loader
Foto

Қуддуси шарифнинг бой берилиши

Бундан бироз аввал эса Миср ҳаво-ҳарбий кучлари яксон қилинган эди. Урдун ҳаво кучларининг раҳбарлари тайёрланаётган ҳужумни қайтариш вазифасини Урдун ҳаво кучларида муваққат маслаҳатчи Покистон авиацияси капитани Сайфул Азамга топширади. Урдунлик учувчилар билан бирга Сайфул Азам душман учоқлари билан ҳаво жангига тушади. Штурвалда исроиллик учувчи Болеҳ бўлган Mystére қирувчи учоғини уриб туширади, ҳамда бошқа бир учоққа шикаст етказади ва у учоқ Исроил ҳудудига қулаб тушади.

Икки кун ўтиб, Сайфул Азам Урдун учувчилари гуруҳи билан Ироқ ҳарбий базаларини исроилликлар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун жўнаб кетади. Ўшанда исроилликларнинг учоқлари ҳеч қандай қаршиликсиз Урдун, Сурия ва Миср ҳаво чегараларини бузиб, бемалол парвоз қилаётган эди. Энди эса Ироқ ҳаво чегараларини бузиб кирган эдилар. Бу ерда у ва кейинчалик Урдун ҳарбий ҳаво кучлари раҳбари бўлган урдунлик учувчи Эҳсон Шурдом (Ihsan Shurdom) ўзларининг Hunter қирувчи ҳаво кемалари билан Н-3 ва «ал-Валид» авиабазаларини ҳимоя қилишган. Гуруҳга раҳбар бўлган Сайфул Азам билан бирга ҳавога кўтарилган Урдун ва Ироқ учувчилари ҳужум қилаётган Исроил учоқларини тута бошлашади. Бироқ исроилликлар тарафидан Сайфул Азамга тегишли иккита учоқ уриб туширилади. Айнан Азамнинг моҳирлиги туфайли ҳужум қилаётган икки Исроил учоғи уриб туширилади. У қирувчи учоқ билан 72 соат ичида исроилликларнинг учта учоғини уриб туширган ягона қирувчи-учувчи ҳисобланади.

Шунингдек, у Покистон, Урдун ва Ироқ армиялари сафида курашган ягона учувчи ҳам ҳисобланади. Бундан ташқари 1965 йилги Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги урушда Азам ҳиндларнинг Gnat қирувчи учоғини уриб туширган. Шундай қилиб, у икки мамлакатнинг уч турдаги учоқларини уриб тушириш билан рекорд қўйган. Бу қаҳрамонлиги учун Азам Ироқ ва Урдун медалларига сазовор бўлди. Араб мамлакатлари учун қилган бемисл қаҳрамонлиги бўла туриб, унинг номи деярли нотаниш қолган ва унинг исми араб манбааларида деярли зикр қилинмайди. Кейинчалик, Бангладеш мустақил давлат бўлганидан сўнг, у маҳаллий ҳаво кучларда нафақагача хизматда бўлди.

Умумий ҳисобга кўра, Сайфуллоҳ Азамдан бошқа 1967 йилги уруш вақтида Урдун, Ироқ, Миср ва Сурияда хизмат қилган Покистон ҳаво кучлари учувчилари 10 та исроил учоқларини уриб туширишган ва ўзлари эса битта ҳам ҳаво кемаси ёки учувчини йўқотган эмаслар. Бундан ташқари, Покистон араб мамлакатларига 1973 йилги урушда жасоратлик кўрсатган кўп сонли ҳарбий маслаҳатчи ва мутахассисларни ҳам етказиб берган. Шунингдек, Покистон армияси 1967 йилги урушдан кейин Урдун армиясини ислоҳ ва қайта ташкил қилишда муҳим рол ўйнаган.

