loader
Foto

Анъом сураси, 159 ("Қуръони азим тафсири"дан)

Ислом - мусулмонларни бир жон, бир бадандек бирдам, иттифоқ бўлишга чақирадиган, турли фирқаларга -ҳизбларга бўлинишдан қатъий равишда қайтарадиган Диндир.

Зотан, Диннинг вазифаси одамларни турли тўдаларга, ҳизбларга ва фирқаларга бўлиш эмас, балки бўлинган, бир-бирларига душман бўлган кимсаларга, бир-бирларининг қонини тўкаётган тўдаларга Ҳақ Иўлни кўрсатиб, қайси миллатга мансуб эканликларидан қатъий назар уларни яраштириб, бирлаштириб, оға-иниларга - Оллоҳ ва Расулининг байроғи остидаги бир жамоатга айлантиришдир.

Бирлик, иттифоқлик мусулмонлар учун ҳаёт-мамот масаласи бўлгани учун Қуръони Каримда ва Ҳадиси Шарифда бу мавзу такрор-такрор таъкидланади.

(Ол-и Имрон сурасининг 103 ва 105-оятлари тафсирига мурожаат қилинса фирқаларга бўлинмаслик ва ҳизблардан ҳазар қилиш хусусида бир қадар батафсил баён қилганмиз).

“Тафсири Мунийр”да ўрганаётганимиз ушбу оят тафсирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оятдаги “динларини бўлган кимсалар” мана шу умматдан, яъни, мусулмонлар орасидан чиққан бидъатчилар, иймонларида шубҳа бўлган, залолат йўлига кирган кимсалардир”, деганлар.

Бас, бидъатчилар ўзларини минг марта мусулмон деб санасалар-да, ушбу оят ҳукми билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга бегона бўлган кимсалардир. Бидъатчи дейилганида Оллоҳ таолонинг бенуқсон ва бир бутун Дини бўлмиш Исломни бўлиб, унинг бир қисмига амал қилиб, бошқа қисмига амал қилмаса ҳам бўлаверади, дейдиган кимсалар ва ёки Оллоҳ таоло буюрган ва Унинг Расули Ҳазрати Мухаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам амалда кўрсатиб-ўргатиб кетган мукаммал Дини Исломга ўзларича янгиликлар қўшиб, фирқаларга бўлиниб, Дин душманлари тузиб берган турли ҳизбларни “Исломий”, “Диний” деб номлаб олиб ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам алдаб-адаштириб, мусулмонлар жамоатини бўлиб-ёрадиган кимсалар тушунилади.

Жаноби Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам замонлар ўтиши билан бундай фирқалар Ислом уммати ўртасида ҳам кенг тарқалишини айтиб, кимда-ким аҳли суннат вал-жамоат йўлидан четлаб ана шундай кейин пайдо бўлган тўда ва ҳизбларга эрчиб кетадиган бўлса, борар жойи дўзах экани ҳақида огоҳлантирганлар:

Абу Довуд ва Термизий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта бани Исроил етмиш икки фирқага бўлинди, менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир, фақат бир жамоат борки, у аҳли жаннатдир”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у қандай жамоат?”, дейишган эди, “Мен ва асҳобимнинг жамоати”, деб жавоб қилдилар.

Бас, ким Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан бирга бино қилган жамоатга қўшилса, ўша жамоатда жорий бўлган қонун-қоидаларга бирон нарса қўшмасдан ва бирон нарсани камайтирмасдан амал қилса, бошқача айтганда, Пайғамбар алайҳис-салом қолдириб кетган Қуръон ва суннатга амал қилса, ана ўша кишилар нажот топгувчи жамоатдандирлар.

Аммо ким Расулуллоҳ тузиб кетган жамоатга қаноатланмай ўзича янги фирқа ва ҳизблар тузса ҳамда бошқаларни ҳам муҳташам Ислом биносидан чиқариб, ўзи тўқиб олган ўргимчак тўридек ҳизбига киритишга уринса, бундай миясини моғор босган кимсалардан - ояти карима далолат қилишича, Оллоҳ ва Унинг Расули соллоллоҳу алайҳи ва саллам безордирлар. Демак, у зотнинг чин умматлари ҳам ундай кимсалардан безор бўлишлари вожибдир. Балки Пайғамбар алайҳис-саломга бегона бўлган бундай ҳизб ва фирқаларни ёмон кўриш, улардан ким бўлсалар ҳам алоқани узиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги вожибдир.

Чунки Оллоҳ таборака ва таоло бир ҳадиси Қудсийда: “Қудратимга қасамки, ким Менинг дўстларимини дўст тутмаса ва душманларимни душман тутмаса, ундай кимсага Менинг Раҳматим етмайди”, деб огоҳлантиргандир. (“Дуррул-мансур" тафсиридан).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади:“Энг гўзал Сўз Оллоҳнинг Китобидир, энг гўзал йўл Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидир, ишларнинг энг ёмони кейин пайдо бўлганларидир”.

Шайх Алоуддин Мансур, роҳимаҳуллоҳ

Қуръони азим тафсири, Анъом сурасидан