loader
Foto

Арманлар геноциди ҳақидаги сохта ва асоссиз иддаолар

 АСЛИДА НИМА БЎЛГАН ЭДИ

 Тарихдан маълумки, 1915 йил 24 апрелида Ўсмонли салтанатида бирорта ҳам армани ўлдирилмаган эди. У куни, Биринчи Жаҳон уруши авжида Усмонли қўшинлари орқасида саботаж уюштиришда айбдор деб топилган «Гнчак» ва «Дашнакцутюн» террорчи ташкилотлари фаолларини ҳибс этиш тўғрисидаги фармон чиқарилган эди, холос.

 Султон Меҳмет Ришод V ва унинг аъёнлари, саркарда Жамол пошшо, ҳарбий вазир Анвар пошшо ва ички ишлар вазир Талъат пошшо даврида, Биринчи Жаҳон урушининг Россия ва Усмонли ўртасидаги 1914 йил декабрида ҳамда 1915 йил январининг охирида юзага чиққан машҳур Сариқамиш жангида Усмонли армияси таркибидаги армани аскарларининг хоинлиги, руслар томонига ўтиб кетгани аниқ-равшан исботланди[1].

 Антанта бўйича иттифоқдошлар 1915 йил 18 мартида рус ҳукуматига Чаноққалъа операцияси муваффақиятли тугаган тақдирда Константинополь ва Қора денгиз бўғозлари Россияга топширилишини маълум қилди[2]. Шу вазият ва келишув муносабати билан Усмонли империяси раҳбарияти 1915 йил 24 апрелида саботаж айбдорлари, «Гнчак» ва «Дашнакцутюн» фаолларини ҳибсга олиш қарорини қабул қилди. Бу вақти армани миллатпарастлари Шарқий Анатолияда ташқи кучлар кўмагида Усмонли қўшинлари ортида террор ва қўпорувчилик ҳаракатлар (диверсиялар) уюштириш учун қуролли отрядлар тайёрлай бошлади. Бунинг натижаси ўлароқ Усмонли ҳукумати исёнчи арманиларни Кавказ фронтидаги уруш ҳудудидан кўчириш қарорини қабул қилди. Бу акция 1915 йил 27 майида бошланди. Арманиларни кўчиришда Усмонли ҳукумати қуйидаги масалаларга жиддий эътибор қаратди:

 ·         Кўчаётганларнинг барча мол-мулки уларнинг эгаларига қайтарилиши лозим (Усмонли халифатининг «Кўчганлар мол-мулкини қайтариш тўғрисида»ги қонуни);

 ·         Кўчаётганларни жиноий тўдалар ҳужумларидан ҳимоя қилиш («Муҳожироат асослари тўғрисида»ги қонун).

 Кўчирилаётганлар ҳақида қайғурар экан, султон махсус фармон билан уларга ўзларининг кўчириш мумкин бўлган мулкларини олишга рухсат этди. Уларни олиб кетиш учун транспорт тақдим этилди. Мол-мулк эса баҳоланиб, унинг нархи арманиларга тўлаб берилди, лекин келажакда улар ўз жойларига қайтишни истаса, уларнинг кўчмас мулки ҳам қайтарилиши мумкинлиги эътироф этилди. Аскарлардан бирови кўчирилаётганларга зиён етказган тақдирда, у ҳарбий трибуналга тортилиб, оғир жазога дучор бўлиши белгиланди.

 1915 йил воқеаларини армани миллатпарастларининг провокацион мақсадларда ўзи келтириб чиқарганини таъкидловчи муаллифлар ҳам кам эмас. Биринчи марта провокация тезиси Уильям Лангернинг «Империалзим дипломатияси» («The Diplomacy of Imperialism») китобида кўрсатиб ўтилди: «Арманиларнинг инқилобий етакчилари уларнинг хатти-ҳаракатларидан келиб чиққан армани халқининг кулфатлари армани масаласига диққатни қаратади деб ўйлар эди»[3].

 Англиялик тарихчи Уолтер Лакернинг хабарига кўра, «Армани террорчилари 1914 йилгача бўлган даврда Туркиянинг шарқий қисмида Биринчи Жаҳон уруши йилларида халқининг бошига тушган фожиага сабабчи бўлди»[4]. Уолтер Лакер «Террорчилик даври» китобида қайд қилиб ўтади: «1880 ва 1890-йилларда армани инқилобчилари уларнинг туркларга ҳужумлари шафқатсиз қасосга олиб келишига, бу эса, ўз навбатида армани халқининг радикаллашувига ва Ғарб мамлакатларининг интервенциясига сабаб бўлишига умид боғлар эди»[5].

 Провокация ҳақида 1977 йили Стенфорд Шоунинг ишида ҳам таъкидланган: «Қирғин арманиларнинг провокациясига, гнчакчилар Анатолиянинг олти вилоятида социалистик армани республикасини тузишни, у ердаги барча мусулмонларни депортация қилиш ёки ўлдиришни режалаштирганига жавоб эди»[6].