Таассуфки, Покистоннинг араб армиясига қўшган ҳиссаси ҳеч қайси араб тарихида эсга олинмайди. Арабларнинг уруш ҳақидаги расмий талқинларини-ку,  қўяверинг. Ҳолбуки 1967 ва 1973 йилги урушларда Урдун, Миср, Сурия ва Ироқ армияларида энг ками 16 покистонлик учувчи иштирок этганди. Покистон ҳаво кучлари раҳбарларининг айтишига кўра, кўнгилли бўлиб хизмат қилган учувчилар ўз вазифаларини аъло даражада адо қилишган ва талофатсиз Исроил учоқларига қарши курашган. Масалан, 1973 йилги урушда капитан Саттар Алви (Sattar Alvi) Сурия ҳаво кучларида биринчи покистонлик учувчи бўлиб хизмат қилди. У ҳаво жангида исроилликларнинг Mirage русумли учоғини уриб туширган. Худди шундай Мисрлик ҳаво кучлари капитани М. Хатиф (M. Hatif)  мисрга тегишли MiG-21 учоғида Исроилнинг Phantom F-4 ни уриб туширган. Мазкур урушларда Покистон ҳаво кучлари бирон ҳам учувчисини йўқотган эмас.

Арсенал тепалигидаги жанг

Арсенал тепалигидаги жанг Урдун-араб ва Исроил армиялари ўртасидаги тўғридан-тўғри ва бевосита бўлиб ўтган жанглардан бири бўлган. Шайх Жарра маҳалласидаги Арсенал тепалигида ҳарбий пост бўлиб, 1930-йилларда британияликлар тарафидан арабларга тегишли Шарқий Қуддуснинг шимолида қурилган эди. Бу ерда полиция академияси учун қурол-аслаҳалар сақланар эди. Арсенал тепалиги жуда кўп траншея ва бункерларга эга бўлиб, тепалик Аммон назоратида эди. У ғарбий Қуддус ва 1948 йилги урушдан кейин араб ҳудудидаги исроилликлар анклави бўлиб, Яҳудийлар университети жойлашган Скопус тоғи оралиғида жойлашган.

Тепаликнинг босиб олиниши исроилликларнинг Ғарбий ва Шарқий Қуддуси шарифни ажратиб турувчи “яшил чизиқ” ҳудудидаги ҳужум операциясининг муракккаб қисми эди. Исроилликларнинг асл мақсади Эски шаҳарни босиб олиш эди. Аввалидан бу исроилликларнинг расмий маънодаги мақсадлари бўлмаган. Бу ҳақида архив ҳужжатлари ҳам далолат қилади. Ҳеч бўлмаганда бош вазир Леви Эшкол учун... Бироқ, мудофаа вазири урушқоқ Моша Даян ва Исроил марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Узи Наркиснинг айни шу мақсадни кўзлаган эдилар. Уларнинг иккаласи ҳам Эшколни заиф сиёсатчи, деб билар эди. Қуддуси шарифни босиб олишлари билан улар иккаласи ўз номларини тарих саҳифаларига битишни ният қилган эдилар, ҳеч бўлмаса Исроил тарихига...

1948 йилги урушдан 19 йил ўтиб Урдун армияси бу ҳудудда бетондан бўлган бункерлар лабиринти, хандақ (траншея) ва яширин дотлар (узоқ муддатга мўлжаллаб қурилган ўт очиш нуқтаси)ни қуриб анча мустаҳкамлаб олган эди. Ишлар эса британияликларнинг айланма мудофаа усули асосида олиб борилган.

Қуддуси шарифнинг умумий мудофааси бригада генерали Али Ато ал-Ҳазза (Ali Ata al Hazza) бошчилигида 27 бригадага топширилган бўлиб, уларнинг умумий сони 1500 киши эди.

Исроилликлар тарафидан эса Қуддус операциясини генерал-майор Наркис бошчилигида Марказий қўмондонлик бошқарди. Режага кўра, агар Урдун урушга кирадиган бўлса Қуддуси шарифни Ғарб соҳилидаги урдунликларнинг асосий қисмларидан кесиш бўлган.

Ташкилий ва сон жиҳатидан Исроил Арсенал тепалигининг ҳимоячилари бўлган урдун қўшинларидан кўп тарафдан устун эди. Гарчи ҳимоячилар қулай жойлашган бўлсада Исроил қўшинлари эга бўлган ҳаракатланиш имкониятидан маҳрум эди. Бунинг устига исроилликларда танклар, артиллерия ва парашутчилар ҳам бор эди. Исроилликларнинг энг асосий устунлиги жанг вазиятида мустақил фикр қилиши, жойида керакли қарор қабул қилиши ҳамда қарши ҳужум уюштириши бўлган.

