Шарҳ: Дунё қанча ўзгарса ҳам, одамлар қанча бузилсалар ҳам бари бир мусулмон умматидан бир тоифа одамлар қиёмат қоим бўлганча ҳақда собит турадилар. Уларга бошқаларнинг душманлик қилиш, уларни хорлаши ёки бошқа чора тадбирлари зарар етказа олмайди. Ўшалардан бирлари имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар.
Муслим: «Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи васаллам тушганида уларнинг амири: «Кел, бизга намоз ўқиб бер», дейди.
«Йўқ. Сизлар баъзингиз баъзингизга амирсизлар. Бу Аллоҳнинг ушбу умматга қилган икромидир», дейди у»ни зиёда қилган.
Шарҳ: Ўшандаги амир имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар. Охири замонда Ийсо алайҳиссалом тушган ва ўзларига топширилган ишларни қилган бўлсалар ҳам мусулмонларга имом бўлиб намоз ўқишга ўтмас эканлар. Чунки ўша вақтда ҳам мусулмонларнинг ўзларининг ичидан бу ишга салоҳиятлилари бўлар экан.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Албатта, сизлар нусрат берилган, тўғри топган ва фатҳ берилгандирсизлар. Сиздан ким ўшанга етишса, амри маъруф ва наҳйи мункар қилсин. Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги жойига тайёрланаверсин», дедилар».
Шарҳ: Мусулмон уммати ичида ҳақда бардавом бўлган тоифага Аллоҳ таоло доимий равишда нусрат беради, уларнинг ишлари тўғри бўлади ва ҳидоятдаги имомлар ила бўлганлари учун уларга Аллоҳ таоло фатҳу нусратни ҳам беради. Охири замонда ўша ҳолга етишган банда амри маъруф ва наҳйи мункар билан машғул бўлиши керак. Аммо зинҳор ва зинҳор Пайғамбар алайҳиссаломнинг номларидан ўзи тўқиб ёлғон гапирмаслик керак. Ким бў нобокорликни қилган бўлса, дўзахи бўлиши турган гап.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Қачон яхшиларингиз амирларингиз бўлса, бойларингиз сахийларингиз бўлса ва ўзаро ишингиз шўро орқали бўлса, ернинг юзи сиз учун унинг остидан яхшидир. Қачон ёмонларингиз амирларингиз бўлса, бойларингиз бахилларингиз бўлса, ишларингиз хотинларингизга ўтса, ернинг ости сиз учун унинг устидан яхшидир», дедилар». Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бундан мусулмон умматида яхши сифатларга эга кишиларнинг ишбоши бўлиши, бойларнинг сахий бўлиши ва ишни шўро асосида олиб боришга аҳамият берилишига аҳамият бериш зарурлиги келиб чиқади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Ҳадис ва Ҳаёт"дан