳолда музтар бўлиб қолса (масалан, очликдан ўлмаслик учун, у нарсалардан ейиш билан гуноҳкор бўлмас), зеро Парвардигорингиз мағфиратли, меҳрибондир"  (Анъом, 145).

إِنَّمَا حَرَّمَ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةَ وَالْدَّمَ وَلَحْمَ الْخَنزِيرِ وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللّهِ بِهِ فَمَنِ اضْطُرَّ غَيْرَ بَاغٍ وَلاَ عَادٍ فَإِنَّ اللّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ {115}

"У (Аллоҳ) сизларга фақатгина ўлаксани, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Энди кимки золим ва ҳаддан ошувчи бўлмаган ҳолида ночор вазиятда қолса (ва шу ҳолда мазкур нарсалардан ўлмагудек миқдорда еса, гуноҳкор бўлмайди). Бас, албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир" (Наҳл, 115).



● Юқоридаги ояти карималарда исломдаги ҳаром қилинган емишлар зикр қилинган. Демак, улар ўлимтик ва унинг маъносидаги жонзотлар, шунингдек, қон, чўчқа гўшти, "бисмиллоҳ" айтиб сўйилмаган жонлиқлардир. Ҳадиси шарифларда буларга қўшимча қилиб, йиртқич ҳайвон ва ваҳший қушлар ҳамда уй эшаги ва хачирлар киритилган.



Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дея кўрсатма берганлар:

نَهَى عَنْ أَكْلِ كُلِّ ذِي نَابٍ مِنْ السِّبَاعِ

"Расулуллоҳ (с.а.в.) барча панжали йиртқичларни ейишдан қайтардилар" (Бухорий, 4/5530; Муслим, 3/1932; Абу Довуд, 3/3804; Насоий, 3/4837; Ибн Можжа, 3/3232; Доримий, 2/2032; Аҳмад, 4/17773Табароний, 22/557; Байҳақий, 9/19137).

نَهَى رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- عَنْ أَكْلِ كُلِّ ذِى نَابٍ مِنَ السَّبُعِ وَعَنْ كُلِّ ذِى مِخْلَبٍ مِنَ الطَّيْرِ

"Расулуллоҳ (с.а.в.) барча панжали йиртқичларни ва барча чангалли қушларни ейишдан қайтардилар" (Абу Довуд, 3/3805, 3807; Ибн Можжа, 3234; Аҳмад, 1/3070; Байҳақий, 9/19142).

نهى وذكر النبي صلى الله عليه وسلم يوم خيبر عن لحوم الحمر وأذن في الخيل

"Расулуллоҳ (с.а.в.) Хайбар кунида эшак гўштларидан қайтарган ва от гўштига изн берган эдилар" (Бухорий, 4/4217, 4219; Муслим, 3/1941; Насоий, 3/4839; Дорақутний, 4/4829).     



● Юқоридаги зикр қилинган оятларнинг ҳаммасида ҳаромликдан зарурат ҳолати истисно қилинган. Зарурат вақти – ўлим хавф солиб турган очликда ҳаром мубоҳга айланади, зарар эса фойдали бўлиб қолади.

Ҳадислардан ҳам зарурат вақтида ҳаром мубоҳга айланиши мумкинлиги борасида далиллар топиш мумкин:

Оммавий очарчилик вақтида ўлимтикларни ҳам ейиш бизнинг давримизда юз бермаса ҳам, лекин қуйидаги ҳадиси шарифдан бу ҳолда шаръан ҳам, ақлан ҳам ҳаром қилинган ўлимтиклар мубоҳга айланишини билиб оламиз:

عن أبي واقد الليثي قال : قلت يا رسول الله إنا بأرض مخمصة فما يحل لنا من الميتة ؟ قال : إذا لم تصطبحوا و لم تغتبقوا و لم تحتفئوا بقلا فشأنكم بها

"Мен: "Эй, Расулуллоҳ! Биз очарчилик ҳукмрон ерда яшаймиз. Бизга ўлимтиклар ҳалол бўладими?!", дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Агар эрталаб ҳам, кечқурун ҳам сут-қатиқ ичиб овқатланмаган бўлсангиз, хурмо ва мева-чевалар ҳам емаган бўлсанггиз, унда ўзинггиз биласиз!", дедилар" (Доримий, 2/2048; Аҳмад, 5/21948; Ибн Хузайма, 4/7156; Табароний, 3/3316; Байҳақий, 9/19420; ).

Қуйидаги ҳадиси шарифдан эса зарурат вақтида ўлимтик ейиш мумкинлиги ва ҳатто зарурат вақтлари учун ўлимтикларни захира қилиб сақлаб қўйиш жоизлиги келиб чиқади:

عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ أَنَّ رَجُلاً نَزَلَ الْحَرَّةَ وَمَعَهُ أَهْلُهُ وَوَلَدُهُ فَقَالَ رَجُلٌ إِنَّ نَاقَةً لِى ضَلَّتْ فَإِنْ وَجَدْتَهَا فَأَمْسِكْهَا. فَوَجَدَهَا فَلَمْ يَجِدْ صَاحِبَهَا فَمَرِضَتْ فَقَالَتِ امْرَأَتُهُ انْحَرْهَا. فَأَبَى فَنَفَقَتْ فَقَالَتِ اسْلُخْهَا حَتَّى نُقَدِّدَ شَحْمَهَا وَلَحْمَهَا وَنَأْكُلَهُ. فَقَالَ حَتَّى أَسْأَلَ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- فَأَتَاهُ فَسَأَلَهُ فَقَالَ « هَلْ عِنْدَكَ غِنًى يُغْنِيكَ ». قَالَ لاَ. قَالَ « فَكُلُوهَا ». قَالَ فَجَاءَ صَاحِبُهَا فَأَخْبَرَهُ الْخَبَرَ فَقَالَ « هَلاَّ كُنْتَ نَحَرْتَهَا ». قَالَ اسْتَحْيَيْتُ مِنْكَ.

"Бир кимса Мадинанинг Ҳарра деган жойига оиласи ва бола-чақалари билан келиб тушди. Бир киши келиб, "Менинг туям бор эди, йўқолиб қолди. Агар уни топсанг, ушлаб тур!" деб кетди. У топганида эса, эгасини топалмай қолди. Туя касал бўлиб қолди. Хотини: "Уни сўй!" деса ҳам, уни сўймади. Туя ўтириб ўлиб қолди. Хотини: "Унинг терисини шилиб ол, ёғлари ва гўштини ғамлаб қўямиз, кейинчалик еймиз", деди. "Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бу ишни сўрамагунча, қилмайман", деди ва келиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан унинг ҳукмини сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сизда сизни бой қиладиган бойлик борми?" деб сўрадилар. У киши: "Йўқ!" деб жавоб берди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Уни еяверинглар!", деб марҳамат қилдилар. Сўнг туянинг эгаси келди, унга воқеанинг хабарини берилди. "Уни сўйиб қўя қолмадингларми?", деди. У киши: "Сендан уялгандим", деб жавоб берди" (Абу Довуд, 3/3818; Байҳақий, 9/19419).

Ҳотамтойнинг ўғли саҳоба Адий (р.а.)нинг Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ов ҳақида сўраб-суриштирганлари ҳам шариатда зарурат тақозосига далолат қилса ажаб эмас:

عن عدي بن حاتم قال سألت رسول الله صلى الله عليه وسلم عن صيد الكلب المعلم قال إذا أرسلت كلبك المعلم وذكرت اسم الله فكل ما امسك عليك فإن أكل فلا تأكل فإنما امسك على نفسه قلت يا رسول الله أرأيت إن خالطت كلابنا كلاب أخر قال إنما ذكرت اسم الله على كلبك ولم تذكر على غيره

"Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ўргатилган итларнинг ови борасида сўрадим. Ул зоти шариф: "Агар ўргатилган итингни қўйиб юборсанг ва Аллоҳнинг номини зикр қилсанг, сенга тутиб келтирган нарсасини еявер! Агар ўзи еса, уни ўзи учун егани тутган бўлади", деб марҳамат қилдилар. Мен яна: "Эй, Расулуллоҳ! Бизнинг итларимиз бошқа итлар билан аралашиб кетса, бунга нима дейсиз?", деб сўрадим. Ул зот: "Агар ўз итингга "бисмиллоҳ" айтсанг, бўлди, бошқасига айта олмайсан-ку!" дедилар (Термизий, 4/1470; Аҳмад, 4/17772; Табароний, 3/157; Абу Авона, 8/6092).

Мазкур ҳадисда овга ўргатилган ҳайвон ва йиртқич қушлар гарчи ҳаром бўлсалар-да, зарурат тақозосига кўра уларнинг оғзи теккан нарсалари ҳалол бўлиши таъкидланган, десак тўғри бўлади.

قال كنا مع النبي صلى الله عليه وسلم في سفر فند بعير من إبل القوم ولم يكن معهم خيل فرماه رجل بسهم فحبسه الله فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم إن لهذه البهائم أوابد كأوابد الوحش فما فعل منها هذا فافعلوا به هكذا

"Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга бир сафарда эдик. Гуруҳнинг туяларидан бири қочиб кетди. Уларда от йўқ эди. Шунинг учун унга бир киши ўқ отди. Аллоҳ уни ушлаб берди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Бу хилдаги чарполар ваҳший ҳайвонлар каби ёввойи-ҳуркак бўладилар. Улардан бирортаси шу хилдаги иш қиладиган бўлса, уларга бу хилда иш кўрсатинглар!" (Бухорий, 3/2488; Абу Довуд, 3/2823; Термизий, 4/1492; Насоий, 2/4124; Доримий, 2/2029; Аҳмад, 4/17302; Табароний, 4/4380).