Турли сабабларга кўра,  подполковник Ракана Инад ал-Жази (Rakan Inad al Jazi)дан бошқа аксар урдунлик тактиклар ўша вақтда бундай сифатларга эга эмас эдилар. У бошқарган 40-танк бригадаси жангда исроилликларга нисбатан ёмон бўлмаган, ҳатто яхшироқ бўлган дейиш ҳам мумкин. Аслида Ғарб соҳилининг шимолий ҳудудларида Женин атрофида бўлиб ўтган танк жангларида у Урдун армиясининг шарафини сақлаб қола олди.

5 июн 11.00 да Исроил штаби Ғарбий соҳилда уруш бошлаш бўйича буйруқ берди. Жанубда Қуддус ва Байтлаҳм оралиғи ва шимолда Қуддуси шариф ва Рамаллоҳ оралиғини босиб олиш учун иккита махсус бригада юборди. Бу стратегия натижасида Қуддусдаги Урдун қўшинлари қолган бошқа қўшинлардан ажралиб қолди, жануб ва шимолдаги қисмлар билан алоқалар узилди.

5 июн куни полковник Мўтта Гур ва унинг 55-парашут бригадаси Арсенал тепалигидаги урдунликлар ўрнашган жойга ҳужум қилиши ҳақида буйруқ олди. Уларнинг ҳужумлари артиллерия қисмлари ва танк ротаси билан қувватланди.

6 июн соат иккида, режага кўра, Исроил оғир артиллерия ва танклари жанг бошланмасдан олдин урдунликларни заифлаштириш мақсадида шиддат билан урдунликлар жойлашган жойни ўққа тутишди. Бироқ айни шу пайтда Гур ва Наркис парашутдан десант юбориш ҳақидаги қарорни қабул қилдилар. Унга кўра, 55-бригаданинг парашутчи десантлари тепаликнинг ғарб томонига, яъни Шайх Жаррнинг футбол майдонига сакрашлари ва ҳаводан ёрдамсиз ҳаракатланишлари кўзда тутилган эди. Қўшиннинг бошқа қисми эса шарқ тарфидан кела бошлади. Жанг вақтида парашутчиларни урдун қўшинларига қарши ишга солиш жанг қатнашчилари орасида ҳалигача турли хил эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Исроил ҳужумини Мансур Кришан бошчилигидаги 2-танк полки қайтариши керак эди. У ўзига қарашли 2-полкни ташкил қилган уч баталионни Қуддуси шарифнинг турли худудларига юборди. Арсенал тепалигини Мансур Салом Салайта бошчилигида 3-баталион мудофаа қилган. Биринчи ва иккинчи баталиондаги Ҳамид Абу Қауд ва Набиҳ ал-Саҳиматларга эса тепаликдан жануброқ жойда жойлашган “Манделбаум дарвозаси” билан бирга “яшил чизиқ” бўйлаб қўшни позицияларни ҳимоя қилиши топширилган эди.

Ҳужумдаги армия урдун аскарларига қарата турли нуқталардан узлуксиз ўқ ёғдираётган бир пайтда парашутчилар Арсенал тепалигининг ҳимоячиларига қарши юзма-юз ҳужумга ўтдилар. Ҳужумга чиққан исроилликлар зарби остида Абу Қауда ва Саҳимат баталионлари ортга чекинишди. Тепалик ҳимоячиларини кучайтириш мақсадида қисмларнинг баъзи бўлинмаларини қайта гуруҳлашга эҳтиёж пайдо бўлди.

Салайтанинг 3-баталиони ўз позицияларида душман артиллерия ва миномёт зарбаларини қайтариб туришга муваффақ бўлди. Бунинг натижасида рақиб катта талофат кўрди. Салайта жангчилари катта жасорат билан ҳужумларни қайтариб туришди. Уларнинг наздида бир қадам ҳам орқага чекиниш ёки таслим бўлиш асло мумкин эмасди.

