loader
Foto

Қуръон оятларидаги қадимги Миср тарихи

Қуръони каримда Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн ўртасидаги можаро ҳамда унинг бани Исроилга қилган зулми батафсил зикр қилинган. Бундан ташқари, Қуръони каримда қадимги Миср тарихига оид маълумотлар бор. Энг қизиғи, мазкур маълумотлар тарихчи ва археологлар тарафидан яқинда тўлиқ тасдиқланди.

Қуръони каримда фиръавн билан бирга зикр қилинган Ҳомон жуда кўпчиликни ҳайратга солди. Унинг исми тўртта оятда Фиръавн билан бирга зикр қилинган. У фиръавннинг яқинларидан бўлган.

Ҳомон исми тарих фанига маълум эмас эди. Олимлар ўн саккизинчи асрнинг ўрталаригача қадимги Миср ёзувларини ўқиш сирини била олмадилар, чунки бу тил минг йиллар давомида ўлик тил ҳисобланиб келар, уни ўқиш усуллари ҳам сақланиб қолмаган эди. Бироқ, XIX асрда Миср иероглифларини ўқиш имкони пайдо бўлди. Иероглифларни ўқиш имконияти туғилгач, тарихчи олимлар қадимги Миср тарихи ҳақида деярли тўла маълумотга эга бўлдилар. Маълум бўлишича, Қуръони Каримда зикр қилинган, фиръавннинг хизматкорларидан бирининг исми бўлган Ҳомон сўзи ҳам бу ёзувларда бор экан. Бундан ташқари, ушбу тарихий ёзувларда Ҳомон фиръавннинг содиқ аъёнларидан бири бўлганлиги таъкидланган. Тилсими маълум бўлган иероглифлар асосида тузилган “Янги қироллик кишилари” луғатида Ҳомон ғишт пиширувчи усталар устидан назоратчи сифатида санаб ўтилган. Бунинг диққатга сазовор жойи шуки, ояти карималарда фиръавн Ҳомонга улкан минора қуриш ҳақида буйруқ берганлиги айтилган. Фиръавн бу миноранинг зинапоялари бўйлаб осмонга, худонинг ҳузурига кўтарилмоқчи бўлган. Археологик қазилмаларда аниқланган маълумотлар Қуръони Карим оятларига тўла мос келди.

Фиръавн: "Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман. Бас, сен эй Ҳомон, лойни пишириб, (ғишт қуйиб) мен учун бир (баланд) қаср бино қил, шоядки мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг худосини кўрсам. Албатта мен уни ёлғончи кимсалардан деб ўйламоқдадирман", деди. Қасос сураси, 38-оят

Аммо қизиғи шундаки, Тавротда, Мусо алайҳиссалом ва у кишининг ҳаётлари ҳикоя қилинган жойда Ҳомоннинг исми зикр қилинмаган экан. Бироқ, Ҳомон исми Қадимги Аҳднинг сўнгги қисмларида зикр қилинган бўлиб, у бани Исроилга  катта зулм қилган Бобил подшоҳининг аъёнларидан бири бўлган экан. Бироқ, бу воқеалар Мусо алайҳиссаломдан кейин 1100 йил ўтиб бўлган.

Қуръони каримда зикр қилинган Ҳомон эса, археологик кашфиётлар натижасида ўз тасдиғини топди. Унга кўра, Ҳомон Мусо алайҳиссадом даврида яшаган экан.

Қадимги Миср иероглифлар сирини 1799 йил тадқиқотчи  франциялик Жан Франсуа Шамполон томонидан ечилди. Мисрнинг Розетта шаҳри ёнидан қадимги тош битик топилади. Унда битилган битикларнинг 54 та қатори қадимги юнон тилида ёзилган бўлиб, тадқиқотчи бу тилни сув қилиб ичиб юборганлардан эди. Қадимги юнон тилида ёзилган матн устида демотик харфлар (иероглиф хатининг енгил услуби) билан битиклар бор эди. Унинг устида эса, иероглифлар билан ёзилган битик бор эди. Катта меҳнат эвазига Шампольон қадимги Миср иероглифларни ўқиш услубини кашф этди. Маълум бўлишича, қадимги мисрликлар маъно берувчи белгиларни (идеограмм) сон белгилари билан аралаштириб фойдаланган.

Булардан сўнг, унутилиб кетилган Қадимги Миср тарихи замонавий тадқиқотчилар учун қайта кашф бўлди. Қадимги Миср солномалари, кўҳна деворлар, мақбара, ҳайкал ва бошқа ёдгорликлардаги ёзулар ўқилди.

Тадқиқотлар давомида Ҳомон исми бир нечта қадимги Миср ёзувларида учради. Шундай қилиб, Ҳомон қадимги Мисрда Мусо алайҳиссалом даврида яшаган тарихий шахс экани маълум бўлди. У фиръавннинг яқинларидан бўлиб, қурилиш ишларига бошчилик қилган. Қуръони каримда у ҳақида зикр қилинган: “Фиръавн: "Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман. Бас, сен эй Ҳомон, лойни пишириб, (ғишт қуйиб) мен учун бир (баланд) қаср бино қил, шоядки мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг худосини кўрсам. Албатта мен уни ёлғончи кимсалардан деб ўиламоқдадирман", деди. Қасос сураси, 38-оят

Мазкур оятда фиръавннинг Ҳомонга қаср бино қилишга буйруқ бермоқда, бу ҳам археологик топилмалар билан тасдиқланди.

Бундан ташқари Ҳамон фиръавн билан бирга зикр қилинган бошқа оятлар ҳам бор: “Бас, Фиръавн оиласи уни ўзларига душман ва ғам-ғусса бўлиши учун тутиб олдилар. Албатта, Фиръавн, Ҳомон ва икковларининг аскарлари хатокорлардан бўлган эдилар” (Қасас сураси, 8)

“Қорун, Фиръавн ва Ҳомонларни (ҳам ҳалок қилдик). Батаҳқиқ, Мусо уларга очиқ-ойдин ҳужжатлар келтирди. Бас, улар ер юзида мутакаббирлик қилдилар ва қочиб қутулгувчи бўлмадилар” (Анкабут сураси, 39).

Ҳақиқатдан ҳам, милодий 2-3 асрларда қадимги иероглифлар ўқилиши унутилиб кетилган ёзувларни Шамполонгача ҳеч ким ўқий олмаган бўлса ҳам Қуръони каримда булар ҳақида маълумот бўлган. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам қадимги иероглифларни ўқий олмаганлар. У бу маълумотларни қадимги Миср манбаларидан олиши ҳам мумкин бўлмаган. Қуръони Каримда қадимги Миср зодагонларидан бир бўлган Ҳомоннинг исми зикр қилиниши муқаддас китобимизнинг илоҳий манба эканлигини яна бир бор исботлайди, зеро унда кўплаб ноёб тарихий маълумотлар борки, асри саодатда бу маълумотлар ҳақида ҳеч кимда ҳеч қандай аниқ маълумот йўқ эди.



Археолог ва тадқиқотчиларнинг кашфиётлари ҳам Қуръони карим Аллоҳ таолонинг китобига эканининг яна бир далилидир.

Манбалар асосида

Абу Муслим тайёрлади