loader
Foto

Мўминлар сураси, 1-11 ("Тафсири Ирфон"дан)

Мўминлар кимлар ва улар бу мақомга қандай эришадилар? Мўминликнинг вазифаси, мақоми осон эмас. Инсон фитрати, табиати ҳамиша роҳат, фароғат, ором истайди. Нафси минг кўйга солади. Ана шуни енга олган одам чинакам мўминдир. Роҳатидан кечиб. нафсини қон қақшатиб қийнаган, меҳнат, машаққат, ибодатларга чидаган кишигина мумтоз қул бўлади. Мусулмонлар ҳам турлича бўлади. Уларнинг бир тоифаси Аллоҳ ва Унинг Расулига доимий итоатда-ибодатда бўлган, амр-фармонлари ва кўрсатмаларидан чекинмайдиган чин мўминлардир. Аллоҳ Ўз ҳикматига кўра куфрни, имонсизликни осон, мўминликни қийин қилиб қўйган. Ислом динига имон келтириш, унинг ақида, шариат, ибодат, ахлоқ, одоб каби асосларига, арконлари ва вожибларига амал қилиш - Аллоҳга бўлган имоннинг шартидир. Ким ушбуни қабул қилса, мусулмондир, уни рад этса, кофир бўлади. Атоқли ўзбек маърифатпарвари Абдурауф Фитратнинг бундай сўзлари бор: “Эътиқодга айланмаган ғоялар, тизимларнинг умри қисқа бўлиб, бугун бўлса, эртага бўлмаслиги мумкин. Инсон Худога, охиратга ишонмаса, диний ғоя унинг эътиқодига айланмайди”.

Юқоридаги оят орқали Аллоҳ таоло мўминларнинг албатта зафар, нажот топишларига очиқ-ойдин, таъкидлаб ваъда бермоқда. Чунки «нажот топдилар» дейилиши нажотнинг аниқлигини билдириб, ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмайди. Имом Аҳмад, Термизий, Насоийлар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил бўлган вақтда у зотнинг юз томонларида асалари овозига ўхшаш овоз чиқар эди. Бир куни шундай бўлди. Бир оз кутдик. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қиблага юзландилар ва икки қўлларини кўтариб: «Аллоҳим! Бизни зиёда қилгин - нуқсонга учратмагин, мукаррам қилгин - хор қилмагин, атолар бергин - маҳрум қилмагин, устун қилгин - остин қилмагин, биздан рози бўлгин - бизни рози қилгин”, дедилар. Сўнгра: “Ҳақиқатан менга ўн оят нозил қилинди. Ким уларни тўлиқ адо этса, жаннатга киради», дедиларда, «Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар»дан бошлаб ўн оятни охиригача ўқидилар».

2. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир.

“Хушуъ” намозда қўрқув билан умид ва сокинлик орасида туришдир. Мўминларнинг энг афзал сифатларидан бири намозда Аллоҳ таоло ҳузурида турганини қалбдан ҳис этиб, қўрқув ва умид орасида туришлари экан. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ зикр қилинган вақтида қалбига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганида имонлари зиёда бўладиган ва ёлғиз Парвардигорларигагина суянадиган кишилардир. Улар намозни тўкис адо этадилар ва Биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар” (Анфол, 2-3). Имонли кишилар намоз ўқишганида ўзларига ато этиладиган зафардан умид қилган ҳолда Аллоҳдан, Унинг охиратда ҳисобга тортишидан қўрқувда туришади, шунда уларнинг қалблари, вужудлари, ҳаракату саканотларини қўрқинч ва сокинлик ўраб олади. Ояти каримадан шундай хулоса чиқариладики, намозни хушуъ билан ўқимайдиган, қалбида, вужудида, ҳаракату саканотида Аллоҳдан ҳайиқиш, қўрқув, илинж ёғилиб турмайдиган одам намоздаги ҳолатини ўйлаб кўрсин, ўзини тез ўнглаб олсин. “Улар намозларида хушуъ қилувчилардир” ояти ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётганларида (бошларини кўтариб), кўзларини осмонга қаратар эдилар. Ушбу оят нозил бўлгач, назарларини пастлатдилар”.