Бунинг орасида исроилликлар қўшини ҳам тепалик ҳимоячиларидан кам бўлмаган жасорат билан ҳужум қилишни давом этаверди. Бир сўз билан айтганда, бу жанг ҳимоячи ва ҳужумчилар учун миллий-диний аҳамиятига эга фахрга айланди. Ниҳоят, исроиллик аскарлар катта қийинчилик билан тепаликнинг жанубий қисмини эгаллашди ва ҳандақнинг асосий қисмига қараб ҳаракат қила бошлашди. Шу пайт тўқнашув шиддатли қўл жангига айланиб кетди. Бу жангда ўлишга тайёр ҳимоячилар билан мақсад сари ҳеч нарсадан тоймаган ҳужумчилар ҳандақнинг ҳар бир қаричи ва ҳар бир одими учун тўқнашган эди.

Исроилликларнинг ўта силласи қуриган бўлсада, урдун бўлимлари қарши ҳужум учун қайта гуруҳланишнинг уддасидан чиқа олмадилар. Бу пайтда ёв қўшинлари шаклини ўзгартириб, тепаликка ўрмалаб чиқаётган эди. Бунинг ўрнига урдун қўшинлари шиддат билан мудофаага берилиб кетишди ва ўз стратегиясини ўзгартириш ёки исроил қўшинларига қарши ҳужум қилишни ўйлаб ҳам ўтирмадилар, бироқ кеч бўлган эди.

Урдун қўшинларининг бош қўмондонлиги ўзининг энг сара ҳарбий қисмлари ва ягона бўлган бронетанк қисмларини (бригада) нотўғри жойлаштириш қарори оқибатида Аммандаги Марказий қўмондонлик Қуддуси шариф ҳимоячиларига ўз вақтида ёрдам бера олмади: 60-қисмни Иерихондан Хебронга ва 40-қисмни Дамиядаги Урдун дарёси кўпригидан Иерихонга кўчирилиши урдунликлар учун маъшум ҳодиса бўлди.

Қуддуси шариф мудофааси учун масъул бўлган Бригадир Ато Али қирол Ҳусайнга телефон қилиб, қўшимча куч ва ёрдам сўрайди ва қиролдан ёрдам ваъдасини олади. Қирол сўзининг устидан чиқиб, ёрдам беради, бироқ бу ёрдам Қуддуси шарифдаги уруш натижаларига таъсир қила олмади, чунки урдунликларнинг ҳолати бошданоқ яхши эмасди.

6 июн тонгида барчаси тугади. “Олти кунлик” урушнинг оғир жанглари натижасида исроилликлар Арсенал тепалигини қўлга киритишга муваффақ бўлишди. Исроилликлар 50 та аскар йўқотди ва 150 таси турли жароҳат олди. Урдунликларнинг 106 аскари шаҳид бўлди ва 110 таси жароҳат олди (полковник Тревор Дюпюининг “Elusive Victory” китоби маълумотларига кўра) Ҳар бир мақтул яҳудийга икки мақтул урдунлик тўғри келди. Уруш давомида эса Исроил ва Урдун армиялари ўртача 1:23 ҳисобида йўқотишга юз тутдилар. Ҳа, таъсирли рақамлар.  Исроил урушда қатл қилинганлар шарафига музей қурган ва ёдгорлик тиклаган бўлса, мазкур урушда ҳалок бўлган урдун аскарлари узоқ муддат унутилган. Қанчалик ачинарли бўлмасин, аммо на урдун армияси, на ҳукумат ва на халқ уларнинг қурбонликлари қадрига етмади.

Шунга қарамай, ўша уруш қурбонларини аниқлаштириш ишлари ҳали давом этмоқда. Жуда кўп ёзма гувоҳликлар маълумотларига кўра, жангларда 800 га яқин исроилликлар ва 20 мингдан ортиқ араб ҳалок бўлган. Яъни ҳар бир исроилликка 30 та араб тўғри келади.

Урдунлик Қуддуси шариф ҳимоячилари бир нечта омилга кўра, Урдун армиясининг уруш вақтига кўра ташкилий жиҳати ва урушдаги стратегияси туфайли мағлубиятга маҳкум эди. Уруш бошланиши ҳолатида Урдун армиясининг энг йирик ҳарбий бўлинмаси дивизия эмас, бригада эди. Баасчи зобитлар ва Абдулносир аёнлари яқиндагина уюштирган аксил-ҳукумат намойишларини унутмаган ва дивизиялар киритилса қўмондонлар қўлида катта куч тўпланишидан қўрққан Қирол Хусайн армиясини дивизияларга эмас, балки бригадаларга бўлди. Урушдан сўнг урдунликлар ўз армиясининг тизимини покистонлик мутахассислар ёрдамида қайта қурдилар ва аскарлар дивизияси тизимини киритдилар. Мазкур янгилик бир йилдан кейин, яъни Карома яқинида исроилликлар устидан ғалаба қозонилганда фойдали ва самарали эканини исботлади.