 Усмонли салтанатидаги кўп йиллик фаровонлиги эвазига дашноқлар Кичик Осиё ва Жанубий Кавказ туркларига қарши амалга оширган хунрезликлари ҳақда ХХ аср бошида армани тарихчиси А.А. Лалаян шундай ёзган эди:

 «Кўнгилли ҳаракати («Дашнакцутюн») шу билан тавсифланадики, қонхўр хмбапетлар[7] (Андраник пошшо, Амазасп ва бошқалар) бошчилигидаги дашноқ отрядлари турк аёллари ва болалари, кексалар ва хасталарни қириб ташлаш ишида максимал даражада ”жасорат” кўрсатар эди (Усмонли салтанатига қарашли Шарқий Анатолияда). Дашноқ отрядлари эгаллаган турк қишлоқлар тирик одамлардан озод қилинар ва афт-турқи бузиб ташланган жасадларга тўла вайроналарга айлантирилар эди. Шу тариқа, дашноқ кўнгилли ҳаракатининг якунларидан бири ўн минглаб меҳнаткаш туркларнинг йўқ қилиниши бўлди»[8].

 Биринчи Жаҳон уруши воқеалари миллионлаб инсонларнинг ҳалокатига сабабчи бўлгани рост. Ахир бу шафқатсиз уруш эди. Замонавий туркиялик тарихчилар, публицистлар ва жамоат вакилларининг мақола ва китобларидан, шунингдек, Туркия Республикаси ҳукуматининг расмий баёнотларидан тушунарлики, расмий Анқара 1915 йилги воқеаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилганлигини инкор этмайди, лекин провокацион тўқнашувлар уюштирувчиси ва айбдорлари ким эканлигини тафтиш йўли билан аниқлаштиришга чақириб келади. 

ЁЛҒОННИНГ БОШЛАНИШИ

 Охирги юз йилдан буён турли даражаларда 1915 йили Усмонли салтанатида арманиларнинг ёппасига қирғин қилинишининг исбот-далили сифатида Усмонли салтанати ички ишлар вазири Меҳмет Талъат пошшонинг гўёки 1913 - 1917 йилларга оид телеграммалари келтирилади. Уларда вазир гўёки «арманиларни йўқ қилишга буйруқ берган» эмиш, ҳозирги кунда ҳам ушбу ёлғон иддао дунёга жар солиниб келинмоқда.

 Гўёки, турклардан Европага қочиб келган армани қочқини Арам Андонян, Усмонли салтанатининг давлат хизматкори бўлиб ишлаган кезларида мазкур телеграммаларни қаерлардандир топиб олган эмиш. Арам Андонян ушбу сохта телеграммаларни Усмонли давлати томонидан арманилар оммавий қирғин қилинганлигининг исботи тариқасида бутун дунёга ҳамжамияти кўз ўнгида жар сола бошлади. Бу сохта телеграммаларнинг расмларини 1919 йили «Наимбекнинг хотиралари. Арманиларнинг кўчирилиши ва қатлиом этилиши ҳақида Туркиянинг расмий ҳужжатлари» (The Memoirs of Naim Bey: Turkish Official Documents Relating to the Deportation and the Massacres of Armenians. London, 1919) китобида чоп этди[9]. Кейинги йили эса у қалбаки ҳужжатларни Парижда, француз тилида «Арманилар қатлиоми юзасидан расмий ҳужжатлар»(Documents Officiels Concernantles Massacres Armenienns. Paris, 1920) номи остида эълон қилди. АҚШда бу ҳужжатлар «Оғир жиноят, арманилар қатлиоми ва Талъат пошшо имзолаган ҳужжатлар» деган сарлавҳа билан бир неча газета ва журналларда ҳам нашр этилди. Кейинчалик бу сохта телеграммаларнинг расмлари такрор Ғарб Оммавий Ахборот Воситаларида пайдо бўлди, арманипарастлар ва ёлланма журналистлар томонидан кенг тарғиб этилди.

 Албатта бу телеграммалар айни пайтда мутахассисларнинг ҳам диққатини ўзига жалб қилди ва шубҳа-гумон уйғотди. Шунинг учун Ғарбда бир неча Усмонли амалдори судланганда трибунал Андонян материалларини далил сифатида қабул қилмади. Ҳатто Британия ташқи ишлар вазирлиги мазкур масалада ўз текширувини ўтказиб, телеграммалар қалбаки эканлигини аниқлади.

 Берлин криминалистика бюроси ҳам худди шундай хулосага келди. Хулосада таъкидланишича, «тақдим этилган ҳужжатлар ёзилган қоғоз ҳам, у ёзилган тил услуби ҳам Усмонли салтанатига хос деб топилиши мумкин эмас». Бу телеграммаларнинг қалбаки эканлиги алла қачон исбот этилганига қарамай ҳалигача ўртада адоват чиқариш учун важ сифатида кўрсатиб келинмоқда.

 Арам Андонян ўз иддаоларининг ўринли эканлигини исботлаш учун, ростдан ҳам Усмонли салтанати ички ишлар вазири Меҳмет Талъат пошшо арманиларни ўлдиришга буйруқ берганини тасдиқловчи ҳужжатларни, телеграммаларнинг аслини (оригиналини) далил сифатида бирор марта ҳеч кимга ва ҳеч ерда намойиш этмаганлиги кўпчиликни таажубга солиб қўйди. Кейинчалик, орадан 18 йил ўтгандан сўнг, 1937 йили Арам Андонян гўёки унинг қўлида тургани эътироф этилган 50 та телеграмма ва икки мактуб тўсатдан, ғайритабиий равишда йўқолиб қолганлиги маълум қилди.

