1. Қуръонийлар ким?
2. Теологик асослари нима?
3. Уларнинг зарарлари нимадан иборат?
Қуръонийлар номи билан ҳозирда Миср, Судан, Ҳиндистон, Туркия, Қозоғистон ва яна бир қанча ўлкаларда сиёсий мухолифатларнинг қўли вазифасини ўташга уринаётган тоифаларнинг асли 19 аср охири 20 аср бошларида Ҳиндистонда мустамлакачилар тарафидан юзага чиқарилган. Мамлакатларни қурол билан босиб олишга интилган мустамлакачилар бу тоифадан фикрий хуружлар йўлида фойдаланган. Уларга куч, маблағ, иқтидор каби имкониятлар беришиб, мамлакатларнинг сиёсий истиқрорини ҳимоя қиладиган соф ақидалик (маҳаллий) мусулмон уламоларга қарши қўйишган. Улар ўзларини “Аҳли Қуръон” номи билан ҳам атаб, ҳақиқий мусулмонлар деб эълон қилишади, ўзларидан бошқа, яъни уларнинг сохтакорликларини исботлаб бера оладиган илмий асосга эга мусулмонларни урф одатга эргашадиган адашганлар дейишга уринишади. Аҳмад Субҳий Мансурнинг айтишича, уларга илк бор “Қуръонийлар” номини Миср хавфсизлик хизмати томонидан 1987 йилда қўйилган. Аҳмад Субҳий Мансур Мисрда “Қуръонийлар” фикрини ёйилишида катта ташаббуслар қилган киши ҳисобланади. (Қаранг: https://en.wikipedia.org/wiki/Ahmed_Subhy_Mansour)
Улар бу номдан рози бўлмайдилар. “Биз Аллоҳнинг Китобида “Мусулмонлар” деб номланганмиз! Биз Қуръон аҳлимиз, “Қуръонийлар” деган номни ўзимизга нисбатан қабул қилмаймиз”, дейишади. Мисрнинг ўзида буларга қарши кўплаб раддиялар берилган ва уларнинг таъсири фикрий жиҳатдан уламолар томонидан маҳв этилган.
“Қуръонийлар” Ислом динини ислоҳ қилиш керак, деган даъво билан асосан мусулмонларнинг пешволарини обрўсизлантиришга уринишади. Бунинг учун энг бошида Ислом Пайғамбарининг ҳадисларига шубҳа уйғатиб олишиб, унинг ортидан уламоларни ўша шубҳаларнинг ихтирочилари сифатида талқин қилишади. (Масалан, бутун Ислом олами ҳурмат қиладиган ва юртимиздан чиққан забардаст уламолар ҳисобланган Бухорий, Термизийларни инкор қилиш ҳам бор)
Тарихда буларнинг намоёндалари:
Ислом динининг илмий асослари ҳар замонда ботил тоифаларни фош қилиб келар экан, унинг айнан мана шу илмий асосларига ботил гуруҳлар қарши бўлиб келади. Улар Илмий асосларни бузиш йўлида бир қанча режаларни қадимдан тузиб, амалга оширишга уриниб келишади.
Ушбу дин ва унинг муқаддас китобига ошкора қарши чиқиш имкони бўлмагач, зоҳирда Исломни даъво қилиш, ботинда эса унинг зиддини хуфя тутиш ҳийласига ўтдилар. Сўнгра, мусулмонлар орасида турли хил шак-шубҳалар қўзғата бошладилар. Дарҳақиқат, шак найзалари ва шубҳа ёйларини суннати мутаҳҳаро ва унинг ровийларига йўналтирдилар. Ҳолбуки, суннат Қуръони Каримни ойдинлаштирувчи, тафсир ва изоҳловчи бўлиб, суннатга таъна қилмоқлик Қуръонга таъна қилмоқлик, иккисига таъна қилмоқлик эса Ислом динини бузиш демакдир. Анави душманлар, ўзлари ёйган шак-шубҳалари ортидан айнан шуни мақсад қилган бўлиб, мусулмончиликни намойиш қилишдан ғоялари ҳам шу эди.