ذكاة الجنين ذكاة أمه

Расулуллоҳ (с.а.в.): "Онаси қорнидаги боланинг сўйилиши унинг онасининг сўйилишидир" (Абу Довуд, 3/2830; Термизий, 4/1476; Ибн Можжа, 3/3199; Доримий, 2/2031; Аҳмад, 3/11361; Ҳоким, 4/7108; Ибн Ҳиббон, 13/5889; Табароний, 4/4010; Байҳақий, 9/19272; Дорақутний, 4/4796-4798; Ибн Абу Шайба, 14/37303; Абу Яъло, 2/3199).

Бирорта гўшти ҳалол ҳайвон "бисмиллоҳ" айтиб сўйилса-ю, қорнидан ўлик боласи чиқса, зарурат юзасидан ўша "бисмиллоҳ" ҳомилага ҳам ўтади. Натижада, ҳадисга кўра, у ҳам ҳалол ҳисобланади. Бу Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.)дан ташқари жумҳур фақиҳларнинг, жумладан, Абу Юсуф (р.ҳ.) ва Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.)нинг ҳам фиқҳий қараши ҳисобланади (Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳидоя. 2-жилд. – Деҳли: Форуқий, 1910. – Б. 424; Ибн Обидин. Радд ул-муҳтор. 9-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 441).



● Зарурат вақтида бировнинг нарсасини ундан сўрамасдан олиш мумкинлиги борасида қуйидаги ҳадислар келтирилади:

قال سمعت عباد بن شرحبيل ( رجلا من بني غبر ) قال أصابنا عام مخمصة . فأتيت المدينة . فأتيت حائطا من حيطانها . فأخذت سنبلا ففركته وأكلته وجعلته في كسائي . فجاء صاحب الحائط . فضربني وأخذ ثوبي . فأتيت النبي صلى الله عليه و سلم فأخبرته . فقال للرجل ( ما أطعمته إذ كان جائعا أو ساغبا . ولا علمته إذ كان جاهلا ) فأمره النبي صلى الله عليه و سلم فرد إليه ثوبه . وأمر له بوسق من طعام أو نصف وسق              

Ровий айтади: "Бизга очарчилик йили мусибат бўлганди. Шунда Мадинага келгандим, уларнинг қўрғонларидан бировининг деворига келиб қолдим. Бир бош буғдой олиб, уни янчиб, едим. Уни кийим қилиб олдим. Қўрғон эгаси келди, мени уриб, кийимимни олиб қўйди. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келиб, унга гапириб бердим. Ўша кимсага Расулуллоҳ (с.а.в.): "Агар у оч бўлса таом бермасмидинг. Агар у билмаса, унга билдирмасмидинг?!" дедилар ва унга кийимимни қайтариб беришни буюрдилар. Яна унга бир юк ёки ярим юк (васақ ўлчов бирлигида) емиш беришни ҳам буюрдилар" (Ибн Можжа, 2/2298; Байҳақий, 10/19445; Ҳоким, 4/7182; Аҳмад, 4/17556; Таёлусий, 1/1169; Ибн Абу Шайба, 4/20321).

عن سمرة بن جندب أن النبي صلى الله عليه وسلم قال إذا أتى أحدكم على ماشية فإن كان فيها صاحبها فليستأذنه فإن أذن له فليحتلب وليشرب وإن لم يكن فيها أحد فليصوت ثلاثا فإن أجابه أحد فليستأذنه فإن لم يجبه أحد فليحتلب وليشرب ولا يحمل

"Қачон сизлардан бирингиз бўш юрган ҳайвонга дуч келса, агар унинг эгаси бўлса, ундан изн сўрасин. Агар у рухсат берса, сутини соғиб ичсин. Агар унинг бирорта эгаси бўлмаса, уч марта овоз берсин. Агар унга биров жавоб берса, ундан рухсат сўрасин. Агар унга ҳеч ким жавоб бермаса, ўзи сут соғиб ичаверсин. Сут кўтариб олиб кетмасин!" (Термизий, 3/1296; Абу Довуд, 2/2621; Байҳақий, 9/19438).

عن عمرو بن شعيب عن أبيه عن جده أن النبي صلى الله عليه وسلم سئل عن الثمر المعلق فقال من أصاب منه من ذي حاجة غير متخذ خبنة فلا شيء عليه

"Расулуллоҳ (с.а.в.)дан осилиб турган мевалар ҳақида сўралди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Кимки унга эҳтиёж сабабидан етишса, хуржунига олмасдан ундан еса ҳеч нарса бўлмайди", деб марҳамат қилдилар" (Термизий, 3/1289; Абу Довуд, 2/1712; Насоий, 4/7446).

● Инсон ўзини, мол-дунёсини ва обрўсини асраш зарурати вақтида ҳатто бировни ўлдириш ёки зарарни даф қилишда бирор иш қилиш ҳам мумкин бўлиб қолади:

عن أبي هريرة قال جاء رجل إلى رسول الله صلى الله عليه و سلم فقال يا رسول الله أرأيت إن جاء رجل يريد أخذ مالي ؟ قال فلا تعطه مالك قال أرأيت إن قاتلني ؟ قال قاتله قال أرأيت إن قتلني ؟ قال فأنت شهيد قال أرأيت إن قتلته ؟ قال هو في النار

Бир кимса Расулуллоҳ (с.а.в.) олдиларига келиб, "Эй, Расулуллоҳ! Биров менинг молимни олиб қўймоқчи бўлаяпти", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Унга молингни берма!", дедилар. "У мени ўлдирмоқчи бўлса-чи?!", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ундай бўлса, у билан сен ҳам курашгин!", дедилар. Ўша кимса: "У мени ўлдириб қўйса-чи?!", деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Унда сен шаҳид бўласан", дедилар. Ўша кимса: "Агар мен уни ўлдириб қўйсам-чи?!", деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в.): "У дўзахда бўлади", дедилар" (Муслим, 1/140; Байҳақий, 3/5856; Абу Авона, 1/98; Табризий, 2/3513).

من اطلع في بيت قوم بغير إذنهم فقد حل لهم أن يفقؤا عينه

"Кимки бирор қавмнинг уйига уларнинг рухсатларисиз мўраласа, унинг кўзини ўйиб олиш уларга ҳалол бўлади" (Муслим, 3/2158; Насоий, 4/7065; Аҳмад, 2/8985; Байҳақий, 8/17434; Дорақутний, 3/3499; Табароний, "ал-Мўъжам ас-сағир", 1/169).

Имом Бухорий (р.ҳ.) ҳатто Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўз ҳужраларига мўралаб турган одамни кўриб қолиб, қўлларидаги қайчиларини унинг кўзларига тиқиб олмоқчи бўлиб ҳамла қилганликларини ёзиб қолдирган (Бухорий, 4/6504).

Зарурат тушунчаси

"Зарурат" сўзи луғатда "зарар", яъни "зиён-заҳмат" маъносида бўлса-да, бироқ, унинг истилоҳдаги маъноси бошқача. "Ўзбек тилининг изоҳли луғати"да "зарурат"ни "керакли, эҳтиёж; бирор иш ёки нарсага бўлган эҳтиёж; табиий эҳтиёж ва ҳожат" маъноларида қўлланиши зикр қилинган (Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Иккинчи жилд. – Т.: "Ўзбекистон миллий энциклопедияси" Давлат илмий нашриёти, 2006. – Б. 139).

"Зарурат"нинг истилоҳдаги маъносини Саййид Шариф Журжоний (р.ҳ.) ўзининг "ат-Таърифот" асарида: و هو النازل مما لا مدفع له – "Бошга тушган, аммо даф қилиш имконияти бўлмаган нарса" деб таърифлаган (Саййид Шариф Журжоний. Ат-Таърифот. – Истанбул: Ҳусайния, 1300. – Б. 92).

Абу Бакр ал-Жассос (р.ҳ.): "Агар еб-ичмаса, жонга ёки баъзи аъзоларга ҳалокат бўлишининг хавфи туғилиши"ни "зарурат" деган. Ал-Баздавий (р.ҳ.) ҳам худди шу тарзда: "Зарурат бу агар бирор нарсани тановул қилиб олишдан ўзини тиядиган бўлса, жонга ёки аъзоларга талофот етиш хавфи бор", деб зикр қилган.

Моликийлар "зарурат"га бундай таъриф берганлар: "Зарурат – қатъий ёки гумон билан жонга ҳалокат етишидан хавфсирашдир ёки ўлим хавфи бўлишидир. Ўлим келгунча сабр қилиш шарт эмас. Ҳалокат хавфи бўлиши гумон бўлса-да, борлигининг ўзи бу борада етарлидир". (Аҳмад ад-Дардир. Аш-Шарҳ ал-кабир. 2-жилд. – Б. 115).

Шофиъийлар бундай таърифлаганлар: "Кимки емайдиган бўлса, жонига ўлим ёки хавфли касаллик ёхуд унинг зиёда бўлиб кетиши ё узоққа чўзилишининг хавфи туғиладиган бўлса, мана шу заруратдир. Йўлдошларидан ажралиб қолиши, юришдан ёки уловга минишдан заифланиб қолиш хавфи бўлиб, ейдиган ҳалол нарса топилмасдан, ҳаром нарса топилса, уни ейиш лозим бўлади" (Хатиб аш-Ширбиний. Муғний ал-муҳтож. 4-жилд. – Байрут: Дор ал-маърифат, 1998. – Б. 412).

Абу Заҳра (р.ҳ.) бундай деган: "Зарурат – агар ҳаромни тановул қилиб олмаса, ҳаётга хавф борлигидир. Шунингдек, молининг ҳаммаси зоеъ бўлишидан хавфсирашидир. Бирорта шахсга зарурий маслаҳат таҳдид солган вақтда уни бировнинг ҳаққини емаса ҳам фақатгина ҳаромни истеъмол қилиш билангина даф қилиш имконияти бўлади" (Усул ал-фиқҳ. – Б. 43 ва 362).

Аҳмад аз-Зарқо (р.ҳ.): "Зарурат – жуда кучли эҳтиёждир. Уни бажарилмайдиган бўлса, бошга хатар тушишидир. Мажбурий зўрлик ишлатиш, очликдан ҳалокатга учраш кабилар бунга киради", деган (ал-Мадхал ал-фиқҳий. – Б. 603).

Юқоридаги таърифларнинг барчасидан кўриниб турибдики, уларда фақат ейиш-ичишга бўлган зарурат ифодаланган. Бинобарин, уларда "зарурат"нинг том маънодаги маъноси очилмай қолади. Бу борада таъқиқланган нарсаларнинг мубоҳга айланиши ёки вожибни тарк қилиш мумкинлиги хусусидаги умумий қоида, назарий таъриф керак бўлади. Шунинг учун Ваҳба аз-Зуҳайлий (р.ҳ.) унга янгича бир таъриф беришга ҳаракат қилиб кўрган: "Зарурат – инсон бошига хавф-хатар ёки кучли машаққат тушиши бўлиб, у ўз жонига, аъзосига, обрўсига, ақлига, молига ва унга тобеъ нарсаларга зарарнинг ёки озорнинг етишидан хавфсираб қолишидир. Бу вақтда гумоннинг ғолиби билан зарарни даф қилиш мақсадида ҳаромни қилиш ёки вожибни тарк этиш ёхуд вақтидан орқага таъхир қилиб туриш керак бўлади. Бунда шариатнинг ўзига хос қайдлари бўлиши мумкин" (Ваҳба аз-Зуҳайлий. Назарияту аз-зарурат аш-шаръиййа муқоранатан маъа ал-қонун ал-вазъий. – Байрут: Муассаса ар-рисола, 1985. – Б. 67-68).

Юқоридаги таъриф ўзида заруратнинг анча қисмини қамраб олган. Унда оловда куйиш каби ташқи зарар билан очлик каби ички зарардан ташқари қуйидаги зарарлар ҳам ўз ифодасини топган: очлик ва даволанишга бўлган зарурат, бошқанинг молидан фойдаланиш зарурати, шартномаларда келишилган шартларни сақлаб туришга ёки бузишга бўлган эҳтиёж, қўрқув ёки мажбурлов оқибатида бирор ишни мажбуран қилиш, ўзининг жонини ёки молини асраш мақсадида бирор ишни қилиш, шаръан фарз ёки вожиб амални тарк қилишга тўғри келиб қолиш кабилар.

Зарурат қоидалари

Заруратнинг таърифидан қандай ҳолатларда зарурат бўлиши мумкинлигини билиб олиш мумкин. Бироқ, заруратнинг қачон ва қай ҳолатда бўлиши кераклиги, унинг миқдори, зарурат бўлганлиги борасидаги иддио қачон тўғри бўлиши кабиларни тўлиқроқ тушуниб олиш зарурдир. Зарурат борасида қуйидаги бирламчи маълумотларни кўрсатиб ўтиш мумкин:

1)Зарурат рўй бериши воқеъликда бўлиши лозим. Тажрибалардан ёки инсоннинг ўз гумонининг ғолиби билан бўлиши аниқланган ҳалокат ёки талофатнинг хавфи юзага келиши керак. Бунда инсон барча динларда асралиши қатъий белгилаб қўйилган бешта нарса – дин, жон, обрў, ақл ва мол-мулкидан бировига бўлаётган хавфдан сақланиш мақсадида, хатарларни даф қилиш ниятида шариатдаги зарурат тақозоси қоидаларидан фойдаланиши мумкин.

2)Мажбуриятга тушиб қолган кимса шаръий буйруқларга мухолафат қилишга ёки шариатда қайтарилган нарсаларни қилишга тўғри келиши лозим. Бу ҳолатда унга бу ишларни қилиш мубоҳга айланади.

3)Шариатдаги зарурат тақозоси қоидасидан фойдаланишда энг аввало мана бу: اذا تعارض مفسدتان روعى أعظمهما ضررًا بارتكاب أخفهما – "Қачон икки фисқу фасод ўзаро тўқнашса, енгилроғини қилиш билан икковидан зарари каттароғига риоя қилинади" фиқҳий қоидага амал қилинади. Агар буни мисол билан тушунтириладиган бўлса, қуйидаги мисолларни келтириш мумкин: 1)Золим подшоҳга қарши чиқишда жуда катта зарарлар бўлгани боис унга итоат қилиб турилади. 2)Ўлган аёлнинг қорнида тирик боласи қолгани маълум бўлса, қорни ёриб тирик болани қутқазилади.

4)Бошқанинг мол-мулкини унинг рухсатисиз олишга мажбур бўлиб қолинадиган бўлса, албатта, энг аввало мол-мулк эгаси ахтарилади. Бўлса, ундан рухсат олинади, сотиб олиш имкони бўлса, сотиб олинади. Насияга ёки қарзга бўлса-да, олинади. Лекин, рибога қарз олмайди. Агар эгаси бўлмаса ёки рухсат берилмаса, ўша мол-мулкдан ўлмагудек миқдорда мажбуран олинади.

5)Агар биров унга ҳаромни едириш ёки ҳаромни қилдириш борасида зўрлик ва зулм қиладиган бўлса, у ҳолда уни емайдиган ёки қилмайдиган бўлса, жонига ёки аъзосига зарар етишининг хавфи бўлиши керак. Бунда мазлум золимдан қочиб кетишга ҳаракат қилиб кўриши керак. Бу ҳам бўлмаса, у билан сулҳ тузишга ёки уни алдашга ҳаракат қилиб кўради.

6)Ҳаромни истеъмол қилиш ёки ҳаром ишни амалга оширишда имкон қадар олиш қоидаси: الضرورات تقدر بقدرها – "Заруратлар ўз миқдорига қараб ўлчанади", иборали фиқҳий қоидага бўйсиниш лозим. Жумладан, 1)Ейишга бошқа нарса топилмай қолганида, ҳалолни топишга имкон бўлгунча миқдорда ҳаромни истеъмол қилиб туриш мумкин. 2)Табиб касалнинг уят жойларига зарурат миқдорида, фақат керакли ўринларига қараши мумкин. Аёл врачлар бор пайтда аёл беморга эркак докторлар қарамайди. 3)Фақат аёллар кўриши мумкин бўлган ўринларда уларнинг биттаси ёки иккитасининг гувоҳлиги инобатга ўтаверади.

7)Дори истеъмол қилишда ҳаромни малакали, ўз илмида ва динида ишончли, инсоф-тавфиқли шифокор ёки табиб тавсия қилиши шарт. Бу ҳолатда яна ҳаром доридан бошқа ҳалол дори бўлмаслиги аниқ бўлиши лозим. Ана шунда, ҳаромдан шифо мақсадида имкон қадар ишлатилади.

8)Давлат раҳбарлари давлатни ривожлантириш, унда сиёсий барқарорликни таъминлаш, тинчлик ва ободлик йўлида ички ва ташқи сиёсатда ҳар хил "ўйин"ларни ишга солиши, бошқа давлатлар билан келишувларда кескин чоралар кўриши мумкин бўлади.

Зарурат ҳолатлари

Имом Қуртубий (р.ҳ.) зарурат ҳолатларини тасвирлар экан, улардан фақат иккитасинигина зикр қилади: "Мажбурият золимнинг зўрлашидан ёки очарчиликдаги очликдан холи бўлмайди" (Имом ал-Қуртубий. ал-Жомеъ ли-аҳком ал-Қуръон. 2-жилд. – Риёз: Дор олам ал-кутуб, 2003. – Б. 225).

Фахриддин ар-Розий (р.ҳ.) заруратнинг ҳолатларини бундай тасвирлаган: "Заруратнинг иккита сабаби бор. Биринчиси, кучли очлик ва шунга ўхшашларда ҳалолни топа олмаслик. Иккинчиси, ёмон нарсани тановул қилишга зўрланишдир" (Фахриддин ар-Розий. Тафсири кабир. 2-жилд. – Б. 207).

Ибн ал-Арабий (р.ҳ.) эса бундай деган: "Мажбурият золимнинг зўрлашидан ёки очарчиликдаги очликдан бўлади. Ҳаромдан бошқа нарсани топа олмайдиган даражадаги фақирликда ҳам юз беради" (Ибн ал-Арабий. Аҳком ал-Қуръон. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 82).



Умуман олганда, юқоридаги таърифлардан учта ҳолатда зарурат бўлиши англашилади: зўрлик, очлик ва камбағаллик. Бироқ, инсониятга енгиллик туғдириш керак бўладиган ҳолатларнинг барчасини ўрганиб чиқилганда, асосийлари сифатида қуйидаги ҳолатларни кўрсатиш мумкин бўлади:

1)      Еб-ичиш зарурати;

2)      Даволаниш зарурати;

3)      Зўрланиш;

4)      Унутиб қўйиш;

5)      Билимсизлик оқибати;

6)      Қийинчилик ёки машаққат;

7)      Умум ал-балво – умумий офат ҳолати;

8)      Сафарда бўлиш;

9)      Касалликка йўлиқиш;

10)  Табиий нуқсон.

Юқоридаги қийинчилик ва машаққатга шаръий дафъ қилиш, зарурат ва эҳтиёждаги истеҳсон ёки маслаҳати мурсала масаласи, урф-одатлар, садд аз-заройеъ – ҳаромга элтадиган воситаларнинг йўлини тўсиш, ҳақиқатни рўёбга чиқариш каби ҳолатларни ҳам киритиш мумкин.

Озуқа ва даво зарурати

Қуръони каримдаги очиқдан-очиқ далил очлик ёки очарчилик пайтида музтар одамга ўлимтик, чўчқа гўшти ейиш, қон ёки ароқ ичиш, бошқанинг овқатини тановул қилиш, нажас таомлар ва сувларни истеъмол қилиш кабиларга ижозат берган. Ҳанафий олими Абу Бакр ал-Жассос (р.ҳ.) "Зарурат ояти" тафсирида қуйидагиларни айтади: "Ушбу оятда Аллоҳ таоло заруратни зикр қилди ва зарурат вақтида ҳеч қандай шарт ва сифатларсиз мубоҳликни мутлақ тарзда ифодалаб берди. Аллоҳ таоло қуйидагича зикр қилган: وَقَدْ فَصَّلَ لَكُم مَّا حَرَّمَ عَلَيْكُمْ إِلاَّ مَا اضْطُرِرْتُمْ إِلَيْهِ – "Ахир У сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган-ку, магар музтар бўлиб қолган ҳолингиздагина (у нарсалардан ейишингиз мумкин)" (Анъом, 119). Ушбу иборалар билан зарурат топилган пайтда барча ҳолатларда мубоҳликни тақозо қилади" (Абу Бакр ал-Жассос. Аҳком ал-Қуръон. 1-жилд. – Б. 147. Яна қаранг: Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 7-жилд. – Миср: Жамолия, 1328. – Б. 176).

Юқоридаги иқтибосдан маълум бўладики, музтарлик ҳолатлари орасида ҳамда ҳаромлар орасида фарқ йўқ. Бу ҳолатда музтар учун озуқа ёки даво сифатида ҳар қандай ҳаромни истеъмол қилиш мумкин бўлади. Бироқ, бу ерда ҳар қандай очлик эмас, балки жонни йўқотишга сабаб бўладиган очлик назарда тутилади, бунда жон сақлаш миқдорида ҳаромнинг истеъмоли  мумкин бўлади. Шунингдек, ҳалол дорилар наф бермай қолганда, касаллик кучайиши хавфи бўлганида, ҳаромни даво сифатида қўллаш мумкин. Ҳаром маконлар, замонлар, шахслар ва ҳолатларнинг барчасига бир хилда тааллуқли. Мубоҳлик ҳам худди шундай бўлиб, музтарлик – муқимликда ҳам, сафарда ҳам мажбур бўлиб қолиш мумкин. Сафарда ҳам, муқимликда ҳам жонни асрашга кучли эҳтиёж тушиши мумкин.

Зарурат вақтида ароқ ичиш ҳақида

Имом Молик (р.ҳ.) ва Имом Аҳмад (р.ҳ.) зарурат вақтида очлик ёки чанқоқлик сабабли ароқ ичиш мумкинлигига ижозат бермаганлар. Чунки, аслида, ароқ чанқоқликни босмайди, балки уни кучайтиради. Мастлик эса ғуссани орттиради, ҳалол озуқага етиб боришга, уни қўлга киритишга имкон бермайди. Иккинчидан, ояти карима ва ҳадиси шарифларда зарурат вақтида ўлимтик ейиш мумкинлиги айтилган, холос. Уларда ароқ ичиш мумкинлиги борасида гап-сўз йўқ.    

Бироқ, бошқа фақиҳлар وَقَدْ فَصَّلَ لَكُم مَّا حَرَّمَ عَلَيْكُمْ إِلاَّ مَا اضْطُرِرْتُمْ إِلَيْهِ – "Ахир У сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган-ку, магар музтар бўлиб қолган ҳолингиздагина (у нарсалардан ейишингиз мумкин)" (Анъом, 119) ояти каримасига биноан ўлимтик, қон ва шунга ўхшаш ҳаром нарсаларнинг мубоҳ бўлишида талофот ва ҳалокат хавфи туғилганда жонни асраш асосий мақсад қилингани сабабли ароқни ичиш мумкинлиги борасида фатво берганлар. Чунки, ароқ ва бошқа ҳаромларда жонни асраш маъноси мавжуд бўлиб, зарурат вақтида уларнинг ҳукми бир хил бўлади.

Даволаниш зарурати ҳақида

Даволаниш вақтида касалга мутлақо номаҳрам бўлган табиб (доктор, врач, ҳамширалар) қараши ҳолатлари барча замонларда бўлган. Бу ҳолатда табиб беморнинг сатри аврат бўлган аъзоларини даволаши ҳам мумкин. Шунингдек, балоғатга етган кимсани хатна қилиши мумкин, доялар ҳомиладор аёлларни туғдиришлари мумкин. Бу ҳолатларда қандай йўл тутилади? Бегона аёлни эркак кимса даволаши ҳақида ҳадиси шарифларда ҳам маълумотлар учрайди: Умму Салама онамиз (р.а.) қон олдириш борасида Расулуллоҳ (с.а.в.)дан рухсат сўради. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Таййибага қон олишини буюрдилар (Муслим, 4/2206; Абу Довуд, 2/4105; Ибн Можжа, 4/3471; Ибн Ҳиббон, 12/5602; Ҳоким, 4/7474; Байҳақий, 2/13936; Абу Яъло, 5/2267).

Ҳожат вақтида бегона беморга унга бегона эркак ёки аёл табиб даволаш мақсадида унинг шариатда аврат ҳисобланадиган жойларига қараши, ушлаши жоиздир. Бунда назар солиш ва ушлаш ҳожат миқдорида бўлиши лозим. Қуйидаги бандларда зарурат вақтида даволаниш учун билиш лозим бўлган қоидалар кўрсатиб ўтилади:

-   Эркак беморга эркак доктор ёки аёл беморга аёл доктор бўлмаган ҳолатдагина эркакни аёл, аёлни эса эркак даволашга уруниши мумкин;

-   Табиб аёлни кўздан кечираётган пайтда уни касал билан ёлғиз қолдирмасдан, унинг ёнида маҳрамлари ёки бошқа ҳамширалар бўлиши лозим;

-   Касалнинг барча аврат аъзолари очиб, қип-ёлонғоч қилиб ташланмасдан, балки даволаниши керак бўлган касал аъзоси ва зарурат вақтида атрофидаги аъзоларгина очилиши мумкин.   

Бировнинг боғидан мева олиш ҳақида

Зарурат вақтида бировнинг боғидан рухсатсиз мева олиб ейиш мумкин. Бироқ, бу ҳолатда ўша меванинг пули тўлашга шаръан мажбур қилинади. Яъни, зарурат зоминликни йўқота олмайди, зарурат бировнинг ҳаққини поймол қила олмайди. Заруратдан бошқа пайтларда бировнинг мевасини унинг рухсатисиз олиш ҳаром ҳисобланади. Бу борада Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб марҳамат қилганлар:

لا يحل مال رجل مسلم لأخيه إلا ما أعطاه بطيب نفسه

"Мусулмон кишининг моли биродарига ҳалол бўлмайди, фақат ўзи унга покизалик билан берса ҳалолдир" (Байҳақий, 8/16533; Дорақутний, 3/2923-2924).

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳажжат ал-вадоъда айтган гаплари қатъийдир:

فَإِنَّ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوَالَكُمْ وَأَعْرَاضَكُمْ بَيْنَكُمْ حَرَامٌ

"Албатта сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз ораларингизда бир-бирларингизга ҳаромдир!..." (Бухорий, 1/67; Муслим, 2/1218; Абу Довуд, 2/1907; Термизий, 4/2159; Насоий, 2/4001; Ибн Можжа, 2/3921; Доримий, 2/1969; Аҳмад, 1/2036; Ибн Хузайма, 4/2808; Ибн Ҳиббон, 4/1457; Байҳақий, 3/5597; Табароний, 3/3350; Абу Яъло, 4/1589; Ибн Абу Шайба, 2/562; Баззор, 1/1750; Таҳовий, 4/6154).

Бошқа биров эккан дарахт мевасидан ейиш бўйича фақиҳлар қуйидагича фатволар берганлар. Саҳоба Ибн Аббос (р.а.)нинг ушбу фикри бунга далил сифатида хизмат қилган: ان كان عليها حائط فهو حريم فلا تأكل و ان لم يكن عليها حائط فلا بأس – "Агар боғнинг девори бўлса, демак у қўрғондир, унинг мевасида ема. Агар унинг девори бўлмаса, унда ейишингнинг зарари йўқ!".

