loader
Foto

Ўлим онларида маҳбуб кўрилган амаллар

Пайғамбаримиздан, алайҳиссалом, ривоят қилинади: “Ўлими яқин қолган кишида учта ҳолатни кузатинг: пешонасидан тер тошади, кўзларидан ёш оқади, лаблари қурийди. Бу ҳолат Аллоҳнинг ушбу кишига тушган раҳматидир. Агар жон таслим қилаётган киши бўғилгандай хирилласа, ранги бўғриғиб қизарса, лаблари кулранг тусга кирса, бу унга Аллоҳнинг азобидир” (Салмон Форсий, Термизий).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дейди: “Расулуллоҳнинг, соллаллоҳу алайҳи  ва саллам, шундай деганларини эшитдим:

“Ўлим фариштаси ўлаётган кишининг олдида ҳозир бўлиб, унинг қалбига назар солади. Қалбидан ҳеч нарса топмайди. Сўнгра унинг иккала жағини очиб, тилининг “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган ҳолда танглайига ёпишиб қолганини кўради. Ихлос калимаси туфайли бу банда мағфират қилинади” (Байхақий ривояти).

Бу калимани айтишга шунчалик жидду жаҳд қилинишидан мақсад — ҳаёт билан видолашаётган инсон сўнгги нафасларигача қалбида Аллоҳдан ўзгасига ўрин қолдирмаслик. Қачонки қалбда яккаю ягона Зотдан ўзга матлуб қолмас экан, ўлим маҳбуб томон яқинлашиш, неъматлар манбаига етиш ҳисобланади. Агар қалб дунёга муккасидан кетиб, бутун борлиқи билан унга ёпишса, қолиб кетаётган ўткинчи лаззатларга ачинса, шаҳодат калимаси қалбдан эмас, тил учидан чиқади. Бу нақадар ёмон хотима! Негаки, дил иштирокисиз тилнинг ҳаракатидан фойда кам. Лекин Аллоҳ таоло фазл этса, не тонг!

Ўлим онларида яхши гумонда бўлиш ҳам мустаҳаб амаллардан ҳисобланади.

“Пайғамбаримиз, алайҳиссалом, ўлими яқинлашиб қолган йигитнинг олдига кириб сўрадилар:

— Ўзингни қандай ҳис қиляпсан?

— Аллоҳ таолодан умидворман, гуноҳларимдан қўрқяпман.

Шунда Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

— Бу икки хислат бир банданинг қалбида жамланса, Аллоҳ у бандага умид қилганини ато этади, қўрқаётган нарсасидан сақлайди” (Термизий ривояти).

Абу Ҳомид ҒАЗЗОЛИЙ, “Ўлимни эслаш китоби”дан

Абдурашид ЗОҲИД таржимаси