Ана ўша, зоҳирдагина Исломни намойиш қилган ва суннати мутаҳҳаро ва унинг ровийлари хусусида шак-шубҳалар қўзғатишда катта таъсир кўрсатган кишилар ичида қуйидаги кимсалар бор эди:
1- Абдуллоҳ ибн Сабаъ Яҳудий: Унинг ҳикояси барчага маълум ва машҳурдир[1].
2- Савсан Насроний: Маъбад Жуҳаний тақдирни инкор қилиш ҳақидаги бидъатни ундан олган эди[2].
3- Иброҳим Наззом Мўътазилий: Имом Заҳабий баъзи Ислом уламоларидан зикр қилишича, у аслида «браҳман» динига мансуб бўлиб, бироқ, Ислом динини бузиш мақсадида ўзининг асл қиёфасини мўътазилий тоифасига мансублик ниқоби остида яшириб келган[3].
4-Бишр Миррийсий: Хатиб бағдодий унинг таржимаи ҳолида зикр қилишича, унинг отаси яҳудий бўлиб, ўзи Кўфада рўмол тикиб кун кечирар, Исломга бўлга адоватини мўътазилий мазҳаби остида махфий тутар эди.[4]
5-Жаҳм ибн Сафвон: Ўз фикр, кўз қарашларини «Суманийлар»[5]тоифаси ва ҳиндлардан олган. У Ислом динига қарши бошқа ҳеч бир тоифалар қилмаган бузғунчиликларни амалга оширди[6].
Юқорида зикр қилинганлардан бошқа кўплаб мунофиқлигини сир тутган дин душманлари бор эди. Аллоҳ таоло аҳли сунна ва жамоатдан бўлмиш буюк ҳадис уламолари воситасида уларнинг кирдикорларини фош қилди[7].
Дарҳақиқат, бундай дин душманларининг суннатга қарши кураш йўлидаги саъй-ҳаракатлари қуйидаги нуқталарда жамланади:
1-Фақат ақлларига таянибгина суннатни инкор этиш.
2-Ҳою-ҳаво билан суннат ровийларига таъна қилмоқ.
3-Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан ҳадислар тўқиб, сўнгра уни суннатга нисбат бериш. Бинобарин, ушбу ҳадислар ё суннатнинг ўзига, ёки ақл тақозосига, ёхуд заруратан (каттаю-кичикка) маълум бўлган нарсаларга зид келар ва бундай қилишдан мақсадлари суннат ва унинг ровийлари шаънини ноҳақ булғашдан иборат эди.
Қуруқ ақлга таяниб суннатни рад этиш қуйидагича тусларда акс этди:
1- Мутлақ инкор қилиш. Бу билан Пайғамбарни Ислом таълимоти борасидаги кўрсатмаларини амалдан қолдириб, ўрнига ўз сиёсий мақсадлари йўлида маъқул кўринган таълимотларни ўртага ташлашни мақсад қилишади;
2- Қисман инкор қилиб, бу ўринда ҳам ўзлари маъқул кўрингна ҳадисларни қолдириш ва қолганларини шубҳа остига олишни кўзлашади;
3 – Қуръон матнларига берилган энг ишончили муфассирларнинг маъноларини инкор қилиб, уларнинг ўрнига ҳам фақат ўзларини қўйишни ва шу орқали кўзлаган мақсадларига эришишни исташади.
Қуйида ушбу нуқталарнинг ҳар бири ҳақида қисқача гапириб ўтамиз:
Биринчидан : Суннатни мутлақ инкор этиш:
Бу фикр асҳоблари сўзининг хулосаси шундан иборатки, улар Қуръони Каримнинг ёлғиз ўзи кифоя қилади, Ислом дини дегани шундан иборат, суннатга ҳожат йўқ дейишади. Лекин, бу фикрни айтувчи баъзилар, намоз, закот ва шунга ўхшаш нарсаларнинг тафсилотлари каби амалий суннатни бундан истисно қилишади.
