loader
Foto

Шайтоннинг адоват ва ҳийлалари

Ибн Аббос (р.а.) Аллоҳ таолонинг:

“(Эй Муҳаммад) айтинг: Мен барча инсонларнинг парвардигоридан, барча инсонларнинг илоҳидан (менга) ўзи, жин ва инсонларда бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган, (Аллоҳ номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман” (Нос сураси), деган ояти ҳақида айтадилар: “Шайтон инсонларнинг қалбига кирганидек, жинларнинг ҳам қалбига киради ва васваса қилади. Агар Аллоҳ номи зикр қилинса, яшириниб уларнинг қалбидан чиқади”.



Айтилардики, жоҳилликнинг аломати тўртта:

1.   Бекорга ғазабланиш.

2.   Нафснинг ботилга эргашиши.

3.   Молни ўринсиз ишлатиш.

4.   Дўстини душманидан камроқ билиш, яъни, шайтоннинг тоати устига ихтиёр қилиш. Шайтоннинг тоатини Аллоҳнинг тоатига алмаштириш нақадар ёмон.

Аллоҳ таоло айтади: “Энди сизлар (эй одам фарзандлари) Мени қўйиб, уни (яъни, шайтонни) ва зурриётларини дўст тутурмисиз? Улар сизларга душман-ку! У (шайтон) золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон ўринбосардир” (Каҳф, 50-оят).



Оқилликнинг аломати ҳам тўртта:

1.   Жоҳилга нисбатан мулойим бўлиш.

2.   Ботилдан нафсини қайтариш.

3.   Молни лойиқ жойга ишлатиш.

4.   Душманидан дўстини ажрата билиш”.

Ваҳб ибн Мунаббаҳдан зикр қилинади: “Шайтон Яҳё ибн Закариё алайҳиссаломга йўлиқибди. Яҳё ибн Закариё унга: “Менга одам фарзандларининг табиатини қандай билишинг ҳақида хабар бер”, дедилар. Иблис айтди: “Уларда бир синф бор, гуноҳлардан пок, сенга ўхшайди. Уларга ҳеч нарса қила олмаймиз. Аммо иккинчи синфи болаларингизнинг қўлларидаги тўп каби бизнинг қўлимизда. Уларга биз кифоя қиламиз. Аммо, учинчи синфга келсак, улар биз учун энг ёмон синфдир, уларга бирортамиз учраймиз-да, керакли нарсамизни оламиз, сўнг у истиғфорга шошилади ва биз олган нарсани бузади. Ундан ноумид ҳам бўлмаймиз, ҳожатимизга ҳам эриша олмаймиз”.



Ҳакимлардан бири айтади: ”Шайтоннинг инсонга ўнта эшикдан келишини кўрдим:



1.   Шайтон ҳирс ва ёмон гумон томонидан келади. Уни ишонч ва қаноат билан кутиб олдим. Сўнг Аллоҳнинг китобидан унга қарши ушбу сўзни топдим:

“Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир”  (Ҳуд, 6-оят). Ва ушбу оят билан унинг эшигини синдирдим.

2.   Қарасам, шайтон ҳаёт ва узун орзулар билан келяпти, уни тўсатдан келувчи ўлим хавфи билан кутиб олдим. Сўнг Аллоҳнинг китобидан унга қарши ушбу оятни топдим:

“Бирор жон қаерда ўлишини ҳам била олмас” (Луқмон, 34-оят). Ва унинг эшигини синдирдим.

3.   Кўрдимки, шайтон кейин роҳат ва неъмат томонидан келяпти. Уни неъматнинг заволи ва ёмон ҳисоб¬-китоб бўлиши билан кутиб олдим. Сўнг уни дафъ қилиш учун Аллоҳнинг ушбу сўзларини топдим:

“(Эй Муҳаммад) уларни қўяверинг, еб-ичиб, фойдаланиб қолсинлар...” (Ҳижр, 3-оят),

“(Эй Муҳаммад) хабар беринг-чи, агар Биз уларни (узоқ) йиллар (сиҳат-саломатлик, молу давлат билан) фойдалантирсак...” (Шуаро, 205-оят). Шундай қилиб, бу томондаги эшигини ҳам синдирдим.