 Криминалистлар бу ҳужжатларнинг сохта эканлигини илмий йўллар билан аниқлади. Шунга қарамай, миллатпарастлар бугунги кунга қадар Арам Андоняннинг сохта телеграммаларини оғиз кўпиртириб эсга олади, мазкур «телеграмма»ларда бир олам хато ва фактик ноаниқликлар борлиги уларни ташвишга солмайди.

 

 Криминалистларнинг аниқлашича:

  ·         Матн услуби ва саналари;

 ·         Мусулмон анъаналарини билмаслик. Телеграммаларда «Бисмиллоҳ» калимаси нотўғри ёзилган;

 ·         Усмонли салтанатида истеъмолда бўлган тақвимни билмаслик ёки яхши билмаслик.

  Яна бир қатор бошқа сохталиклар Арам Андоняннинг ўзининг бошида калтак бўлиб синди. Масалан, телеграммалардан бирини Талъат пошшо гўёки Ҳалаб волийси Мустафо Абдулҳолиққа жўнатгани айтилади. Қизиғи, телеграммада кўрсатилган санадан келиб чиқиб қаралса, у пайти Ҳалаб волийси бошқа амалдор - Бакир Сами бўлгани аниқланади. Бу сохтакорликнинг миси чиқишининг сабаби Европада ишлатилган тақвим билан Усмонли салтанатида истеъмолда бўлган тақвим орасидаги тафовутни билмасликдан келиб чиққан хато оқибатида аниқланди.

 Андонян материаллари ҳақида гап кетганда, туркиялик олимлар Шиноси Ўрал ва Сурайё Южанинг «The Talаt Pasha ‘Telegrams’: Historical Fact or Armenian Fiction?» («Талъат пошшо ‘телеграммалари’: тарихий фактми ёки сохталик?») номли тадқиқотига эътибор қаратиш зарур. Улар Арам Андонян материалларини ўрганиш натижасида британиялик ва германиялик мутахассисларнинг хулосаларини такрорлади.

 Арам Андоняннинг сохтакорлиги австриялик ёзувчи, Усмонли салтанатидаги арманилар тарихига бағишланган «Мусодоғнинг қирқ куни» романининг муаллифи Франц Верфелни ҳам адаштириб юборди. Арманиларнинг чўпчаклари ишонувчан австриялик адибнинг шубҳа-гумонларини уйғотмади. Аксинча уни

 1933 йили нашрдан чиққан Ф. Верфелнинг китоби катта шуҳрат қозониб, жаҳоннинг 34 тилига таржима қилинди. Афсуски, бу Ғарб жамоатчилигига ташланган навбатдаги хўрак эди. Орадан йиллар ўтиб, холис тадқиқотлар Мусодоғда содир бўлган реал фактларни очиқлади.

 «Мусодоғнинг қирқ куни» китобида тасвирланган воқеалар Ф. Верфелга унинг ишонган дўсти, армани епископи Венада ҳикоя қилиб берган уйдирма бўлиб чиқди. Ҳатто арманипарастлар ҳам буни инкор қилмади. Китоб муаллифи ўзи ёзган масалани махсус ўрганмаган, уни йўлдан оздирган ахборот берувчига ишониб қўйган эди, холос. Барчага маълумки, агар биров «idee fixe» ҳимоячисига айланса, у исботлаб бўлмайдиган нарсани исботлаш, бошқаларни бунга ишонтириш учун ҳамма нарсага тайёр бўлади.

 Шу боис армани миллатпарастлари, шунингдек, уларни қўллаб-қувватлайдиган бир қатор Ғарб мамлакатлари «1915 йилги армани геноцидини тан олиш» мавзусини тарғиб қилиш мақсадида ўша йиллар архив ҳужжатларидан иборат «Мовий китоб»ни чоп этди[10]. Факсимиле шаклидаги бу нашр матн транслитерацияси ва инглиз тилига таржимасидан иборатдир. Китоб «армани геноциди»ни исботлашга қаратилган бўлса ҳам, унда келтирилган кўпгина материаллар, аксинча, 1915 йилги воқеаларнинг армани талқинини инкор этади. Дарвоқе, бу китоб ҳам бир неча бор чоп этилди ва айрим олимлар ва публицистлар томонидан фальсификат сифатида баҳоланди.

 Шуни қайд этиш муҳимки, «Дашнакцутюн» фаолияти ҳақидаги тарихий ҳақиқат академик даражада исботланган бугунги кунда миллатпарастлар бунинг тескарисини исботлашга уринмайди, балки таҳдидлар билан ҳақиқатни ҳикоя қилишга йўл қўймайди, шунинг учун ҳам Ф. Верфель умрининг охирига қадар ҳаётидан қўрқиб, уни Мусодоғдаги воқеалар юзасидан алдашганини очиқ айтишга журъат эта олмай оламдан ўтди.

 ТАРИХИЙ ҲАҚИҚАТГА ҚАРШИ ИШЛАЁТГАН ЁЛҒОН

Хўш, нега айнан 24 апрел куни Арманистонда умуммиллий фожиа ва мотам куни ўлароқ нишонланади?

