Албатта, сен яхши фазилатлар билан сифатланишни хоҳлайсан, чунки бу муҳаббат шартларидандир. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатларида содиқ бўлиб, ҳамма молларини ул зот учун инфоқ қилиб, у кишининг сифатлари билан сифатландилар, борликдаю йўқликда у кишига шерик бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга зоҳирий ва ботиний, ошкора ва яширин мувофиқ юрдилар. Сен ёлғончи эса солиҳларга муҳаббатни даъво қиласан. Улардан динор ва дирҳамларингни беркитасан-у, лекин уларга яқин бўлиб ҳамсуҳбат бўлишни хохдайсан. Сен оқил киши бўл, сенинг бу муҳаббатинг ёлғондир. Маҳбуб маҳбубидан бирор нарсани беркитмайди. Маҳбубига ҳар нарсада таъсир ўтказиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат қилиб фақир бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мени яхши кўрган кишига фақирлик сув пастликка тез оққани сингари тез етади».
Оиша розияллоху анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орамизда бўлганларида, дунё бизга тор ва қийин эди. Вақтики вафот қилганларидан кейин молу дунё бизга қўйилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўришнинг шарти фақирлик, Аллоҳ таолони яхши кўришнинг шарти балоларга сабр қилишдир». Баъзи олимлар айтадилар: «Аллоҳ таоло бандаларига балони пайдар-пай жўнатади, токи ёлғон, мунофиқлик, риёкорликлари билан Аллоҳга муҳаббат даъво қилмасликлари учун». Сен бу ёлғон даъвойингдан қайт. Агар ростгўй бўлсанг, бошингни хатарга солма. Акс ҳолда бизларга эришма.
Илон ва йиртқич билан ўйнашма, чунки у иккови сени ҳалок қилади. Агар ҳийлакор бўлсанг, илонга яқинлаш, куч-қувватинг бўлса, йиртқич олдига бор. Аллоҳнинг йўли ростгўйликка, маърифат нурига олиб боради. Маърифат қуёши ростгўйлар қалбида кўриниб, кечаси ҳам йўқолмайди.
Эй фарзанд! Аллоҳдан юз ўгирувчи мунофиқлардан узоқлаш. Ақлингни ишлат. Дунё аҳлига кўп ҳам яқин бўлма, чунки улар кийим кийган бўрига ўхшайдилар. Сен фикр ойнасини қўлингга олиб, унга назар қил. Аллоҳдан у ойнада ўзингни ва бошқаларни кўрсатишини сўра. Дарҳақиқат, мен сизлар халқ ва Холиқ хабарини бердим. Бас, инсоният ҳузуридан ёмонлик, Аллоҳ ҳузуридан яхшиликни топдим.
Эй Аллоҳим! Уларнинг ёмонлигидан бизларни саломат қил ва дунёю охиратда Ўзингнинг яхшилигинг билан бизни ризқлантир.
Эй инсонлар, мен сизларнинг фойдангизни хоҳлайман. Сизлардан оладиган нарсам ўзим учун эмас, сизлар учундир. Мени ҳузуримдаги маъруф нарса ҳалол касб қилиш ва Аллоҳ азза ва жаллага таваккул этишдир. Мунофиқ, риёкор, Раббини эсдан чиқарувчилар интизор бўлганларидек, мен сизлар олиб келган нарсага интизор эмасман. Мен ер аҳлини: «Ақлли бўлинглар, менга қаттиқ гапирманглар. Албатта, ёмонларингиздан яхшиларингизни Аллоҳнинг тавфиқи билан ажрата оламан», дея даъват қиламан. Агар нажот топишни хоҳласанг, менинг йўлимда ғайратли бўл, ҳатто мен сенинг нафсингни, ҳавойингни, табиатингни фориғ қиламан.
Раббингиздан ушбу душманларнинг ёмонлигидан паноҳ сўранглар. Сабр қилган киши ёрдамга эришади. Офатлар жуда кўп бўлиб, уларнинг манзили бирдир. Касаллар кўп, табиб ягона. Эй нафси касал кимсалар, нафсингизни Табибга топширинг, унинг сизларга кўрсатган кўрсатмаси учун ёмонламанг. У сизларга ўзларингиздан кўра меҳрибонроқдир. Дарҳақиқат, сизлар дунё ва охиратда унинг яхшилигининг барчасини кўрдинглар. Инсонлар доимий сукут, тушкунлик ва қўрқинчдалар. Агар уларда юқоридаги сифатлар мукаммал бўлса ва ана шунда бардавом бўлсалар, қиёмат куни жомодотлар гапиргани каби гапирадилар, яъни, рухсат берилган ўринда сўз-лайдилар, берилса, оладилар, уларнинг қалблари фаришталарнинг қалблари билан бирлашади.