Дарҳақиқат, бундай фикрнинг илдизи саҳобалар асрининг охирларига бориб тақалиб, қуйидаги ривоятлар далолат қилганидек, баъзи шахсларнинг суннатга нисбатан муносабатларида акс этган эди:
1-Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу асҳоблари билан бирга ўтирар эди. Шунда қавмдан бир киши: “Бизга Қуръондан бошқасини гапирманглар “-деди. Имрон унга:” яқин кел”-деди ва у киши яқинлашди. Имрон унга деди: ” Менга айтчи, агар сен ва сенинг асҳобларинг (фақат) Қуръонни ўзига ташлаб қўйилганларингда, Қуръонда пешин ва аср намозининг тўрт ракаат, шом намозининг уч ракаат эканлиги, икки ракаатда қироат қилинишлигини топа олармидинглар?…»
2- Айюб Сухтиёнийдан ривоят қилинади: Бир киши Муторриф ибн Абдуллоҳ ибн Шиххир розияллоҳу анҳуга: “Бизга фақат Қуръонда бор гапларни гапиринглар”-деди. Шунда Муторриф унга: “ Аллоҳга қасамки, биз Қуръонни ҳеч нарсага алмаштирмаймиз. Бироқ, биз Қуръонни биздан кўра яхшироқ биладиган киши (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам )ни хоҳламоқдамиз”- деб жавоб қилди».
3-Авзоийдан ривоят қилинади: Айюб Сухтиёний деди: “Агар бир кишига суннатдан гапирганингда, у: “Қўйсангчи буни, Қуръондан гапир”- деса, билгинки, у адашган ва (ўзгаларни ҳам) адаштиргувчи кимсадир»
Афтидан, бундай ҳолатлар якка ҳолатлар бўлиб, ҳижрий иккинчи асрнинг охирларидагина оммавий тус олган. Имом Шофеийнинг “Ум” китоби, «Илмнинг ўчоғи» китобида: «Хабарларни барчасини рад этадиган тоифа сўзининг ҳикояси»деган бобни зикр қилиб, кейин уларга эътироз билдира бошлайди. [8]
Рофизийлар суннатни мутлақ инкор қилган кишилардан ҳисобланади. Зеро, озгина саҳобалардан ташқари, барча саҳоба розияллоҳу анҳумларни муртад деб ҳукм қилиш уларнинг эътиқодларидандир. Шунга биноан, улар орқали келган барча нарсалар рад этилмоғи керак. Устига –устак, улар саҳобаларни рисолатни етказишда ёлғончилик ва хиёнат билан айблашиб, улар Қуръонни ўндан тўққиз қисмини яширганлар дейишади. Энди, ўзлари уни ҳадис, суннат деб амал қилаётган нарсага келсак, аслида, уни Абдуллоҳ ибн Сабаъ тўқиган, яҳудий ва Ислом динидан қўшиб-чатиб тузган янги диндан иборатдир. Сўнгра, бу «ҳадислар»га Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари йўлидан санадлар тўқишди. Ҳолбуки, бу санадларнинг барчаси ёлғон ва бўҳтондан иборат бўлиб, аҳли байт уларнинг ўзларидан ҳам, динларидан ҳам пок ва безордирлар.
Ислом уммати учун динни ҳаммасини, ҳоҳ у китоб, ҳоҳ суннат бўлсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фақат саҳобалар орқалигина билиш мумкин. Зеро, динни билиш учун саҳобалардан бошқа йўл йўқдир. Ахир, улар орқали келган барча нарсани инкор этган киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган нарсани билиш учун бошқа йўл-воситани қаердан топсин? Рофизийнинг суннати мутаҳҳарога бўлган муносабати тўғрисида батафсил билиш учун, Ҳофиз Заҳабийнинг «Мунтақо мин минҳожи сунна» китобига, Ҳофиз Суютий «Суннатни ҳужжат қилмоқликдаги жаннат калити» китобида ёзганларига, шунингдек, Ҳофиз Ибн Вазир Яманийнинг (вафоти: ҳижрий 840-йил) «Абул Қосим (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам )ни ҳимоя қилишга бағишланган гулгун бўстонлар» китобига мурожат қилиш фойдали.