 1915 йил 25 апрелдаги Чаноққалъа ғалабасининг нишонланиши Биринчи Жаҳон уруши даврида инсониятнинг улкан ва маънисиз йўқотишларга учрагани ҳақидаги тарихий хотирани сақлашга хизмат қилади. Лекин, Чаноққалъа жангининг жаҳон тарихида тутган ўрнини пасайтириб кўрсатиш учун дунё бўйлаб армани диаспораларида ғалати кампаниялар ташкил қилиш ишлари бошланиб кетади.

 Усмонли салтанатининг 1915 йил 25 апрелида Чаноққалъа жангида Антанта давлатлари устидан қозонган ғалабасинининг Туркия Республикасида кенг нишонланиши туфайли бу воқеага нисбатан салбий муносабатдаги айрим сиёсатчилар ушбу воқеанинг самараси ва тарихий қийматини тушириш ҳаракатларини ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда.

 Бу кампанияларнинг асосий тезисларига кўра, гўёки 1915 йил 24 апрелида Усмонли салтанатида истиқомат қилувчи арманилар давлат томонидан ёппасига қатлиомга дучор этилганмиш, яъни армани миллатига нисбатан «геноцид» уюштирилганмиш.

 Туркия Республикасини Биринчи Жаҳон уруши давридаги 1915 йилги воқеаларда айбдор деб кўрсатиш мақсадида ушбу воқеаларни армани халқининг мотами сифатида кенг миқёсда нишонлашга қаратилган улкан тадбирлар уюштирилиши ақл бовар қилмайдиган ҳодисалардан биридир.

 Таъкидлаш жоизки, Биринчи Жаҳон урушидан ўрин олган Чаноққалъа (Галиополи, Дарданелл) амалиёти давомида Буюк Британиянинг йўқотишлари, ҳалок бўлганлар, ярадорлар ва бедарак йўқолганлар билан бирга 119 минг 700 кишини, Франциянинг йўқотишлари эса 26 минг500 кишини ташкил қилди. Усмонли салтанати 186 минг кишисидан айрилди. Туркия Республикасининг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк Британия аскарларига ёдгорликнинг очилиш маросимида: «Улар шу заминда ўз ҳаётларини қурбон қилганларидан сўнг улар бизнинг фарзандларимизга айланди», деган эди. Ушбу жангда ғолиб бўлиб, зафар қозонган саркарданинг самимият ва олийжаноблилик билан айтган сўзлари унинг умуминсоний қадриятларга нисбатан ҳурмати қай даражада эканлигини кўрсатади. Орадан неча йиллар кечган бўлсада Туркия зиёлилари Отатуркнинг ушбу иборасига садоқатини сақлаб келмоқда.

 Албатта, Биринчи Жаҳон уруши авжига чиққан пайтда Шарқий Анатолияда, яъни Усмонли салтанати ичкарисида қотиллик ва талончилик воқеалари кузатилган эди. Тарихшуносликда бу ҳақда етарлича маълумотлар бор. Лекин, ташқаридан дастакланган исёнчи гуруҳларлар қилган қотиллик ва зўравонликларни ва бунга қарши кўрилган ҳаддан ташқари куч ишлатиш чораларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Ўз-ўзидан, бу воқеаларни «геноцид» деб тан олиб, фақат бир томонни айбдор, бошқа томонни эса жабрланувчи қурбон қилиб кўрсатиш, бунда исбот-далил тариқасида сохта ҳужжатларни кўрсатиш ҳеч бир ҳуқуқий меъёрга тўғри келмайди. Аксинча бу ғайриинсоний ҳаракат, инсофсизлик, ёлғон ва провокацион хатти-ҳаракатгина бўлиши мумкин.

 ***

 Бутун жаҳон ҳамжамиятининг номидан гапиришни иддао қилаётганларнинг Биринчи Жаҳон уруши пайтидаги ихтилофда қатнашган томонларнинг христиан тарафига алоқадор бўлган фақат арманиларнигина руҳий ёки сиёсий қўллаб-қувватлаши, хусусан армани халқини этник-конфессионал адолатсизликнинг «романтик қурбони» қилиб кўрсатиб, кўз кўз қилишлари ҳозирги Туркия Республикасини айбдор ва гуноҳкор қилиб ҳисоблаш учун аргумент, далил ёки исбот бўлиб хизмат қила олмайди. Бу ҳатти ҳаракатлар, фақатгина белгланган бир гуруҳ аъзоларининг ўз сиёсий мақсадларига эришиш йўлида қилинган оддийгина провокацион тадбири ўлароқ тавсифланиши мумкин.

 МИЛЛИЙ ЖАЗАВАГА АЙЛАНТИРИЛГАН МАСАЛА

 Ўсмонли давлатига қарши олиб борилган провокацияларнинг ташкилотчилари кимлар эканлиги Европа тарихидан яхши маълум. Бу кампаниялар амалда ўз ғаразли мақсадларини биринчи ўринга қўювчи ва «хўжайин»ларининг манфаатига хизмат қилувчи зиддиятпарастлар ва ихтилофчиларни яратишни ўргатувчи ўзига хос тўгарак вазифасини ҳозирги замонавий дунёмизда ҳам давом этмоқда.