Имом Аҳмад (р.ҳ.) айтади: "Агар боғнинг девори бўлмаса, оч инсон унинг мевасидан ейди. Агар оч бўлмаса, мевадан емайди".

Ҳанбалийларнинг "Кашшоф ал-қиноъ" асарида: "Бирор кимса тагига мева тушиб ётган дарахтнинг ёнидан ўтса, унинг девори ҳам, қўриқчиси ҳам бўлмаса, ўша кимса мусофир ҳам, музтар ҳам бўлмаса, бепул ўша мевалардан ейиши мумкин бўлади", дейилган (Мансур ибн Юнус ал-Буҳутий. Кашшоф ал-қиноъ. 5-жилд. – Байрут: Олам ал-кутуб, 1997. – Б. 173).

Ҳанафий олими Маҳмуд Ҳамза айтади: "Шаҳар ташқарисидаги дарахтларнинг тагига мева тушиб қолган бўлса, уни олишдан ман қиладиган аломат бўлмаса, йўловчи ундан олиб ейиши мумкин, лекин ўзи билан олиб кета олмайди. Дарахтнинг ўзида турган меваларни эса олмагани яхши. Агар эгаси меваларни йўловчилар олиб ейишдан хурсанд бўладиган бўлса, мевалардан олиб ейиш мумкин. Агар дарахтнинг шохлари қўрғон деворидан ташқарига чиқиб, осилиб қолган бўлса, унинг мевалари йўл бўйига тушиб ётган бўлса, уларни олиб ейиш жоиз" (Маҳмуд Ҳамза. Ал-Фароид ал-баҳиййа.).

Зарурат вақтида одам гўштини ейиш ҳукми

Мусулмонларнинг уламолари ижмоъсига кўра зарурат вақтида, очарчилик пайтида инсон ейиш учун ўзига ўхшаган тирик инсонни қатл қилиши ёки бирорта аъзосини талофотга учратиши асло мумкин эмас. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Шунингдек, моликийларга кўра одамзотнинг ўлигини ейиш ҳам асло жоиз эмас. Ҳанафийлар, ҳанбалийлар ва зоҳирийларнинг энг саҳиҳ ривоятлари ҳам ушбу фатвога мувофиқдир. Зотан, Расулуллоҳ (с.а.в.): كَسْرُ عَظْمِ الْمَيِّتِ كَكَسْرِهِ حَيًّا – "Ўликнинг суягини синдириш худди уни тириклигида синдирган кабидир", деб марҳамат қилганлар (Абу Довуд, 3/3209; Ибн Можжа, 2/1616-1617; Аҳмад, 6/24730; Байҳақий, 4/6870; Ибн Ҳиббон, 7/3167; Абдурраззоқ, 3/6256). Имом Дорақутний (р.ҳ.) ривоятида: "Ўликнинг суягини синдиришнинг гуноҳи худди уни тириклигида синдирган кабидир", дейилган (Дорақутний, 3/312).

Шунинг учун мусулмон кимса музтар бўлиб, кучли очликка дучор бўлса-да, хоҳ тирик, хоҳ ўлик инсон гўштини ейиши жоиз бўлмайди. Ўша инсон хоҳ мусулмон, хоҳ кофир ёки мушрик бўлса ҳам унинг ўзини ёки ўлигини ейиш асло мумкин эмас. Чунки, инсон зотини Аллоҳ таоло мукаррам қилиб яратган:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ

"Дарҳақиқат, биз Одам болаларини мукаррам қилдик..." (Исро, 70).

Ҳанафийларнинг эътиборли фиқҳий манбаларидан "Фатовойи Баззозиййа"да зарурат вақтида одам гўштини ейиш мубоҳ бўлмайди, дейилган (Фатовойи Баззозиййа. 2-жилд. – Б. 411).

Ҳанбалийларда бир ривоятга кўра, очарчилик вақтида гуноҳкор ўлик кимсанинг, масалан, муртад, зинокор, қотилнинг ўлик жасадини ейиш мумкин.

Шофиъийлар ва айрим ҳанафийлар очарчилик пайтида бошқа ўлимтик топилмаса, ўлган инсон жасадини ейиш мубоҳ санаганлар. Чунки, тирикнинг ҳурмати ўликникига нисбатан кучлироқ. Шундай бўлса-да, буни мубоҳ санаганлар пайғамбарлар жасадини ейиш мумкин эмас, деб қатъий фикр билдирганлар. Кофир инсон мусулмоннинг жасадини ейишини ҳам мумкин эмас, деганлар (Радд ул-муҳтор. 5- жилд. – Б. 238; Ибн ал-Арабий. Аҳком ал-Қуръон. 1-жилд. – Б. 58; Аҳмад ад-Дардир. Аш-Шарҳ ал-кабир. 2-жилд. – Б. 115; Муғний ал-муҳтож. 4-жилд. – Б. 307).

Кучли мажбурланишда қилинадиган амаллар ҳукми

Бирор кимсани бирор ишга мажбурлашда, агар унинг айтганини қилмаса, ўлдирилиши, калтакланиши ёки бирорта аъзосига шикаст ёки талофот етишининг хавфи бўладиган бўлса, ўша золимнинг айтганига дилдан рози бўлмасдан ўша ишни қилиш шаръий жиҳатдан мумкин. Бундай мажбуриятга тушиб қолган кимсага гуноҳ бўлмайди. Чунончи, Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилганлар:

إن الله تجاوز عن أمتى الخطأ والنسيان، وما استكرهوا عليه

"Албатта Аллоҳ умматимдан хатони, унутишни ва унга зўрланган нарсани (гуноҳини) ўтган" (Ибн Можжа, 2/2043-2045; Байҳақий, 6/11236; Табароний, 11/11274; Дорақутний, 4/4397; Ибн Ҳиббон, 16/7219; Ҳоким, 3/2801; Ибн Абу Шайба, 5/19390; Таҳовий,3/4649).

Бошга мажбурлик содир бўлган вақтда шаръан таъқиқланган ишни қилиш уч хил бўлади: мубоҳ, рухсат ва ҳаром.

1) Ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ейиш ва ароқ ичиш мубоҳ. Кучли зўрлаш ушбу нарсаларни истеъмол қилишни мубоҳ қилади. Зотан, буларнинг ҳаромлиги одатий зарарлари учун бўлиб, кучли зўрлаш ва музтар ҳолида уларни заруратан истеъмол қилиш жоиз. Бунга Аллоҳ таолонинг: وَقَدْ فَصَّلَ لَكُم مَّا حَرَّمَ عَلَيْكُمْ إِلاَّ مَا اضْطُرِرْتُمْ إِلَيْهِ – "Ахир У сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган-ку, магар музтар бўлиб қолган ҳолингиздагина (у нарсалардан ейишингиз мумкин)" (Анъом, 119) ояти имкон беради. Мазкур ояти каримадаги истисно ҳаромни мубоҳ қилиш бўлиб, агар зўрланган кимса юқоридаги ҳаромларни тановул қилмасдан ўлиб кетса, гуноҳкор бўлади (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 7-жилд. – Миср: Жамолия, 1328. – Б. 176). Чунки, бу ўз-ўзини ҳалокатга ташлашдир. Аллоҳ таоло бундай деган:

وَلاَ تُلْقُواْ بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ...{195}

"Ўзларингизни ҳалокатга ташламанг!" (Бақара, 195).

Кучли зўрланиш оқибатида ароқ ичганга шаръий ҳад урилмайди, мажбуран ўғирлик қилдирилганнинг қўли чопилмайди.

2) Қалбида имони мустаҳкам бўла туриб, тилида куфр гапни айтиш ёки сиртдан Муҳаммад Мустафо (с.а.в.)ни сўкиш, шунингдек, бутга ва санамга шаклан ибодат қилиш, бировнинг мол-мулкига талофот етказиш кабиларга рухсат берилади. Булар мутлақо мубоҳ эмас, балки кучли зўрлаш вақтида уларни зоҳирда қилиш мумкин. Зўрланган кимсага мазкур ишларни қилишга рухсат берилади, унга гуноҳ бўлмайди. Бироқ, у мубоҳ эмас, агар зўрланган кимса ўша ишларни қилмасдан ўлиб кетадиган бўлса, жиҳод қилганнинг савобини олади ва шаҳид кетади. Хусусан, ҳанафийларда зўрланиш вақтида куфр гапларини айтмаслик афзал (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 7-жилд. – Миср: Жамолия, 1328. – Б. 177). Моликийлар куфр гапларни айтишга рухсат бўлмоғи учун ўлдиришга зўрланиш бўлиши керак, агар аъзоларга талофот етказиладиган бўлса, куфр гапларини айтиб бўлмайди, деганлар.

Зоҳирда куфр гапларни айтишга рухсат мана бу ояти каримага кўрадир:

مَن كَفَرَ بِاللّهِ مِن بَعْدِ إيمَانِهِ إِلاَّ مَنْ أُكْرِهَ وَقَلْبُهُ مُطْمَئِنٌّ بِالإِيمَانِ وَلَـكِن مَّن شَرَحَ بِالْكُفْرِ صَدْراً فَعَلَيْهِمْ غَضَبٌ مِّنَ اللّهِ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ {106}   

"Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир" (Наҳл, 106).

Бировнинг мол-мулкига талофот етказилса, мажбуран бировнинг нарсаси истеъмол қилинса, талофот етказган ва истеъмол қилган кимса товон тўлайди, ҳаққини тўлаб беради. Шофиъийлар мажбур қилган ҳам мажбур қилинган ҳам бирга товон тўлайди, дейдилар.

