loader
Foto

Индонезияда криптовалюталарни тақиқлаш ҳақидаги фатвода «туйнук» топишди

Аввалроқ IN хабар қилганидек, Индонезия муфтийлар кенгаши криптовалютани ҳаром, яъни “юқори даражадаги ноаниқлик, хавф ва зарар” туфайли тақиқланган сармоя тури деб тан олди. Бироқ, Индонезияда криптовалютада пул ишлашнинг барча мухлислари ҳам бу фатвога риоя қилиб, ушбу восита билан операцияларни тарк этмади.

Хусусан, Индонезиялик молиячи ва молиявий режалаштириш бўйича Halal Vestor сервиси асосчиси Путри Мадаринанинг айтишича, криптовалютага валюта сифатида эмас (бу ҳолатда у муфтият фатвосига мос келади), балки коммодитиз тоифасидаги рақамли биржа товари сифатида муносабатда бўлиш керак, деб хабар қилади IslamNews сайти ABC News га таяниб.

Мадаринанинг сўзларига кўра, у криптовалютани «мол» – ислом атамашунослигида мулк деб ҳисоблайди. «Биз харид қилган нарса рақамли товар, биз уни қимматли деб санайдиган коллекция каби. Унинг қиймати масалан, винтаж автомобиллар каби, одамлар томонидан юқори баҳоланиши билан асосланади. Агар мулк сифатида [криптовалютани] баҳолайдиган бўлсак, мен бу ерда Исломий кўрсатмлар бузилганлигини кўрмаяпман, агар улар, албатта, бу билан ҳеч кимни йўлдан оздиришга ҳаракат қилмаса», – таъидлайди молиячи.

Бироқ, кўплаб индонезияликлар олимларни тинглашди ва баҳсли активга сармоя киритишдан бош тортишди. Хусусан, Сингапурда яшовчи индонезиялик Айнун Нажиб ўз қарори ҳақида гапирди - унинг сўзларига кўра, у йил бошидан бери криптовалютага сармоя киритган ва унда 45 000 доллардан ортиқ миқдорда узоқ муддатли жамғармаларни сақлаб қолган, аммо фатводан кейин у активдан қутулишга қарор қилди.