loader
Foto

Ғарб Исломни енга олмайди

Хиндистон ғарб учун рақобатдош ҳам, душман ҳам эмас; ғарбга ўзининг душман эмаслигини кўп марта намойиш этган Хитой ҳам ана шундай. АҚШга содиқлигини Хитой бир қатор изчил амаллари билан исботлаган. Хитой бутун дунё учун ишчилари бир коса гуруч эвазига жон деб меҳнат қиладиган устахона бўлиб қолмоқда. Иқтисодий инқироз бошланганда дунёдаги мавжуд таъсир доираларини ўзгартириб юбориш учун имконият бор эди, бироқ, Хитойликлар нафақат дунёга ўз имкониятлари билан пўписа қилмадилар, нафақат ўзларининг «катта ўйин»ларини бошламадилар, балки қалқиб кетган тузумни яна мустаҳкамлаш учун қўлларидан келган бор ҳаракатни қилдилар.



Хитойнинг кўрсаткичлари юқори технологияли ютуқлар бўлиб ҳисобланмайди. Хитой кимдандир ўзиб кетиш, ўз таъсир доирасини кенгайтириш, маданий ёки сиёсий миссионерлик сингари мақсадларга интилмайди. У Хитой дунёсидан ташқарига чиқувчи маънавий-рухоний мақсадларги ҳам интилмайди. Ва шу боис ҳам у тарихнинг ҳаракатлантирувчиси бўла олмайди. Янги маънавий ғоялар, жасур ва изчил ғоялар билангина тарих двигатели бўлиш мумкин; тўқчилик ва хотиржамликка эришиш таклифлари билан бундай даъво қилиб бўлмайди. Хитойда ҳам, Хиндистонда ҳам бундай ғоялар йўқ. Ғарб тузумига ягона муқобил тузумни Совет Иттифоқи таклиф этган эди. Бу ғоя, содда қилиб ифодалаганда, барча нарсага ўлчов сифатида қабул қилинган пул ҳукмронлигига қарши, соф адолат ғоялари учун пулдан воз кечиш фалсафасини илгари сурган.

Советлар ғояси хақидаги ҳабар Янги дунёга шунчалик секин етиб бордики, у ерда тарафдорлар пайдо бўлган вақтда совет лойиҳаси ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди.

Жасур лотин йўлбошчиларининг Аждаҳога қарши жангда ғолиб бўла олиш имкониятлари ҳам унчалик катта эмас; гарчи улар йўналишни тўғри тушуниб, тўғри тактика қураётган бўлсалар ҳам.

Эрон ҳам воқеалар ривожини тўғри тушуна олади. Бу давлатда бутун дунёга қарши ёлғиз мудофааланиш тажрибаси бор. Уларда кураш истиқболини кўра олиш қобилияти бор.

Бироқ, совет ғояси билан солиштиргулик ғояларни бугунги дунё тарихи двигателларидан ҳеч бири таклиф қила олгани йўқ. Фақат Ислом дунёси бундан мустасно.

***

Америкаликлар кўҳна Европа кальвинистларидан қолган пул яккаҳокимлиги мафкурасининг нотўкислигини ҳис этишмоқда. Шу боис улар дунёга демократия ўрнатиш фикрига ёпишиб олишган. Бироқ, бу ҳаракат орқасида оташинлик ҳам, руҳ ҳам, енгиб ўтувчи куч йўқ – бу маълум режадан бошқа нарса эмас, унинг учун одамларнинг ҳам унчалик кераги йўқ. Аниқроғи, одамлар қанча оз бўлса, шунча яхши. Қалбларга аланга сола олиш қобилияти унда йўқ. Унга қурбон қилинган мурдалар уюми беҳудадир. Қурбонлар фақат АҚШга нисбатан нафрат уйғотади, халос.

Лол қолдирадиган хақиқат: дунёдаги ҳеч бир мамлакат жозибадорлиги, ажойиб одамлари ва ушалмас орзулари жиҳатидан Совет Иттифоқи билан тенглаша олмайди. Иттифоқнинг ўзи йўқ, жозибаси эса сақланиб қолган. Бу нарса айниқса, аввал совет одамлари ўтган, ҳозирда эса америкаликлар танкларда юрган жойларда яхши кўринади. Советларни яхши кўрадилар, америкаликлардан эса нафратланадилар.

***

Ғарб дунёси ҳозирда ҳар қачонгидан ҳам барқарордир. У ўзини яхши ҳис қилмоқда, уни ҳеч ким қўзғотаётгани ва унга хавф солаётгани йўқ. Бир неча юз минг хонавайронликлар ва ўз жонига суиқасд қилганлар тузумнинг хароблигини англатмайди. У шундай тузилганки, бир кичик мурватлар ўрнига бошқалари келади, бу алмашишлар асосий бошқарувчиларга ноқулайликлар келтириб чиқармайди. Барча «янги ўйинчилар» мавжуд тартибга хавф солмайди. Агар бир гуруҳ тўлиқ йўқ қилинадиган бўлса, янги гуруҳ унинг ўрнини айнан тўлдиради. Агар бразилияликлар дунё ҳокимлари рўйҳатида америкаликлар ўрнига биринчи ўринга келдилар, деб таҳмин қилсак, юз берган фарқни ҳеч ким сезмайди.

Сиёсий меъёрлар бўйича халқаро келишув, албатта, мавжуддир. Акс ҳолда, сиёсатнинг ушбу шакллари мумкин бўлмаган бўларди. АҚШнинг сиёсий босимига ҳеч қандай муқобил яратилган эмас, янги марказлар ҳам йўқ, АҚШдан ташқаридан  бошқарилувчи ҳеч бир жараён яратилган эмас. Тарихнинг ҳозирги босқичида ҳукмрон бўлган тузум нуқтаи назаридан қараганда дунёдаги идеал тартиб қандай бўлиш кераклигини тушуниш учун Ироққа бориш фойдалидир. Бу атиги 10 йил аввал анча ривожланган мамлакат бўлиб, ҳозирда куйиб битган, ер юзидан суриб ташлангандир. Бу вайроналар ўртасида «яшил зона» мавжуд бўлиб, у ерда босқинчилар ва уларни малайлари яшайди. Бу зона ичида электр токи, сув, емиш, телевидение, дори-дармон, сиёсат, қонунлар бор. Ундан ташқарида эса бунга ўхшаш нарсалар умуман йўқ. Бу дунё тузумига қарши барча фронтлар бўйлаб курашаётган ягона куч – Ислом миллатидир. Бу куч мамлакатлар ва ҳукуматлар эмас, балки алоҳида қавмлардир. Ҳозирча бу миллат урушда енгила туриб, алоҳида жангларда ғалабаларга эришмоқда. У марказлашган эмас ва ҳамма жойда мудофааланишга мажбур бўлмоқда. Ғарб эса, бу кучга имкон қадар салбий ном бериш учун беҳуда уринмоқда; у ниманидир номлаш билан уни енгиш мумкин, деб ҳисобламоқда. Менимча, ушбу умумбашарий урушнинг ниҳоясини кўра олмасак керак. Ғарбнинг юриши узоқ вақт музаффарона  бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ, ушбу кучни енгишга у қодир эмас...

Матн муаллифи: Надежда Кеворкова

Манба: Русский журнал

Абу Муслим таржимаси