Хотамул Асом айтади: “Мўмин фикр ва ибодат билан машғул, мунофиқ ҳирс ва орзу-ҳавас билан. Мўмин Аллоҳдан ўзгасидан ноумид, мунофиқ Аллоҳдан ўзгасидан умидвор. Мўмин фақат Аллоҳдан қўрқса, мунофиқ Аллоҳдан бошқа ҳаммадан қўрқади. Мўмин диним деб молидан кечса, мунофиқ молим деб динидан кечади. Мўмин яхши амаллар қилади ва йиғлайди. Мунофиқ ёмонликлар қилади ва кулади. Мўмин хилвату ёлғизликка интилади. Мунофиқ йиғинлару издиҳомларга ўзини уради. Мўмин экади ва ҳосилнинг фасодидан хавфда. Мунофиқ экинни қуритади ва ҳосилдан умид қилади”.

3.    Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир.

Беҳуда сўз, бефойда амал, иш, беҳуда тафаккур, беҳуда ҳис-туйғу, умуман, фойдаси бўлмаган ҳар бир нарса учун мўмин кишининг қалбида жой бўлмаслиги керак. Чунки мўмин инсоннинг қалби имон билан, Аллоҳнинг муҳаббати, зикри, фикри ва Аллоҳнинг амр-наҳйиларини тафаккур этиш билан банд бўлади. Оддийгина бефойда сўз айтишнинг қанчалаб зарарлари бор. Ҳозирда қанча-қанча вақтни бефойда сўзлар билан валақлашиб совуриш, йиғинларда икки оғиз сўз билан англатса бўладиган мақсадни соатлаб тушунтириш одат тусига кирди. Ҳатто илм суҳбатлари ҳам ортиқча гап-сўзлар ҳисобига олдинги файзини йўқотмоқда. Инсонлар ортиқча сўзлашдан, беҳуда сўзларни айтишдан қайтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин» деганлар (Бухорий ривояти). Бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш тил офатларидандир. Агар ақл кишиларнинг гап-сўзи миқдорига кўра ўлчанганида эди, одамларнинг энг ақллиси уларнинг энг сергаплари бўлар эди. Илк мусулмонларда тортишув кам, амал кўп бўларди. Улар сўзга бахил, молга сахий эдилар. Кейингиларда эса тортишув кўп, амал оз бўлди, сўзга сахий, молга бахилга айланишди. Худди шу каби бефойда амаллар, беҳуда хаёллар, беҳуда орзулар ҳам мўмин кишига хос бўлмаган нарсадир.

4.    Улар закотни адо қилувчилардир.

Мўминлар вужудлари, ибодатлари ва қалбларини поклаганлари каби молларини ҳам поклаб юришади. Молни поклаш эса унинг закотини чиқариш, ҳақдорларга бериш билан адо қилинади. Закот берган кишининг моли покланади, закот бермаган кишининг моли ичида закотга ҳақдорларнинг моли ҳам аралашгани учун нопок бўлиб туради. Закот Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир. Закот Мадинаи мунавварада иккинчи ҳижрий санада Рамазондан олдин фарз қилинган. Закот Қуръони каримда йигирма етти жойда намоз билан бирга зикр этилган. Бу эса ўз навбатида намоз билан закот бир-бирига чамбарчас боғлиқ нарсалар эканини кўрсатади. Аллоҳ таоло айтади: «Ва намозни қоим қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат крлинглар, шоядки, раҳм крлинсангиз» (Нур, 56). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Молингнинг закотини адо қилган бўлсанг, ҳақиқатан зиммангдагини бажарибсан», деганлар» (Термизий ривояти). Саҳобаи киромлар закотни бермаганларга, уни инкор қилганларга қарши иттифоқлик билан уруш қилишган. Ким закотнинг фарзлигини инкор қилса, кофир бўлади, у уч марта тавба қилишга чақирилади. Тавба қилса - қилди, акс ҳолда унга нисбатан “муртад” деган ҳукм чиқарилади. Исломга янги киргани туфайли ёки чет жойларда жоҳил бўлиб ўсгани учун закотнинг фарзлигини инкор қилган одамга эса тушунтирилади ва ўргатилади, дарҳол кофир деб ҳукм қилинмайди. Закот масаласи фақат Аллоҳ таолонинг ягона Ўзига хос ишдир. Ким Аллоҳнинг таълимоти билан иш кўрса, ниятига етади. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги дини - Исломда иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш йўлларидан бири закот асосида бўлиши кераклигини кўрсатиб қўйган. Бугунги кун тили билан айтганимизда, закот иқтисоднинг асосларидан бири қилиб олинса, сўнгра унга бошқа исломий-иқтисодий омиллар қўшилса, иқтисодий масала ўз ечимини осонгина топган бўлади. Закот - имкони бор бўлган мусулмон одамга Аллоҳ томонидан амр қилинган муқаддас бурчдир. Мусулмон одам закотга амал қилар экан, иқтисодий муомалага эмас, илоҳий кўрсатмага биноан шаръий ибодат қилади. Шаръий рукнлар тартибида закот имон ва намоздан кейин, рўзадан олдин, учинчи ўринда туради. Исломда закот орқали мол тўплаб, хазинани тўлдириш кўзда тутилмаган. Шунингдек, фақир, бева-бечораларга молиявий ёрдам маъноси ҳам кўзда тутилмаган. Булар закотни татбиқ қилишнинг самараси бўлиши мумкин. Закотдан асосий мақсад, инсонни молу дунёдан устун қўйиш, яъни инсон мол-дунёнинг қули эмас, мол-дунё инсоннинг қули эканини таъминлашдир.

5. Улар фаржларини сақловчилардир.

Мўмин кишилар фаржларини, яъни жинсий аъзоларини фаҳш ишлардан сақлайдилар. Зинодан ва ҳаром саналган бошқа жинсий алоқалардан фаржини сақлаш мўмин-мусулмонликнинг белгиларидандир. Пайғамбар алайҳиссолату вассаломнинг ҳадисларидан маълумки, ҳар бир одам боласи соф фитрат билан, яъни мусулмон бўлиб туғилади. Инсоннинг соф фитрати, шайтон васвасаси билан бузилмаган табиати эса ҳар қандай қинғир ишлар, ҳаром-хариш нарсалардан, хусусан, зинодан ҳам хазар қилади. Бинобарин, зинонинг ҳар қандай кўринишидан сақланиш мўмин-мусулмон эркагу аёлларнинг энг муҳим сифатларидандир. Саҳл розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоху алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг (жинсий аъзосининг) ва икки жағи орасидаги нарсанинг (тилининг) кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», деганлар» (Бухорий ва Термизий ривояти).

Фаржини гуноҳ ишлардан сақламаслик туфайли динимизда қаттиқ қораланган зино, фоҳишабозлик каби иллатлар юзага келади. Зинонинг гуноҳлиги, зарарлари ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилиши, зинокорлар ва уларнинг ҳомийларига қарши жид-дий қонунлар ишлаб чиқилиши, ёшларнинг бу соҳадаги тарбиясини яхшилаш лозим. Зинокорлик - хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, зинокорни мўминлик даражасидан чиқаради. Ҳадиси шарифда «Зино қилаётган зинокор мўмин бўла олмайди», дейилган. Чунки бундай иш билан шуғулланганлар ҳам ўзининг ҳақига, ҳам бошқаларнинг ҳақига хиёнат киладиган, жамиятнинг бузилишига, никоҳсиз болалар туғилишига, оилаларнинг пароканда бўлишига сабабчи одамлардир. Бунинг устига бу иш билан шуғулланувчи кишилар турли юқумли касалликларга дучор бўлишади, бошқаларни ҳам шундай касалликка гирифтор қилишади. Оқибатда жамиятда касалманд одамлар, хиёнат, ҳаром-хариш кўпаяди. Бундай жамият эса ниҳоятда ёмон жамиятга айланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Қайси бир жамиятда зино тарқалса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўша жамиятни ота-боболари эшитмаган ва кўрмаган турли касалликларга мубтало қилади», деганлар. Ана шундай нарса тарқалиб кетгани сабабли ота-бобомиз кўрмаган, ҳеч ким эшитмаган, номини билмаган, қанақа бўлишини тушунмаган касалликлар тарқаляпти.