 Мусулмонларга, асосан туркийларга қарши уюштириладиган кампанияларнинг айёрона амалёти шуни кўрсатади-ки, ташқи кучларнинг арманилар ҳаётига ва уларнинг ички дунёсига аралашувидан келиб чиқадиган вайронкор моҳиятни ҳар хил ҳуқуқий ва куч ишлатар тизимлар кўмагида йўқ қилиш зарур эканлигини тасдиқлайди. Зеро бундай провокациялар мавжуд бўлган зиддиятлар ва низолар ҳал этилишига эмас, балки турли этник-конфессионал гуруҳларга мансуб инсонлар истиқомат қилаётган муайян бир минтақада арманилар билан бўлган ихтилофларнинг янада авж олишига олиб келади ва, улар қаерда яшашидан қатъий назар, бечора авом арманиларнинг руҳий дунёсини йўққа чиқариб уларнинг кўнглида атрофдаги мусулмонлар ва туркларга нисбатан адоват ва душманлик туйғуларини тарбиялашга хизмат қилади.

 Тарихий қадриятларни қайтадан баҳолашга жонбозлик кўрсатиш арманилар орасида ксенофобия кайфиятларининг ўсишига олиб келди. Этник арманилар истиқомат қиладиган мамлакатларда экстремистик, миллатпараст шиорларнинг ҳамда туркийларга қарши чақириқларнинг пайдо бўлишига туртки бериб келмоқда.

 Сохта ғоялар негизида яратилган турли сиёсий технологияларни фойдаланган ҳолда оддий арманилардан террорчиларни ясашда қўлланиши мумкинлигига бутун дунё ҳамжамияти гувоҳ бўлган. Қизиғи шундаки, бунинг авжи Туркия, Озарбайжон ва Гуржистонга нисбатан эртаклар асосида ҳудудий даъволар илгари сурилиши билан намоён бўлмоқда. Бу жараёнлар билан бир маромда адоватга, ғазабга, жаҳоннинг барча туркийларига нисбатан нафрат тарғиботига тўла ғайриилмий даъволар ҳам давом этмоқда.

 Афсонавий характерига қарамай, сунъий яратилган душман образи шу пайтга қадар арманиларни туркларга қарши этник нуқтаи назардан сафарбар қилишнинг қудратли қуроли бўлиб қолмоқда, шунингдек, армани халқининг христиан динига асосланган маънавий ва маърифий маданиятини бузиб, қасосни, қотилликларни, мусулмонлик ва туркийлик рамзи бўлган ҳамма нарсани йўқ қилишни тарғиб қилиб келаётганлар ҳозирги кунда ҳам йўқ эмас. Бу адоват ва ихтилофга бошловчи сохта ғоялар ва ғайриилмий даъволар жуда мудҳиш оқибатларга олиб келгани тарихдан маълум.

 Армани халқининг ўзига хос тарихи ва тақдири, унинг зиммасида ўзгача миссия тургани ҳақидаги афсона ўйлаб топилди. Арманишунослар мияларида туғилган бу ғоя Усмонли салтанатининг сиёсий рақиблари бўлмиш Европа давлатлари томонидан ғаразли мақсадларда юксакларга кўтарилди. Натижада бундай онг ўйинлари оддий арманиларнинг ҳаётини мутлақ беъманилик ва абсурдга олиб келди, тарихий хотира эса «афсонавий ва буюк арманилар» ҳақидаги эртакка айланди.

 Тарих ғилдирагини тескари айлантиришга ҳаракат қилиб, юз ёки минг йил олдин ўтиб кетган мудҳиш ва фожиали воқеалар арманиларга нисбатан турклар томонидан амалга оширилганини иддао қиладиганлар тинч яшаётган халқлар ўртасида адоват, низо ва ихтилофлар чиқишининг асосий сабабчилари бўлишди.

СОВЕТЛАРНИНГ РАҲНОМАЛИГИ 

1964-1965 йилларда СССР Олий Кенгаши Президиуми раиси, яъни расман мамлакат президенти бўлган А.И. Микояннинг саъй-ҳаракатлари билан Совет иттифоқининг кўпгина масъулиятли мансабларини унинг қавмдошлари эгаллади. Табиийки, у Биринчи Жаҳон уруши пайтида 1915 йили Шарқий Анатолияда рўй берган воқеаларни армани халқининг фожиаси сифатида СССРда умумдавлат миқёсига кўтаришга ҳаракат қилди. Совет режими миллий тарихга, алоҳида халқ маданиятига бўлган илиқ муносабат ва муҳаббат ифодасига қарши бўлиб, буни қоралар, бундай қараш тарафдорларини эса «миллатпарастлар» деб эълон қилар, кейинчалик эса тегишлича жазо чораларини кўрар эди, лекин, шу билан бир қаторда, совет миллий сиёсатида арманиларга бўлган тушунарсиз ва ғалати мехр-муҳаббат кўзга ташланарди.

 1965 йилдан Арманистон ССРда аксилтурк кайфиятларининг авж олиши расман рағбатлантирила бошланди. Арманилар ва озарбайжонлар ўртасидаги ихтилоф алангаланиб, Арманистондаги озарбайжонларнинг сиқувга олинишига сабаб бўлган бош омиллардан бири 1965 йили республика миқёсида «армани геноциди» 50 йиллиги шиори остидаги тантаналарни нишонланиши бўлди.

