loader
Foto

Ноқобил уламолар маззаммати

Уламоларнинг дунёга кучли муҳаббат қўйишлари уларнинг юзларига тушган доғдир. Халойиқ гарчи уларнинг илмидан манфаат топишса ҳам, аммо уларнинг илмлари ўзлари учун манфаатли бўлмас. Гарчи шариат ривожи ва миллат қуввати улар ила барпо бўлаверса ҳам, бундан уларнинг ўзларига манфаат бўлмайди. Зеро, ушбу нарсалар фожир ва арбоби футур (ёмон арбоб) лардан ҳам барпо бўлавериши маълумдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ таоло бу динни фожир киши ила ҳам қувватли қилаверади", деб айтганлар". Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Улар худди порс тоши кабидирки, у мис ва темирга текказилса, уларни тиллога айлантиради. Аммо унинг ўзи эса асл ҳолатида тош бўлиб қолаверади.

Ва яна шамчироғ кабидирки, олам унинг ёруғлигидан баҳра олиб, манфаат топади, лекин бундан ўзига сира ҳам фойда бўлмайди.

Айтамизки, илмига амал қилмайдиган фожир уламоларнинг илми уларнинг ўзлари учун зарарлидир ва уларга қарши комил ҳужжат ҳамдир. Албатта, қиёмат куни энг қаттиқ азобланадиган инсон, Аллоҳ уни илми ила манфаатли қилмаган олим бўлади.

Ҳақ азза жалла наздида илм энг азиз ва шарафли нарсадир. Дунё эса У Зот наздида махлуқотларнинг энг залил ва хоридир. Мана шу мол-дунё, жоҳ (мартаба) ва раёсат (раҳбарлик)дан иборат бўлган залил ва хор нарсани топиш учун энг азиз ва шарафли нарсани васила (восита) қилиш тубанликдир. Ҳақ азза жалланинг азиз қилган нарсасини хор қилиш ва У Зот субҳанаҳунинг хор қилганини эса иззатли қилиш ниҳоятда қабиҳлик саналади. Ҳақиқатда, бу амал Аллоҳ таолога муоразалик (қарши чиқиш)дир.

Тадрис (таълим, дарс) ва фатво (бериш) вақтики мансаб, мол-дунё, обрў-эътибор топиш каби (ниятлар) дан холи бўлиб, холис Аллоҳ розилиги учун бўлсагина фойдали бўлади. Бунинг учун эса дунё топишга муккасидан кетишдан зуҳд қилиш, дунё ва ундаги барча нарсаларга берағбат бўлиш лозимдир. Мана шу офатларга мубтало бўлган ва дунё топишга гирифтор бўлган кимсалар - “дунё уламолари” бўладилар. Бундай кимсалар уламои ноқобил, халойиқнинг энг ёмони ва диннинг ўғрисидирлар. Ваҳоланки, улар ўзларини “муқтадои дин” (динда эргашилган) ва халойиқнинг энг яхшиси деб ҳисоблайдилар.

Аллоҳ уларнинг барчасини қайта тирилтирадиган кунда улар худди сизларга қасам ичганларидек, Аллоҳга ҳам қасам ичадилар ва бирор нарсага эришамиз, деб ўй-лайдилар. Огоҳ бўлингларки, улар ёлғончидирлар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Шайтон уларни эгаллаб олган ва Аллоҳнинг зикрини унуттирган. Ана ўшалар, шайтон фирқасидирлар. Аё, огоҳ бўлинглар, шайтон фирқаси, ҳа, ўшалар, ютқазувчидирлар”. Мужодала сураси 18-19-оятлар.

Бир азиз валий зот шайтонилаъинни йўлдан адаштириш ва иғводан фориғ ҳолда бемалолўтирганини кўриб, ундан ушбу фориғлигининг сирини сўради. Шунда шайтони лаъин: “Бу замондаги ноқобил уламолар ушбу ишлар (инсонларни йўлдан адаштириш ва иғво)да менга жуда ҳам катта ёрдам қилишиб, мени бу муҳим ишлардан озод қилишди” деган экан.

Дарҳақиқат, бу замондаги шариат ишларидаги барча сусткашликлару иккиюзламачиликлар, дин ва миллат ривожланишидаги зоҳир бўлаётган барча футур-камчиликлар мана шу ноқобил уламолар шумликлари ҳамда бузуқ ниятлари сабабли бўлмоқда.

Аммо, дунёга берағбат, илмни ҳубби жоҳ (мартабни севиш), раёсат (раҳбарлик), мол-дунё ва обрў-эътибор учун олмаган уламолар ҳам борки, улар охират уламолари, анбиё алайҳимуссаломларнинг меросхўрлари ва халойиқнинг энг яхшиларидир. Қиёмат куни Аллоҳ розилиги учун шаҳид бўлганлар қони билан ушбу уламоларнинг сиёҳлари тортилганида сиёҳ палласи оғирроқ келса, ажаб эмас. Улар ҳақида “Уламоларнинг уйқуси ҳам ибодатдир”, дея айтилган. Улар шундай зотларки, охират жамоли улар наздида гўзалдир. Дунёнинг қабоҳати ва ёмонликларини чуқур мушоҳада ила билишиб, унга бақо назари ила боқишади. Дунёга муҳаббатни заҳарли ўқдек билишади. Шубҳа йўқки, ўзлари учун боқий диёр (жаннат)ни ихтиёр этишади ва фоний (дунё) дан ҳам насибадор бўлишади. Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати ила улуғ даражотлар топишади.

Дунё ваундаги нарсаларни залил (хор) билиш, шуҳуди узмо (улуғ шоҳидлик) бўлиб, охират лозимларидандир. Зеро, дунё ва охират икки кундош кабидирки, бирини рози қилсанг, иккинчиси асло рози бўлмайди. Агар дунёни азиз тутсанг, охират хор бўлади, аксинча, охиратни азиз тутсанг, дунё хор бўлади. Бу икки амрни жам қилиш эса, бир-бирига зид икки нарсани жам қилишдир. Агар иккиси ҳам бирга жам қилинса, қандай ҳам гўзал бўлар эди!

Дарҳақиқат, баъзи уламолар ҳаққоний ниятлари ила зоҳиран дунё аҳли ва унга рағбатли кимсаларга ўхшайдилар. Лекин, ҳақиқатда эса унга ҳеч ҳам унга боғланиб қолмасдан фориғ бўладилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар”. Нур сураси 37-оят.

Тижорат олди-сотдилар уларни Аллоҳни зикр қилишдан асло тўса олмайди. Айнан мана шу тааллуқли (боғлиқ) ишга ҳам бетааллуқ бўладилар.

Баҳоуддин Нақшбанд қоддасаллоҳу таоло сирраҳул ақдас айтади: “Минонинг бозорида бир савдогарни эллик минг динорлик олди-сотди ишларини қилганини кўрдим. Аммо унинг қалби бирор лаҳза ҳам Ҳақ субҳанаҳу зикридан ғофил бўлгани йўқ”.

Имоми Раббонийнинг "Мактуботи"дан

Суннатуллоҳ Абдулбосит таржимаси