Бунинг устига, Урдун пиёда кучлари ёрдамчи бўлимлардан ташқари фақатгина 1500 аскардан иборат эди. Қарши тараф эса 4-5 минг исроил аскаридан ташкил топган эди. Урдун қўмондонлиги исроил пиёда қўшинларининг сони урдун қўшинларига тенг, дея хатога йўл қўйган эди. Бу режалаштиришда қилинган энг катта хато бўлганини Урдун ҳаво кучларининг истеъфодаги подполковниги ва сиёсий масалалар бўйича зобит Жамил ал-Қодий ҳам тасдиқлайди.

Бироқ урдун аскарларининг сони яҳудий ҳужумчилардан кўпроқ бўлганда ҳам уларни Ғарбий соҳилни ишғол қилишдан тўхтата олмаган бўларди. Бошқа сабабларни бир четга қўйсак, бунинг сабаби урдунлик ҳимоячилар ўз позицияларидан олға жила олмай қолишлари билан изоҳланади. Бунинг устига, улар Исроил аскарларига қарши ҳужумга ҳам ўта олмаганлар. Яҳудий аскарларнинг таркибида эса турли ёрдамчи қисмлар, масалан, парашутчи ва танк қўшинлари бор эди. Бу нега Арсенал тепалигининг ҳимоячилари охирги аскаргача ва охирги ўқ-доригача курашганини шарҳлайди – улар ҳар томондан ҳужум қилаётган исроил аскарлари каби динамикага эга эмасдилар.

Бундан ташқари, урдун ҳарбийларининг ғарбий соҳилдаги стратегияси мудофаа характерига эга эди. Ғарб ва Исроилнинг қўлидаги ҳужжатларга мувофиқ, урушга отланишда урдун томони омон қолиш ва иложи борича озроқ талофат кўришни мақсад килган. Урдун бош қўмондолиги 45 минг аскарли урдун армияси Ғарбий соҳилни ушлаб қола олмаслиги ҳақида тўғри хулосага келган эди. Натижада аввал Ғарбий Қуддусни Исроил қўлидан олиш, кейин эса уни Ғарбий соҳилда бой берилган ҳудудларга алмаштириш қарори қабул қилинди. Тарихий оқибатларга олиб келган ушбу мудҳиш хато арабларнинг ўзаро келиша олмасликлари ҳамда Иордания ва Қирол Хусайннинг ожизлигидан юз берганди.

Шунингдек таъкидлаш жоизки, Миср бошлиғи Гамал Абдулносирнинг ва аёнларининг шармандаларча ёлғон гапиргани Ғарб соҳили ва Қуддуси шарифнинг бой берилишига сабаб бўлди…

Мазкур мағлибият учун ўзининг жавобгарлигини ҳис қилган Абдулносир Қирол Хусайнга ваъда берган эди. Ваъдага мувофиқ Мисрнинг асосий ва стратегик мақсади Сайно водийсини эмас, балки Ғарбий соҳил ва Қуддусни уруш ёки тинч йўллар орқали қайта қўлга киритиш эди. Бироқ унинг ўрнига келган Анвар Саодат бу мақсад сари талпинмас ва ҳатто унинг амалга ошишига ҳалал ҳам қилар эди.

Бундан ташқари урдун ҳарбий разведкаси исроилликлар режаси ва қўшинлари ҳақида деярли ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган. Буни кейинчалик қирол Ҳусайн ҳам тан олган. Мазкур мудҳиш камчиликлардан ташқари урдунликлар Қуддус бўйича шаҳарни ва  ташқи қанотларни ҳимоя қилувчи бош қўмондонлик жорий қилмаган эдилар.

Урдун бош қўмондонлиги Исроил аскарлари асосий эътиборини Ғарбий соҳилга қаратади, дея тўғри таҳмин қилган бўлсада ва шунга мувофиқ «Ториқ операцияси»ни тайёрлаган бўлсада, қўмондонлик Исроил ҳужум қиладиган асосий йўналишларда ҳимоя иншоотларини қуришдан бош тортди, ҳолбуки бу иш учун Урдуннинг 19 йил вақти бор эди.

