“Чегара билмас мухбирлар” ва Афғонистон эркин журналистлари уюшмаси ўз ҳисоботида Ашраф Ғани ҳукмронлиги давридаги ва Афғонистонда «Толибон» ҳокимият тепасига келган 15 августдан кейинги матбуотдаги вазиятни солиштиради. Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан кейин журналистларга босим кучайган. Улар, шунингдек, «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан сўнг “Афғон медиа маконида” жиддий ўзгаришлар рўй берганини қайд этишди.
Афғонистонда «Толибон» ҳокимият тепасига келгунига қадар фаолият кўрсатган 543 та оммавий ахборот воситаларидан ҳозир атиги 312 таси фаолият кўрсатмоқда, яъни сўнгги тўрт ой давомида бу мамлакатда оммавий ахборот воситаларининг 43 фоизи ёпилган.
Ёпилган оммавий ахборот воситаларининг аксарияти маҳаллий нашрлар эди. Масалан, Ҳирот вилоятида 51 та маҳаллий оммавий ахборот воситаларидан бор-йўғи 18 таси ўз фаолиятини давом эттирмоқда, яъни, 65 фоизга яқин оммавий ахборот воситалари ёпилган. Афғонистон оммавий ахборот воситалари энг кўп жойлашган Кобулда ҳар иккинчи оммавий ахборот воситаси ёпилган.
Ҳисоботда аёл журналистларнинг ҳимоя қилинмаганлиги қайд этилган. Статистик маълумотларга кўра, “Толибон” келгунига қадар оммавий ахборот воситаларида ишлаган 2490 нафар аёлдан атиги 410 нафари толиблар назоратидаги Афғонистонда ишлайди, яъни журналист аёлларнинг 84 фоизи ишсиз қолган.