loader
Foto

Ислом. Моллар тақчиллиги. Нархлар ошиши. Фақирлик

Мен бу мавзуда юртошларимиз қандай қилиб бундай инқирозли вазиятга тушиб қолганига тўхталиб ўтмоқчи эмасман, мақсадим бошқа. Мен баъзи богерларининг инқироздан чиқиш учун ўртага ташлаётган таклифларига диққатингизни қаратишни сўрар эдим. Уларнинг айтишича, бундай оғир замондан омон чиқиш учун энг зарурий озиқ-овқат маҳсулотларига давлат ўзи нарх белгилаши керак эмиш.

Бироқ, улар давлатнинг нархларни назорат қилиш сиёсати қандай оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини унутган кўринади. Хусусан, бу билан бирга аҳолининг энг тадбиркор қисмларининг иқтисодий фаоллиги сустлашади, бозорда керакли моллар тақчиллиги юзага келади, ноқонуний тижорат гуллаб-яшнайди ва нархлар янада кўтарилиб кетади. Шундай қилиб, мавжуд шароитда бундай қарор қабул қилиш самара бермайди, бунинг ўрнига катта зарар келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳам бу ерда бошқача қарор қабул қилиш керак. Шу ўринда мен сизнинг дунёқарашларингизни янада кенгайтириш мақсадида, диққатларингизни масалага оид бўлган исломий фиқҳ манбаларига қаратмоқчиман.

Бу билан сиз Исломни нафақат маълум бир мафкуравий доктрина сифатида, балки давлат ва жамиятни, хусусан иқтисодий соҳаларни ҳам тартибга соладиган қонуний тизим эканини кашф қиласиз, деб умид қиламан. Бунга ўхшаш ҳолат инсоният тарихида кўп марта содир бўлган, хусусан Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом даврларида ҳам бўлган. У зот Аллоҳнинг хоҳиши билан пайғамбар қилиб жўнатилганига иймон келтирган эканмиз, пайғамбаримиз қабул қилган қарорлар аслида Аллоҳ томонидан буюрилганига, Роббимизнинг буйруқларини бажариш эса инсонларнинг муаммоларини ечишда энг тўғри йўл эканини билишимиз лозим.

Ислом товарлар тақчиллиги ва нархлар ошиб бориши вазиятида нима қилишимизга буюради?

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар: «Эй, Аллоҳнинг Расули, нарх кўтарилиб кетди, бизга нархни белгилаб беринг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг Ўзи нарх белгиловчи, тутувчи, кенг қилувчи ва ризқ берувчидир. Мен эса сиздан бирортангиз ҳам мендан на қон ва на молда зулм даъво қилмаганингиз ҳолимда Аллоҳга рўбарў бўлишни хоҳлайман», дедилар». ( Аҳмад, Абу Довуд, Тирмизи ва Ибн Можа, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган).

Яъни, нархларни белгилаш билан давлат ўз фуқароларининг молига, маошига, даромадига нисбатан зулм қилган бўлади.

Кўриб турганимиздек, бу муаммодан чиқиб кетиш учун тўғри қарор эмас.

Шундай экан, товарларга нархларни арзонлаштириш учун, уларни савдо расталарида кўпайтириши шарт, бу ўз ўрнида тижорий тармоқлар ўртасида табиий рақобатни юзага келтиради, шу билан товарлар тақчиллиги ва бунинг ортидан юзага келадиган нархларнинг қимматлашуви муаммоси бартараф қилинади.

Эслатиб ўтаман, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳазрати Умар халифалиги даврида шунга ижмо қилишган (уларнинг ижмоси фиқҳнинг бир манбасидир). Ислом давлати ҳудудларининг бирида қурғоқчилик, тақчиллик, нархларнинг қимматлашуви юз берганда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу нонга маълум бир нарх белгилаб қўймаган. У мазкур минтақага қўшимча маҳсулотлар етказиб беришии ташкил қилган. Шу билан бирга, нархлар табиий шаклда аҳолининг кўпчилиги учун мақбул бўлган бир даражага келган.

Виждонсиз ва бор дарди, ўй-хаёли максимал даромад кўриш бўлган тижорий тармоқлар бугунги воқелигимизда нормал қабул қилинадиган бўлди. Товарлар етарли бўлса ҳам, бошқалар билан олдиндан келишиб олган ҳолда товарларни қимматлаштириш ёки маълум бир товарларга сунъий тақчиллик ташкил қилиш, яъни уларни ёппасига сотиб олиш, сўнг бу товарлар тақчиллиги юзага келиб, нархлар максимал қиммат бўлишини кутиб, ушлаб туриш менежмент санъати дейиладиган бўлди. Соғлом рақобат, фантастикага айланиб бормоқда, ҳолбуки, унинг йўқлиги нафақат истеъмолчиларга, балки давлат хазинасига ҳам катта зарар келтиради, ахир.

