loader
Foto

ДАШНОҚЛАР ТУРКИСТОНДА

  ФОЖИАНИНГ БОШЛАНИШИ

Петрограддаги 1917 йилги октябр тўнтариши содир этилиши билан Фарғона водийсида большевикларнинг «инқилобий диктатураси» ўрнатилиши оқибатида дашноқлар учун Туркистоннинг бойликларига йўл очилди.

 1918 йил январь-февраль ойларида Қўқон ҳамда атрофдаги қишлоқларда дашноқлар томонидан талон-тарожларни амалга ошириш ва маҳаллий тинч аҳолини қирғин қилиш ишлари бошланиши билан, бутун Фарғона водийсида мислсиз шафқатсизлик ва қонхўрлик давом эттирилди.

 Большевиклар ва дашноқларга қарши биринчи жангда, Туркистон мухторияти миллий қуролли кучлари билан бир қаторда, Қўқоннинг оддий аҳолиси вакиллари ҳам иштирок этди. Болталар, чопқилар ва таёқлар билан қуролланган авом, ҳеч нарсага қарамай, жангчилар билан елкама-елка туриб уч кун давомида большевиклар ва дашноқларнинг ҳужумларини қайтариб турди. Қўқон шаҳри артиллериядан ўққа тутилди, шундан сўнг аксарияти дашноқлар бўлган талончилар Қўқоннинг эски шаҳар қисмига бостириб кирди ҳамда шаҳар ва атрофдаги қишлоқларни талон-тарож қилиб, тинч аҳолини ёппасига ўлдиришга киришиб кетди. Бир неча минг бегуноҳ инсон ҳалок бўлди[1].

 1918 йил 9 февралида (22 феврали) Қўқон шаҳридаги Рус-Осиё банки биносида большевиклар тарафидан тайёрланган томонлар ўртасидаги келишув имзоланди. Бу гўёки «Сулҳ келишуви» эди. Унинг шартларига биноан, Миллий қўшиннинг соғ қолган қисми Кичик Эргаш қўрбоши раҳнамолигида Қўқонни тарк этди.

 1918 йил бошида Қўқон Кенгаши раиси, арманилар гуруҳининг раҳбари Сааков бошчилигидаги дашноқлар пулемётлар ва артиллерия қуроллари билан Бачқир қишлоғига яқинлашди. Бу Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг биринчи етакчиси, қўрбоши Кичик Эргашнинг қишлоғи эди. Қишлоққа ўт қўйилди. Йўл-йўлакай ушбу жазо отряди, тирик қолган гувоҳларнинг билдиришича, «айбсиз, бемадад деҳқонларни отиб ташлар, қиз ва аёлларни камситар, уларнинг уй буюмларини тортиб олар эди».

 Дашноқлар отряди Қўқон тинч аҳолиси билан тўқнашувдан сўнг Сўзоқ қишлоғини эгаллаб, унинг аҳолисини отиб ташлади. Қизил армиянинг таркибида дашноқлар бўлган бошқа бир отряди Бозорқўрғон халқ исёнчилари билан жангга кирди, аммо чекинишга мажбур бўлди. Чекинар экан, улар йўлларида учраган қишлоқлик тинч аҳолини ўққа тутар ва йўқ қилар эди. 20 кун давомида шу атрофдаги барча қишлоқлар ҳужумга дучор бўлди, у ердаги мусулмон эркаклар, ёшидан қатъий назар, ёппасига қириб ташланди. Тирик қолиб, марҳумларни қабристонда дафн этаётганларгача ўлдириб юборилди. Дашноқлар қайта-қайта пайдо бўлар, омон қолган одамларни, ҳатто қишлоқдошларининг янги қазилган қабрлари устида жаноза ўқиётганларни ҳам ўлдирар эди[2].

 Ҳокимиятни эгаллаб олган большевиклар Туркистон мухторияти ҳукуматини тугатди. Мустақиллик тарафдорлари бўлган жадидлар ва уларнинг ҳаммаслаклари эса дашноқларнинг фаол иштирокида таъқиб қилинди. Маърифатпарвар жадидлар бошлаган демократик мақсадларни амалга ошириш жараёнини большевиклар узиб қўйди. Эндиликда «совет бошқарув шакли» аталмиш ҳилқат амалга кирган бўлиб, у бошқарувда жазолашнинг ҳар хил кўринишларига асосий ўрин берар эди. Бу тасодиф эмасди: большевикларнинг ўзлари мутлақ камчиликни ташкил этадиган ўлкадаги иқтидорини фақат мутлақ кўпчилик аҳолини ташкил этувчи мусулмонлар устидан зўравонлик йўли билангина сақлаб туриши мумкин эди[3]

МИСЛИ КЎРИЛМАГАН ҚАТЛИОМ

Большевиклар билан бирга дашноқларнинг Фарғона водийсидаги ҳукмронлиги бошланиши билан маҳаллий тинч аҳолининг озиқ-овқатлари ва мол-мулки талон-тарож қилиниб, оммавий шаклда қирғин уюштириш имкониятини ҳам очди[4]. Натижада мисли кўрилмаган очарчилик юзага чиқди.

 Дашноқлар, ўзларининг террор йўлида Фарғона водийсининг қишлоқлари ва шаҳарларида олдига дуч келган барча мусулмонларни ўлдирар, уларнинг уйлари ҳамда бозорлардаги расталарини талон-торож қиларди. Маҳалла ва қишлоқларга ўт қўйилди, талаб олинган улкан ўлжа эса темир йўл орқали Кавказга олиб кетиш осон бўлиши учун вокзалда тўпланар эди.

 1918 йил июнида большевиклар дашноқлар билан биргаликда Ўш шаҳрига ҳамла қилди. Ўша йилнинг декабрида улар Фарғона водийсининг шимолий қисмидаги Жалолобод шаҳрига яқинлашди. Дашноқ отрядлари қишлоқларга ҳужум қилар, мусулмон аёлларни тутиб, «ўлжа» сифатида Андижон қалъасига олиб кетар эди[5].

 Ўша қўрқинчли кунлар шоҳидларининг даракларига кўра, «Қўқон ўликлар шаҳрига айланган эди». Шифохона беморлар ва персонали билан биргаликда ёқиб юборилади. Қўқон пахта тозалаш заводининг 50 нафар ишчиси оила аъзолари билан бирга сўйиб ташланади[6]. Қўқоннинг ўн маҳалласида бутун аҳоли қириб ташланган эди. Бундан ташқари, қисқа вақт ичида Қўқон шаҳрининг 10 минг нафар тинч аҳолиси қириб ташланди. Дашноқлар аёлларни зўрлаб, гўдак болаларни тириклайин жодидан ўтказиб қийноқлар билан ўлдирарди[7].