Умуман олганда, 1967 йилги урушда урдун армиясининг жанговарлик қобилияти 1948 йилги уруш ҳолатидан ҳам паст эди. Бундан ташқари, урдун қўшинларининг ҳаракатлари “саросима” ҳолатида эди деб айтсак тўғри бўлади, қисмларнинг бир-бирига боғлиқлиги ва ҳеч қандай аниқ режалари бўлмаган. Бу 1956 йил “БААС” партияси ҳарбийлари ва Гамал Абдулносир тарафдорлари босимида  қирол Ҳусайннинг Ғлаб-пошо бошчилигидаги британия ҳарбий зобитларига қарата ўт очиш қарорининг оқибати эди. Кейинчалик бу стратегик хато қимматга тушди. Тактикага назар соладиган бўлсак, армиянинг юқори бошқариш қисмининг тайёргарчилик даражаси жуда паст эди. Бундан фақат 40-танк девизиясини бошқараётган подполковник Ал-Жазий истисно эди.

Ал-Жазий нодир бадавий зобитлардан эди. Уларнинг ақл бовар қилмас сифатлари бўлиб, урдун армиясида ҳеч ким тактика соҳасида уларнинг олдига туша олмас эди. 1949 йил Ал-Жазий Ғлаб пошо ташаббуси билан урдунлик бир гуруҳ зобитларни юборган британиянинг Сэндхерстдаги ҳарбий академиясини ўқиб тамомлайди.

Женин яқинида Дотан водийсидаги танк жангида ва Қабатия ноҳиясидаги жангда Ал-Жазий ўз билимларини кўрсатиб, унинг бошчилигидаги урдун аскарлари исроил кучларини ҳужум ва қарши ҳужумда нишонга олдилар ва дақиқ бир пайтда уларни қуршов ҳалқасида сиқдилар.

Ал-Жази 1974 йил нафақага чиққач, ёднома (мемуар) ёзмади ва урушнинг 24-санасида 1991 июн ойида вафот қилди.

Унинг ўғли Муҳаммад Ракан ал-Жазининг айтишича, унинг отаси ёднома ёзмаслигига сабаб “жуда кўп одамларни хафа қилиб қўймаслик” бўлган экан.

Ал-Жази қошидаги танк қисми (баталион) қўмондони бўлган капитан Сами Ал-Кади ўша жангни афсус билан бўлсада, жуда яхши эслайди. Женин ҳудудида тактик чекиниш бўйича буйруқ бўлганида у ўз танкларига чекиниш ҳақида буйруқ беради, бироқ бир танк экипажи чекинишдан бош тортади. Уни Нуайматдан бўлган бадавий араб бошқараётган эди. Кади танк билан боғланиб, бадавий арабга танкни тарк қилишини, танк эса ўз йўли билан ҳаракат қилишини айтади.

Капрал Ҳусайн Саад ал-Нуайми танкдан тушиб, қўмонданнинг олдига келади. “Нега сиз буйруққа итоат қилмадингиз?”, деб сўради Ал-Кади. “Тақсир, Сиз доим ибодатларда ва бизларга Қуръони карим ўқиб, ҳеч қачон душманга орқа ўгирмаслигимизни айтар эдингиз-ку”, деб деб жавоб берди Нуайми. Қўмондон Қуръони карим ҳарбий мақсадларда раҳбар буйриғи билан позициядан тактик чекиниш мумкинлигига рухсат беришини айтди. “Қуддуси шарифдан ҳамми?” деб сўради бадавий.

Шу куннинг ўзида Ҳусайн ал-Нуайми жангда шаҳид бўлди. Унинг сўзи Қуддуси шариф ҳимоясида жанг қилиб, жонларини бераётган урдун аскарлари чуқур диний ҳиссиётлар асосида бўлаётганини тасдиқлайди. Улар ўзларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра мағлубиятга учраган бўлсаларда, бу аскарлар ўз жонларини иймон учун, Қуддус учун беришларида бир он бўлса ҳам тараддуд қилган эмаслар.

Манба: Alarabiya

Абу Муслим таржимаси