Шу билан бирга, Ислом зинога олиб борадиган барча йўлларни беркитади. Мисол учун, аёлларни очиқ-сочиқ ҳолда юриб, жамоли ва қомати билан эркакларнинг шаҳватини қўзғатмасликка буюради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Агар бир номаҳрам эркак ва хотин ёлғиз қолсалар, учинчилари шайтон бўлади», деганлар. Яъни шайтон уларни йўлдан уриб, зинога бошлаши мумкин. Шунингдек, Исломда эркакларнинг ҳам, аёлларнинг ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарашлари ҳаром қилинган. Бинобарин, фаҳш гап-сўзлар, сурат ва тасвирлар ҳам ман этилгандир. Демак, барчамиз бу ёмон иллатдан узоқда бўлишимиз, бунга қарши мунтазам кураш олиб боришимиз лозим. Мўмина аёллар ҳам кўзларини номаҳрам эркаклардан тийишлари, фаржларини сақлашлари ва авратларини номаҳрам назарлардан беркитиб юришлари лозим. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларнинг олдига киришдан ҳазир бўлинг!», дедилар. Шунда бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, эрнинг қариндошига нима дейсиз?» деди. «Эрнинг қариндоши ўлимдир», дедилар у зот» (Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).

6. Ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлар мустасно. Улар маломат қилинувчи эмаслар.

Мўмин кишилар ўз қалблари, вужудлари, ибодатлари, сўзлари, ишлари ва молларини покиза тутганлари каби жинсий ҳаётларини ҳам пок юритадилар. Бу эса ўз навбатида, инсоннинг руҳи, оила-си ва жамияти поклигига далолат қилади. Мўмин кишилар фақат ўз жуфти ҳалоллари билангина жинсий алоқа қиладилар. Бошқа барча ношаръий ҳолатлардаги жинсий алоқалар мўминлар учун ҳаромдир. Мана шундай қилишгандагина, яъни ҳаром ишлардан тийилишгандагина инсон насли пок бўлади. Зинодан сақланиш мўминларни нажотга элтувчи мазкур асосий сифатлардан биридир. Аввалда билмай қилган ишлари учун мўминлар маломат қилинмайдилар. Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр этилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз хотининг ва чўрингдан бошқасидан авратингни беркит”, дедилар. Бир сўровчи: “Эй Аллоҳнинг Расули, агар бир киши ўзи холи бўлсачи?” деб сўради. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таборака ва таоло Ўзидан ҳаё қилинмоққа ҳақлироқдир”, дедилар».

7. Ким шундан бошқани истаса, ана ўшалар тажовузкорлардир.

Яъни, ким ўз жуфти ҳалолидан бошқа аёл билан жинсий яқинлик қилишни истаса ёки шуни амалга оширса, тажовузкор бўлади, ҳаддидан ошган бўлади, қаттиқ гуноҳ қилган бўлади. Жинсий майлини нопок, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ўзлари ва ўзгаларнинг бошига, бутун инсоният бошига турли бало-офатларнинг келишига, жамиятнинг ахлоқан таназзулга учрашига сабаб бўладилар. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳда бўлишга, ҳалол-пок йўл билан оила қуришга ҳаракат қилиш керак. Акс ҳолда, у зотнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган ҳисобланади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради».

8. Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилувчилардир.