Юқорида зикр қилганимиз узоқ ўтмишдаги гаплар эди. Ҳозирги замонамизга келадиган бўлсак, ғарб мустамлакачилари мусулмон мамлакатларини тўлиқ босиб олиб улгурмасданоқ, ўзларининг миссионерлари ва шарқшуносларидан иборат илғор гуруҳлари воситасида тарихда қарийб йўқ бўлиб кетган турли –туман бидъатлар, бузуқ фикрлар, Исломга қарши бўлган фирқа ва тоифаларни қайтадан қўзғай бошладилар.
Суннатни инкор қилиш, ёлғиз Қуръонни ўзи билан кифояланиш фикри ҳам, ана ўша мустамлакачилар, бир ҳовуч чақани деб мустамлакачи душманларга ўз юртини сотган нодон хоинлар қўли билан жонлантирган ана ўша бидъат ва бузуқ фикрлар жумласидандир. Уларнинг сохто даъволарига кўра, Исломни тушуниш ва амал қилиш учун ёлғиз Қуръоннинг ўзи кифоя қилармиш. Шубҳасиз, бундай кишилар аслида, хоҳ Қуръон, хоҳ Суннат бўлишидан қатъий назар бутунлай динни инкор этмоқликни мақсад қиладилар. Бу билан Исломнинг ватан ҳимояси, истиқрор тарафдори, урушга қаршилиги каби юксак миссияларини зарба остига олиб, мамлакатларнинг истиқрор ортидан юксалишини олдини олиш учун булардан фойдаланишади.
Ҳинд ярим қитъасида инглизлар ўзларини мусулмон уламолари деб даъво қилган бир гуруҳ кишиларни сотиб олиб, сўнгра улар орқали ўзларига, яъни мустамлакачиларга қарши курашишнинг олдини олиш учун уларнинг суннатни инкор қилиш теориясидан фойдаланишди. Бунга мусулмонларни қониқтириш учун ўша хоинларга пул, имконият беришиб, уларнинг фикрларидан Ҳинд ярим қитъасини босиб олишда қурол сифатида фойдаланишга муваффақ бўлишди. Инглизлар бунга қадар уларга қарши Ҳинд ўлкасининг турли жойларида юрт ҳимояси учун бўлган қаршиликлар томонидан кўп бало-кулфатларга дучор бўлган эдилар.
Ички хоинларнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири Жароғ Али ва Мирза Ғулом Аҳмад Қодёнийлар бўлган эди.
Кейинчалик иш ривожланиб, мутлақо суннатни инкор этадиган ва Қуръон билан кифояланишга даъват қиладиган бошқа бир гуруҳни пайдо қилишгача борди. Саййид Аҳмадхон, Абдуллоҳ Жакролуй, Аҳмадуддин Омиртусрий ва бошқалар ушбу йўналиш раҳбарларидан эди. Ундан сўнг Ғулом Аҳмад Бирвез исмли кимса чиқиб, «Қуръон аҳли»деб номланган жамият тузади. Шунингдек, мустамлакачиларнинг моддийдастаклари билан махсус ойнома ташкил қилиб, бу мавзуда бир қанча китоблар нашр эттирди[9].
Араб ўлкаларида эса, суннатни инкор қилиш ва фақат Қуръоннинг ўзига чекланиш даъвати бошида икки тоифа турар эди:
Биринчи тоифа: ўзларини «Ислоҳот Йўналиши» вакиллари деб даъво қилган кишилар. Ушбу йўналиш Муҳаммад Абдуҳ ва унинг устози Жамолиддин Афғоний исмли киши бошчилигида Миср диёрида пайдо бўлиб ривожланди. Ушбу йўналиш фикр-мулоҳазалари икки восита орқали тарқатилди:
Биринчи восита: «Манор» ойномаси. Бу ойнома таҳрир ҳайъатига ойнома асосчиси, «Ислоҳот Йўналиши»нинг кўзга кўринган намояндаларидан бири Шайх Муҳаммад Рашид Ризо бошчилик қилар эди. Ойнома Доктор Тавфиқ Сидқий қаламига мансуб «Ислом фақат Қуръоннинг ўзидир»[10] сарлавҳали туркум мақолалар чоп этади. Дарҳақиқат, Шайх Рашид Ризо бу мақолаларни қўллаб қувватлайди. Бироқ, у суннатни, қабул қилиш вожиб бўлган умумий дин яъни, амалий суннатга ва риоя қилиш лозим бўлмаган хусусий дин яъни, амалий суннатдан бошқа суннатларга тақсимлар экан, ушбу бидъатни янада авж олишига сабабчи бўлди[11].