3) Бир мусулмонни ноҳақ ўлдириш ёки унинг аъзосига талофот ва жароҳат етказиш, ота-онани уриш, бегона аёл билан зино қилиш кабилар мутлақо ҳаром бўлиб, бу ишларни қилишга кучли зўрлаш ёки мажбурлаш таъсир ўтказа олмайди. Яъни, кучли зўрлаш сабабли бу ишларни қилишга рухсат берилмайди (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 7-жилд. – Миср: Жамолия, 1328. – Б. 177). Зотан, ноҳақ мусулмонни ўлдириш, ота-онани уриш ёки зино қилиш қатъий ҳаромлар жумласидандир.

Зўрланган ва мажбур қилингани сабабли бировни ўлдирган кимсанинг гуноҳкор бўлишига шак-шубҳа йўқ. Фақиҳлар ундан қасос олиниши борасида ихтилоф қилганлар. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.), Муҳаммад аш-Шайбоний (р.ҳ.), Довуд аз-Зоҳирий (р.ҳ.) ва бир ривоятда Имом Аҳмад (р.ҳ.) зўрланиши сабабли одам ўлдиргандан қасос олинмайди, балки зўрловчидан қасос олинади, деганлар. Фақат бу ҳолатда одам ўлдирганнинг таъзирини берилади, холос. Ҳанафийлардан Имом Зуфар (р.ҳ.) ва зоҳирийлардан Ибн Ҳазм (р.ҳ.) зўрланиб одам ўлдирган кимсадан қасос олинади, деганлар. Абу Юсуф (р.ҳ.) эса икковидан ҳам қасос олинмайди, деган. Моликийлар, шофиъийлар ва ҳанбалийлар икковидан ҳам қасос олинади, дейдилар. Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ва Абу Юсуф (р.ҳ.) ўлдирилганнинг хун пулини зўрловчи тўлайди, деган. Ҳанафийларга кўра зўрлаш сабабидан ўлдирган кимса ўлган кимсадан мерос олишдан маҳрум қилинмайди (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 7-жилд. – Миср: Жамолия, 1328. – Б. 180).

Аёлни зинога мажбур қилиб, номусига тегилса, унга шаръий ҳадлар ижро қилинмайди. Яъни, қиз бўлса, дарра урилмайди, бева бўлса, тошбўрон қилинмайди. Бу ҳақида Аллоҳ таоло бундай деган:

وَلَا تُكْرِهُوا فَتَيَاتِكُمْ عَلَى الْبِغَاء إِنْ أَرَدْنَ تَحَصُّناً لِّتَبْتَغُوا عَرَضَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَمَن يُكْرِههُّنَّ فَإِنَّ اللَّهَ مِن بَعْدِ إِكْرَاهِهِنَّ غَفُورٌ رَّحِيمٌ {33}                  

"Покликни истаган чўриларингизни ҳаёти дунё нарсаларини истаб зинокорлик қилишга мажбурламанглар. Энди ким уларни мажбур этса, бас, албатта, улар мажбурланганларидан сўнг Аллоҳ (у чўриларни) мағфират қилгувчи ва (уларга) раҳм-шафқат қилгувчидир" (Нур, 33).

Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло зўрланган аёлнинг гуноҳидан ўтганлигини эълон қилмоқда. Гуноҳ йўқ бўлганидан кейин шаръий ҳад ҳам урилмайди.

Агар эркакни зино қилишга мажбур қилинса, зўрлаш кучли ва том маънода ҳақиқий деб топилса, зино қилган эркакка ҳадлар ижро қилинмайди. Бу шофиъийлар ва ҳанафийларга кўрадир. Ҳанбалийлар ва моликийлар зино қилган эркакка ҳад урилади, деганлар. Чунки, одатда зино ихтиёрий ва нафс майллиги сабабидан қилинади. Моликийларнинг машҳур гапига кўра зўрланган аёлга ҳам жазо қўлланади (Аҳмад ад-Дардир. Аш-Шарҳ ал-кабир. 4-жилд. – Б. 318).

Мажбур бўлиб қолиш оқибатида зино қилган ҳолатда аёлларга ҳам эркакларга ҳам шаръий жазолар қўлланилмаслиги борасидаги шофъийлар ва ҳанафийларнинг фикрлари тўғрироқдир. Чунки, мажбурлаш ва зўрлаш иштибоҳли бўлиб, шубҳали ўринларда жазолар қўлланмаслиги ҳақида ҳадиси шариф мавжуд.

Шаръий ишларда мажбурлашнинг таъсири

Мажбурлаш оқибатида бирорта шаръий ишни бузилишига сабаб бўлса, бунинг ҳукми қандай бўлади? Масалан, намоз ўқувчини зўрлик билан намозини буздирилса, намоз бузиладими ёки йўқми? Бировни мажбурлаб хотинини талоқ қилдирса, талоқ тушадими? Мажбурлаб никоҳ қилинса, никоҳ бўладими? Мажбурлаб рўзани очдирса, рўза очиладими?

Шофиъийлар ва ҳанбалийларга кўра мажбурлаш шаръий амалларга ўз таъсирини ўтказа олмайди (Бадриддин аз-Заркаший. Ал-Баҳр ал-муҳит. Қавоид аз-Заркаший. 1-жилд. – Кувайт: Дор ас-сафва, 1992. – Б. 362-364). Жумладан, уларга кўра мажбурлаш орқали қилинган талоқ талоқ бўлмайди, рўза очилмайди. Бу борада Имом Ғаззолий (р.ҳ.) ўзининг фиқҳий асари "ал-Басит"да бешта масалани истисно тариқасида келтирган:

1) Одам ўлдиришга мажбурлашда ўлдириш мубоҳ бўлмайди. Энг зоҳир фатвога кўра, ўлдиргандан қасос олиш вожиб бўлади.

2) Зинога мажбурлашда зино қилиш ҳалол бўлмайди. Ҳад жазолари соқит бўлади.

3) Сут эмизишга мажбурлаш орқали эмикдошлик юзага келади. Бир онанинг сутини эмган қиз ва бола бир-бирларига эмикдош маҳрам бўлиб қоладилар.

4) Ғайридин ёки муртадни мажбурлаш орқали мусулмон қилдирилса, мусулмон деб ҳисобланади, мажбурий имони эътиборга олинади.

5) Бирор ишга боғлиқ қилиб, талоқ қилидирилса, масалан уйга кирса талоқ бўлиши айтдирилса, хотин уйга кирса, талоқ бўлади.

Умуман олганда, бу хилдаги мажбурлаш таъсир қилмайдиган ишлар жуда кўп бўлиб, уларни Имом Нававий (р.ҳ.) юзтагача етказган (Шарҳ ал-Мажмуъ. 9-жилд. – Б. 168).

Ҳанафийлар мажбурлаш орқали қилинган талоқ, никоҳ, зиҳор, қасам, қасосдан кечиш (авф), қул озод қилиш кабиларни инобатга оладилар ва ҳақиқий деб ҳисоблайдилар. Чунки, талоқ ёки никоҳнинг чини ҳам, ҳазили ҳам инобатга олиниши бор гап. Мажбур бўлиб қолиш эса ҳазилга ўхшайди.

Ҳанафийларга кўра савдо-сотиқ, ижара кабиларда мажбурлаш орқали буздирилса, савдо-сотиқ ёки ижара бузилган, деб ҳисобланади. Ҳанафийлардан Имом Зуфар (р.ҳ.) ва моликийлар бу ҳолатда иш тўхтаб туради, кейинчалик сотувчи ва олувчи, ижарачи ва ижарагирнинг ихтиёрий вақтидаги фикрига боғлиқ, дейдилар.

Мажбурлаш орқали қилинган иқрорнинг инобатга ўтиш-ўтмаслиги борасида фақиҳлар икки гуруҳга бўлинганлар:

1)   Ҳанафийлар, шофиъийлар, ҳанбалийлар ва зоҳирийлар мажбурлаш орқали қилинган иқрор инобатга олинмайди, дейдилар. Ўша иқрор хоҳ савдо-сотиқ, ижара бўлсин ва хоҳ талоқ ва никоҳ ҳақида бўлсин, фарқи йўқ.

2)   Моликийлар мажбурлаш орқали қилинган иқрорнинг инобатга олиниши иқрор қилувчи кейинчалик ихтиёрий ҳолатида қандай фикрга келганига боғлиқ, деганлар.

Зарурат қоидалари

Шариатдаги зарурат тақозоси бир қанча фиқҳий қоидалар билан тартибга солинади ва амалга оширилади. Зарурат масалаларини ўртага қўйишда улар мазкур қоидалар доирасига тўлиқ тушиши лозим. Акс ҳолда, шариатнинг зарурат тақозоси мавзуси бузилишига сабаб бўлади.

1) المشقة تجلب التيسير – "Машаққат осонликни жалб қилади". Ушбу қоидага осонлик, адолат ва машаққатни йўқотиш борасидаги оят ва ҳадислар асос бўлган.

Қуйидаги оятлар бунга очиқ далолат қилади:

يُرِيدُ اللّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلاَ يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ {185}

"Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди" (Бақара, 185).

وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ {78}

"Бу динда Сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади" (Ҳаж, 78).

Бу борада Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадисари ҳам мавжуд:

عن بن عباس قال قيل لرسول الله صلى الله عليه و سلم أي الأديان أحب إلى الله قال الحنيفية السمحة

Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: "Қайси дин Аллоҳга яхшироқ?" деб сўралди. Ул зоти шариф: "Мулойим ва мушфиқонаси", деб жавоб бердилар (Бухорий, 1/39; Аҳмад, 1/2107; Абдурраззоқ, 11/20574; Табароний, 11/11572).

إنما بعثتم ميسرين ولم تبعثوا معسرين

"Албатта сизлар осон қилувчи қилиб юборилгансиз, қийин қилувчи қилиб юборилмагансиз!" (Термизий, 1/147; Абу Довуд, 1/380; Аҳмад, 2/7254; Абу Яъло, 10/5876).

خير دينكم أيسره

"Динингизнинг яхшиси осонроғидир!" (Бухорий, "ал-Адаб ал-муфрад", 1/341; Аҳмад, 3/15978; Табароний, 14/573; Ибн Абу Шайба, 2/597).

ألا إن الله فرض فرائض وسن سننا وحد حدودا وأحل حلالا وحرم حراما وشرع الدين فجعله سهلا سمحا واسعا ولم يجعله ضيقا

"Аё, огоҳ бўлинг! Албатта Аллоҳ фарзларни фарз қилган, суннатларни суннат қилган, ҳадларни чегаралаб қўйган, ҳалолни ҳалол қилган ва ҳаромни ҳаром қилган. Динни осон, юмшоқ ва кенг қилиб тузган, уни тор қилмаган" (Табароний, 11/11532).

Қийинчилик осонликни жалб қилади, торлик кенгликни чақиради. Бироқ, шуни билиш лозимки, шариатда зарурат тақозоси учун осонликни чақирадиган машаққат ноодатий бўлмоғи керак. Бунда инсонга зарар етказмайдиган табиий бўладиган машаққатларга эътибор қилинмайди. Масалан, одатдаги машаққатлар сабабли ибодатлар осонлаштирилмайди. Бомдодга уйқудан уйғониб туриш қийин, уни қачон турилса ўқилаверади, дейилмайди. Қиш кунларида таҳорат қилиш машаққат, уни таяммумга алиштирилмайди ва ҳоказо. Зотан, ҳар бир ибодатда ўзига хос машаққатлар бор. Бу ерда жонга ҳалокат бўладиган, касаллик олиб келадиган, савобли ишларни қилишдан тўсиб қўядиган машаққатлар эътиборга олинади ва улар кўндаланг бўлганда осонлик йўли танланади. Бироқ, машаққатлар ҳам оғир бўлсагина осонлик жалб қилинади. Демак, бармоқ оғриғи ёки енгил оёқ оғриғи ёхуд енгил бош айланиши сабабли сажда қилиш соқит бўлмайди, мизож сустлиги сабабли рўза соқит қилинмайди.

2) اذا ضاق الأمر إتسع – "Қачон иш тор бўлиб қолса, кенгайтирилади". Мазкур фиқҳий қоиданинг акси ҳам қоида сифатида қўлланади: اذا اتسع الأمر ضاق – "Қачон иш кенгайиб кетса, торайтирилади". Масалан, намозда озгина иш қилишга мажбур бўлиб қолинса, уни қилишга ижозат берилади. Бошни қашламоққа ўхшаган ишни қилиш мумкин, бироқ, уни кўпайтириш мумкин эмас. Намозни бузадиган кўп ишни "амали касир" атамаси билан номланган. Жароҳат жойида турган, лекин баданнинг бошқа жойига оқмаган қон таҳоратни синдирмайди, деб ҳукм қилинади. Фақат аёллар кўриши мумкин бўлган жойларда уларнинг гувоҳликлари инобатга олинади.

Бу ерда торлик, яъни машаққат умумий бўлишининг ёки бирор шахсга хос бўлишининг, машаққат одатий ёки ноодатий бўлишининг фарқи йўқ. Ишнинг тор бўлиб қолганида кенгайтирилиши инсонинг тақвосига боғлиқ. Аллоҳ таоло айтади:

فَاتَّقُوا اللَّهَ مَا اسْتَطَعْتُمْ {16}

"Бас, Аллоҳга қодир бўлгунча тақво қилинг!" (Тағобун, 16).

لاَ يُكَلِّفُ اللّهُ نَفْساً إِلاَّ وُسْعَهَا  {286}

"Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди" (Бақара, 286).

3) الضرورات تبيح المحظورات – "Заруратлар ман қилинганларни ҳам жоиз қилади".    

Мазкур қоида: الضرر يزال – "Зарар кетказилади" ваلا ضرر و لا ضرار  – "Зарар бериш ҳам, зарар етказиш ҳам йўқ!" қоидалари асосида ишлаб чиқилган. Яъни, зарарни йўқотиш, унинг асоратларини кетказиш вожиб. Бирорта инсонга, жонзотга ёки нарсага зарар бериш мумкин эмас, зарарга зарар билан жавоб қайтариш ҳам таъқиқланади. Мазкур қоида Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадисларининг матнидан олинган:

لا ضرر و لا ضرار من ضار ضره الله ومن شاق شق الله عليه         

"Зарар бериш ҳам, зарар етказиш ҳам йўқ! Кимки зарар етказса, Аллоҳ унга зарар беради. Кимки машаққатга қўйса, Аллоҳ унга машаққат етказади" (Байҳақий, 6/11166; Дорақутний, 3/3123; Ҳоким, 3/2345).

Бир жойда мазкур ҳадисни Расулуллоҳ (с.а.в.) қўшнисининг деворига ўз тўсинини қўйган кимсага нисбатан айтганлар (Аҳмад, 1/2867; Табароний, 11/11806).

Айтиш керакки, الضرورات تبيح المحظورات – "Заруратлар ман қилинганларни ҳам жоиз қилади" деган қоиданинг далили ҳам юқорида тилга олинган Аллоҳ таолонинг: وَقَدْ فَصَّلَ لَكُم مَّا حَرَّمَ عَلَيْكُمْ إِلاَّ مَا اضْطُرِرْتُمْ إِلَيْهِ – "Ахир У сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган-ку, магар музтар бўлиб қолган ҳолингиздагина (у нарсалардан ейишингиз мумкин)" (Анъом, 119) ояти ҳисобланади. Мазкур ояти каримадаги истисно ҳаромни мубоҳ қилиш бўлиб, бу ҳақида "Бадойеъ ас-санойеъ фий тартиб аш-шаройеъ" асари муаллифи Абу Бакр ал-Косоний (р.ҳ.) айтиб ўтган (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ. 7-жилд. – Миср: Жамолия, 1328. – Б. 176).

Ушбу қоиданинг маъноси кучли эҳтиёж ва зарурат шариатда ман қилинган ишни мубоҳга айлантиради, уни қилишни жоиз қилади. Бунда ёмонликни даф қилиш ва заруратни кетказиш миқдори эътиборга олинади. Мубоҳлик гуноҳнинг ва айбнинг кўтарилишидир. Бировнинг ҳаққини истеъмол ва поймол қилинганда, унга товон тўлаш ва масъулият асло кўтарилмайди. Бировнинг жонига қасд қилинганда эса жиноят масъулияти кетмайди.

Мазкур қоидага асосланган мисоллардан айримлари қуйидагилар:

А) Юқорида ўтганидек, зарурат пайтида ҳаромдан озиқланиш мумкин: чўчқа гўшти, ўлимтик кабиларни ҳаромдан бошқа ҳалол озуқалар топилмаганда зарурат миқдорича истеъмол қилиш жоиз. Бу ҳолатда бировнинг мол-мулкидан ҳам олиш мумкин, бироқ, кейинчалик  унинг томонини тўлаб беради.

Б) Даволаниш вақтида табиб, врач олдида аврат очиш мумкин, хатна қилувчи балоғатга етган кимсани хатна қилиши мумкин, доя туғаётган аёлнинг жинсий аъзоларига қараши мумкин. Бу ҳолатларда авратини очувчининг барча жойлари ёлонғоч қилинмасдан, балки зарурат жойигина очилиши керак.

В) Кучли зарурат вақтида бировнинг моли-мулкига талофот етказиш жоиз. Жумладан, кемак ҳалокатга учраши кутилаётган вақтда, ҳалокатдан сақланиш мақсадида кемага юкланган молларни денгизга улоқтириш мумкин. Бу ҳолатда ҳам кейинчалик отилган молларнинг қийматини тўлаб беради.

Г) Кучли зўрланиш вақтида қалб имонга тўла ҳолида, тилдан куфр келтириш мумкин.

4) الضرورة تقدر بقدرها – "Зарурат ўз миқдори ила ўлчанади". Мазкур қоида бошқа қоидаларни тартибга солувчи бўлиб, зарурат пайтида бирор ишни қилиш ёки қилмаслик зарурат миқдорига қараб амалга оширилишини кўзда тутади.

5) ما جاز لعذر يبطل بزواله – "Узр сабабли жоиз бўлиб турган нарса йўқолиши билан у бекор қилинади". Ушбу қоида юқоридаги қоиданинг тўлдирмаси бўлиб, зарурат юз бераётганида миқдорига қараб амалга оширилса, бу қоидага кўра ўша зарурат йўқолганидан кейин амалга ошириш жоиз бўлиб турган нарса яна ножоиз бўлиб қолади. Бу эса кўпинча ибодатлар, шартнома ва битимлар ҳамда маҳкамаларнинг ҳукмларида татбиқ қилинади. Қуйидаги мисоллар ушбу қоидани тушунишга ёрдам беради:

- касаллик ёки сув йўқлиги сабабли таяммум қилишга рухсат берилган бўлса, касалликдан тузалганидан сўнг ёки сув топилганидан кейин таяммум вақти тугайди. Намоз ўйиётган вақтда сув топилиб қолса, намоз ҳам, таяммум ҳам бузилади;

- сафар туфайли Рамазон рўзасини тутмаслик мумкин, бироқ, сафар тугагандан бошлаб рўза яна фарзга айланади;

- касал одам ўтириб ёки ётиб намозини ўқийверади, тазалган заҳоти, ҳатто намоз ичида бўлса ҳам туриб намоз ўқишни бошлайди;

- вакил ваколати тугатилганини билган заҳоти вакиллик ишларини тўхтатади;

- омонатга олинган нарсани ўзида сақлаш имкони бўла туриб, бировга бериб турилмайди;

- иддасида ўтирган аёл касби-кор ёҳтиёжи туфайлигина кўчага чиқиши мумкин.

6) الميسور لا يسقط بالمعسور – "Осонлик қийинчилик сабабли соқит бўлмайди". Мазкур қоиданинг шариатга киритилишига Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ушбу гаплари асос қилиб олинган:

إِذَا أَمَرْتُكُمْ بِأَمْرٍ فَأْتُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ

"Агар сизларни бирор ишга буюрсам, ундан қодир бўлганингизча адо қилинг!" (Байҳақий, 2/8474).

Инсон бирор ишни тўла равишда адо қила олмаса, қудрати ва имконига яраша бажариши керак бўлади. Ишнинг баъзисини қилишга имкони бўла туриб, унинг ҳаммасини тарк қилиши мумкин эмас. Мисоллар буни яхшироқ тушунишга ёрдам беради:

А) Инсоннинг бирор аъзоси кесилган, узилган бўлса, таҳоратда қолган аъзоларни ювиб қўяверади.

Б) Таҳорат қилиш ёки нажосатни кетказишнинг бировига етадиган сув бўлса, нажосат ювилади.

В) Намозда "Фотиҳа сураси"нинг айрим оятларинигина биладиган кимса, ўша билган оятларинигина ўқиб, намозларини адо қилаверади.

7) الإضطرار لا يبطل حقّ الغير – "Мажбурият бошқанинг ҳаққини бекор қила олмайди". Юқоридаги қоидаларни тартибга солиш учун ушбу қоида ишлаб чиқилган. Мазкур қоидага кўра, зарурат вақтида мажбурият сабабли бировнинг мол-мулкини ишлатиш мумкин. Бу ҳолатда шаръий айб ва гуноҳ бўлмайди. Бироқ, бу унинг товонини тўлаб берилмайди, дегани эмас. Балки, мажбурият сабабли истеъмол қилинган бировнинг молининг товони кейинчалик тўлаб берилади.

- кучли очлик сабабли бировнинг қўлидаги таомни тортиб олиб, ейиш мумкин. Бироқ, кейинчалик унинг пули тўлаб берилади;

- ҳайвон ҳамла қилгани сабабли ўлимдан қутилиш мақсадида ўша ҳайвонни ўлдириш жоиз. Бироқ, унинг қиймати эгасига қайтарилади;

8) الحاجة العامة او الخاصة تنزل منزلة الضرورة – "Умумий ёки хусусий ҳожат-эҳтиёж зарурат ўрнига тушади". Яъни, умумий ёки хусусий эҳтиёжлар зарурат каби ҳукмларни ўзгартира олади. Демак, эҳтиёж туфайли шариатда ман қилинган нарсалар мубоҳ бўлади, вожибларни тарк қилиш жоиз бўлади. Жумладан, 1)Сотилаётган молда айб-нуқсон топилиб қолса ёки бировнинг нарсасини унинг рухсатисиз сотаётган бўлса, сотувчи харидорга ўша молнинг қийматини қайтариш масъулиятини – замони даркни олиши шаръий ҳисобланади. 2)Инсоният шаръий ҳукмларни билиши, тўла равишда тушунишининг эҳтиёжи борлиги сабабли Қуръони карим таржималари нашр қилиб борилади. 3)Исломда сурат чизиш ва чиздириш ман қилинишига қарамасдан одамлар сафарларида ва ватанларида шахсиятларини аниқлаштириш эҳтёжи сабабли фотография амалиётларига рухсат берилади. 4)Қичима ёки бурга сабабли эркакларга ипак кийим кийиб туришларига рухсат бор. 5)Тиббий эҳтиёжлар туфайли қон ва инсон аъзолари сотилиши мумкин, бировнинг аъзоси бошқа бировга кўчирилиши мумкин. 6)Мутахассислар зарур деб ҳисоблаганларида, она қорнидаги бола олиб ташланиши (аборт) жоиз. 7)Ҳукумат чегараларни маҳкам ёпиши, кириш-чиқиш визалари жорий қилиши, иқтисодий, қишлоқ хўжалиги борасида ҳар хил солиқлар ва қонунлар ишлаб чиқариши мумкин.



9) لا ضرر و لا ضرار – "Зарар бериш ҳам, зарар етказиш ҳам йўқ!". Яъни, бировга зарар бериш ҳам, зарарга зарар билан жавоб қайтариш ҳам йўқ. мазкур фиқҳий қоида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларидан олинган. Уни Ибн Можжа (р.ҳ.), Дорақутний (р.ҳ.) ва бошқалар ривоят қилганлар.

"Зарар бериш ҳам, зарар етказиш ҳам йўқ!" фиқҳий қоидаси биз ўрганаётган шариатда зарурат тақозоси мавзусида жуда аҳамиятли ҳисобланади. Зарурат тақозоси деб инсон ўзига ва бошқаларга зарар етказишга ҳаққи йўқ.

Мазкур қоида шариат зарар беришни жоиз қилган ўринлардан бошқа жиҳатларга қаратилган. Чунки, қасос олиш, шаръий жазоларни қўллаш, ёмон одамларнинг таъзирини бериб қўйиш ҳам уларга бир нави зарар етказиш бўлади. Бироқ, бундай ишлар аслида аҳолини уларнинг зараридан сақлаш бўлгани боис шариатда ижозат берилган.

"Зарар бериш ҳам, зарар етказиш ҳам йўқ!" фиқҳий қоидасига кўра тижорат ва тирикчилик заруратидан келиб чиқиб аёллар бозорга чиқиб кетиши, мардикорлик қилиб ўзга юртларга маҳрамсиз кетишларига асло рухсат берилмайди. Чунки, бу иш билан миллат шаъни ерга урилади, давлатлар обрўси тўкилади, фарзандлар тарбиясига зарар етади. Мазкур қоидага кўра тижорат ва тирикчилик заруратидан келиб чиқиб камайиб қолиши аҳолисига зарар берадиган озиқ-овқат ва дон-дун маҳсулотларини оммавий равишда ва катта миқдорда бир шаҳардан бошқа юртга олиб кетилишига рухсат берилмайди. Маҳкамада гувоҳлик бериш заруратидан келиб чиқиб, душманлиги бир-бирига ошкора бўлиган одамларга бир-бирининг зарарига гувоҳлик беришга йўл қўйилмайди. Одамларга яхшилик ва юрт осойишталиги, тинчлиги заруратидан келиб чиқиб, фитначи, ёмон одамлар то тавба қилмагунларича, тавба қилганлик аломатлари ошкора бўлмагунча ҳибсхоналарда ушлаб туриш жоиз бўлади.

10) الضرر يزال – "Зарар кетказилади!". Яъни, энг аввало зарарни кетказиш вожиб ва лозим бўлади. Бир одам бировдан озиқжовқат қарз олди. Уни бошқа бир шаҳарда қайтариб беришни талаб қилди. Бу шаҳарда бу турдаги озиқ-овқатлар қиммат экан. Қарз берган одамнинг қарзини талаб қилишга ҳаққи борлиги заруратидан келиб чиқиб, қарз олувчига зарар етказилмайди. Абу Юсуф (р.ҳ.) фатвосига кўра, у қарзини олган шаҳардаги, қарз олган кундаги қийматига кўра тўлайди.   

Хулоса

Шариатдаги зарурат тақозоси мавзуси энг йирик мавзулардан бўлиб, бу борада кичик бир мақолада муфассал ва мукаммал сўз юритиш қийин, албатта. Бу ерда мазкур мавзу бўйича бирламчи ва энг зарур маълумотлар берилди, холос. Шариатда зарурат тақозоси мавзуси ҳақида жуда кўплаб маълумотлар муфассал, изчил ва тизимли равишда тадқиқ қилиниши, ҳар тарафлама ўрганилиши мумкин.

Зарурат ҳолатини ҳар бир инсон ўзи белгилаши керак. Бироқ, унинг зарурат эканлигини, қай ҳолатда зарурат бўлиши, зарурат сабабли шаръий ҳукм қай тариқа ўзгариши ва қачонгача зарурат туфайли шаръий ҳукмни ўзгартириб туриш мумкинлигини олимлар орқали ўрганилади, муллалардан сўраб билинади. Бинобарин, зарурат сабабли ҳукмларни ўз билганича ўзгартиравериш шариатни суистеъмол қилишга олиб келади. Бундай хунук оқибатдан эса ҳар бир мусулмон сақланиши айни заруратдир!

Ҳамидуллоҳ Беруний

 

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Фавқулодда ҳолатдаги заруратларни эътироф этиш