4.   Кўрдимки, сўнг шайтон мағрурланиш томонидан келяпти. Уни оқибат хавфи ва миннат билан кутиб олдим ва Аллоҳнинг ушбу сўзи билан уни ҳайдадим:

“Бас, у (кунга ҳозир бўлган)лар орасида бахтсизи ҳам бўлур, бахтлиси ҳам..” (Ҳуд, 105-оят). Дарҳақиқат, мен қайси тоифадан бўлишимни билмайман, шу билан унинг бу эшиги ҳам синди.

5.   Кейин у биродарларга эътиборсизлик ва ҳурматсизлик тарафидан келди. Уни биродарчиликнинг ҳаққини ва ҳурматини билиш билан кутиб олдим ва уни бартараф қилишга Аллоҳнинг ушбу сўзини топдим:

“Куч-қудрати Аллоҳнинг, Унинг пайғамбари ва мўминларникидир” (Мунофиқун, 8-оят). Шу билан яна бир эшигини синдирдим.

6. Кўрдимки, у ҳасад эшигидан келяпти. Уни адолат ва Аллоҳ таолонинг махлуқлари орасида қилган тақсимоти  билан кутиб олдим ва Аллоҳнинг ушбу сўзи билан ҳайдадим:

“Уларнинг ҳаёти дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз ўзимиз тақсимлаганмиз” (Зухруф, 32-оят) ва шу билан унинг эшиги синди.

7. Кейин у риё ва одамларнинг мақтови билан келди. Уни ихлос билан кутиб олдим ва ушбу оят билан дафъ қилдим:

“Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирор кимсани (Унга) шерик қилмасин” (Каҳф, 110-оят). Яъни, қиладиган барча амалларини ихлос ила қилсин. Ва шу билан яна бир эшигини синдирдим.

8. Сўнгра у бахиллик  эшигидан келади, уни банданинг қўлидаги бор нарса йўқ бўлиши ва Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсагина боқий қолиши билан кутиб олдим ва Аллоҳнинг ушбу сўзи билан уни ҳайдадим:

“Сизларнинг ҳузурларингиздаги нарсалар йўқ бўлур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар боқийдир” (Наҳл, 96-оят). Шу билан уни синдирдим.

9. Кўрдимки, у кибр эшигидан келяпти. Уни тавозуъ билан кутиб олдим ва ушбу оят билан уни ҳайдашга куч топдим:

“Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳаво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст, биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-елатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва огоҳдир” (Ҳужурот, 13-оят). Ва унинг эшиги шу билан синди.

10. Сўнгра кўрдимки, у тамаъ томонидан келяпти. Уни одамларга қарам бўлмаслик ва Аллоҳ ҳузуридаги нарсага ишонч билан кутиб олдим. Унга қарши эса, ушбу оят билан курашдим:

“Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур ва уни ўзи ўйламаган томонидан ризқлантирур” (Талоқ, 2 ¬ 3-оятлар).

Хабарда зикр қилинишича, иблис (унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин) Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳга муножот қилиб турганларида, у кишининг олдларига келди. Фаришталардан бири иблисга: “Сенга ўлим бўлсин, унинг бу ҳолатидан нимани умиб қиляпсан?” деди. Айтди: “Ундан унинг отаси Одамдан жаннатдалигида умид қилган нарсамни умид қиляпман”.

Айтишларича, намоз вақти келса, шайтон аскарларига одамларга боришни, уларни намозларидан машғул қилиб қўйишни буюради. Шайтон намоз ўқимоқчи бўлган киши олдига келиб, уни рукуъ, сажда, қироат, тасбеҳ ва дуоларни мукаммал қилишдан тўсишга ҳаракат этади. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, унинг қалбини дунё ишлари билан машғул қилиб қўяди. Агар бу нарсалардан бирортасига қодир бўлмаса, шайтон уни маҳкам боғлаб, денгизга улоқтиришга шайланади. Агар бу ишлардан бирортасига қодир бўлса мақтанади

Аллоҳ таоло Иблиснинг оғзидан ҳикоя қилиб айтади:

“Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (одам болаларини) кутиб ўтираман. Сўнгра уларнинг олдларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келаман ва уларнинг кўпларини шукр қилган ҳолларида топмайсан” (Аъроф, 16¬17-оятлар).

Бошқа бир оятларда айтади:

“Эй Одам болалари, шайтон оталарингизни жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин!” (Аъроф, 27-оят),

“Шайтон сизларни (агар инъом-еҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради” (Бақара, 268-оят);

“Аниқки, шайтон сизларга душмандир. Сизлар уни душман тутинглар” (Фотир, 6-оят).

Аллоҳ таоло шайтон Одам фарзандлари учун душ ман эканини баён қилди ва у уларни адаштиришни, ўзи билан бирга дўзахга туширишни хоҳлашини билдирди. Ақлли киши у билан курашда ўзини ундан халос қилиш учун жидду жаҳд қилмоғи вожиб. Чунки шайтон мўминлар учун очиқ душмандир. Мўмин кишининг шайтондан бошқа душманлари ҳам бордир.



Анас ибн Моликдан ривоят қилинади. Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: “Мўмин бешта кулфат орасида: бир мўмин унга ҳасад қилади, мунофиқ уни ёмон кўради, душман у билан уришади, шайтон уни адаштиради, нафси уни саргардон қилади”.

Бас, мусулмон киши Аллоҳдан душманларига қарши ёрдам ва қувват ҳамда ўзи яхши кўрадиган, рози бўладиган амалларга муваффақ қилишини сўрамоғи лозим.

Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло муяссар қилган кишига енгилдир.

Абу Солиҳ Абдураҳмон ибн Зайёддан ривоят қиладилар: “Мусо алайҳиссалом бир мажлисда ўтирган эдилар. Шу пайт иблис келди. Унинг бошида турли рангларда бўлган кийим бор эди. Мусога яқинлашганида, уни ечиб қўйди ва юзланиб, салом берди. Мусо: “Сен кимсан?” деб сўрадилар. “Мен иблисман”, деди у. Мусо айтдилар: “Бу ерга келишинг сабаби нима?” “Сизга салом бериш учун келдим, чунки Аллоҳ таоло ҳузурида мартабангиз бор”. Мусо: “Бу дўппи нима учун?” деб сўрадилар кейин. Иблис: “У билан Одам болаларининг қалбларини ушлайман”, деди. Мусо айтдилар: “Менга хабарини айт-чи, Одам фарзанди қайси гуноҳни қилса, унга ғолиб бўласан?”. Иблис: “Нафсига мағрурланса, амалини кўп санаса ва гуноҳини унутса, унинг устидан ғалаба қиламан”, деб жавоб берди.



Ваҳб ибн Мунаббаҳдан (Аллоҳ раҳмат қилсин) зикр қилинади. Аллоҳ таоло иблисга Муҳаммад (с.а.в.) олдларига бориб, саволларига жавоб беришни буюрди. У чол суратида қўлида ҳасса билан келди. Пайғамбар (с.а.в.)  айтдилар: “Сен кимсан?” “Мен шайтонман”. “Нима учун келдинг?” деб сўрадилар кейин. “Аллоҳ таоло менга сизнинг олдингизга келишимни ва саволларингизга жавоб беришимни буюрди”, деди шайтон. Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: “Эй малъун, менинг умматим ичида сенинг қанча душманинг бор?” Иблис жавоб қилди: Ўн бешта: биринчиси, сиз, иккинчиси, одил имом, учинчиси, мутавозеъ бой, тўртинчиси, содиқ савдогар, бешинчиси, Аллоҳдан қўрқувчи олим, олтинчиси, самимий, оқкўнгил мўмин, еттинчиси, раҳмдил мўмин, саккизинчи, тавбасида собит турган тавба қилувчи, тўққизинчиси, ҳаромдан тақво қилувчи одам, ўнинчиси, доим таҳоратда юрувчи одам, ўн биринчиси, кўп садақа қилувчи одам, ўн иккинчиси, одамларга нисбатан чиройли хулқда бўлган одам, ўн учинчиси, одамларга фойдаси тегувчи мўмин, ўн тўртинчиси, Қуръонни ёдлаб, уни давомли қироат қилувчи одам, ўн бешинчиси, кечаси одамлар ухлаганида, ибодат қилувчи одам”. Сўнг Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: “Менинг умматим ичида нечта дўстинг бор?” Иблис жавоб берди: “Ўнта. Биринчиси, золим подшоҳ, иккинчиси, мутаккабир бой, учинчиси, хиёнатчи савдогар, тўртинчиси, ароқ ичувчи, бешинчиси, одам ўлдирувчи, олтинчиси, зинокор, еттинчиси, етимнинг молини еювчи, саккизинчиси, намозга бепарво бўлувчи, тўққизинчиси, закот бермайдиган киши, ўнинчиси, узун орзулар қилувчи. Ана шулар менинг дўст-биродарларимдир”.



Хабарда зикр қилинишича, Бани Исроил ичида художуй бир киши бўлиб, у кулбасида ибодат билан машғул эди. Уни Обид Барсисий дейишди. Дуоси мустажоб киши эди. Одамлар унга касалларни келтиришар, у дуо ўқир, кейин касал тузалар эди. бир киши иблис шайтонваччаларни чақириб (уларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин): “Ким уни фитнага сола олади? У сизларни ожиз қолдиряпти”, деди. Шайтонларнинг Ифрит деган биттаси: “Мен уни фитнага соламан”. Агар уни фитна қила олмасам, мен сизлардан эмасман”, деди. Иблис айтди: “У сеники”. Шайтон Бани Исроил подшоҳларидан бирининг уйига жўнади. Унинг чиройли қизи бор эди. У қиз отаси, онаси ва опа-сингиллари билан ўтирган эди. Шайтон уни ақлдан оздирди. Бундан улар қаттиқ қўрқишди. Қиз жиннига ўхшаб қолди. Бир неча кун ўтганидан кейин Ифрит уларнинг олдиларига одам суратида келиб айтди: “Қизингизни тузалишини хоҳласанглар, фалон роҳибга олиб боринглар, қизни кўриб, ҳаққига дуо қилади”. Сўнг қизни роҳиб олдига олиб боришди. У дуо қилганидан кейин қиз тузалди. Аммо қайтганларидан кейин касали яна қайталади. Шайтон уларнинг олдига келиб: “Қизингиз тузалишини хоҳласанглар, уни роҳибнинг олдига бир неча кунга ташлаб келинглар”, деди. Қизни ташлаб келиш учун қизни роҳибникига олиб боришди. Роҳиб уни қабул қилмоқдан бош тортди. Аммо уни мажбурлашди ва ташлаб кетишди. Роҳиб кундузлари рўзадор, кечалари қоим эди. Шайтон қизни унга рўпара қила олмади. Роҳиб овқатланишга ўтирганида, қизнинг жиннилиги тутиб, кийимларини йиртиб ташлади. Роҳиб ундан юзини ўгирди. Бу ҳол узоққа чўзилди... Бир куни унга қаради. У олдин ҳеч кўрмаган қомат ва чеҳрани кўрди. Сўнг ўзини тута олмай, у билан қўшилди, қиз ундан ҳомиладор бўлиб қолди. Сўнг шайтон роҳибнинг олдига келиб: “Сен кимни ҳомиладор қилиб қўйдинг, бу қилган ишинг туфайли аниқ подшоҳнинг жазосига тортиласан, энди уни ўлдириб, кулбанг олдига кўмсанггина қутулишинг мумкин. Улар сендан қизларини сўрашса, ажали етиб ўлди, деб айт. Улар сенга ишонишади”, деди. Роҳиб туриб, уни ўлдирди ва кўмди. Қизнинг уйидагилари келиб сўрашганида, ўлди, деб айтди. Улар ишониб, қайтиб кетишди. (Бошқа бир ривоятда келишича, Роҳиб: “У тузалиб, уйига кетди”, деб айтди. Улар бунга ишониб қайтиб кетишди. Сўнг уйларидан суриштира бошлашди).



Шунда шайтон уларнинг олдига бориб айтдики: “Роҳиб унга қўшилди, у ҳомиладор бўлганидан кейин, бу иш ошкор бўлишидан қўрқиб, уни ўлдирди ва кўмиб қўйди”. Подшоҳ одамлари билан Роҳибнинг олдига келди. Уни осмоқчи бўлиб ушлашди. У осилган вақтда шайтон келиб: “Ўша ишларни мен қилдим. Агар сен Аллоҳни қўйиб, менга сажда қилсанг, бу ҳолдан сени қутқараман. Уларга, у ўлдирмаган, бошқа одам ўлдирган, деб айтаман. Улар менга ишонишади”, деди. Роҳиб айтди: “Бу ҳолатда қандай сажда қиламан?” Шайтон: “Бошинг билан имо қилсанг ҳам, розиман”, деди. Роҳиб унга сажда қилди. Сўнгра шайтон унга: “Мен сендан безорман”, деди.



Аллоҳ бу ҳақда айтади:

“Худди шайтоннинг ўхшашидирлар. Эсланг, у инсонга, кофир бўл деган эди. Энди қачонки (инсон) кофир бўлгач (шайтон унга): “Албатта мен сендан безорман. Зеро, мен барча оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқаман”, деди. Бас, иккисининг (шайтон ва уни сўзига кириб кофир бўлган инсоннинг) оқибати дўзахга кириб, унда мангу қолиш бўлди. Золим кимсаларнинг жазоси шудир” (Ҳашр, 16 ¬ 17-оятлар).



Фақиҳ айтадилар: “Банданинг тўртта душмани бор ва уларнинг ҳаммаси билан курашмоққа банда муҳтождир:

1. Дунё. У алдамчи ва маккордир. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё (ўзининг ўткинчи неъматлари билан) алдаб қўймасин ва ҳар гиз сизларни ғурур (яъни, шайтон) Аллоҳ (ҳар қандай гуноҳни кечаверади, деган алдов) билан алдаб қўймасин” (Луқмон, 33-оят).

2. Нафс. У душманларнинг энг ёмонидир.

3. Шайтон.

5. Шайтоний инсонлар. Улардан эҳтиёт бўлиш керак. У жин шайтонидан ёмонроқдир. Чунки жин шайтонининг азияти васваса билан бўлади, шайтоний одам эса, у энг ёмон дўст, унинг азияти ҳар қадамда рўбарў келиб туради. У доимо бандани тўғри йўлидан чалғитиш пайида бўлади”.

Шаддод ибн Авс (р.а.) Пайғамбардан (с.а.в.) ривоят қиладилар: “Зийрак киши нафсини ҳисоб китоб қилиб, ўлимдан кейинги ҳаёт учун амал қилган кишидир”. Яъни дунёда ўз нафси билан ҳисоблашади ва ўлимдан кейин фойдаланиш учун амал қилади. «Фожир эса ҳавойи нафсига эргашиб, Аллоҳ таолодан мағфиратни умид қилган кишидир».



Исо ибн Марям (алайҳиссалом) айтадилар: “Кимнинг қандай ҳалок бўлиши ажабланарли эмас, ажабланарлиси, киши қандай қилиб нажот топганидир”. Яъни, жаннат нафс ёқтирмаган нарсалар билан, дўзах эса, шаҳватлар билан ўралган. Ҳар бир бандада уни васваса қиладиган шайтон ва яхши ишларга илҳомлантирадиган фаришта бор. Шайтон зийнатлаш ва алдашда давомли бўлса, фаришта ундан қайтаришга ва яхшиликка илҳомлантиришга ҳаракат қилади. Нафс қайси тарафда бўлса, ўшаниси ғолиб бўлади””.

Абу Лайс ас-Самарқандийнинг

"Танбеҳул ғофилин" китобидан