 1918-1919 йиллар давомида дашноқлар тинч аҳолини қириш билан бир қаторда Фарғона водийсидаги деярли барча шаҳарларни вайронага айлантиришган. Уша даврларда фаолият кўрсатган маҳаллий зиёлилар томонидан чоп этилган «Улуғ Туркистон» газетасида айтилишича улар 180 дан кўпроқ қишлоқни вайронага айлантиришган. Қўқон шаҳрининг ўзида уч кунда 10 минг киши, Марғилонда - 7 минг, Андижонда - 6 минг, Наманганда - 2 минг, Бозорқўрғон ва Қўқон ўртасидаги қишлоқларда - 4,5 минг нафар тинч аҳоли вакилларини қириб юборди[8]. Айрим қишлоқлар аҳолиси бутунлай қириб ташлангани ҳақида хабарлар бор. Ҳозирги Қирғизистон ҳудудида жойлашган, эски Ўш шаҳрида 2 минг киши ўлдирилиб, болаларнинг таналари парчалаб ташланди. Чуст шаҳрида 1,5 минг тинч аҳоли вакили қириб ташланди[9].

 Туркистонда большевиклар топшириғига кўра дашноқлар томонидан ижро этилган «дашноқ-большевик террори» қурбонлари ҳақидаги маълумотлар архив материаллари билан тасдиқланади. Ўзбекистон миллий энциклопедиясида чоп этилган дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, уч ой ичида дашноқлар Фарғона водийсида 35 минг нафар тинч аҳоли вакилларини - аёлларни, кексаларни ва болаларни йўқ қилди[10]. Бу рақам - дашноқларнинг Туркистондаги уч ойлик террорчилик фаолиятининг натижаси. «Дашнакцутюн» йил давомида жиноятлар содир этди, кейин эса унинг вакиллари большевиклар сафларига сингиб кетиб, совет режими тўлиқ ўрнатилгунига қадар маҳаллий халқларнинг миллий озодлик ҳаракатини йўқ қилишда иштирок этди.

 Масалан, террор қурбонлари ҳақидаги тадқиқотларда, M.Буттинонинг синчиклаб ўтказилган статистик ҳисоб-китоблари Туркистон фожиасининг бутун миқёсини яққол кўрсатиб берди: «1915 йилдан 1920 йилгача бўлган даврда у ерда ишлов берилган ер майдони қисқариб кетди, уй чорваси миқдори 7,5 фоизга тушиб кетди, пахта етиштириш эса амалда тўхтади. Лекин турли ижтимоий гуруҳларнинг йўқотишлари ўзаро тенг эмас эди ва, агарда рус крестьянларида ишлов берилган ер ҳажми 28 фоизга, уй чорваси миқдори 6,5 фоизга қисқарган бўлса, ўтроқ маҳаллий аҳолида бу кўрсаткичлар тегишлича 39 ва 48 фоизни, кўчманчиларда эса 46 ва 63,4 фоизни ташкил этди. Ўлка аҳолиси сони ўша беш йиллик давр ичида 25 фоизга, қишлоқ аҳолиси 30 фоизга камайди»[11] Уша даврлардаги статистик маълумотларга кўра большевиклар бостириб келишидан олдинги Туркистон генерал губернаторлигининг аҳоли сони 9-10 миллион эди. Таъкидлаш жойизки большевиклар Бухора амирлигининг ҳам, Хоразм (Хива) хонлигининг ҳам тинч аҳолисини қирғин қилган эди.

 Тарихчиларнинг фикрига кўра, Ўрта Осиёда совет ҳокимияти ўрнатилган йиллари қурбонларнинг умумий сони 5-6 миллион кишини ташкил қилди[12]. Биргина Қўқон шаҳрининг аҳолиси 1897 йили 120.000 кишини ташкил қилар эди, 1926 йили эса бу кўрсаткич 69.300 гача қисқариб кетган. 

НОНКЎРЛИК ЁХУД КЎРНАМАКЛИК 

1918 йилги воқеаларда, нафақат Туркистон мухторияти ҳимоячиларининг асосий қисмини ташкил қилувчи ўзбеклар ёппасига қирғин қилинди, балки уша даврларда Фарғона водийсида истиқомат қилаётган бир қанча бошқа кичик жамоаларнинг аъзолари ҳам ўлдирилди. Асосий қотиллар ва талончилар бўлмиш дашноқлар, форслар, яҳудийлар ва ҳатто ўрусларни ҳам Туркистон мухторияти тарафдорлари сифатида айблаб, жинси ва ёшидан қатъий назар, қирғин қилар эди.

 Кейинчалик, бу хунрезликлардан ўзини оқлаш мақсадида Фарғона водийсидаги қирғин ва талончиликнинг фаол иштирокчилари бўлмиш дашноқлар жамоаси вакиллари, уларни зўравонликка мажбур қилган сабаб ўлароқ мусулмонлар томонидан уларга қарши эълон қилинган жиҳод бошланганини айтган[13]. Аммо бу ёлғон эди.

 Аслида дашноқлар, уларни хизматга олган большевиклар белгилаб берган вазифаларни бажаргани тарихдан маълум. Дашноқларга қарши жиҳод хавфи ҳақидаги баёнотлар ўта риёкор ҳаракат ҳам эди, негаки Туркистонда чоризм даврида кўчиб келган арманиларга нисбатан маҳаллий мусулмонлар меҳмондўст муносабатда бўлгани маълум.

 Фарғона водийсида истиқомат қилувчи армани жамоасининг деярли барча вакиллари - «баққоллар», «майфурушлар», «сартарошлар», «қассоблар» ва бошқа «савдо қатламлари» дарҳол большевикка айланиб қолди[14]. Масаланинг ҳайратланарли томони шундаки, айнан мана шу Россия империясининг Туркистон генерал-губернаторлиги даврида пайдо бўлган, яъни «Дашнакцутюн» партияси ва большевиклардан олдин Фарғона водийсига чоризм мустамлакачиларига эргашиб кириб келган арманилар айниқса жиддий фаоллик кўрсатди. Улар дашноқларнинг қуролли отрядларига қўшилиб, бутун бошли Фарғона водийсидаги шаҳарлар ва қишлоқларнинг барчасини кунпаякун қилиб, тинч аҳолига қарши оммавий қатлиомлар уюштиришди.

 Бир пайтлар босқинчи чоризм мустамлакачиларига эргашиб, Фарғона водийсига келган арманиларни маҳаллий халқ бағрини кенг очиб кутиб олган бўлсада, маҳаллий халққа нисбатан адоват ва салбий муносабатнинг юзага чиқиши большевик сиёсати ҳамда дашноқларнинг туркий мусулмонларга қарши вахшийона феъли билан тушунтирилади. Дашноқлар, ҳар доим ва ҳар қачон ўз манфаатини қидирар, туркий мусулмонларнинг мол-мулкига ва ҳаётига раҳна солишдан тап тортмас эди.

 «Дашнакцутюн»нинг баёнотларига кўра, Туркистонда содир этилган жиноятларнинг мотиви 1915 йилда Шарқий Анатолияда рўй берган воқеалар учун интиқом эмиш, аммо архив ҳужжатлари ва гувоҳларнинг шоҳидликларига қараганда, жиноятларнинг асл мақсади талончилик ва террор ҳисобидан бойлик орттиришдан бошқа нарса эмас эди. Чунки, Анатолия турклари минг йилча олдин Марказий Осиёдан кўчиб кетган қардош халқдир. Тарихий қариндошликни инобатга олмаганда, Биринчи Жаҳон урушига ҳам, Шарқий Анатолиядаги воқеаларга ҳам Жанубий Кавказ озарбайжонлари ва Туркистон аҳолиси мутлақо алоқадор эмас.

 Дашноқлар Фарғона водийсининг тинч аҳолисига қарши 1918 йил февралида ваҳшийликлар қилишга ундаган сабаб ва мотивлар ҳақида гапирар экан, қуйидагиларни таъкидлаган экан: «Биз бу кунни қимматбаҳо олмос мисоли йигирма ой кутдик»[15]. Ушбу маълумотни таҳлил қиладиган бўлсак, Фарғонада дашноқлар тинч аҳолини шу қадар шафқатсизлик билан ўлдиришлари, маҳаллий инсонлар гўёки арманиларга қарши қандайдир айб иш қилиб, қасос қурбонига айланаётгандек тасаввур ҳосил қилади. Дашноқларнинг ўзлари учун бу кунларни кутиш «қимматбаҳо олмос орзусига»га менгзаганини тан олиши эса қандайдир мавҳум қасосга, қонли интиқомга ишора эмас, балки хунрезликни ва одамкушликни тан олиш, эканлиги юзага чиқади. Албатта, дашноқларнинг Туркистондаги жиноятлари ҳақидаги баёнотларини ўрганиш ҳамда таҳлилдан ўтказиш диққатга сазовор хулосаларни беради ва ўз-ўзидан ўртада саволлар туғилади.

 1918 йил февралида Фарғонадаги қонли воқеалар рўй беришидан йигирма ой муқаддам Туркистоннинг маҳаллий аҳолиси арманиларга нима қилган экан?

 Фарғона водийси тинч аҳолиси 1916 йил ёзида арманиларга қарши нима гуноҳ қилган эканки, дашноқларнинг ақлларида қасос илинжи узоқ кутилган орзуга айланиб кетди?

 Ҳисоб-китобларга қараганда, 1918 йил февралидан йигирма ой муқаддам, бу эса 1916 йил июн-июль ойларидир, Туркистонда маҳаллий аҳолининг Россия империясига қарши кенг миқёсли қўзғолонлари давом этаётган эди. Тарихдан маълумки, Биринчи Жаҳон уруши фронтларидаги мураккаб вазият туфайли 1916 йил 25 июнида Николай II нинг «инородец»ларни фронт орқаси ишларига жалб қилиш юзасидан шоҳона фармони эълон қилинган эди. Бунинг натижасида Марказий Осиёда исён келиб чиқиб, ўн минглаб ва ҳатто юз минглаб одамлар қурбон бўлди ёки ўз уйларини ташлаб кетди.

 Хўш, Кавказдан Туркистонга 1918 йили етиб келган «Дашнакцутюн» партияси жангариларининг ўша олис 1916 йилги Туркистондаги воқеаларга қандай алоқаси бўлиши мумкин? Фарғона водийсининг тинч аҳолисининг, умуман арманиларга нима алоқаси бор?

 Маълумки, 1918 йилга қадар Туркистонда «Дашнакцутюн» партиясининг бўлинмалари йўқ эди ва унга қадар бу ердаги арманилар муваффақиятли савдогарлар саналар эди. Чор Россияси мустамлакачилари билан бирга Туркистонга келиб, шаҳарларда судхўр, баққол, савдогар, этикдўз, сартарош сифатида ишлаётган арманилар билан ерли аҳоли ўртасида бирон марта ихтилоф чиқмаган ва икки томон ҳам ҳеч бир зиддиятга бормаган эди. Нега унда дашноқлар Туркистон ерли аҳолисига мана шундай қонли тарзда «миннатдорлик» билдирди?

 Бу саволларга жавоблар излаш миллатпараст ва террорчилар бўлмиш дашноқларнинг Туркистон, Жанубий Кавказ ва Шарқий Анатолия тинч аҳолиси тақдирида ўйнаган ифлос ва қонли ролини янада яхшироқ тушунишга имконият яратиб беради.

 Туркистон тарихида дашноқларнинг, айнан маҳаллий тинч аҳолига нисбатан зўравонлиги ва даҳшатли жиноятлари билан боғлиқ мисоллар мавжуд[16]. Дашноқларнинг Туркистондаги «қаҳрамонликлари» ҳақида кўпгина тарихчи ва публицистлар ёзган. Лекин дашноқларнинг ҳарбий «жасорати» ҳақидаги гувоҳликлар нисбатан камроқ, булар асосан кичик тўқнашувлар, тасодифий воқеалардир. Масалан, дашноқ отрядлари Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг қуролли исёнчилари билан юзма-юз тўқнашувларга камдан-кам ҳолларда журъат қилар эди. Тўқнашувлар бўлган тақдирда ҳам, уларнинг аксарияти дашноқлар томонидан кичик қишлоқларнинг яғмо этилиши, гўдаклар, аёллар ва кексаларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ бўлганлиги кўзга ташланади. Ҳатто исёнчиларга қарши кичик тўқнашувларда ҳам дашноқлар ё қочиб кетар, ё асирга тушар эди. Бунга терс равишда, дашноқлар тинч аҳолини қатл қилгани ҳақидаги шоҳидликлар етарли. 

«БОЛЬШЕВИК» НИҚОБИДАГИ ЖАЛЛОДЛАР

 

 «Дашнакцутюн» ўз манфаатлари йўлида нафақат Туркистон мусулмонларига қарши жазо акциялари ўтказар, балки қизил армиянинг жанговар қисмларини шакллантиришда ҳам фаол иштирок этган эди.

 Туркистонга армани дашноқларни жойлаштириш масаласи конкрет лойиҳа асосида амалга оширила бошланди. Дашноқлар лойиҳасига биноан, Кавказда жойлаштирилган «инқилобий» армани қисмларини қизил армияга жалб этиш кўзланган эди, бунда улар армия таркибида ҳам ташкилий ва ахлоқий масалаларда маълум мустақилликка эга бўлиши режалаштирилган эди.

 Туркистон АССР Совнаркоми аъзоси, ҳарбий комиссар К. Осипов бу ҳақда очиқ-ошкор баёнот берди[17]. Айнан шу прапоршчик К. Осипов Туркистонга эшелонларда келган армани дашноқларининг хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштириб борди; кейинчалик у 1919 йил 19-21 январида Тошкентда аксилсовет ғалаёнини ташкил этди. Исёнчилар бошлиғи К. Осипов кечки пайтда телефон орқали Туркистон АССР раҳбариятини исёнчи 2-Сибирь полки ҳузурига чақириб, уларни ваҳшийларча ўлдириб юборди. Аммо К. Осипов ташаббуси билан бошланган аксилсовет исёни муваффақиятсиз якунланди - уни большевиклар отиб ташлади. Баъзи маълумотларга қараганда Британия ёрдамида Туркистондан олиб чиқиб кетилган, деган фаразлар ҳам бор.

 Дашноқлар ва большевиклар ўртасида ҳарбий кўмак масаласида қизғин музокаралар олиб борилди. Дашноқлар ҳарбий отрядларини қурол билан таъминлашда С.Г. Шаумян воситачилик қилгани кузатилмоқда. Дашноқларнинг бош етакчиси Сталинга илтимос билан мурожаат қилди: «Дашноқлар учун қурол масаласида ишни шундай тузишни сўрайманки, масаланинг узил-кесил ечими менга боғлиқ бўлсин. Конъюнктурага қараб барини шу ерда ҳал қиламиз. Мен уларнинг сиёсатида бирор ўзгариш бўлишини кутмаяпман, лекин улар бизга жойида боғлиқ бўлганлари яхши»[18].

 1918 йил мартида РСФСР миллий туманларининг кўпгина маҳаллий газеталарида РСФСР миллатлар ишлари бўйича халқ комиссари И.В. Сталин имзоси остида «армани инқилобий ташкилотлари кўнгилли отрядларини эркин шакллантириш ҳуқуқига эга»[19]лиги юзасидан тушунтириш эълон қилинди. Шундан кейин Қўқон фуқаролик ва ҳарбий маъмуриятидаги барча муҳим амаллар ва мансаблар арманиларга - «Дашнакцутюн» миллатпараст-шовинистик партияси аъзоларига тақдим этилди. Табиийки, улар «бир ёқадан бош чиқариб» ўз гуруҳ манфаатларини ҳимоя қилар, бунда ҳеч нарсадан тап тортмас эди. Уларнинг иштирокидаги ҳокимият қурол кучи асосига қурилган бўлиб, дашноқлар ўз қавмдошларини қуроллантирар, арманичилик манфаатларига эришиш йўлида ўзига хос ёпиқ армани «инқилобий» табақасини шакллантирар эди. Ушбу «элитар» гуруҳга бегоналарни киритишмас эди.

 Туркистон Компартиясининг биринчи съездида дашноқларга «Туркистон ўлкасидаги инқилобий ҳаракатдаги иштироки, большевикларга маҳаллий ҳокимиятни йўқ қилишда кўрсатилган фаол ёрдами, жангларда қатнашганлик ва маҳаллий мусулмон аҳолисига қарши жазо акцияларини амалга оширганлиги учун» расман миннатдорлик билдирилди.

 Жавоб сўзида «Дашнакцутюн»нинг ушбу съезддаги миннатдор вакили «арманилар ҳар доим совет ҳокимиятига ёрдамга келишга тайёр»лигини билдирди. У съезд минбаридан туриб хитоб қилди: «Қийин паллаларда биз сизларга ишонимиз, сизлар эса бизга ўзингизга ишонгандай ишонишингиз мумкин!» Туркистон Компартияси съезди билан бир пайтда «Дашнакцутюн» партия йиғини ўтаётган эди. Унда ҳам қуйидагича баёнот берилди: «Арманилар ҳар доим совет ҳокимияти тарафда бўлади!» Алоҳида қайд этилдики, «биз фақат шу йўл билан Туркистондаги армани жамоасини ва ўз ватанимиз Арманистонни бизга душман бўлмиш мусулмонлардан ҳимоя қила оламиз!»[20]

 Лекин, бунда дашноқлар айнан қайси «Арманистон»ни назарда тутгани аниқлаштирмаган. Гап шундаки, арманилар ҳеч қачон маълум бир ҳудудда истиқомат қилмаган. Ҳар сафар қандайдир виртуал «ҳудудни» Олд Осиёда маълум «Арманистон» деб эълон қиларди. Бундан ташқари, рус символизми асосичиси ва рус шеърияти «кумуш асри»нинг етук намояндаларидан бири Валерий Брюсов арманиларга 35-рақамли «Гуржистон Арманистони» атамасини совға қилди[21]. Бундай «Арманистон»лар сони 35тага етказилган: Биринчи, Иккинчи, Учинчи, Тўртинчи, Аршакий Арманистони, Буюк Арманистон, Византия Арманистони, Ички Арманистон, Шарқий, Баланд, Чуқур, Юнон Арманистони, Ғарбий Арманистон, Кавказ Арманистони, Киликия Арманистони, Кичик Арманистон, Месопотамия Арманистони, Нахарар Арманистони, Форсарманистон, Сатрапия Арманистони, Шимолий, Шимоли-Шарқий, Туркия Арманистони, Жануби-Ғарбий, Жанубий, Юстиниан Арманистони, яна - шунчаки Арманистон, Армани Месопотамияси, Армяни вилояти, Арманистон ташқарисидаги Арманистон, Армениак, Армина, Буюк Арманистоннинг катта қисми, Буюк Арманистоннинг бир қисми[22].

 Шунинг учун бу 35 «Арманистон» орасида миллатпарастлар ҳар сафар кераклисини топиб олиши талаб этилади. Бошқача айтганда, terra incognita (номаълум ер) бўлмиш ҳудуд ҳақида сўз очилади. Мазкур ҳайратланарли феномен - кўплаб «Арманистонлар» билан «денгиздан денгизгача Буюк Арманистон» мифологемаси билан боғлиқ. Унга кўра, «Ўрта Ер денгизи - Қора денгиз - Каспий денгизи» оралиғидаги улкан ҳудуд Туркия Республикаси, Шимолий ва Жанубий Озарбайжон, Грузияни қамраб оладиган ер, яъни оз эмас, кўп эмас, 1,265,188 квадрат километр ҳудуд арманиларга тегишли эканлиги иддао қилинмоқда. 

НИҚОБЛАР ОЛИНГАНДАГИ АСЛ БАШАРАЛАР

 

 Андижондан Туркистон Совнаркомига 1918 йил охирида юборилган ҳисоботларда «Дашнакцутюн» совет ҳокимияти ва мусулмонлар ўртасида ихтилоф келтириб чиқариш учун жавобгар эканлиги таъкидланади. Ҳужжатларда таъкидланишича, ушбу шаҳардаги «миллий» сиёсат учун жавобгар дашноқлар етакчиси эса бойвачча, виночилик корхонаси, кинотеатр ва бир нечта уйлар эгасидир[23]. Бу вақтга келиб Марказга маҳаллий комиссарлар мусулмонларни талон-тарож қилиб, шахсий бойлик орттираётгани ҳақида маълумотлар етиб кела бошлади. Кейинчалик Кобозев Ленинга «комиссарлар навбатма-навбат «тинчлантириш» мақсадида ҳужумларга олиб чиққан» Тошкент-Перовск отряди «бошида соф инқилобий бўлгани... аммо жуда тез айнигани» ҳақида ҳисобот берган эди. Унинг ёзишича, «Қўқон ва Бухоро ҳамлаларидан улар бир тўда аёллар, ўзлаштирилган пул, гилам, от ва бошқа буюмлар билан қайтди. Уларнинг бир қисми расман ғазначилик ва республика ҳукуматига топширилди, лекин кўп қисмини яширди»[24].

1919 йил февралида Туркистон миллий озодлик ҳаракатининг жанговар қисмлари Андижонда ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборди. Асосан арманилардан иборат маҳаллий гарнизон Андижон эски шаҳар аҳолиси зиммасига бунинг учун жавобгарликни юклади. Ушбу ёлғон баёнотдан сўнг бир ҳафта давомида арманилар жазо отрядлари маҳаллий аҳоли уйларида тинтувлар ўтказиб, унинг давомида қотиллик, талончилик ва зўравонликка қўл урди. Эски шаҳардан жуда кўп ёш қизлар олиб чиқилиб, араваларда Андижон қалъасига олиб кетилди[25]. Шунга қарамай, Фарғонада большевиклар ва дашноқлар ўзаро ҳамкорликни тўхтатмади. 1919 йил мартида Туркистон советлари фавқулодда съездида мусулмон делегатлари резолюция таклиф қилди. Унда «Дашноқ отрядларини дарҳол қуролсизлантириш ва тарқатиб юбориш, Қизил гвардияни жиноий унсурдан тозалаш» талаби қатъиян ифодаланган эди[26]. Вазият «Дашнакцутюн» фойдасига ўзгармаётган эди.

 Туркистон Марказий Ижроқўм (ТуркЦИК) Фарғона комиссияси аъзоси Турор Рисқулов Туркистондаги дашноқларнинг асосий кучлари жойлашган Андижонга етиб келди. У Андижондан туриб Тошкентга дашноқлар мусулмонларга нисбатан кўрсатаётган зўравонликлар юзасидан ҳисоботлар йўллади. Аниқланишича, Андижоннинг армани жамоаси қисқа вақт ичида совет ҳокимиятидан қурол-яроғ олган экан. Жамоа вакилларининг сўзларига қараганда, унинг ҳар бир аъзосида бештадан милтиқ, револьверлар, ўқ-дори ва ҳатто гранаталар бўлган. Коммунист мусулмонлар Туркистон Компартияси Мусулмон бюроси йиғилишида совет ҳокимиятининг «Дашнакцутюн» билан ҳамкорлигини кескин қоралаб, Фарғонадаги зўравонликларни зудлик билан тўхтатиш зарурлигини, мусулмон аҳолини коммунистлар томонига ўтказиш учун «қизил армия сафларини армани провокаторларидан тозалаш» зарурлигини уқтирди[27].

 Турор Рисқулов дашноқларнинг фаолиятига алоҳида урғу берган - у «Дашнакцутюн» Фарғона водийсининг тинч аҳолисига қарши уюштирган жиноятларини фош этган эди. Тарихий фактлар асосида, дашноқларининг Туркистондаги жиноятлари ҳақида «Исённи бостириш баҳонасида тўққиз кун давомида Қўқонда талончиликлар содир этилди. Ҳисоб-китобга уста дашноқлар дарҳол пул ишлаш илинжига тушди, ва шаҳар бафуржа “тозалаш”дан ўтказилди. Жумладан, Қўқонда дашноқлар келганидан сўнг арманиларнинг савдогар қатламлари ҳам тўсатдан ашаддий “инқилобчи”лар бўлиб чиқди ва, отряд таркибига қўшилиб, шаҳарни вайрон қилишга киришиб кетишди. Барча дўконлар кунпаякун қилинди, озгина қиймати бўлган ҳамма нарса омборхоналарга ташиб кетилди, қолгани ёқиб юборилди. Оммавий қотилликлар содир этилди. Андижонда исёндан сўнг “яна ўша дашноқлардан иборат гарнизон бутун эски шаҳарни айбдор қилди”, у ерда тинтув ўтказишга қарор қилинди. Тинтув бир ҳафта давом этди, унинг давомида талончилик, қотиллик ва зўравонликлар тинмади», дейилган маълумотлар Турор Рисқуловнинг «Революция и коренное население Туркестана» номли китобидаги «Что делали дашнаки в Фергане» бўлимида келтирилган.

 ЦК РКП(б) Россия Коммунистлар Партияси Марказий Кумитаси ҳам Туркистон рус коммунистларининг хатти-ҳаракатларини «мустамлакачиликка мойиллиги» ва маҳаллий мусулмонларнинг сиқувга олиниши туфайли танқид остига олди. Туркистон коммунистлари Мусулмон бюроси конференциясида «Дашнакцутюн» партиясига аъзо бўлган большевиклар арманиларнинг хатти-ҳаракатлари муҳокама қилинганидан сўнг Турор Рисқулов, Саъдулла Турсунхўжаев ва Низомиддин Хўжаевларнинг ташаббуси ва талабига кўра 1919 йил 16 июнида уларни қуролсизлантиришга буйруқ берилди[28]. Бир пайтнинг ўзида, дашноқлар қаршилик кўрсатиш учун вақт қозонмасликлари учун Туркистон Марказий Ижроқўми Комиссияси Фарғона водийси армани жамоасига қуролларни топшириш талабини етказди.

 Қизил армиячи дашноқлар ўз қавмдошларини қуроллантиришининг олдини олиш мақсадида Туркистондаги қизил армия қўмондонлигига уларни ўз сафларидан чиқариб юбориш топширилди[29]. Шу тариқа, ЦК РКП(б) ва коммунист мусулмонлар босими остида Туркистондаги совет ҳокимияти биринчи марта дашноқ отрядларини қуролсизлантириш ниятини изҳор этди. Бироқ дашноқлар қуролларини топширишдан бош тортар, мудофаа режаларини тузар эди. Шу билан бирга, уларнинг айримлари Туркистонни тарк этишга тайёргарлик кўра бошлади.

 Туркистон Марказий Ижроқўми назорати остида дашноқларни қуролсизлантириш буйруғи ижро этилди. Айғоқчиларнинг маълумотларига кўра Фарғона водийсидаги армани жамоаси вакилларида катта миқдорда қурол-яроғ ва ўқ-дори борлиги маълум эди. Қизил армиянинг фаол иштирокида «Дашнакцутюн» аъзолари ҳамда армани жамоаси вакилларининг уйларида тинтув ўтказилди. Қаршилик кўрсатган ва қурол топширишдан бош тортганлар ҳарбий трибуналга топширилиб, суд ҳукмига кўра отиб ташланди. Бу воқеалардан кейин Туркистон Компартияси Мусулмон бюроси съездида «Дашнакцутюн» тўдаларининг асосий қисми ўрнашган Андижон, Қўқон ва Скобелевда қуролсизлантириш якунлангани маълум қилинди[30]. Дашноқлар фаолияти ўлкада тугатилгач, маҳаллий арманиларга «Армани биродарлиги» ташкилотини тузишга рухсат берилди. Расман бу янги ва бошқа структура бўлишига қарамай, амалда у ўз фаолиятини Кавказга кўчириб, террор эпицентрини у ерда ўрнатишга улгурган «Дашнакцутюн» партияси билан алоқадорликда айблаб бўлмаслиги учун тузилган эди.

 Туркистон коммунист мусулмонлари янги армани ташкилотлари фаолиятини назардан қочирмас ва кузатиб борар эди. Бир йилдан сўнг қизил армиянинг Туркистон фронти қўмондони М.В. Фрунзега берган ҳисоботида унинг саркардаларидан бири, 2-Туркистон ўқчи дивизияси командири ўринбосари «Армани биродарлиги» «Дашнакцутюн»дан мутлақо фарқ қилмаслигини тан олиб, уни ҳам тугатишга чақирган эди[31].

 Тинч аҳолига қарши ғайриинсоний ва даҳшатли террор ҳаракатлари нафақат Фарғонада, балки бутун Марказий Осиёда, ҳокимият большевиклар қўлига ўтган ҳудудларда амалга оширилди. Туб аҳолига нисбатан этник тозалаш актлари узоқ йиллар мобайнида тизимли равишда амалга ошириб келинди. Архив маълумотлари ва гувоҳларнинг сўзларига таянадиган бўлсак, собиқ Россия империясининг чет ҳудудларида совет ҳокимиятининг ўрнатилиши ростанам даҳшатли оқибатларга олиб келди. Очарчилик ва ҳарбий ҳаракатлар қурбони бўлган тинч аҳолидан ташқари кўпчилик инсонлар ўз юртини ташлаб кетишга мажбур қилинди. 

ХУНРЕЗЛИКЛАРГА ҚАРШИ АЛАНГА

 

Дашноқлар томонидан Фарғона водийсидаги тинч аҳолига қарши уюштирилган қирғин ва хунрезликлари, мусулмон аҳолига нисбатан амалга оширган қатлиомлари туфайли маҳаллий аҳолининг ғазаби ўйғонди ва жавоб хатти-ҳаракатларини келтириб чиқарди. Бунинг натижаси 1918 йил баҳорида дастлаб Фарғона водийсида бошланиб, сўнг Туркистоннинг барча минтақаларига тарқалган кенг миқёсли миллий озодлик уруши бўлди.

 Кенг миқёсли ва даҳшатли қўпорувчилик ҳаракатлар халқ норозилигининг портлашига олиб келди, эндиликда ушбу ҳаракат Туркистон миллий озодлик ҳаракатидан большевикларга қарши чинакам ғоявий сиёсий, ҳарбий курашга айланиб кетди. Яъни Туркистон мухториятининг йўқ қилиниши ва маҳаллий аҳолининг дашноқлар томонидан қирғин қилинишига жавобан маҳаллий аҳоли орасида миллий озодлик руҳидаги партизанлик ҳаракати кенг қулоч ёзди. Бу жараён совет тарихшунослигида «босмачилик»деб аталди. Яъни, Ўз халқининг озодлиги ва мустақиллиги йўлида курашган, шарафига романлар яратилган, халқ ривоятлари тўқилган қаҳрамонларни большевиклар камситиб «босмачи» деб атар эди.

 Совет мустабит тизимига хизмат қилувчи ўз элимиздан чиққан сотқинлар ва келгинди шовинистлар томонидан ўйлаб топилиб, миллий норозилигимизга ва мустабит тизимга қарши курашган инсонларга ва ҳаракат намояндаларига ҳеч қандай асоссиз қўлланилган «Босмачи», «босмачилик», «бандитизм» ва «босқинчлик» сингари атамаларни ҳеч қачон халқимиз тўла тўкис қабул қила олмади. Шунинг учун, Туркистон Миллий Озодлик ҳаракати иштирокчиларининг истиқлолчилик ҳаракатларига нисбатан қандай ибора ёки қандай атама қўлланиш зарурлиги ҳақидаги масала Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қайта тиклаган даврнинг бошидаёқ, расмий жиҳатдан ҳал қилинди.

 Совет тарихшунослари томонидан ноҳақ айбланган ва «босмачи» атамаси билан белгиланган шахслар аслида миллат ори ва номуси йўлида курашган ўзимизнинг жасоратли ва мард йигитларимиз, улар биз учун «Миллий Қаҳрамонлар». Камситилиб, обрўсизлантириш учун «босмачилик» деб кўрсатилган ҳаракат аслида Ватан озодлиги ва халқ ҳуррияти учун олиб борилган мужодаладир. Бу кураш ва жанглар халқимизнинг Миллатпарвар ва Ватанпарвар намояндалари томонидан «Туркистон Миллий Истиқлолчилик Ҳаракати» ва «Туркистон Миллий Озодлик Ҳаракати» ўлароқ баҳоланади.

 «Дашнакцутюн» миллатпараст шовинистик партияси томонидан авж олдирилган кўп йиллик уруш натижасида Туркистонда миллионлаб маҳаллий аҳоли вакиллари қирилиб кетди. Уларнинг мутлақ кўпчилик қисми, табиийки, ҳеч қандай гуноҳи йўқ тинч аҳоли вакиллари эди.

 Совет тузуми тарафдорлари, Совнарком бошчилигидаги большевиклар ва дашноқлар Туркистонда ўлка туб аҳолисига нисбатан мустамлакачилик сиёсатини қайта ишга туширибгина қолмай, Россия мустамлакачилик тизимини такомиллаштирди ва Туркистонни янгича усулдаги мустамлакага айлантирди. Фақат номлар ўзгарди: Россия империяси Туркистон генерал-губернаторлигидан ўлка РСФСР даврида «Совет Социалистик Туркистон»га айланди, аммо унинг моҳияти, аввалгидай, мустамлакачилик бўлиб қолаверди. Қўпол куч ва зўравонликка асосланган бундай тузум ҳам собиқ Россия империяси ҳукмдор тоифаларига, ҳам янги ҳокимиятни қабул қилмаётган ўлка маҳаллий аҳолисига бирдай таҳдид соларди.

 1918 йилдан 1935 йилга қадар Туркистоннинг туб аҳолиси «босмачилар» сифатида қиличдан ўтказилди. Маҳаллий зиёлилар Сталин қатағони йилларида 1953 йилга қадар контринқилобчилар ва «пантуркчилар» сифатида йўқ қилиб келинди. Буларга 1941-1945 йилларда, Иккинчи Жаҳон урушида миллий кадрлар орасидаги йўқотишлар қўшилди. 1917 йил октябридаги тўнтаришдан сўнг Туркистонда рўй берган барча воқеаларни таҳлил қилиб, бир нарсани узил-кесил қатъий этироф этиш мумкин - большевиклар ҳамда уларнинг елкадошлари - дашноқларнинг Туркистондаги миллий сиёсати кўпроқ 1933-1945 йиллар Германиясидаги нацистлар сиёсатини эслатар эди.

 Совет ҳокимияти Туркистон миллий озодлик ҳаракатини бостириш мақсадида Фарғона водийсида мунтазам армиянинг охирги стандартлар бўйича қуролланган 260-270 минг аскаридан фойдаланган. Исён ҳаракатлари бостирилгач, 1935 йилдан 1939 йилга қадар ўн минглаб тинч аҳоли вакиллари отиб ташланди, зиёлиларнинг қолган-қутган қисми Сибирга, Узоқ Шарққа ҳамда Россиянинг бошқа шимолий минтақаларига бадарға қилинди.

 Миллатчи «Дашнакцутюн» партиясининг 1917-1918 йиллардаги фаол аъзоси Дереник Захарович Апресян 1937 йил 19 августда ЎзССР ички ишлар халқ комиссари этиб тайинланди. Бу вазифада бир йилу 3 ой ишлаган Д. З. Апресян Тошкентга келган кунидан бошлаб ўзбек зиёлиларини ҳибсга олишга киришди. Бир ярим ой вақт ичида, яъни 1937 йил 30 сентабр ҳолатида 10700 киши қамоққа олинди; улардан 3013 киши отиб ташланди, 7087 киши 8-10 йил муддатга лагерларга юборилди.

 Бир ярим ой ичида бўлган ишлар ҳар қандай одамни ҳайратга солади! Одамларни ҳибсга олиш, тергов қилиш, айбини исботлаш, ҳукм чиқариш ва амалга ошириш шунчалик осон иш эканми?! Ўзбек зиёлиларининг ҳаёти чумаси ҳаётичалик ҳам эмас экан-да?!

 НКВД нинг махсус бўлими маълумотларида айтилишича ўша йилнинг 1 октабр ҳолатида 21579 киши лагерларга ташланган.

 Апресян Ўзбекистонда 1938 йил 21 ноябригача, яъни бир йилу 3 ой ишлади. Шу давр ичида Ўзбекистон НКВД-сининг фармони билан ўзбек зиёлиларидан кўплари ўлдирилди ва Сибирга сургун қилинди. Булар – ўзбек жадидчилари, «пантуркчи миллатчи» тамғаси билан айбланган зиёлиларнинг деярли ҳаммаси эди. Шу ишлар ўша Апресяннинг имзоси билан амалга оширилди.

 

МАНБАЛАР СЎЗЛАЙДИ

 

 Дашноқларнинг Туркистондаги жиноятлари ҳақида хабар қилган асосий муаллифлардан бири Мустафо Чўқай[32], Иккинчи Жаҳон уруши бошлангунига қадар у Европада бу масалада китоб ва мақолалар чиқариб борди. Армани дашноқларининг Туркистондаги ғайриинсоний хатти-ҳаракатлари келтириб чиқарган оқибатларнинг бевосита гувоҳи Турор Рисқулов эди - у муфассал ҳисобот тайёрлаб, китобининг алоҳида бўлимини шу масалага бағишлади. Мазкур фожиа ҳақида Шарқий Туркистон Республикасининг биринчи президенти, ўзбеклардан чиққан биринчи маршалл - Алихонтўра Соғуний «Туркистон қайғуси» китобида чуқур изтироб билан ёзган[33]. Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг бу муаммони таниқли тарихчи Боймирза Ҳайит ёритди. Ушбу фожиа тарихи шу пайтга қадар долзарблигини йўқотган эмас.

 Ўзбекистон Республикаси, тарихий Туркистоннинг тўғридан-тўғри вориси саналади. Балки шунинг учундир, бугунги кунда Туркистон миллий истиқлолчилик ҳаракатини ёритаётган энг сермаҳсул олимлар Ўзбекистон вакилларидир. Ўзбекистон тарихий муаммоларини ўрганувчи тадқиқотчилар Туркистон миллий истиқлолчилик ҳаракати фаолияти Фарғона водийсида дашноқлар томонидан большевикларнинг фаол қўллаб-қувватлашида амалга оширилган кўплаб этник тозалаш фактлари билан тўқнаш келади.

Ўзбекистоннинг интернет нашрлари бугунги кунга қадар, ушбу мавзу бўйича маълумот бермаган. Лекин, ушбу кўриб чиқилаётган тарихий воқелар XXI асрда ҳам долзарблигини йўқотмаганини ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ёшларимизнинг истакларидан маълум бўлмоқда.

Шуҳрат Барлос

 



[1]Адиб Халид. Туркестан в 1917-1922гг.: борьба за власть на окраине России // Трагедия великой державы. Национальный вопрос и распад Советского Союза, Москва, 2005. Б.189-226

[2] Рыскулов Т. Революция и коренное население Туркестана. Раздел «Что делали дашнаки в Фергане» Т., 1925. Б.107-109.

[3] Chokaev M. The Basmaji Movementin Turkestan // asiaticreview. 1928. April. Vol. 24.Р. 273-288; Chokaev M. Turkestan and the Soviet Regime // Journal of the Royal Central Asiatic Society. 1931. Vol. 18. Р. 403-420; Tchokaieff M. Fifteen Years of Bolshevik Rule in Turkestan // Journal of the Royal Central Asiatic Society. 1933. Vol. 20. Р. 351-359.

[4] Буттино Марко. Революция наоборот. Средняя Азия между падением царской империи и образованием СССР. М., 2007. Б.276; Цит. По: Хасанов М. Фергана после кокандских событий, февраль 1918, март 1919гг. Машинописный текст, 1993. Неопубликованное исследование по материалам КГБ Узбекской ССР.

[5] Буттино Марко. Революция наоборот. Средняя Азия между падением царской империи и образованием СССР. М., 2007. Б.285.

[6] Doniyorov Sh. Muxtoriyat qismati «Sharq yulduzi» jurnali, 1991 yil, 12-son со ссылкой на архивные данные КПСС МК қошидаги Марксизм-ленинизм институтининг ҳужжатгоҳи. 61-фонд, 1-изоҳнома, 124-иш, 119-варақ.

[7] Шамаъдиев Ш.А. «Очерки истории гражданской войны в Ферганской долине». Ташкент, 1961г. Б.54.

[8] Ш. Шамаъдиев. Очерки истории гражданской войны в Ферганской долине. Т., 1961. Б.54-60

[9] Ражабов Қ.К. Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати: моҳияти ва асосий ривожланиш босқичлари (1918-1924 йиллар). Yangı Nashr Т., 2015. Б.44-45, 91-92.,

[10] «Ўзбекистон миллий энциклопедияси». Давлат илмий нашриёти, Т., 2002, 3-том, Б.216. Қ.Ражабов; Ўзбекистоннинг янги тарихи, 2-китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Ражабов Қ.К., Мустақил Туркистон фикри учун мужодалалар, Т., 2000; Туркестан в начале xxв.: к истории истоков национальной независимости [Коллектив авторов], Т.,2000.

[11] Buttino M. Study of the Economic Crisis and Depopulation in Turkestan, 1917-1920 // Central Asian Survey. 1990. Vol. 9/4. P.61-69.

[12] Хўжаев М. Шермуҳаммадбек қўрбоши. Тошкент: «ШАРҚ», 2008. Б.3.

[13] Рыскулов Т. Революция и коренное население Туркестана. «Что делали дашнаки в Фергане» Т., 1925. Б.107.

[14] РГВА. Фонд 25898. Оп. 1. Д. 2. Лл. 64-65.

[15] Раджабов К.К. Шу асар. Б.92. Со сслылкой на архив Аппарата Президента Республики Узбекистана Ф-60, Оп-1, Д-98, Л-72.

[16] Buttino М. Ethnicité et politique dans la guerre civile: а propos du Basmačestvo au Fergana // Cahiers du monde russe. 1997. T. 38. Б.195-222.

[17] РГВА. Ф. 25898. Оп. 1, Д. 78. Л. 207.

[18] Шаумян С.Г. Ибранные произведения, том 2. М., 1972, Б.326-327.

[19] Сталин И.В. Сочинения в 13 томах. М., 1946-1951. Т. 4. Б.24.

[20] «Наша газета». (Ташкент, 1917-1919). 1918, 12-22-24 и 25 июня.

[21] Брюсов В.Я. Летопись исторических судеб армянского народа. М., 1918, глава IX.

[22] История армянского народа. Ереван, 1980; Тревер К.В. Очерки по истории культуры древней Армении (II век до н.э.-IV век н.э.). М.-Л., 1953; Саркисян Г.Х., Худавердян К.С., Юзбашян К.Н. Потомки Хайка. Очерк истории и культуры Армении с древнейших времён до становления Третьей республики. Ереван, 1988; Юзбашян К.Н. Армянские государства эпохи Багратидов и Византия IX-XI веков. М., 1988; Арутюнова-Фиданян В.А. Повествование о делах армянских. VII век. Источник и время. М., 2004; Еремян С.Т. Армения по «Ашхарацуйц» у (армянской географии viiв.). Минск, 1961; Айвазян С. Исторические карты Армении. Ереван, 2003; Даниелян А.П. Армения. Историческийатлас. М., 2003; Hewsen R.H. Armenia. A Historical Atlas. Chicago-London, 2001; Hovhannisyan R. Atlas Armenian History.Yеrevan, 2007.

[23]РГВА. Ф. 25859. Оп.2. Д. 11. Лл.82-85 об.

[24] РГАСПИ. Ф. 5. Оп. 1. Д. 2920. Л. 4-4 об. Наша газета. 1918. 25 сентября.

[25] РГВА. Ф. 25898. Оп. 1. Лл.1283; Ф. 100. Оп.3. Д. 923. Л. 158 об.

[26] Назаров М.Х. Коммунистическая партия Туркестана во главе защиты Октябрьской революции. 1918-1920г. Ташкент, 1969. Б.123.

[27] Мусульманское бюро РКП(б) в Туркестане: 1, 2 и 3 Туркестанские краевые конференции РКП, 1919-1920г. Ташкент. 1919-1920. Б.67-68.

[28]«Ўзбекистон миллий энциклопедияси». Давлат илмий нашриёти, Т., 2002, 3-том Б. 216.; Ўзбекистоннинг янги тарихи, 2-китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Ражабов Қ. К., Мустақил Туркистон фикри учун мужодалалар, Т., 2000; Туркестан в начале xxв.: к истории истоков национальной независимости [Коллектив авторов], Т.,2000.

[29] РГВА. Ф. 25859. Оп. 2, Д. 11. Л. 82-85 об.

[30] Мусульманское бюро РКП(б) в Туркестане, Б.10.

[31] РГВА. Ф. 100. Оп.3. Д. 923. Л. 158 об.

[32] Mustafa Chokay. «The Basmachi Movement in Turkestan», «The Asiatic Review», vol. XXIV, 1928.

[33] Алихонтўра Соғуний. Туркистон қайғуси. // «Ёшлик»,1992.