Мўминлар ҳамиша ўзлари билан Аллоҳ таоло орасидаги омонатларига ва аҳдларига ҳам, ўзлари билан бошқа мўминлар, ҳатто бошқа диндагилар орасидаги омонат ва аҳдларга ҳам риоя қиладилар. Ушбу сифатни ўзида мужассам қилган мўмингина зафарга эришиш учун зарур сифатлардан бирига эга бўлади. Инсоний фазилатлар орасида ўта муҳим бир хислат борки, бу ҳам бўлса омонатдорлик, омонатга хиёнат қилмасликдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўта омонатдор, амин бўлганлар ва умматларини ҳам шунга чақирганлар. Омонатдорлик Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳим сифатларидан бўлган. Ҳатто буни маккалик мушриклар ҳам эътироф этиб, у зотни “ас-содиқул амин” (тўғрисўз ва омонатдор) деб аташарди. Қуръони каримда омонатни эгаларига етказиш, берилган омонатга хиёнат қилмаслик ҳамда аҳд ва омонатларга вафо қилиш ҳақида ўнлаб ояти карималар зикр қилинганки, бу нарса омонатдорликнинг ўта муҳимлигидан далолат беради. Одамларнинг бир-бирларига омонати уларнинг ҳақларга риоя этишларидир. Барча жамиятларда кенг тарқалган иллатлардан бири омонатларни эгаларига қайтармаслик, омонатга хиёнат қилиш, одамлар ўртасида ҳукм юритганда адолат билан иш тутмаслик, берилган аҳдномаларга вафо қилмасликдир. Қуръони карим мўминларнинг сифатларини баён қилар экан, “Ва улар омонатларга ва аҳдларига вафо қилишади” (Маориж, 32), дейди. Яъни, омонатдорлик, омонатга хиёнат қилмаслик ва аҳдга вафо мўмин кишининг энг яхши фазилатларидандир. Зажжож айтади: «Аллоҳ буюрган ва қайтарган барча нарсалар аҳддандир». Аксинча, омонатга хиёнат қилувчи одам имонсиз, аҳдига вафо қилмайдиган кимса эса динсиздир.

Омонат нима? Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Омонатлар - Аллоҳ омонат қилиб берган амаллар, яъни фарзлардир», деган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон бизга мурожаат қилсалар: «Омонати йўқ кишининг имони йўқ, аҳди йўқ кишининг дини йўқ», дердилар (Табароний, Ибн Ҳиббон ривояти). Калбий бундай дейди: «Аллоҳ ва Унинг Расулига хиёнат қилиш уларга осийликдир. Ҳар бир инсон Аллоҳ фарз қилган ишларда омонатдордир, хоҳласа хиёнат қилади, хоҳласа адо қилади, буни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди». Гуноҳларнинг энг улкани Аллоҳга ва Унинг Расулига хиёнат қилишдир. Бундан кейинги оғир гуноҳ эса мўминларнинг бир-бирларининг омонатларига хиёнат қилишларидир. «Аллоҳга ва Унинг Расулига хиёнат қилиш» деганда Аллоҳнинг ва Пайғамбарининг ҳукм-кўрсатмаларига қарши иш тутиш ёки ўлжа молларини ўғирлашдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом аҳдга вафо қилиш, омонатдорликда мусулмонларга чинакамига ибрат бўлганлар ва умматни ҳамиша омонатдорликка чорлаганлар. Буни у зотдан ривоят қилинган кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам исботлаб турибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизга ишонганга омонатини топширинг. Сизга хиёнат қилганга хиёнат қилманг”, деганлар (Аҳмад, Абу Довуд ривояти). Ҳадиси шарифда омонатга хиёнат қилиш мунофиқликнинг аломатларидан бири экани таъкидланган: “Мунофиқликнинг аломати учтадир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса вафо қилмайди, омонат қўйилса, хиёнат этади” (Бухорий ва Муслим ривояти).

9. Улар намозларини асровчилардир.

Мўминларнинг сифатларидан яна бири намозларини ўз вақтида, барча рукнларига амал қилиб, бекаму кўст адо қилишдир. Мўминларнинг зафарга эришиш сифатларининг аввалида намозни хушуъ билан адо этиш келган эди, энди эса ўша сифатларнинг охирида намозни асраш, муҳофаза қилиш - ўз вақтида, бекаму кўст, фарз, вожиб, суннат ва мустаҳабларини жойига қўйиб адо қилиш келмоқда. Зеро, намозни асраш, уни мукаммал адо этиш Ислом дини буюрган фарз амаллардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисларда намознинг ниҳоятда муҳимлиги ва фазилати ҳақида жуда кўп зикр қилинган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт намоз намозлар орасидаги ҳамда жума намози жумадан-жумагача ўрталарида бўлган гуноҳларга каффоратдир - агар катта (кабира) гуноҳлардан сақланилган бўлса», деганлар (Муслим ривояти). Абу Айюб Ансорий розияллоху анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий алайҳиссалом йўлларини тўсиб чиқиб: «Жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», деди. У зот: «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан, намозни адо қиласан, закотни берасан, силаи раҳм қиласан», дедилар» (Бухорий ривояти). Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: «Эй Расулуллоҳ, менга бир амални айтингки, у жаннатга киритсин ва дўзахдан узоқлаштирсин», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарҳақиқат, катта иш ҳақида сўрадинг, аслида бу Аллоҳ осон қилганга осондир. Бу - Аллоҳга бандалик қилиш, Унга бирор нарсани шерик этмаслик, намозни адо қилиш, закотни бериш, Рамазон рўзасини тутиш ва ҳаж қилиш», дедилар (Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривояти).

