Мусулмонлар томонидан криптовалютадан фойдаланишга умуман рухсат берилган, бироқ ундан фойдаланишда маълум чекловлар мавжуд, деди Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси (РФ МДИ) раиси ўринбосари, Москва муфтийси Илдар Аляутдинов жума куни РФ МДИ Уламолар (олимлар) кенгашининг иши натижалар бўйича «РИА Новости» агентлигига.
Россия Федерацияси Мусулмонлар диний идорасининг Москва шаҳридаги Уламолар кенгашининг 2023 йил якуний йиғилиши бўлиб ўтди, унда ислом ҳуқуқи нуқтаи назаридан банк, оилавий ҳуқуқ, блокчейн ва криптовалюталардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Кенгаш ишида Россия, Германия, Туркия ва бир қатор араб давлатларидан уламолар, ислом ҳуқуқи бўйича мутахассислар ва олимлар иштирок этди.
"Айни дамда ислом уммати (жамияти) учун криптовалютадан фойдаланиш масаласи жуда долзарб. Уламолар кенгаши одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга олиб келадиган интернет технологияларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди. Йиғилишда қабул қилинган фатвода, криптовалюта муомаласи ва инвестицияларига бир қатор талаблар қўйилган ҳолда рухсат этилиши таъкидланди. Масалан, криптовалюта товар, валюта ёки молиявий актив сифатида таснифланиши мумкин бўлганда. Фатвода келтирилган талаблардан камида биттаси бажарилмаса, Кенгаш криптовалюта билан ҳар қандай операциялардан воз кечишни тавсия қилади", деди муфтий Аляутдинов «РИА Новости»га.
Шунингдек, 2023 йилги якуний йиғилиш доирасида "Россияда уй-жой муаммосини ҳал қилиш учун банк ипотека кредитларидан фойдаланишнинг қонунийлиги" фатвоси лойиҳасини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
"Эътиборлиси, мазкур мавзу муҳокамасида Туркия, Иордания ва Мисрдан етакчи дин олимлари, шунингдек, банк ва илмий жамоатчилик вакиллари, исломий молия соҳасидаги мутахассислар, тадбиркорлар иштирок этди. Уламолар кенгаши алоҳида бандда давлат органларининг Россия Федерациясида бир қатор исломий молия воситаларини амалга оширишни бошлаш бўйича муҳим ташаббусини муҳокама қилди. Таъкидланганидек, тегишли қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш аллақачон бошланган. Хусусан, Давлат Думаси томонидан «Россия Федерациясининг айрим субъектларида ҳамкорликда молиялаштириш фаолиятини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида махсус тартибга солиш ва Россия Федерациясининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш бўйича эксперимент ўтказиш тўғрисида»ги 417-сонли Федерал қонун қабул қилинди", - деди Аляутдинов.
Россия мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосарининг таъкидлашича, бундай ташаббус "Россия мусулмонларини жуда хурсанд қилади", чунки уларда ўз эҳтиёжларини қондириш, хусусан, исломий уй-жой қурилишини молиялаштириш воситалари орқали ўз уй-жойларини сотиб олиш учун реал имконият пайдо бўлади.
"Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси Уламолар кенгашининг қарорида давлат раҳбариятига Россия Федерациясида исломий молияни ривожлантиришга қаратаётган эътибор ва сиёсати учун самимий миннатдорчилик билдирилган", — деди муфтий Аляутдинов.
Россия мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Аляутдиновнинг қўшимча қилишича, ипотека кредитларидан фойдаланишнинг қонунийлиги ҳақидаги фатво лойиҳаси устида ишлаш давом этади.
"Уламолар кенгаши диний хулосага тузатишлар ва қўшимча тушунтиришлар киритишга қарор қилди", деди у.