Бу ҳақида, хусусан, АҚШ мансабдор шахслари ва яна иккита хабардор шахсга ҳавола қилган ҳолда NBC News маълум қилади.
Тўрт манбанинг сўзларига қараганда, ўтган ой Трамп маъмурияти ходимлари федерал ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига Эрдўғонни Саудия Арабистони ҳукуматига кўрсатаётган босимни пасайтиришга кўндириш учун Фатҳулла Гюленни АҚШдан чиқариб юборишнинг қонуний усулларини ўрганиб чиқиш илтимоси билан мурожаат қилди.
Бу ҳаракатлар ФҚБ ва Адлия департаментига расмий шахслар Туркиянинг уни экстрадиция қилиш ҳақидаги ишни яна очиши ҳақида директивани, шунингдек, унинг ҳуқуқий мақоми ҳақида ахборот тақдим этиш ҳақида Миллий хавфсизлик департаментига сўровни ўз ичига олади, деди тўртала манба.
Улар, шунингдек, Оқ Уй Гюленнинг АҚШда яшаб туриш мақоми ҳақида ахборот олишни атайин талаб қилганини айтиб берди. Маълумки, Гюлен "грин-карта"га, яъни доимий яшаш ҳуқуқини берадиган ҳужжатга эга. У 1990-йиллар охирларидан Пенсильванияда яшаб келади.
Маълум қилинишича, юқорида айтиб ўтилган барча агентликлар Оқ Уй сўровини ортга қайтариб юборган.
«Дастлаб улар кўзларини тепага қаратдилар, лекин бу жиддий илтимос эканлигини тушунганларидан кейин, ходимлар жаҳли чиқиб, ғазабланди», - деди ушбу жараёнда иштирок этган АҚШ катта амалдори.
АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши Раиси дастлаб бу воқеага шарҳ беришдан бош тортди, лекин матбуотда чоп этилгач, қуйидаги сўзларни айтди: «МХК Жамол Хашукджининг ўлими муносабати билан Фатҳулла Гюленни экстрадиция қилишга алоқадор ҳеч қандай музокараларда қатнашмаган ва бу ҳақида ҳеч нарса эшитмаган».
Давлат департаменти, Адлия вазирлиги ва Ички хавфсизлик Департаменти журналистларнинг бу масалада шарҳ бериш ҳақида илтимосларини жавобсиз қолдирдилар.
Гюленнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат ҳам, худди ФҚБ каби, шарҳ беришдан бош тортди.
Туркия эса бу икки ишни бир-бири билан боғламаслигини айтди ва Хашукджи ишини тергов қилиш америкаликларнинг Гюлен иши бўйича Анқара талабларига рози бўлган тақдирида ҳам давом этишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамизки, Саудия Арабистони Трампнинг Яқин Шарқдаги сиёсатида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Оқ Уйнинг шаҳзода Муҳаммад билан муносабатлари Трамп учун Эронга қарши кураш ва Исроил-Фаластин тинчлик муносабатларига кўмаклашиш мақсадлари учун муҳим аҳамият касб этади. Туркия Эрдўғонни Хашукджининг ўлдирилиши ва ар-Риёднинг айби борасида халқаро норозиликлар ифодаловчиси сифатида қулай позицияга олиб чиққан Хашукджининг ўлдирилиши ҳақида далилларга эга бўлган АҚШнинг НАТО бўйича иттифоқчиси ҳисобланади.
Бунда Эрдўғон бир неча йилдан бери АҚШдан Гюленни Туркия қайтаришни талаб қилиб келмоқда. Яқинда Туркия расмий шахслари ва Трамп маъмурияти муҳокама қилган вариантлардан бирида кўзда тутилишича, агар тўғридан-тўғри экстрадиция имкони бўлмаса, Гюлен бевосита Туркияга топширилмасдан Жанубий Африкага бориши лозим, дея хабар беради муҳокамалардан хабардор бўлган кишилар. Муаммо шундаки, агар Гюлен ўзи боришни истамаса, АҚШ уни Жанубий Африкага жўнатиб юбориш учун ҳеч қандай ҳуқуқий асосларга эга эмас.