Бу масалага ҳам Исломнинг иқтисодий тизимидан жавоб топиш мумкин.

Масалан, «Муъаммар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набийимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким эҳтикор қилса, ўша-хатокордир», дедилар». (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган)

Монополия - эҳтикорнинг маъноси халқнинг ҳаёти учун зарур бўлган нарсаларни сотиб олиб, ўз вақтида сотмай, сақлаб қўйиб, қиммат нархда сотишдир.

Эҳтикорни дин нуқтаи назаридан мамнуъ, макруҳи таҳримий, ҳаром ва ҳатто гуноҳи кабира жумласидан, дейилган. Адолатли давлат қонунларида ҳам бу манъ қилингандир.

Бозорларда баъзи сабабларга кўра нарх-наво кўтарилиб туради. Табиий, сарф-харажатлар ортгани сари, нархлар ҳам кўтарилаверади. Аммо, бозор хоинлари, миллат виждонсизларининг ўз шахсий фойдаси учун қилинган ҳаракатлар натижасида баҳолар табиий кўтарилишдан ҳам ошиб кетиши, халқнинг ташвиш ва изтиробга тушишига сабаб бўлиш, халқнинг энг зарур кундалик эҳтиёжларини бирор ҳафталар сотмасдан ушлаб туриш, омборларидан чиқармасдан яшириб туришлари, молларни арзон-гаров сотиб олиб, қайта сотмасдан тутиб туришлар – буларнинг ҳаммаси бўлган ва бўладиган ишлардир.

Ибн Можа ва Ҳокимлар ривоятида эса шундай дейилган: “Четдан мол олиб келган ризқли ва баракотлидир. Эҳтикор қилувчи эса малъун, Аллоҳнинг раҳматидан бенасибдир”.

«Ҳозир эҳтикорчи—монополиячи шахслар, мафиялар, ширкатлар, халқаро ширкат ва бошқа тарафлар турли йўллар билан нархларни сунъий тарзда ошириш, бозорда фақат ўз молини қолдириб, у молни қандай бўлишидан қатъи назар энг юқори нархда сотиш йўлларини қидиришмоқда. Бунинг учун катта-кичик бозорлардаги молларни сотиб олиб, ўз нархини қўйиб сотиш, бозорга зўравонлик йўли билан ўзидан бошқани йўлатмаслик, турли қонунларни чиқариш каби чораларни ишга солишмоқда. Майда безори эҳтикорчилар бозордаги бегона сотувчини сиқиб чиқариш, унинг молини тортиб олиш ёки арзимаган баҳога олиб, қимматга сотиш билан шуғулланишмоқда. Эҳтикорчи ширкатлар эса пора бериб, турли ҳаром йўлларни ишга солиб ўз молини бошқалар ишлаб чиқармаслиги, бошқа юртдан олиб келиб сотмаслиги ҳақида қонун ва қарорлар чиқартириб олишлари мумкин. Шунинг учун ҳам баъзи юртларда эҳтикорга қарши антимонополия муассасалари ишга солинган”. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф)

Эҳтикорнинг ақлан қабиҳ иш, шаръан ҳаром амал, қонунан жиноят эканлигининг ҳам ҳикматлари шу бўлса керак!

Шундай қилиб, эҳтикор (монополия) Исломда тақиқланган экан, тижорий ташкилотларнинг бу тақиққа амал қилишини назорат қиладиган давлат муассасасига эҳтиёж бор. Монополияга қарши тузилган замонавий муассасалар ҳам айнан шундай маъмурий аппарат бўлиб хизмат қилади, яъни монополия ҳолатларини фош этади ва ҳолатни назорат қилиб туради.

Демак, товар тақчиллиги ва нархларнинг қимматлашиб кетиши муаммосини ечиш учун Исломнинг иқтисодий тизими қуйидаги қадамларни таклиф қилади.

1. Мамлакат ички бозорни керакли маҳсулотлар билан таъминлаш имкониятини топиш (икки йўл: бошқа мамлакатлардан импорт қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш).

2. Монополияга қарши хизмат нахларни олдиндан келишиб олган ҳолда қимматлаштириш, нархларни сунъий кўтариш ҳолатларини аниқлаши. Жамоат ташкилотлари билан фаол равишда ҳамкорлик қилиш.

3. Ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тўсиқ бўлаётган сабабларни бартараф қилиш.

Юқорида кўрсатилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ислом дини ўз қарорлари билан инсон, жамият ва давлат ҳаётининг бу томонини ҳам қамраб олган, деган хулосага келиш мумкин. Исломни айни шундай тушуниш ва унинг ҳуқуқий меросини замонавий дунёда қўллаш мақсадида тадқиқ қилиш билан биз кўплаб муаммолар ва нотўғри қарорлардан халос бўлишимиз мумкин.

Мусулмонларнинг муаммоларини тадқиқот қилиш маркази

Абу Муслим таржимаси