10. Ана ўшалар меросхўрлардир.

Юқоридаги ояти карималарда зикр қилинган сифатлар мўминларни алоҳида ажратиб кўрсатиб турувчи сифатлардир. Мазкур сифатлар уларни зафарга элтади, мўминлик мақомларини юксалтиради, Аллоҳнинг чин ихлосли бандалари сафидан жой олишларига кўмаклашади. Аслида бу дунёда инсоннинг мукаммал саодатга - зафарга эришиши нисбий бўлиб, чин зафар бўлмиш абадий саодатга охиратдагина эришилади. Мазкур сифатларга эга бўлган мўминлар ҳам мартабаларининг ҳақиқийсини охиратда оладилар. Мана шунинг учун ҳам улар Аллоҳ охиратда тайёрлаб қўйган бемисл неъматларга меросхўр бўлишади. Ибн Касир тафсирида келишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин саҳобалар у зотнинг завжаи мутоҳҳаралари Оиша розияллоҳу анҳодан “Пайғамбаримизнинг хулқлари қандай эди?” деб сўрашганида ҳазрати Оиша ушбу суранинг бошидан тўққизинчи оятигача ўқиб, хулқлари худди шу оятларда айтилганидек эди”, деб жавоб берганлар”.

11. Улар Фирдавсни мерос олишади, улар унда мангу қолишади.

Мўминликнинг йўли машаққатли, унинг юки залворли. Аллоҳ таоло мўмин кишини ҳар қадамда, ҳар ишда, ҳар сонияда синовга дуч келтиради. Мушкулотлар, қийноқ-азобларга рўпара қилади. Минглаб тўсиқ-қийинчиликлар билан ўраб ташлайди. Гоҳида бир лаҳзада яқинларидан айириб қўяди. Баъзан бирор хасталик билан синайди ёки қўлга киритган мол-дунёсидан маҳрум қилади. Ёхуд кўзлаган ишларига, орзуларига етказмайди. Аммо ҳақиқий мўмин бу имтиҳонларга сабр билан жавоб қайтаради. Изтироб чекмайди, хафаликдан кўкрагини захга бериб ётмайди. Аллоҳнинг имтиҳонидан сабр-бардош ва шукр билан ўтади. Юқоридаги ўн оятда ана шундай мўминларни жаннатга киритувчи сифатлари баён қилиб берилди. Ана шу зикр қилинган сифатларга эга бўлган мўминлар имонлари ва солиҳ амаллари учун Фирдавс жаннатига ҳақдор бўладилар. Фирдавс жаннатининг фазли ҳақида Пайғамбар алайҳиссаломдан шундай ҳадис бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирса, намозни тўкис адо этса ва Рамазон рўзасини тутса, Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қиладими ёки ўз туғилган ерида ўтирадими, уни жаннатга киритиш Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақ бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, унда одамларга хушхабар бермайликми?» дейишди. У зот: «Жаннатда юзта даража бор бўлиб, Аллоҳ уларни Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчиларга тайёрлаб қўйган. Ҳар бир даражанинг ораси осмон билан ер орасичадир. Аллоҳдан сўрасангиз, Фирдавсни сўранглар, чунки у жаннатнинг қоқ маркази, жаннатнинг энг олийсидир», дедилар» (Бухорий ривояти). Бошқа бир ривоятда шундай келган: «Менимча, «Унинг тепаси Раҳмоннинг Аршидир. Жаннат анҳорлари ўшандан отилиб чиқади», (ҳам деганлар)».

"Тафсири Ирфон", Мўминлар сурасидан

Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий