loader
Foto

Исро сураси, 73-77 ("Тафсири Ҳилол"дан)

 Мушриклар турли йўллар билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ юборган ваҳийдан буриб юборишга кўп уриниб кўрганлар.

Мисол учун, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бизнинг ва ота-боболаримизнинг бутларимизни сўкишни, танқид қилишни тўхтатсанг, биз сенинг илоҳингга ибодат қиламиз», дейишган.

Шунингдек, кофир бошлиқлардан баъзилари келиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бизга камбағаллардан алоҳида мажлис тайин қилгин», дейишган.

Шунга ўхшаш анчагина таклифлар бўлганлиги тарихдан маълум ва машҳур. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг таклифларини қабул қилсалар, Аллоҳнинг ваҳийидан бурилган бўлар эдилар. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг таклифларига кўнсалар, Аллоҳнинг шаънига, у зот индирган ваҳийга бошқа нарсани уйдирган бўлар эдилар. Мушриклар эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан айни шу ҳолдагина, яъни, Аллоҳ ваҳий қилган нарсадан бурилиб, Аллоҳнинг шаънига ваҳийдан бошқа нарсани уйдирганларидагина рози бўлардилар ва у кишининг дўст тутар эдилар.

74. Агар Биз сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлса-да, мойил бўлишингга оз қолар эди.

Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, қани энди ҳамма одамлар мўмин-мусулмон бўлақолса, деган рағбатлари жуда ҳам кучли эди. Баъзан даъват фойдасини кўзлаб, кўнгилларига мушрикларнинг катта бошлиқларини йўлга солиш учун тадбир ахтариш хаёли ва бошқа баъзи муроса муомалалари ҳам келар эди. Шундай ҳолларда Аллоҳ таоло дарҳол вазиятга Ўзи аралашиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни тўғри йўлда собитқадам қилар эди. Бунга Абаса сурасининг аввалги қисми тушишига сабаб бўлган Абдуллоҳ ибн Умму Мактумнинг қиссаси мисол бўла олади. Ваҳийдан оғишдан Аллоҳ таолонинг Ўзи асраб турганлиги ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсларининг аҳамияти ушбу ҳолда яққол билинади.

75. Шундай бўлган тақдирда Биз сенга ҳаёт (азобини) ҳам икки ҳисса, мамот (азобини) ҳам икки ҳисса тоттирган бўлардик. Сўнгра ўзинг учун Бизга қарши ёрдамчи топа олмас эдинг.

Яъни, уларга бир оз бўлса-да мойиллик билдирсанг, Биз сенга бу дунёда берадиган азобни ҳам, у дунёда берадиган азобни ҳам икки баробар қилиб берар эдик. Сенга ёрдам берувчи ҳам бўлмас эди.

76. Улар сени бу ерда безовта қилиб, ундан сени чиқариб юборишларига оз қолди. Шундай бўлган тақдирда, сендан кейин улар озгина муддатдан бошқа тура олмаслар.

Яъни, Макка мушриклари сени безовта қилиб, у ердан чиқариб юборишларига оз қолди. Дарҳақиқат, улар Дорун Надвада ва бошқа жойларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши қилган маслаҳатларида, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккадан чиқариб юбориш масаласини ҳам ўртага қўйган эдилар. Аммо бу борада келиша олмай, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккадан ҳайдаб чиқара олмаган эдилар.

«Шундай бўлган тақдирда, сендан кейин улар озгина муддатдан бошқа тура олмаслар».

Бу қилмишлари учун Аллоҳ таоло уларни ҳалок қилган бўларди. Аллоҳ уларни ҳалок қилишни истамагани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккадан чиқаришларига йўл қўймади. Балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига чиқиб кетишни амр қилди.

77. Бу сендан олдин юборган Пайғамбарларимизнинг суннатидир. Бизнинг сунннатимизга ўзгартиш топа олмайсан.

Яъни, Пайғамбарни безовта этиб ўз юртидан қувиб чиқарган нобакорларни ҳалок этиш одати сендан олдин юборилган Пайғамбарларга нисбатан ҳам жорий қилиниб келинган. Чунки Аллоҳ юборган Пайғамбарни безовта этиб, ўз юртидан ҳайдаб чиқариш катта нобакорликдир. Бу ишга эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги Пайғамбар бўлганлари, у кишининг шариатлари қиёмат кунигача туриши лозимлигини ирода қилгани учун қавмини таг-томири билан ҳалок этишни хоҳламади. Бинобарин, уларнинг тамоман ҳалок бўлишига сабабчи ишлардан сақлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

“Тафсири Ҳилол”, Исро сурасидан