Аллоҳ таоло фаришталарни: «Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, (фақат) ўзларига буюрилган нарсани қиладиган... (Таҳрим, 6) дея сифатлаган. Уларнинг манзиллари эса, Аллоҳни ва илмини танишда фаришталардан юқори бўлади. Фаришталар уларнинг ходимлари ва эргашувчилари бўлиб, уларга хизмат қиладилар. Чунки ҳикмат уларни қалбларига тўкилгандир. Қалблари нафслари ва аъзоларига келадиган офатлардан омондадир. Аммо фаришталарники бундай эмас. Агар уларнинг мартабаларига эришмоқчи бўлсанг, Ислом ҳақиқатини маҳкам тут. Зоҳирий ва ботиний гуноҳларни тарк қил, тақвони, шариат доирасидаги зоҳидликни, Аллоҳни фазли билан беҳожат бўлишни, Унинг фазлида бўлишни ва Унга яқинлашиш билан бошқалардан беҳожат бўлишни қаттиқ ушла. Сен Унинг қурбати билан ёрдам сўрасанг, сенга унинг фазли кўпаяди ва сен учун раҳмат, лутф эшигидан бир қисм очилади. Агар сенга дунёнинг мол-мулки берилса, уни охиригача ўринли сарфла. Бу эса тақволари билан Аллоҳнинг илми етган сиддиқ ва авлиёларнинг сифатидир. Ундан бошқа нарсада фойда топмадилар, дунёга ҳам берилмадилар, чунки Аллоҳ таоло уларни қурбатлари, Ундан талаб қилганликлари учун яхши кўради. Кўпчиликка дунё бериб қўйилса, Аллоҳнинг хизматидан юз ўгириб, дунё билан қолиб кетади. Кимнинг зоҳидлиги комил бўлиб, Аллоҳнинг хизматидан тўхтамаса, бошқа нарсаларга парво қилмай, ер хазиналари берилса ҳам, қайтариб юборади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Эй Аллоҳим, мени мискин ҳолатда тирилтир ва вафот қилдир, мискинлар билан бирга ҳашр қил» (Имом Термизий, Байҳақий, Ҳоким ривоятлари).
Зоҳидлик яхши қувват, фақат киши ўз ризқидан кечмоқликка қодир эмас. Мўмин киши ҳирси енгиллигидан фойда топади, очкўзлик қилмайди, шошилмайди ва қалби билан барча нарсалардан зуҳдда бўлади, лекин сира юз ўгирмайди. Буюрилган нарсалар билан машғул бўлиб, насибаси уни четлаб ўтмаслигини билиб, уни талаб қилмайди.
Эй фарзанд, Сен Аллоҳнинг йўлига осон бошлайдиган имонга муҳтожсан. Бу йўлда сени собит қилиб олиб борадиган ишончга ва охиратда эса имонга муҳтож бўласан. Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ илм талаб қилган дастлабки вақтларида ҳамёнларида 500 динор пуллари бор бўлиб, уларни сарфлаб таълим берардилар. Уларни қўллари билан бир-бирига уриб айтардилар: «Агар бўлмаганингда биз илм талаб қила олмасдик», - деб. Илм ҳосил қилиб қолган пулларини ҳаммасини бир кунда камбағалларга тарқатиб юборардилар ва: «Агар осмон бирор томчи ҳам ёғмайдиган темирга, ер гиёҳ чиқмайдиган саҳрога айланса ҳам, агар ризқим ҳақида қайғурсам, мен кофирлардан бўламан», - дердилар.
Сен касбни ва имонинг кучли бўлишича олиб борадиган сабабга боғлан. Барча пайғамбарлар сабабдан мусаббабга ўтиб, касб қилдилар ва фарз амалларни бажардилар. Ишларининг боши ва охирида таваккул қилган сабабларга суяндилар, шаръан ва моҳиятан таваккул ва касб қилиш ўртасини жамлаганлар.
Эй маҳрум инсон, одамлар қўлидаги нарсаларга таваккул қилиб, қўлингдаги касбингни алмаштирма. Улардан ҳеч нарса сўрама. Қадар неъматини тафаккур қил, акс ҳолда Аллоҳ таоло сендан ўч олади ва Ўзидан узоқлаштиради. Касбни тарк этиш ва тиланчилик қилиш Аллоҳ таолонинг бандасига бўлган уқубатидир. Сулаймон алайҳиссалом подшоҳ бўлатуриб, қўлларида мамлакат туриб касб қилардилар.
Эй йигит! Нафсингни шаҳват ва лаззатлардан тўс, уни покиза таомлар билан таомлантир. Покиза нарса ҳалол, ҳаром эса нажасдир. Аллоҳим, бизни Ўзингни танийдиганлардан айла!
Шайх Абдулқодир Жийлоний
"Фатҳур Раббоний" китобидан