Иккинчи восита: Абу Райянинг «Суннати Муҳаммадияга ёғдулар» китоби[12].
Иккинчи тоифа: Мисрлик зиёлилар, яъни ёзувчи ва адиблар. Улар Франсия, Олмония ва Британия университетларидаги шарқшунослар қўлида таълим-тарбия олган кишилардир. Уларнинг ақллари шарқшунос устозларининг шак-шубҳаларидан озуқа олган, қалбларини эса бу шак-шубҳалар қоплаб қолган эди. Натижада, мусулмон ўлкаларига мусулмонлар ўртасида бу шубҳаларни ёйиш, улар ўртасида шак-шубҳалар қўзғатиш учун ўз юртларига қайтдилар. Китоблари суннатга ва унинг ровийларига таъна тошларини отиш билан тўлиб тошган, суннатни инкор этишга даъват қиладиган бу ёзувчилар тепасида Тоҳа Ҳусайн ва Аҳмад Амин ва бошқа адиблар турар эди.
Бу тоифанинг бир неча жиҳатдан зарарлари мавжуд:
1. Ижтимоий зарарлари; Булар жамиятдаги мусулмон инсонлар орасида ихтилоф чиқариб, ижтимоий бирдамликка зарар етказишади. Бу эса уларнинг ортида туриб сиёсий мақсадларига эришишни истаган мухолифлар учун энг қулай восита ҳисобланади. Ҳозирда ўзбек мухолифлари орасида айнан шу “қуръонийлар” тушунчаларининг ёйилиш сабаблари ҳам шу асосга бориб тақалади.
2. Илмий усулий зарарлари; Барча ботил тоифалар бугунга қадар Исломда айнан суннатни инкор қилиб, фақат Қуръон дейиш билан ўз ақлларига кўра оятларни буриб тушунтириш орқали юзага чиққан. Аслида бу Қуръон бизга етар, дейдиганлар Қуръонни англаш масаласида илм майдонидан Пайғамбарни, у зотнинг меросхўрлари уламоларни суриб чиқариб, Қуръонга фақат ўз ҳавои нафслари билан маъно айтиб, шуни бошқаларга сингдиришга уринадилар. Агар Қуръонни ҳар ким ўзича тушуниб амал қилаверсин дейилса ҳар ким ўз ақли савиясида янги гуруҳ туза бошлайди. Шундай экан Қуръонни англаш ва унга амал қилиш борасида аниқ бир методга эга соф ақидали уламолар доимий равишда ўша “Қуръонийлар” каби бузуқ тоифаларга қарши туришади. Айнан шунинг учун ҳам “қуръонийлар” “радикаллар”, “Хизбийлар” каби сиёсий Ислом тарафдорлари мазҳабга, илмий асосга эга бўлган мусулмон уламоларга қарши бўлишади. Чунки илмий асос бор ўринда бу тоифаларнинг ўз ақлий тушунчалари билан тўқиб чиқарган асослари ишламай қолади. Улар илмий методларни инкор қилиш орқали ўзлари хоҳлаган ҳар нарсани Қуръондан чиқариб олишга уринишади. Бу эркинликларига тўсиқ сифатида уламоларни кўришгани учун уларни, “сарой мулласи”, “хоин олим” каби қоралаш компанияси юритиб, ўзларига кенг майдон очишга уринишади! Хозирда ноҳақ қон тўкишга ҳам айнан Қуръон оятини далил қилаётганлар энг аввало мусулмон уламоларни хоинликда айблаётганларининг сабаби ҳам айнан шунда!
3. Ахлоқий зарарлари ... Хамр маст қилувчи нарсаларнинг ҳаром эканини сабаби нузул, насх мансух ва суннатдаги асослар методологияси билан чиқарилган. Агар бу метологиялардан биттаси оятларнинг тартиб нузулини тан олминмаса Қуръонни ўзидан бир тоифа чиқиб маст қилувчи моддаларни Қуръон ҳаром демайди, балки уни қандай истеъмол қилиш маданияти ўргатади, дейиши мумкин ва бунда маст қилувчи нарсалар ҳақидаги тўрт оятни нузулини тескаридан ўқиб беради. Натижада маънога қарасангиз маст қилувчи моддаларни иистемол қилишни қоидаларини Қуръон ўргатган бўлиб қолади. Мана битта мисолдаки улкан хатар! Гейликка рухсатни хам айнан Қуръондан ўз таъвиллари билан топишлари мумкин
4. Амалий зарарлари; Бу тоифанинг ўртага ташлаётган бузуқ тушунчалари орқали тинч аҳоли орасида ихтилофлар юзага чиқади... Бу тоифаларнинг бузуқ тушунчаларидан мухолифлар фойдаланишни истайди. Тинч юртларда исёнлар чиқаришни хоҳлайдиган кучлар эса ушбу фикрларни қўллашга доим тайёр. Масалан, ўзбек сиёсий майдонда умуман обрўси қолмаган ва чўкаётган Абдураҳим Пўлатнинг шу кунларда топиб олган ҳамда умид билан қараётган ғояларидан бири айнан шу “қуръонийлар” ғояларининг бир бўлагидир.
У бу ғояни тез тез қайтариб турибди ва буни АҚШда кимларгадир тушунтириш илинжида юрганини ҳам яширмаяпти.
Abdurahim Polat: Билиб қўйларинг, мени ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди. АҚШда менинг йўлимни, яъни шок терапия усули билан гапириш йўлимни танлаган Трамп президент бўлиши аниқ. Ҳозир АҚШдек давлатни Исломни ўлимдан қутқариш ишига жалб қилиш билан овораман. Чунки, мусулмонлар, жумладан, ўзбеклар ўзларини ўлимдан қутқариш устида ўйлашга ҳам қодир эмаслар” деб ёзмоқда.
5. Сиёсий мақсадлари. Бу ва бунга ўхшаган деструктив секталарни олқишлаётган ва юрт ичида тарғиб қилаётганларнинг аксари ким деган саволни берадиган бўлсак, улар қачонлардир бу юртда бўлгану, сўнг ишларида мувоффақият бўлмаганидан четга чиқиб, сиёсий “бошпона” олган кимсалар эканини кўриш мумкин. Худди шунга ўхшаган маргиналлар бундай бузғунчи оқимларнинг тарғиботчиси эканини кўряпмиз. Юқрида зикр қилинган Қуръонийлар деган ном билан танилган сектани Ватанимизда тинмасдан тарғиб қилаётган ва бу ишнинг бошида турган кимса Комил Йўлдош эканини кўрдик. Бу одам Ўзбекистон ҳукуматига мухолиф бўлган ҳаракатларнинг фаоли ҳамдир. Демак, Қуръонийлар сектаси мафкураси билан мусулмонлар ишончига кириб, юртимиздаги интилигенцияни таъсирига олиб, сиёсий иқтидорга ҳам даъволари бор. Худди шу схема Қозоғистонда ҳам қилинди. Юқори лавозимли мансабдорлар ва уларнинг оила аъзоларига таъсир қилиш кўламини кенгайтириб, қўшни мамлакатда жуда кўп тарафдорларни орттириб ҳам олдилар.
------------
[1] Доктор Сулаймон ибн Ҳамад Ўданинг «Абдуллоҳ ибн Сабаъ ва Исломнинг илк даврида бўлиб ўтган фитнадаги таъсири» китобида бу борада батафсил маълумот мавжуд.
