Туркия ва АҚШ расмийларининг дипломатик саъй-ҳаракатлари 10 нафар Ғарб мамлакатлари элчисини қамоққа олинган турк бизнесмени Усмон Кавалага қарши низо оқибатида қувиб чиқариш таҳдидини бартараф қилди, дея хабар бермоқда Middle East Eye.
Нашр манбаларига кўра, Туркия президенти ёрдамчилари президент Ражаб Тойиб Эрдўған 10 нафар элчини, жумладан, АҚШ, Канада, Германия ва Франция элчиларини «персона нон грата» деб эълон қилишини оммавий равишда билдирганидан сўнг, америкалик дипломатлар билан инқироздан чиқиш йўлида келишиб олган.
Сўнгги кунларда бир неча чиқишларда Эрдўған ўтган ҳафта Анқарадан Европа Инсон ҳуқуқлари судининг қарорига риоя қилишни ва Туркия ҳукуматини ағдаришга уринишда айбланган Кавалани озод қилишни сўраб қисқа баёнот берган дипломатларга қарши ғазабини яширмаган.
Масаладан хабардор бўлган одамларнинг MEE га хабар килишича, Эрдўған амалда ўтган ҳафта дипломатларни чиқариб юборишга буйруқ берган, аммо ташқи ишлар вазирлиги президентнинг фикрини ўзгартириш мумкин, деган умидда буйруқ ижросини кейинга қолдирди.
Шанба куни Эрдўған ниҳоят барча 10 элчининг ҳайдалишини истаётганини таъкидлади. Инқирознинг олдини олиш учун туркиялик катта амалдор америкаликларга мурожаат қилиб, уларни рад этиш имкониятини берди.
Манбаларга кўра, томонлар кескинликни камайтириш бўйича келишувга эришиб, битим туздилар: АҚШ ва бошқа имзо чекувчи давлатлар мезбон мамлакат ички ишларига аралашмасликни тасдиқловчи баёнот беради.
Кейинчалик душанба куни АҚШнинг Туркиядаги элчихонаси ва бошқа давлатлар Твиттерда баёнот берди: "Қўшма Штатлар дипломатик алоқалар бўйича Вена Конвенциясининг 41-моддасига риоя қилишини қайд этмоқда".
Канада, Нидерландия ва Янги Зеландия шунга ўхшаш хабар жўнатди, Франция, Германия, Норвегия, Швеция, Дания ва Финляндия эса, АҚШ хабарини жойлаштирди.
Эрдўған ҳукмронлигининг 19-йилида Туркия ва Ғарб ўртасидаги энг чуқур дипломатик можарони очган ҳаракат - 10 та элчининг қувилишини муҳокама қилиш учун Вазирлар Маҳкамаси Мажлисига келганида баёнотлар Твиттерда деярли бир вақтда эълон қилинган.
Anadolu давлат ахборот агентлиги президент офисидаги манбага таяниб хабар қилишича, Эрдўған бу баёнотларни «маъқуллаган». Anadolu ва давлат телекомпанияси TRT уларни элчихоналар томонидан "ортга қадам" деб атади.
Бунга жавобан, турк лираси бозорлар ёпилганда 9.85 АҚШ долларига тенг рекорд даражада паст бўлганидан кейин 9.58 га кўтарилди. Бу йил у ўз қийматининг деярли тўртдан бир қисмини йўқотди.
Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг сўзга чиққан Эрдўған ҳукумати хорижий давлатлар билан дипломатик инқирозни чиқариш ниятида эмаслигини билдирди.
«[Улар] бугун элчихоналарнинг баёнотлари чоп этилиши билан хатодан юз ўгирдилар», - деди у. «Ишонамизки, бундан буён бу элчилар эҳтиёткор бўлишади».
Юқори лавозимдаги турк амалдори MEE га айтишича, инқироз тугади, лекин кейинги бир неча кун турк расмийларининг кўпроқ ғазабланган баёнотлари туфайли мураккаб бўлиши мумкин. "Лекин биз тугатдик", - дейди амалдор.
2017 йилдан бошлаб Усмон Кавала ҳибсда, у 2013 йилги ҳукуматга қарши норозилик намойишларига ва 2016 йил амалга ошмай қолган давлат тўнтаришига алоқадорликда гумон қилинмоқда.
2021 февралида у 2013 йилги норозиликларни молиялаштириш масаласида оқланган бўлишига қарамай, Эрдўған суд қарорини танқид қилгач, унга дарҳол "конституцион тартибни ағдаришга уриниш" айблови қўйилган.