 Армани лоббичилари фақат СССР, кейинчалик эса постсовет майдони билангина чекланиб қолмади. Масалан, 1945 йили «АҚШ арманиларининг миллий кенгаши» ташкилоти Арманистон ССРга «Туркия ноқонуний эгаллаб олган ҳудудлар»ни қайтариш талабини илгари сурди[11].

СССРда коммунистик раҳбарият «1915 йилдаги армани қурбонлари хотираси»га бағишлаб тадбирлар ўтказиб, шу йўл билан умумиттифоқ миқёсида ушбу воқеага қизиқиш уйғотди. Совет режимининг олдинги йилларида бу воқеалар иттифоқ таркибидаги бирорта республикада маълум эмас эди. Бир йил давомида - қарор чиққан кундан бошлаб 1965 йил 24 апрелига қадар ОАВ ва нашриётлар бир йўналишдаги фаолият билан - аксилтурк, аксилозарбайжон тарғиботи, провокация ва таҳдидлар билан машғул бўлди. Узоқ йиллар давомида яширин фаолият юритган «Дашнакцутюн» партияси айнан шу йилларда очиқ ҳаракатга ўтди. Яъни, 1965 йилда дашноқлар фаолиятининг кенгайишига баҳона «армани геноциди»нинг 50 йиллиги нишонланиши бўлди.

 1965 йил 23 апрелида Ереванда геноциднинг 50 йиллиги муносабати билан ўтказилган 400 минг кишилик митинг, унинг иштирокчилари қўлида кўтариб юрган плакатлар миллатпарастлик руҳи қай даражага етиб борганини яққол кўрсатди. Плакатларда акс этган ёзувлар диққатга сазовор: «Ғарбий Арманистон (Анатолия) Арманистон таркибида бўлиши керак», «Тоғли Қорабоғ бизники», «Нахчивон - Арманистон ери», «Арманилар, 1915 йил учун қасос вақти келди, бирлашинг!» ва ҳ.к.

 «Армани геноциди»нинг 50 йиллиги дашноқ партиясининг аъзоларидан бири, озарбайжон халқининг ашаддий душмани ва жаллоди Андраник Торосович Озанян туғилган сананинг 100 йиллигига тўғри келди. Озарбайжон халқининг тарихий хотирасида Андраникнинг номи бу ҳудудларда совет ҳокимиятининг ўрнатилиши йилларида озарбайжон халқини норасида гўдаклари, кексалари ва аёлларини ўлдирган шафқатсиз жаллод қиёфасини гавдалантиради. Шунга қарамай, Арманистон раҳбарияти, мазкур кайфиятлар ва тарихий фактларни бир четга суриб қўйиб, яна ўша А. Микояннинг кўмагида Андраникнинг юбилейини нишонлашга рухсат олишга муваффақ бўлди. Республикадаги барча газеталар, шу жумладан, озарбайжон тилида чиқадиган «Совет Арманистони» ҳам «армани халқи қаҳрамони» Андраникнинг юбилейини нишонлади.

 1965 йил 20 апрелида, 1915 йил воқеаларининг 50 йиллиги арафасида армани лоббиси олис Лотин Америкасида, Уругвайда №13.326 сон ҳужжатнинг қабул қилинишига эришди. Унда мана бундай сўзлар бор:

 «Келаётган 24 апрель 1915 йилнинг ўша куни ўлдирилганларнинг хотираси ҳаққи ҳурмати «Армани жафокашлари хотираси куни» деб эълон қилинсин. Давлат радиохизмати станциялари бу куни ўз дастурининг бир қисмини армани халқи шарафига қайта кўриб чиқиши лозим. Жамоат хизматида бўлган армани фуқаролари кўрсатилган куни ишга келмасликка ҳақли. Монтевидео минтақасининг 156-мактаби «Арманистон мактаби» деб аталсин.

 Сенат раиси - Мартин Эхегойен.

 Котиб - Хосе Пастор Салванач».

 Бу воқеалар Туркиянинг НАТОга қўшилиши ҳамда расмий Москванинг чегарадош армани аҳолиси орасида эътироз руҳини кўтаришга бўлган интилиши билан боғлиқлиги шубҳасиз. Бу ишлар армани диаспораси таъсири остида, совет раҳбариятининг ёрдами билан амалга оширилди.

НАТИЖА ВА АҲВОЛ 

Аллақачон мавжудлигини битирган Усмонли салтанатига нисбатан сохта айбловларнинг ошкор айтилиши ва замонавий Туркия Республикасига йўналтирилиши бугунги туркий тилли халқлар ва давлатларга нисбатан ҳам адоват оловини ёқиши мумкинлиги ва унга ҳам ёғ сепиб туриши кўзда тутилгани эҳтимолдан ҳоли эмас.

 Айниқса сиёсийлашган тарихчиларнинг ва армани миллатпараст шовинистларининг Тоғли Қорабоғ можароси туфайли бошлаб юборган аксилозарбайжон фаолияти сохта ва ғайриилмий даъволар билан қўллаб-қувватланиши аслида беозоргина айбсиз бир хато бўлмай, тизимли ва қўрқинчли характерга эга бўлган сиёсий технологиядир.

 Ёрқин аксилтурк тарғиботидан иборат бўлган ҳаракатлар нафақат Туркия ва Озарбайжон туркларига қарши қаратилган, балки глобал миқёсга эга ва махсус адабиётларда кўпгина жаҳон мамлакатларида қайд этилади[12]. Миллатпараст шовинистларнинг бу айбловлари гирдоби нафақат Туркия ва Озарбайжонни, балки Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон ҳамда Россия Федерацияси қўли остидаги турк мухториятлари - Татаристон, Бошқирдистон, Болқор, Қорачой, Нўғой, Тува, Саха-Ёқутистонни ҳам ўз ичига тортиб кетмоқда. Санаб ўтилган этносиёсий тузилмаларда асосан туркийлар истиқомат қилиши ҳаммага яхши маълум. Қайд этиб ўтиш керакки, замонавий дунёда кўпгина туркий халқлар нафақат Туркия ёки Озарбайжонда, балки ўзларининг мустақил давлатида ёки мухторият мақомига эга тузилмаларида истиқомат қилиб келади. Тарихий ва этник нуқтаи назардан туркий халқлар ягона илдизга бориб тақалишига қарамай, халқаро муносабатларда уларнинг ҳар бири замонавий сиёсатнинг у ёки бу масалалари бўйича ўз нуқтаи назарига эгадир.

 XXI асрда этник ва диний характердаги халқаро террорчилик ўзгача моҳият касб этиб, ўта хавфли палласига кўтарилди. Халқаро террорга қарши кураш янада муваффақиятли бўлиши учун унинг туғилиши ва мавжудлиги сабабларини қидириб кўриш талаб этилади. Бугунги кунда Марказий Осиё республикаларида ва Кавказда «армани масаласи» ёки «армани-турк зиддияти» билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий ўйинларни эътиборга олиш керакки, ушбу муаммонинг келиб чиқиш сабаблари ва омиллари ҳақида тасаввурга эга бўлиш зарур.

 Прагматик мулоҳазалардан келиб чиқилса, ҳатто «1915 йилги армани геноциди» деган уйдирма ҳам расмий Ереван томонидан орқа планга ўтказилиши ёки тамоман унутилиши мумкин. Агар чин дилдан чиқаётган ният бўлса, самарадор ҳамкорлик учун ижобий ҳамкорлик нуқталарини топиш мумкин. Шубҳасиз, дўстлик ва аҳил-иноқ қўшничилик жамият гуллаб-яшнашининг кафолатидир!

 Лекин, афсуски бугунги кунга келиб, расмий Ереван, турли ғайриилмий даъволарга ва сохта ғояларни яратишга харажат қилишдан маълум даражада манфаатдор эканлиги сезилмоқда. Замонавий дунёда миллатпараст сиёсатчиларнинг хатти-ҳаракатларини ҳамда Арманистонда мавжуд бўлган ҳукмрон режимнинг конъюнктур манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Биринчи Жаҳон урушидан мерос бўлиб қолган тарихий жараёнларнинг асл моҳиятини бузишга бўлган интилиш ҳаракатлари халқаро ҳукуқ тизимининг анъанавий қадриятларига қарши зиддиятларни келтириб чиқариши аниқ. Айнан шу вазият жаҳондаги кўпчилик олимларни, сиёсатчилар ва давлат арбобларини ташвишга солмоқда.

ХАЛҚАРО ҲУҚУҚ МЕЪЁРЛАРИ

 Қурбонлар ҳар қандай урушнинг энг аянчли оқибатларидан биридир, аммо бошқа нарса ҳайратланарли. Бугунги кунга қадар расмий Ереван тескари йўналишда ҳаракат қилмоқда. Бу демаршга халқаро ташкилотлар ва Ғарб мамлакатлари ёрдам бермоқда, улар ўз манфаатлари йўлида форумлар ва конференциялар ўтказиб, уларнинг қарорларида Туркия Республикасидан 1915 йилги воқеаларни «армани геноциди» сифатида тан олишни талаб қилади.Мислсиз иштиёқ ила «геноцид» ҳақидаги мақолаларини чоп этаётган муаллифлар наҳотки бу атама қаердан ва қандай пайдо бўлганини билмаса...

 Юридик нуқтаи назардан «геноцид» атамасининг ўзини 1915 йил воқеаларига нисбатан қўллаш нотўғридир, негаки «геноцид» истилоҳи 1943 йили яҳудий аслли польшалик юрист Рафаэль Лемкин томонидан ишлатилган эди.

 Маълумот учун.

 «Геноцид» атамаси расмий халқаро юридик мақомга Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг, 1948 йил декабрида «Геноцид жиноятининг олдини олиш ва унинг учун жазолаш тўғрисидаги конвенция» билан эга бўлди. Бу инсониятга қарши энг оғир жиноятни билдирувчи тушунча ва детерменативга айланди. Шунинг учун юридик ва мантиқий нуқтаи назардан ушбу атаманинг 1915 йилга воқеаларга нисбатан қўлланилиши унчалик тўғри бўлмайди назаримизда.

 Юқорида тилга олинган конвенция атаманинг ретроактив қўлланилишини назарда тутувчи бандларга эга эмас. Аксинча, конвенция унинг мақсади «мажбуриятларни фақатгина шундай жиноят иштирокчиларига ва фақат келажакда, конвенция амалга киритилганидан сўнг юклаш»дан келиб чиқади. Шу туфайли ҳам «геноцид» атамасининг ретроактив қўлланилиши, яъни уруш йиллари, Биринчи Жаҳон уруши айни авж палласида эканлигида рўй берган воқеаларга таъриф бериш учун ишлатилиши ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ҳисобланмайди. Зеро бу воқеалар конвенция кучга киришидан муқаддам содир бўлган. Мазкур ҳуқуқий нуқтаи назарнинг мазмуни жаҳон юриспруденцияси амалиётидаги кўплаб ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топган. Одатда қонуннинг терс кучи қўлланиши қонунийлик принципларига мувофиқ ҳисобланмайди, ҳатто ҳуқуқий давлат юриспруденциясида ҳам, халқаро ҳуқуқшуносликнинг жаҳон тажрибасини-ку айтмай қўяқолайлик.

 Демакки, Биринчи Жаҳон уруши йилларида Усмонли салтанати фуқоралари ўртасидаги муносабатларда юзага келган ички низоларнинг оқибатлари «армани геноциди» деб тан олиш ва бунинг оқибати ўлароқ узоқ 1915 йилда рўй берган воқеалар учун жавобгарликни замонавий Туркия Республикаси зиммасига юклаш нафақат ҳуқуққа, балки мантиққа ҳам зиддир.

 

 Шуҳрат Саломов БАРЛОС

 



[1] Никольский В.П. Сарыкамышская операция: 12-24 декабря 1914г. София, 1933г.; Корсун Н.Г. Сарыкамышская операция. - М.: Воениздат НКО СССР, 1937. - Б.146; Мартиросян Д.Г. Саракамышская операция (12-24 декабря 1914г.) // Военно-исторические исследования в Поволжье. Выпуск 7. Саратов, 2006. Б.55-65

[2] Шацилло В.К. Первая мировая война 1914-1918: факты, документы. Москва, 2003. Б.107.

[3] Langer, William L., The Diplomacy of Imperialism, 1890-1902 (New York: Alfred A.Knopf, 1951).

[4] Walter Laqueur. The New Terrorism: Fanaticism and the Arms of Mass Destruction. Oxford University Press US, 2000, Б.47

[5] Walter Laqueur, Arnaud Blin, Edward Schneider, Kathryn Pulver, Jesse Browner. The history of terrorism: from antiquity to al Qaeda. University of California Press, 2007. P.50

[6] Stanford J. Shaw, Ezel Kural Shaw. History of the Ottoman Empire and Modern Turkey. - Cambridge University Press, 1977. - Vol. 2. Reform, Revolution, and Republic: The Rise of Modern Turkey 1808-1975. - P.548

[7] Хмбапет-тўда бошлиғи.

[8] Лалаян А.А. Контрреволюционный «Дашнакцутюн» и империалистическая война 1914-1918гг. РВ, М., 1936, Б.92-93.

[9]Маълумот учун эслатиб ўтамиз, Усмонли салтанатида “турк” дефинициясирасмий ҳужжатларда ишлатилмас эди. “Турк” деб қишлоқ халқи, “мусулмон” деб эса шаҳарликлар аталарди. Усмонли бўлмаганлар, шу жумладан, арманилар “миллат деб аталган.

[10] James Bryce (Author), Arnold Joseph Toynbee (Author), Ara Sarafian (Editor). The Treatment of Armenians in the Ottoman Empire, 1915-1916: Documents Presented to Viscount Grey of Falloden by Viscount Bryce «The Blue Book» Taderon Pr; Uncensored edition 2000.

[11] Шнирельман В.А. Войны памяти. Мифы, идентичность и политика в Закавказье. М., 2003, Б.60.

[12]Қаранг: Величко В.Л. Кавказ. Русское дело и междуплеменные вопросы. СПб.1904; Шавров Н.Н. Новая угроза русскому делу в Закавказье: предстоящая распродажа Мугани инородцам. СПб,.1911; Раззаков Ф.И. Бандиты времён социализма. Хроника российской преступности. 1917-1991. М.,1997; Он же. Бандиты времён капитализма. Хроника российской преступности. 1992-1995. М.,1997; Кузнецов О.Ю. История транснационального армянского терроризма в ХХ столетии: Историко-криминологическое исследование; Баку, 2014; Лурье С.В. Армянская политическая мифология и её влияние на формирование внешней политики Армении и Нагорного Карабаха. // http:// etnopsyhology.narod.ru/; Маккарти Дж., Маккарти К. Тюрки и армяне. Руководство по армянскому вопросу. Пер. с англ. Баку, 1996; Файгл Э. Правда о терроре. Армянский терроризм - истоки и причины. Пер. с нем. Баку, 2000; Ришардо Ж.-П. Армяне, чего бы это ни стоило. Пер.с франц. М., 2008; Коппитерс Б. Федерализм и конфликт на Кавказе. «Московский центр Карнеги», М., 2002, № 2; Каземзаде Ф. Борьба за Закавказье (1917-1921). Пер.с англ. Стокгольм, 2010; Гусейн-заде Р.А. Кавказ и армяне. Баку, 2014; Он же. Коллизии на Кавказе. Историчекие очерки. Баку, 2013; Вердиева Х.Ю., Гусейн-заде Р.А. «Родослованая» армян и их миграция на Кавказ с Балкан. Баку, 2013.