АҚШ Анқаранинг сўрови бўйича Гюленни топшириши худди бошқа мамлакатлар ҳам Гюленчиларни топшириб юборгани ёки Туркиянинг ўзи турли диссидентларни топшириб юборгани каби, осон рўй беришини кутаётган турклар атайлаб ёки билмасдан айнан юридик жиҳатларни писанд қилмаяпти. Бироқ, америкалик экспертлар бир неча бор огоҳлантирагнидек, кўп йиллик грин-картаси бор кишини экстрадиция ёки депортация қилиш жуда мураккаб ва кўп поғонали юридик жараён ҳисобланади.
Трамп ва Эрдўғон яқинда зиддиятни юмшатишнинг яна бир вариантини – Эронга қарши АҚШ санкцияларидан бўйин товлаганлик схемасидаги роли учун АҚШ федерал судьяси томонидан май ойида 32 ойлик озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган турк банкири Мехмет Хакан Атиллани озод этини ҳам муҳокама қилдилар. Эрдўғон Атиллага қарши ишни унинг ҳукуматини обрўсизлантиришга қаратилган сиёсий ҳужум деб баҳолади.
АҚШ ва Туркия сўнгги бир неча ой давомида бир қатор нозик дипломатик масалалар бўйича, жумладан, ўтган ойнинг охирида, Туркияда қамоққа олинган америкалик пастор Эндрю Брансонни озод қилиш ҳақида ва Манбиджда (Сурия) америка-турк қўшма патрули ҳақида битим бўйича музокаралар олиб борди.
Бироқ Гюлен масаласи кун тартибида биринчи ўринда турибди. турк амалдорлари ҳам, америкаликлар ҳам улар учрашган ҳар сафар Гюленни экстрадиция қилиш масаласи кўтарилишини таъкидладилар. Америкалик айрим амалдорлар эса Хашукджи иши турклар томонидан Трампга босим ўтказиш учун қўлланиши ҳақида гапирмоқдалар.
Аслида, Трамп ва унинг маъмурияти, шубҳасизки, Гюлен ишини ўзлари ҳам ҳал этишни истаган бўларди. Бу сафар маъмурият мос келувчи структуралардан Гюлен иши кўриб чиқишни сўраб иккинчи марта мурожаат қилмоқда. Биринчи сафар Трампнинг инаугурация маросимидан бир неча ҳафта ўтгач рўй берган бўлиб, у иттифоқчилар билан муносабатларни қайта кўриб чиқаётган янги маъмуриятнинг ишлари, шунингдек, ўша пайтдаги, унинг Туркия билан алоқалари Россия сайловларига аралашиш муносабати билан Роберт Мюллер томонидан синчиклаб тергов қилинган миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майкл Флин таъсири билан боғланди. 2017 йил февралда истеъфо берган Флинн ўтган йилнинг декабрида Мюллер билан битим имзолаб, тергов билан ҳамкорлик қилмоқда.
Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг расмий шахслари ўшанда ҳам, ҳозир ҳам Гюлен АҚШ қонунларини бузганлиги ҳақида ҳеч қандай далил-исбот йўқ ва уни экстрадиция қилиш учун ҳам ҳеч қандай қонуний асослар мавжуд эмаслигини билдирган. Гарчи Туркия Гюлен айбдорлигини исботлаш учун бир неча қути ҳужжатлар тақдим этган бўлсада, америкаликлар бу далилларни экстрадиция стандарларига мос келмайдиган деб баҳолади.
Шу аснода кескинлик тобора кучайиб бормоқда. Ўтган дам олиш кунлари Эрдўғон Хашукджининг ўлдирилиши билан боғлиқ аудиоёзувни АҚШ, Буюк Британия, Саудия Арабистони консулхоналарига, француз ва немис ҳукуматларига тақдим этганлигини маълум қилди. Унинг шарҳлари Эрдўғон АҚШ ёки Саудия Арабистонига босим кўрсатишни хоҳлаб қоладиган бўлса, исталган пайт тақдим этиши мумкин бўлган далилларни оммага эслатиб ўтиш бўлди.
Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Джон Болтон сешанба куни Туркиядан жўнатилган аудиоёзувни тинглаб кўрган АҚШ расмий шахслари уни баҳолагани, лекин унда шаҳзода Муҳаммаднинг иштирокини топмаганлигини маълум қилди.
Саудия Арабистони Хашукджининг танаси қолдиқлари қаерда эканлиги хали очиб бергани йўқ, Туркия эса ар-Риёдга босим ўтказишни давом эттирмоқда.
Хориж матбуоти асосида
Абу Муслим тайёрлади