[2] Маъбад Жуҳанийнинг таржимаи ҳолини Миззийнинг «Таҳзибул камол», Заҳабийнинг «Мезонул эътидол» ва Ибн Ҳажарнинг «Таҳзиби таҳзиб» китобларидан қаранг.
[3] Унинг таржимаи ҳолини «Сияри аъломи нубало»(Олийжаноб, буюк кишилар ҳаёти тарихи) (10/542) китобидан қаранг.
[4] Доримийнинг Миррисийга берган эътирози, «Бағдод тарихи» (7/56-бет ва ундан кейинги бетлар), ҳамда, Бухорийнинг «Бандалар ҳатти-ҳаракатининг махлуқ (Аллоҳ томонидан яратилган)лиги» китобига қаранг.
[5] Ҳиндларда пайдо бўлган руҳларни кўчиб юриши(метемпсихоз)ни эътиқод қилувчи даҳрий тоифа. Улар ишончли кишининг хабари орқали илм ҳосил бўлишини инкор қилишиб, фақат ҳис органлари (кўриш, эшитиш, ҳидлаш, таъм билиш ва ушлаш) воситасидагина илм ҳосил бўлади дейишади. Айтишларича, Ҳиндистондаги Суманата деган жойга мансуб бўлганликлари учун бу тоифа шундай номланган.
[6] Имом Аҳмаднинг «Жаҳмийлар тоифасига эътироз» (101-105-бетлар), Ибн Ҳажарнинг «Фатҳул Борий» (13/345-бет) китобига қаранг.
[7] Халифа Ҳорун Рашиднинг ҳузурига қатл қилиниши учун ҳадис тўқигани фош бўлган худосизлардан бири келтирилади.Шунда у: «Мени қатл қилганинг билан, мен тўқиган мингта ҳадисни нима ҳам қила олардинг»-, дейди. Шунда Ҳорун Рашид унга: «Эй Аллоҳнинг душмани, сен бу умматнинг Абу Исҳоқ Фазорий ва Ибн Мубораклари борлигини билмайсанми!? Улар ҳадисларни шундай элакдан ўтказадиларки, сенинг тўқима ҳадисларингни ҳарфма-ҳарф фош қилиб беришади»-, деб жавоб беради. Заҳабийнинг «Тазкиротул ҳуффоз» китоби (1/273).
[8] Шофеийнинг «Ум» китоби (7/273).
[9] Ушбу жамиятга қарши кўп китоблар ёзилган бўлиб, уларнинг кўп қисми асосан урду тилида ёзилгандир. Билишимча, бу тоифага қарши ёзилган китобларнинг энг яхшиси «Қуръонийлар ва уларнинг суннат тўғрисидаги шубҳалари» китобидир. Мазкур китоб Ходим Ҳусайн Бахш томонидан «Уммул Қуро» университети, «Ақида» бўлимига тақдим қилинган магистерлик диссертациясидан иборат бўлиб, китобни Тоиф шаҳридаги «Сиддиқ» нашриёти чоп қилган.
[10] «Манор» ойномаси, 9-йил, (7-12- сонлар).
[11] Аъзамийнинг «Ҳадиси Набавий хусусидаги тадқиқотлар» китоби (1/26-27-бетлар) га қаранг. Устоз Сибоийнинг айтишича, Рашид Ризо умрининг охирида бу фикридан қайтган. Сибоийнинг «Суннат ва унинг Ислом қонунчилигидаги тутган ўрни» китобига (30-бет) қаранг. Доктор Аъзамий Сибоийдан бу маълумотни юқорида зикр қилинган китобида (1/27-бет) нақл қилади.
[12] Абу Райяга эътироз тарзида кўп китоблар ёзилган. Шуларнинг энг яхшиларидан: 1- Сибоийнинг «Суннат ва унинг Ислом қонунчилигидаги тутган ўрни» китоби, 2- Муаллимийнинг «Кашф этувчи нурлар» китоби.
Манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади