loader
Foto

Қуръонийлар нимага ҳақни ботилга аралаштирасизлар?

Охирги йилларда мусулмонлар орасида шартли равишда қуръонийлар деб аталувчи  хавфли тенденцияси тарқалаётган бўлиб, у Қуръонни эркин, (нақлдан ташқари) ақл билан (рационал) шарҳлашга уринишдан иборат бўлган бидъатдир. Қуръонийларнинг асосий ғояси ва шиорига кўра, турлича таснифланиши мумкин бўлган ҳадислар (саҳиҳ, заиф, мавзу (тўқима)) турли хил мусулмонларнинг гуруҳ, оқим ва фирқалари орасида келишмовчиликлар предмети ҳисобланармиш. Қуръон эса – Аллоҳ таолонинг Муқаддас китоби бўлиб,  унинг сақланиши Худо томонидан ваъда қилинган: “Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз” (Ҳижр сураси, 9 оят). Шунинг учун ҳам Суннатни қўйиб, фақат Қуръонга эргашиш керак эмиш.



Ҳар доим рўй берадигандек, у ёки бу утопия, залолат ёки адашув кўпинча, одамлар онгига деярли доимо яхши ва чиройлик ниятлар билан кириб боради. Қуръони каримда: “...Нимага ҳақни ботилга аралаштирасизлар?..» дея марҳамат қилинган (Оли Имрон сураси, 71 оят).

Мусулмонларнинг турли гуруҳлари бир неча асрлардан буён ҳадисларга турли хил шарҳларни таклиф қилиб келади, уларнинг баъзилари минимал танқидга ҳам бардош бера олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан тўқилган жуда кўп ривоятлар ҳам борлиги ҳақиқатдир. 

Шундай бўлишига қарамай, Исломни тушуниш ва шариатнинг ягона манбаси фақат Қуръони карим ҳисобланади, деб айтишга асос бермайди. Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни нозил бўлган нарсани баён қилиб бериши ҳақида ҳам зикр қилган: “Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар” (Наҳл сураси, 44 оят). Қуръони каримни тушунишда ҳадисларнинг ролини писанд қилмаслик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ролини писанд қилмаслик билан бир хил, бу эса – юқорида келтирилган оятни инкор қилишдан бошқа нарса эмас.

Шундай қилиб, қуръонийлар, бошқа ҳар қандай залолат каби, кўплаб жиҳатлари бўйича ўзи билан ўзи келишмай қолади. Қуръонийлар ҳақида гапирганда кўплаб тадқиқотчилар уларни таҳлилий қолиплар билан ўлчашга мойиллик билдиради: “«вужудга келиши”, “ёрқин вакиллари”, “тамойиллари” ва ҳоказолар. Ўйлаймизки, қуръонийлар – мавҳум, аниқ  интеллектуал изчиликка эга бўлмаган тушунча. (Моҳиятан изчиллик эса, ўринга эга бўлиши мумкин ва бу ҳақида қуйида гапириб ўтилади). Исломданмиз деган ҳар қандай адашган гуруҳда (бу нисбатан қанчалик асосланганлиги – бошқа масала) қуръонийларнинг бир қисми бор (оятларни селектив, субъектив, фрагментар тушуниш). Агар кескинроқ таъриф берадиган бўлсак, бунда қуръонийларк у ёки бу оятга нисбатан жоҳиллик ва бунинг оқибатида – уни ўз ақли ва тажрибаси мезони билан «тушуниб олиш»га уринишдир.

Саҳоба Адий Ҳотим ҳақида машҳур ҳадис шундан далолат беради. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Токи фажрда сизга оқ ип қора ипдан ажрагунча...» ояти нозил бўлганда: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ёстиғим остига икки арқонни; бир оқ арқонни, бир қора арқонни қўйганман, кечадан кундузни билиш учун, Бошқа ривоятда: «Кечасида назар солсам, ажратиб бўлмайди-ку!» дедим». У зот алайҳиссолату вассалом: «Ёстиғинг кенг экан. У кечанинг қоронғилиги ва кундузнинг ёруғлигидир», дедилар». (Бухорий ва Муслим)

Гувоҳи бўлганимиздек, у ёки бу оятни тушунишда хатога йўл қўйиш эҳтимоли ҳатто биздан кўра анча илмга эга бўлган саҳобаларда ҳам бўлиб турган экан. (Бузилмаган соф араб тили (ал-фу́сҳа), сабаби нузулни билиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва уламоларнинг тириклиги ва ҳоказоларга қарамай).

Бироқ, мусулмонларнинг илк авлоди, қуръонийлардан фарқли равишда ўз тушунчаларини ҳақиқатга бўйинсиндирган ва ақлларини оятларнинг тўғри маъносидан устун қўйишга уринмаган.

Бизга кўра, илоҳий ҳақиқатларни ўзларининг кичик “мен”и билан чегаралаб қўйиш каби қуръонийлар услубини хаворижлар бошлаб берган. Улар Исломнинг илк даврида мусулмонлар жамоатидан ажраб чиққан бўлиб, барча сиёсий ва илоҳий масалаларнинг асл ҳақиқатларини билувчи ягона, ҳақ фирқамиз, деган исёнчи-фитначилар эди. Бу каби фитначилардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам огоҳлантирган.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Охири замонда ёшлари кичик, ақллари паст қавм келади. Улар Қуръонни қироат қиладилар. Аммо кекирдакларидан ўтмайди. Улар одамларнинг энг яхши гапларини айтадилар. Улар диндан ўқ овдан чиққанидек чиқадилар. Уларнинг иймонлари бўғизларидан нарига ўтмайди...” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий).

Хаворижлар Қуръони каримни ўзларича тафсир қилишга, маъно беришга уриндилар. Ривоятларга кўра, ибн Аббос хаворижлар билан баҳс-мунозара қилганида, Қуръони карим воситасида уларнинг учта оятни нотўғри шарҳлаганини исботлаб берганида йигирма минг хавориж Алий ибн  Толиб розияллоҳу анҳу тарафга ўтади, қолган тўрт минг хаворижга эса, Алий розияллоҳу анҳу уруш эълон қилади.

Булар ва буларга ўхшаш гуруҳлар чиқиши ҳақида яна кўп ҳадисларда зикр қилинган. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, мендан кейин менинг умматимдан ёки келажакда мендан кейин менинг умматимдан бир қавм бўлур. Улар Қуръонни қироат қилурлар. Аммо у ҳалқумларидан нари ўтмас. Улар диндан худди ўқ камондан чиққанидек чиқурлар. Сўнгра унга қайтмаслар. Ана ўшалар одамларнинг ва ҳайвонларнинг энг ёмонидир”, дедилар”. (Муслим)

Сўнгра мўътазилийлар, қадарийлар, жабарийлар келади ва уларнинг айтган гаплари асосида ҳам оятларни контекстдан чиқариб олиш ва одамларни чалғитишга уриниш ётарди. Ислом ақидаси бўйича машҳур “Ал-ақийдатут-Таҳовия” китобида бир мўътазилийнинг Абу Амр ибн Аъло билан суҳбати келтирилади. Исломнинг машҳур етти қорисидан бири ҳисобланган Абу Амр ибн Аълога бир киши шундай деди:

-    Мен (Қуръондаги “Аллоҳ Мусога гапирди” оятини) “Мусо Аллоҳга гапирди” деб ўқишингизни хоҳлайман. (Мўътазилийлар Аллоҳнинг гапириш сифатини инкор қилар эди).

-    Хўп, мен ўша оятни сен айтгандек ўқий қолай, - деб жавоб берди Абу Амр ибн Аъло. - Лекин Аллоҳ таолонинг мана бу сўзига нима дейсан?! “Қачонки Мусо ваъдалашган вақтимизда (Тур тоғига) келди ва Роббиси унга (бевосита) сўзлади...” (Аъроф сураси, 143)

Бу жавобни эшитган мўътазилий лом-лим деб оғиз очолмай қолди.

Яъни қуръонийлар каби фикрлайдиган бузғунчиларнинг ниятлари доим мавжуд бўлиб келган ва мавжуд бўлади. Дарҳақиқат, қуръонийлар – у ёки бу сабабларга кўра Исломнинг қайсидир буйруқларига рози бўлмайдиган, турли хил инжиқликлардан воз кечган ҳолда ўзи устида ишлаш учун куч топа олмайдиганлар учун жуда қулай воситадир; ахир бундай фикрлаш алгоритмида доимо “Менга кўра, ушбу оятни бошқача тушуниш керак”, деган ҳолда «форточка» топиш мумкин.

Мавзуни тўлароқ очиб бериш учун муҳтарам шайх Солиҳ Мунажиднинг сайтида қуръонийлар ҳақидаги саволга берилган муфассал жавобни келтириб ўтамиз.



Савол. Дугонамнинг синглиси фақат Қуръонга ишониши ҳақида шубҳали фикрлар билдиради. Ҳадисларга келадиган бўлсак, у ҳадисларнинг фақат Қуръоннинг аниқ мазмунига мос келадиганларини, ўз ихтиёрича ва зеҳнича олади – унинг таъкидлашича – бошқа нақл ва ривоятларни – уларни «биринчилар эртаклари» деб атаб, ривоятчиларни кўрмаганлиги сабабли инкор қилади. Унга нима деб жавоб беришим керак?..



Жавоб. Биринчидан, шак-шубҳасизки, пок суннатни бадном қиладиган Аллоҳнинг динини ҳам ёмонга чиқаради ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва улардан кейинги келган;

а) саҳобалар,

б) уларнинг издошлари (табиъун),

в) солиҳ салафлар,

г) ва уларга эргашган уламоларнинг тўғирлигини ҳам шубҳа остига қўяди. Суннатни шубҳа остига қўядиган эса, Қуръон каримни ҳам шубҳа остига қўяди, чунки Қуръон карим олимлари ва тарқатувчилари – суннатни ҳам тарқатувчи кишилардир. Суннатни шубҳа остига қўйган киши Исломнинг арконларини, унинг қоидалари ва кўрсатмаларини шубҳа остига қўяди. Суннатни фиқҳий далил сифатида қабул қилмайдиган киши – адашган, билимларсиз ўз нафсига эргашадиган гумроҳлардир. Саҳиҳ ҳадисларни «биринчиларнинг эртаклари» деб атайдиган кишилар нодон, жоҳил ёки динни янги қабул қилган бўлгани ҳолда ёки аҳли илмлардан узоқда жойлашганлиги сабабли билим олиши, уларга далил-исботлар келтирилиши, имкон бўлиши билан доим танбеҳ қилиш лозим. Агар далил-ҳужжатлар келтирилганидан кейин ҳам одам ўзининг нотўғри фикрида қолаверадиган бўлса, у – адашган ва диндан чиққан ҳисобланади.

Иккинчидан. Бу аёлга ва шунга ўхшаш ғояларга риоя қиладиган шахсларга бериладиган оддий жавоб сифатида Қуръони каримдан бир нечта оят келтириш мумкин. Қуръон қарийб юзта оятда Пайғамбарга бўйсунишни зиммамизга юклаган ва Аллоҳнинг Расулига бўйсунишни Аллоҳга бўйсунишнинг аломати қилиб белгилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмайдиганларга эса қаттиқ жазо ваъда қилинган. Аллоҳ таоло айтадики: “Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади. Ким юз ўгирса, Биз сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ” (Нисо сураси, 80 оят).

Яна: “Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар” (Нисо сураси, 65 оят).

Яна: “Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!” (Нисо сураси, 115 оят).

Учинчидан. Қадимги ва замонавий олимлар томонидан суннатни инкор қиладиган ва унга ихтилоф қиладиганлар ҳақида айтилган. Бундай сўзлар жуда кўп ва уларни қидириб топиш қийин эмас. Масалан, Хофиз Жалолидин  Суютий (роҳимаҳуллоҳ) айтадики: “Билингки, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини – хоҳ сўзлари бўлсин, хоҳ амаллари бўлсин – илмий асосланган шартларга жавоб берадиган ва ҳужжат бўла оладиган ҳадисларини инкор қилган одам куфрга кетади, Ислом умматидан чиқади ва қиёматда яҳудийлар, насронийлар ёки Аллоҳ хоҳлаган бошқа иймонсиз гуруҳлардан бири қаторида тирилади.

Ривоят қилишларича, бир куни имом Шофеъий бир ҳадисни айтиб, уни саҳиҳ дедилар. Шу пайт ўтирганларидан бири: “Ўзингиз бу ҳадисга амал қиласизми, эй Абу Абдуллоҳ?” деб қолди. Бу гапни эшитиб, имом Шофеъий қаттиқ ғазабланиб, шундай дедилар: “Сен мени насроний деб ҳисоблаяпсанми? Ёки черковдан чиқиб кетаётганимни кўрдингми? Ёки белимга насронийча белбоғ (зуннор) таққанимни кўрдингми? Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадисни айтиб, унга амал қилмаслигим мумкин?”

Бу залолатни (суннатни шариат далили сифатида қабул қилмаслик) бошлаб берувчилар бидъатчилар ва далил сифатида суннатни ҳавола қилиб кўрсатадиган ва улар фақат Қуръон билан чегараланади деб таъкидлаган ашаддий рафизийлар гуруҳи ҳисобланади. Шу тариқа улар турли мақсадларни кўзлаган: кимдир пайғамбарлик Алий розияллоҳу анҳуга келиши лозим эди, лекин Жаброил (алайҳиссалом) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига келиб адашган деб ҳисоблайди! Кимдир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пағамбарлигини тан олгану, лекин умматни бошқариш (халифалик) ҳуқуқи Алий розияллоҳу анҳуга тегишли бўлиши лозим деб ҳисоблаган, саҳобалар Абу Бакр розияллоҳу анҳуга байъат қилганда эса, уларни диндан чиққан, деб ҳисоблаган; боз устига, улар Алий розияллоҳу анҳунинг ўзини ҳам куфрда айблаган, чунки у, гўёки қонуний ҳуқуққа даъво қилмаганмиш! Шу тариқа улар ўзларининг бузуқ фикрлари билан ҳадисларни – динсизларнинг ривоятлари, дея инкор қилишгача борган!

Бу ғоя тарафдорлари тўрт имом даврида ҳам, ундан кейин ҳам кўп бўлган, шу сабабли бу имомлар ўз дарсларида, баҳс-мунозаралар ва асарларида раддия берган. Уларнинг айримларини келтириб ўтамиз.

Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Рисола” асарида шундай дейдилар:

“Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дин ва аҳкомларда Ўзи баён қилиб, Исломнинг шиори қилиб берган мақомни ато этди. Аллоҳ у зотга бўйсунишни буюрди, осийлик қилишни эса ҳаром қилди ҳамда у зотга иймон келтиришни Ўзига иймон келтириш билан боғлаб, буюк мақом билан шарафлантирди.

Аллоҳ таоло одамларга Ўзининг Китобига ва Расули алайҳиссаломнинг суннатига эргашишни фарз қилиб, шундай марҳамат қилди:

“Аллоҳ мўминларнинг ўзларидан уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, уларни поклайдиган, Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбар юбориш билан неъматлантирди. Ваҳоланки, улар илгари очиқ-ойдин залолатда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят).

Бундан ташқари, “Китоб ва ҳикмат” ҳақида зикр қилинган оятлар бор. Аллоҳ таоло “Китоб”ни зикр қилган ва бу – Қуръондир, у “ҳикмат”ни ҳам зикр қилди; ишончлик аҳли илмлар “ҳикмат”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннати деб шарҳлаганлар. Аллоҳ таоло айтадики: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир!” (Нисо сураси, 59 оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ва унга итоат қилиш зарурлигини кўрсатадиган бошқа оятлар ҳам бор …”

Байҳақий роҳимаҳуллоҳ биринчи жумлани келтиргач, айтади: “Агар суннат шариатда ҳуқуқий далил ўрнига ўтмаганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ерда ҳозир бўлганлар бўлмаганларга етказсин. Эҳтимол хабарни (бошқалардан) эшитган киши уни ўзи (бевосита) эшитган кишидан яхшироқ тушуниши мумкин”, деб ўзларининг даъватларини у ерда бўлмаганларга етказишни буюрмаган бўлардилар. Кейин Имом Байҳақий роҳимаҳуллоҳ қуйидаги ҳадисни келтиради: “Биздан ҳадис эшитиб, уни худди эшитганидек бошқаларга етказган кишининг юзини Аллоҳ нурли қилсин. Баъзида хабар етказилган киши уни биринчи бўлиб эшитган кишидан яхшироқ тушунади”. Бу ҳадис мутавотирдир.

Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Модомики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари айтган гапларни эшитиш, эслаб қолиш ва бошқаларга етказишни буюрган эканлар, бунда у киши бу ҳадисларни эшитганлар фақат ўзига кераклисини олиши кераклигини уқтирмаганлар. Аксинча, у кишидан ривоят қилинган ҳадислар ичида бирон ишга рухсат берувчи, тақиқловчи, буюрувчи маънодагилари, диний ва дунёвий ишларда маслаҳат маъносида айтилганилари бор”.

Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Доримийлар Миқдом Ибн Маъдий­карибдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Ҳой, огоҳ бўлинглар! Бир кишига у ўз ўриндиғида суяниб ўтирган ҳолида мендан бир ҳадис етса, у: “Бизлар билан сизларнинг ўртангизда Аллоҳнинг Китоби бор, холос. Биз нимани унда ҳалол деб топсак, уни ҳалол билдик, нимани ҳаром деб топсак, ҳаром билдик” дейишига оз фурсат қолди. Албатта Аллоҳ Расулининг ҳаром қилгани ҳам Аллоҳнинг ҳаром қилганидир!”

Ҳофиз Имом Хаттобий “Маалимус­сунан”да айтадилар: “Бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонда зикр қилинмасдан йўлга қўйган суннатларига хилоф иш тутишдан огоҳлантирмоқдалар. Хавориж ва рофизалар Қуръоннинг зоҳирига маҳкам ёпишиб, уни баён қилишни зиммасига олган суннатларни тарк этдилар. Натижада ҳайратда қотдилар ва залолатга кетдилар». Яна шундай дейдилар: «ўриндиғида суяниб ўтирган ҳолида» жумласидан маишатпараст, бепарво, динга эътибори кам, мутакаббир, жавркорларни назарда тутганлар. Улар уйдан чиқмайдилар, илм талаб қилмайдилар. Илм талабида, уни илм аҳлидан олишга илм топиладиган жойларга на эрта, на кеч, ҳаргиз бормайдилар».

Юқоридаги Миқдом ибн Маъдий­карибдан ривоят қилинган ҳадис Имом Абу Довуднинг ривоятида қуйидагича келган:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Огоҳ бўлинглар! Менга Китоб ва у билан бирга унинг мисли берилгандир. Яқин кунларда бир тўқ­сероб кимса ўриндиғида суяниб ўтирган ҳолида: “Сизлар мана бу Қуръоннигина лозим тутинглар. Унда нимани ҳалол топсангиз, ҳалол деб билинг, нимани ҳаром топсангиз, ҳаром деб билинг”, деган гапларни айтади. Ҳой, огоҳ бўлинглар! Сизларга хонаки эшак ҳалол эмас. Ҳар қандай тишли йиртқич ҳамда қушлардан ҳар қандай ваҳший тирноқлиси ва муоҳиднинг топиб олинган нарсаси ҳам. Фақатгина у ўзи ундан беҳожатлигини айтса, майли. Ким бир қавмнинг орасига тушса, уларга уни меҳмон қилишлари лозимдир. Агар меҳмон қилмасалар, у (ҳалокат даражасидаги заруратда) меҳмонлик ҳаққича улардан олиши мумкин”.

Имом Байҳақий роҳимаҳуллоҳ шундай қўшимча қилади: “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан кейин ҳадисларини инкор қилувчи бидъатчилар чиқиши борасидаги башоратларидир. Бунинг тасдиғи у кишининг вафотларидан кейин бўлди”. (Мифтоҳул-жанна)

“Фиқҳ энциклопедияси”да («Ал-маусуа ал-фиқҳия») айтилишича: “Айрим одамлар суннат шариат ҳуқуқи манбаси ҳисобланмаслигини ўйлаб топган ва ўзини “қуръонийлар” деб атаган. Бу одамлар айтадиларки: “Бизга Қуръон етарли. Биз унда рухсат этилганни рухсат этилган, унда тақиқланган нарсани эса тақиқланган деб ҳисоблаймиз”. Суннатга келадиган бўлсак, унда – уларнинг таъкидлашича – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғлиқ деб ҳисобланадиган ёлғон ҳадислар киритилган… Бу одамлар -  Қуръон аҳллари эмас, чунки Қуръонда қарийб юзта оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш амр этилган. Ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни Аллоҳ таолога итоат қилиш сифатида кўради. Боз устига – гўёки улар ўзларича риоя қиладиган Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмайдиганларни мўмин эмас дейди: “Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар” (Нисо сураси, 65 оят).

Суннатга ёлғон ҳадислар киритилгани ҳақидаги фикрларга келадиган бўлсак, умматимиз олимлари суннатни ҳар қандай аралашмалардан тозалаш учун мисли кўрилмаган чоралар кўрганлиги билан изоҳланади. Улар ровийларнинг ҳақгўйлигига шубҳа ва унинг адашиб кетиши эҳтимолини ҳадисни қабул қилмаслик учун етарли асос деб ҳисоблаган. Ҳатто,  умматимиз душманлари ҳам айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган ривоятлар ва уларнинг санадлари борасида жуда эҳтиёткор бўлган бошқа халқ йўқ эканини тан олишган. Ҳадис бўйича ҳаракат қилиш учун ҳақиқатда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан айтилган эканлигига ишонч ҳосил қилиш етарли. Ахир,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида ўз хабарини етказиш учун битта саҳобани юбориш билан чекланган ва бу бир кишидан келган хабар токи унинг ишончли эканлиги шубҳа уйғотмагунга қадар ишончли, деб қабул қилиниши лозимлигини кўрсатади.

Биз қуръонийлардан намоз ўқиш тартибини, фарз намозлар сони бешта эканлиги, закотнинг ўз нисоби борлиги, ҳаж қай тартибда амалга оширилиши ва фақат суннатдан билиб олинадиган бошқа кўплаб қоидаларни кўрсатадиган оятлар қаерда деб сўрашимиз мумкин.

Хулоса қилиб шуни айтиб ўтишни истардикки, исломни емирувчилар авлоддан-авлодга динимиз асосларига қарши курашишнинг янги ва янги усулларини ўйлаб топмоқдалар. Қачонлардир душманлар томонидан ёлғон ҳадислар киритиш, ишончли ҳадислар мазмунини узиб кўрсатиш, мусулмонлар онгини бузиш учун уларни нотўғри шарҳлаш бўйича катта ишлар бажарилган. Бугунги кунда эса кимдир умуман ҳадисларни ўқимаслик керак, деб айтяпти. Шуниси афсусланарлики, бу фикрни ҳатто мусулмонлар, боз устига, оддий мусулмонлар эмас, балки ўз нутқлари билан умматга мурожаат қилаётганлар ҳам қабул қилмоқда. Агар бу одамлар мусулмонлар уларнинг ишларидан бехабар деб ўйлайдиган бўлса, улар катта хато қилган бўладилар. Уларнинг ғоялари Аллоҳ таолонинг ижозати билан ўтмайди – мусулмонлар бунга йўл қўймайди, инчунин, ақлларини еб қўймаган мўминлар сони «қуръонийлар»дан анча кўп. Ёлғон совун кўпигидай учиб кетади, Қуръон ва ҳадислардан ўрин олган ҳақиқат эса – келгуси авлодларга мерос бўлиб қолади.

Ишмурат Хайбуллин

Абу Муслим таржимаси