loader
Foto

Эрон: Кеча ва Бугун

Инқилобдан олдинги ҳаёт

Бундай ярим аср олдин Ризо Шоҳ Паҳлавий даврида Эрон ишонч билан ғарб йўналишида ривожланаётганди. Ризо Шоҳ 1941 йил ҳукумат тепасига келган. Ёш шаҳзода мамлакатда совет ва британ қўшинлари бостириб кириши оқибатида ҳукумат тепасидан ағдариб ташланган отасининг ўрнини эгаллаган.

Эҳтимол, Эрон раҳбарининг сиёсатига унинг ёш эканлиги таъсир кўрсатган. Унинг қарорига кўра, мамлакат ўзгариб, модернизация йўлини танлади, дунё учун очиқроқ бўла бошлади. Бунинг учун кўп асрлик анъаналардан воз кечиш ва исломдан бироз узоқлашишга тўғри келди.

Шоҳ биринчи навбатда АҚШ га қараб иш кўрарди. Мамлакатни у бошқарган     йилларда Эрон Исроил билан алоқаларни қўллаб-қувватлаган ягона ислом давлати эди.

Ризо Шоҳ аёлларга ҳижобни ечиш, ўқиш, ўзини эркаклар даврасида эркин ҳис қилишга рухсат берди. Умуман, у аста-секинлик билан армияни кучайтириб, тизимли ислоҳотлар амалга оширди.

Шоҳ сиёсатида нима нотўғри эди

Бироқ эронликларга Паҳлавий сиёсатида ҳамма нарса ҳам ёқавермасди. У ғарб етакчилари билан дўстона муносабатларга эга, нефть қазиб чиқаришдан олинган пулларни улар билан бўлишар эди (бу пайтгача асосан хусусий компаниялардан иборат бўлган нефть қазиб чиқарувчи корхоналарни давлат тасарруфига ўтказганди). Кейинроқ мамлакат етакчиси СССРга яқин бўлиб, унинг газидан пул ишлаб топарди.

Сўл кучларга ғарб мамлакатлари билан дўстлик, капитализм бошланганлиги сира ёқмасди. Руҳонийлар, албатта, мамлакатда рўй бераётган воқелардан норози эди. Шоҳ жамиятни максимал даражада модернизация қилгани камлик қилгандай, у антик маданиятга кўп мурожаат қилиб, исломдан  олдинги, мажусийлар Эронини кўп эсларди.

Бундан ташқари, ғарбга йўналтирилганликка қарамай, режим тоталитар эди. Монархияга мухолифат тақиқланганди. САВАК махсус хизмат фаолият юритиб, унинг усуллари жуда шафқатсиз ва демократия ғояларидан узоқ эди. Юз минглаб ҳукуматга қарши бўлганлар қамоққа олинганди.

Шу сабабли аста-секинлик билан мухолифат ва норози бўлган фуқаролар Ризо Шоҳ сиёсатига қарши чиқа бошладилар. 1963 йил Шоҳнинг жиддий рақиби ва танқидчиси Рухулла Хумейний ҳибсга олингандан кейин бир қатор норозилик ҳаракатлари амалга оширилди. Бу ҳаракатлар куч билан тарқатиб юборилди, лекин қурбонлар бўлди. Расмий маълумотларга кўра ва мухолифат  маълумотлари жиддий фарқ қилади: мос равишда 86 ва 15 000 киши. Бир йилдан сўнг Хумейний мамлакатдан чиқариб юборилди. Лекин у монархияни ағдариш бўйича ўз фаолиятини давом эттирди.

Рўй берган нефть «бум»и жуда катта инфляцияга сабаб бўлди. Бутун давлат аппарати порахўрликка муккасидан кетганди.

Мухолифатнинг вужудга келиши

70-йилларнинг бошларида, АҚШ билан дўстликка қарамай, Паҳлавий ўзгача фикрлайдиганларга босимни пасайтиришга мажбур қилинди. Бир неча юзлаб ҳибсга олинганлар озодликка чиқарилди. Шу тариқа мухолифат вужудга кела бошлади: ҳаракатларнинг бир қисми – қонуний, бошқа кисми – ярим қонуний эди.

Шундан сўнг рўй берган норозилик ҳаракатларига жавоб умуман мос келмайдиган даражада бўлди. 1978 йил тинч намойиш ўққа тутилди. Бу эса эронликларнинг сабр косасини тўлдириб юборган нарсага айланди. 1979 йил январь ойида Шоҳ хотини билан бирга Мисрга қочди. Унинг бош вазири Хумейнийни Эронга таклиф қилди. Ўша пайтлар Шоҳнинг асосий танқидчиси Парижда яшарди.

1979 йил 1 февралда у ватанига қайтади ва минглаб одамлар томонидан худди қандайдир маъбуддай кутиб олинади.

"Шоҳ кетди, Имом келди"

Одамлар гарчи ғарб йўналишида бўлсада, 40 йиллик «барқарорлик» ва азоб-уқубатдан чарчаганди. Ўша пайт амал қилган дунёвий ҳукумат модели кўпчиликка ёқмасди. Инфляция, мухолифатга босим, ҳамма жойдаги порахўрликлардан чарчаган эронликлар эртанги кунга умид билан қарарди. Бироқ оқибатда улар яна худди шу айниган «барқарорлик»ка эга бўлдилар. Фақат бу сафар динга қайтган, эркинликлар ва ҳуқуқлар кескин камайган ҳолда.

Кўчалардаги тўқнашувлар атиги бир неча кун давом этди. Армия ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар Хумейний томонига ўтди. У, дарвоқе, бош вазир таклиф қилганда ҳамкорлик қилишдан бош торганди.

Хумейний тезда имом – диний етакчи олий мақомга эга бўлган янги тартиб жорий қилди. Ушбу шиаларнинг теократик модели ҳозир ҳам амал қилмоқда.

Янгича тартиб

Дастлабки паллада эронликлар эйфория ҳолатида янгича тартиб ва ҳукуматга ҳаддан ташқари катта умид билдириб юборганди. Эрон исломий турмуш тарзини фаол тарғиб қилиб, бошқа мамлакатларни танқид қилишга киришди. Шу тариқа мамлакат жаҳон мухолифати қаторидан ўрин олди. Бу Ироқ билан уруш даврида унга қимматга тушди, чунки дунё Ироқни қўллаб-қувватлаганди.

Ғарб мамлакатлари таъсири ва кўмаги иқтисодиёт соҳасида ҳам йўқолди. Капиталистик алоқалар фақат Имом учун зарур бўлган соҳаларда – нефть сотиш ва қурол-яроғ сотиб олишда қолди.

39 йиллик чириётган барқарорлик. Эронда деярли ҳеч нарса ўзгармайди. Ривожланган дунё жамиятнинг барча аъзолари тенг ҳуқуқли бўлиши учун курашаётган бир пайтда бу ерда шиалик тарғиб қилинди, мажбурлаб сингдирилди.

Таъкидлаш жоизки, Эрон аҳолиси асосан ёшлардан иборат. Мамлакат аҳолисининг ярмини 25 ёшдан кичик бўлганлар ташкил қилади! Албатта, ҳамма ёшлар ҳам ўз мамлакатидаги ҳукмрон шиалар мафкураини ёқламайди. Яқинда мамлакат бўйлаб кучли норозилик ҳаракатлари бўлиб ўтди. Улар мамлакат президенти ва диний етакчисини истеъфо бериш ва ҳатто қатл этишни талаб қилдилар.

Нарозилик намойишлари мамлакатнинг энг йирик шаҳарларини қамраб олди. Одамлар инфляция, нархларнинг ўсиши ва порахўрликка қарши чиқдилар. 2016 йил Эронга қўйилган санкцияларнинг бир қисми олиб ташланганига қарамай, ҳукумат мамлакатнинг иқтисодий ҳолатини яхшиламади. Бироқ ҳарбий харажатларни, шиаликни Яқин Шарқ минтақасида ёйишни молиялаштиришда давом этди. Диний етакчи эса, ҳамон ислом ҳуқуқи билан боғлиқ масалаларда якка ўзи қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга ва амалда айнан у Эронни бошқармоқда. Лекин давлатда жиддий ўзгаришлардан умид қилишга сабаб йўқ.

Хориж матбуотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади