loader
Foto

Тавба сураси, 31-34 ("Қуръони азим тафсири"дан)

31. Улар Оллоҳни қўйиб ўзларининг уламоларини ва роҳибларини ҳамда Масийҳ бинни Марямни худо қилиб олдилар. Ҳолбуки, улар фақат Ягона Оллоҳга ибодат қилишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У Зот уларнинг ширкларидан Покдир.

Яъни, яҳудийлар ораларидаги уламоларини Оллоҳдан ўзга худолар қилиб олдилар, насронийлар ўзларининг роҳибларини Оллоҳдан ўзга худолар қилиб олдилар. Шунингдек, насронийлар Ийсо Масийҳ ибн Марям алайҳимассаломни ҳам Оллоҳдан ўзга худо қилиб олдилар. Ҳолбуки яхудийларга ҳам, насронийларга ҳам Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш, Унга бирон нарса ё кимсани ширк келтирмаслик буюрилган эди. Аммо ҳар икки тоифа гарчи уларга Оллоҳ таоло томонидан Китоблар нозил қилинган бўлса-да, худди жоҳил мушриклар каби У Маъбуди Барҳаққа ширк келтирдилар - Оллоҳни қўйиб ўзларининг олим ва роҳибларига сиғиндилар.

Имом Аҳмад ва Термизий ривоят қилган ҳадиси шариф бизга ушбу оятни тафсир қилиб беради: Адий ибн Ҳотам (у хайру саховат билан ном қозонган Ҳотами Тоийнинг ўғлидир), унинг қавмига Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватлари етиб келганида иймон келтирмасан Шом мамлакатига қочиб кетди. У жоҳилият даврида насронийликни қабул қилган эди. Бас, унинг қавмидан бир жамоат - уларнинг орасида Адийнинг синглиси ҳам бор эди - мусулмонларга асир тушдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Адийнинг синглисини асирликдан озод қилиб бўшатиб юборадилар. У озод бўлгач, оғаси Адийни излаб топиб, уни Ислом Динини қабул қилишга ва Расулуллоҳнинг олдиларига боришга тарғиб қилади.

Бас, Адий Мадинага келади. У Той қабиласининг бошлиғи эди. Одамлар орасида унинг келгани ҳақида турли сўзлар айтила бошлайди. Сўнгра у бўйнидаги кумуш бути билан Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирганида у зот: “Улар Оллоҳни қўйиб ўзларининг уламоларини ва роҳибларини ҳамда Масийҳ ибн Марямни худо қилиб олдилар”, оятини ўқиётган эдилар. Адий айтади: “Мен бу сўзларни эшитиб, “Улар ўзларининг олим ва роҳибларига ибодат қилган эмаслар”, деган эдим, у зот: “Уламолари ва роҳиблари уларга Оллоҳ таоло Таврот ва Инжилда ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаром дедилар, ҳаром қилинган нарсаларни эса ҳалол дедилар, бас, яхудий ва насронийлар Оллоҳнинг Сўзини тарк этиб, ўшаларнинг сўзларига эргашиб кетдиларку! Мана шу Оллоҳни қўйиб ўзларининг олим ва роҳибларига ибодат қилганларидир”, дедилар. Сўнгра менга: “Эй Адий, бўйнингдаги бутни ташлаб юбор”, дедилар”.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Исломга даъват қилиб, Оллоҳ ҳеч қандай шериги йўқ Танҳо Илоҳ эканини, Унга ҳеч ким тенг бўла олмаслигини айтганларидан кейин Адий ибн Ҳотам розияллоху анҳу Исломни қабул қилди ва Шаҳодат Калимасини айтди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг мусулмон бўлганини кўриб шодликка тўлдилар, сўнгра: “Албатта яҳудлар ғазабга дучор бўлгандирлар, насронийлар адашгандирлар”, дедилар. (Аҳмад, Термизий ва Табарий ривояти).

Оят ниҳоясида Ҳақ таоло Ўзининг Танҳо Илоҳ эканини ва мушрикларнинг ширкларидан Пок эканини яна бир бор таъкидлайди.

Ояти карима гарчи яхудий ва насронийлар ҳақида нозил қилинган бўлса-да, унинг хукми умумийдир. Бас, кимда-ким Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмаса, У Зот юборган элчиларга, хусусан сўнгги Элчи Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳаётининг ҳар бир жабҳасида итоат қилмаса, у ҳолда муқаррарки, ундай кимса Оллоҳни қўйиб, ўзига ўхшаган одамларга сиғиниб юраверади, Холиқнинг Ҳақ қонунини ташлаб қўйиб, махлуқларга кул бўлиб қолаверади.

32. Улар Оллоҳнинг Нурини (яъни, Исломни) оғизлари (яъни, ҳеч қандай хужжатсиз, ботил сўзлари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Оллоҳ эса - гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, - Ўз Нурини комил қилишни (яъни, ҳар тарафга ёйишни) истайди.

Шундай. Дини Ислом ва Қуръони Азим Оллоҳ таоло бутун Ер юзини то Қиёматгача ёритсин, деб юборган Илоҳий Нурдир. Бу Нур нафақат нарсаларнинг зоҳирини - сиртини, балки ботинини - ичини, ҳатто уни қабул қилган инсонларнинг қалбларини ҳам ёритиб - мунаввар қилиб юборади, бу Нур нафақат моддий нарсаларни, балки кишиларнинг тафаккурларини - маънавийят оламларини ҳам зиёга буркайди. Бу Нур нафақат ҳаёти дунёни, балки мўминларнинг Охиратларини ҳам ёғдуга тўлдиради! Бу ҳақда бир ояти каримада шундай хабар берилади: “У Кунда Оллоҳ Пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида (уларнинг йўлларини ёритиб) юрур. Улар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларга нуримизни комил қилгин ва бизларни мағфират қилгин. Албатта Сен барча нарсага Қодирдирсан», дерлар.” (Таҳрим сураси, 8-оят).

Чунки бу Нур одций нур эмас, Оллоҳнинг Нуридирки, Ҳақ таоло Ўз Нурини бутун борлиққа ёйишни, яъни, Дини Ислом Ер юзининг ҳамма томонларига тарқалишини хоҳлайди. Аммо Ер юзида нурдан қўрқадиган, ёруғликни ёмон кўрадиган зулматтарафдорлари - динсиз, иймонсиз кимсалар ҳам борки, улар Оллоҳнинг Нури Ер юзига таралишига, одамларнинг йўлларини ёритишига асло тоқат қила олмайдилар. Шунинг учун жон-жаҳдлари билан, бор ҳийла-найрангларини ишлатиб у Нурнинг йўлини тўсишга ҳаракат қиладилар, аммо бу иш қўлларидан келмайди. Чунки нур нурда. У моддий-жисмоний нарса эмаски, қўл билан ушлаб бўлса ёки тўгон-тўсиқлар билан тўхтатиб бўлса. Шунда улар Оллоҳнинг Нурини ўчиришнинг антиқа йўлини топадилар! Топганда ҳам бирон ақлли инсоннинг хаёлига келмайдиган, бирон эсли одам бир умр ўйланса ҳам топа олмайдиган, зулмат тарафдорларининг нақадар қоронғулиқда қолиб кетганларини шундоқ кўрсатиб турадиган мутлақо антиқа йўлини топадилар - улар Оллоҳнинг нурини оғизлари билан пуфлаб ўчирмоқчи бўладилар! Азиз ҳамдарсим, бир тасаввур қилиб кўринг, Буюк Оллоҳнинг Иродаси билан бутун борлиқни, ҳатто мўминларнинг қалбларигача ёритиб-мунаввар қилиб бораётган Нури Илоҳийни ўчириш-сўндириш учун агар дунёдаги барча одамлар бир оғиздан пуфласалар ҳам ўчира оладиларми? Ҳеч тасаввур қилиб бўлмайди-а? Демак, шукр қилайлик. Оллоҳнинг Нурини оғиз билан пуфлаб ўчирса бўлади деб ўйлайдиган кимсалар қаторига тушиб қолмаганимиз учун Яратганга беҳисоб ҳамду санолар айтайлик, У Марҳаматли Парвардигоримиз қалбларимизни иймон нури билан мунаввар қилгани учун шукроналар айтайлик.

33. У (Оллоҳ) Ўз Элчисини Ҳидоят ва Ҳақ Дин билан уни (яъни, Ислом Динини) - гарчи мушриклар хоҳламасалара - барча динлар устидан ғолиб қилиш учун юборгандир.

Яъни, Оллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламни Ҳидоят, яъни, Қуръон билан ва Ҳақ Дин, яъни, Ислом билан одамларга Элчи қилиб юборишидан мақсади - бу Динни бошқа барча динлардан ғолиб қилишдир. Оллоҳнинг Нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлган мушрик-кофирлар Ислом Дини оламга ёйилишини ва бошқа барча динларни насх қилиб - хукмларини тўхтатиб, ўзи танҳо Ҳақ Дин бўлишини ёмон кўришларининг ҳеч қандай аҳамияти йўқдир. Албатта Оллоҳ таоло ирода қилган иш бўлади - Дини Ислом жамиийки динлар устидан ғолиб бўлади.

Ушбу икки оят мазмунини англаган инсонлар Ҳақ таолонинг Сўзи нақадар Ҳақ Сўз эканини, Оллоҳ таоло ирода қилган ишга ҳеч ким тўсиқ бўла олмаслигини ўз кўзлари билан кўриб иймонлари янада қувватлана-ди. Назари ожимизда ушбу оятларни кейинги авлодлар аввалгилардан яхшироқ англайдигандек. Чунки бу оятлар нозил бўлган даври саодатда ҳали Дини Ислом араб жазирасидан четга чиқмаган эди. У замондаги салафи солиҳларимиз - саҳобайи киром алайҳимурризвон - Оллоҳ таоло Ўз Нурини - Дини Исломни Ернинг барча тарафларига ёйишни ва бу Динни жамиийки динлар устидан ғолиб қилишни ирода қилганини ушбу оятлар орқали англаганларида Оллоҳнинг Сўзи Ҳақ деб, ўз кўзлари билан кўрмаган нарсага иймон келтирган эдилар. Аммо кейингилар, жумладан биз - Қуръон нозил бўлганидан ўн тўрт аср ўтгач дунёга келган авлод, хусусан, Қуръон нозил бўлган араб саҳросидан минг-минг чақирим олис юртларда ҳаёт кечираётган мусулмонлар эса Оллоҳ таоло ирода қилган иш ҳақиқатда амалга ошганини, Ер юзида Ислом Нури етиб бормаган бирон мамлакат, шаҳар, ҳатто қишлоқ қолмаганини ўз кўзларимиз билан кўриб, ҳатто ўзимиз ҳам худди ана ўша Илоҳий Ваъда баракотидан Ислом Динига мансуб бўлишдек буюк бахтга эришганимизни ўйлаб ушбу оятларни янада яхшироқ англашга, Қуръони Карим ўтмиш-у келажакнинг Эгаси томонидан нозил қилинган Каломуллоҳ эканига яна бир карра иймон келтиришга ва Ўз Нуридан баҳраманд қилган Марҳаматли Парвардигоримизга қайта-қайта шукроналар айтишга бурчлимиз.

Ояти каримада зикр қилинган - Оллоҳ таоло Ислом Динини бошқа барча динлардан ғолиб қилиши ҳақида Абу Ҳурайра розияллоху анху: “Бу ваъда Қиёмат қойим бўлиши олдида Ийсо алайҳисалом осмондан Ерга тушган замонда бўлади”, дейди ва бу хусусда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг: “Ийсо осмондан Ерга тушган замонда барча динлар йўқ бўлиб, фақат Ислом Дини қолади”, деганларини ривоят қилади.

34. Эй мўминлар, аниқки, ўша уламолар ва роҳиблардан кўпчилиги одамларнинг молларини ноҳақ (йўл) билан ейдилар ва Оллоҳнинг Йўлидан тўсадилар. Олтин-кумушни хазина қилиб -яшириб, уни Оллоҳ Йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг!

Бу оятларда одамларнинг пул-молларини талон-торож қиладиган яхудий донишмандлари ва насроний роҳиблари билан бир қаторда мусулмонларнинг орасидаги айрим бойликка муккасидан кетган ва тўплаан мол-дунёларининг закотини бермайдиган кимсалар ҳам ашаддий азобга дучор бўлишлари баён қилингандир.

Ояти кариманинг аввалги жумласида мўминларга хитоб қилиниб, аксари яҳудий уламолар ва насроний роҳиблар одамларнинг молларини чиқарган фатволарига пора олиш, судхўрлик қилиш каби ҳаром йўллар билан тортиб олишлари ва Оллоҳнинг Йўли бўлмиш Дини Исломдан тўсишлари ҳақида хабар берилади ва бу билан мўминларни ҳеч бир соҳада аҳли Китобларга ўхшаб қолмасликка чақирилади.

Оятнинг иккинчи жумласида эса, топган олтин-кумушларини, яъни, мол-дунёларини, яшириб, хазиналарга айлантириб, Оллоҳ Йўлига ишлатмайдиган, яъни, у мол-дунёларининг закотларини бермайдиган кимсалар ҳам худди ўша одамларнинг молларини ноҳақ ейдиган ва Оллоҳнинг Йўлидан тўсадиган яҳудий уламолари ва насронийларнинг роҳиблари каби Охиратда аламли азобга дучор бўлишлари айтилиб, мўминлар Оллоҳ таоло ато этган мол-дунёдан бир қисмини Оллоҳ Йўлида инфоқ-эҳсон қилишга, яъни, закотини беришга буюриладилар.

Ушбу ояти карима тафсирида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоху анхумо айтади: “Қайси мол-дунёнинг закоти берилган бўлса, гарчи уни етти қават ернинг остига кўмиб яширилган бўлса ҳам, хазина қилиб босиш бўлмайди, қайси мол-дунёнинг закоти берилмайдиган бўлса, у гарчи ер усти-да бўлса ҳам, кўмиб, яширилган ҳисобланади”.

Оллоҳ таоло берган мол-дунёнинг закотини бермай бахиллик қиладиган кимсаларнинг топадиган оқибатлари ҳақида бошқа бир ояти каримада шундай дейилади: “Оллоҳ Ўз Фазлу Карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари Қиёмат Кунида бўйинларига ўралажак! (Барча жонли-жонсиз нарсалар кетар ва) осмонлару Ер мерос бўлиб Оллоҳнинг Ўзига қолур. Оллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир”. (Ол-и Имрон сураси, 180-оят).

Аксари муфассирлар ушбу оят қўлларидаги мол-дунёларининг закотини бермайдиган кимсалар ҳақида нозил бўлган дейишади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан бошқа бир ривоят ҳам бор. Яъни, у киши бу оятни Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламнинг Тавротда зикр қилинган сифатларини яшириб, Оллоҳ таоло берган илмни бахиллик қилиб бошқаларга билдирмаган яхудлар ҳақида нозил бўлган дейди.

Ҳар ҳолда ушбу ояти карима мазмунидан Шариати Исломийя наздида бахилликнинг ҳар қандай кўриниши кескин қораланиши маълум бўлади.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Қай бир кимсага Оллоҳ таоло мол-дунё ато қилган бўлса-ю, у молининг закотини адо қилмаган бўлса, ўша бойлиги Қиёмат Кунида ялтироқ бошли, икки қора шохи бор баҳайбат илонга айланиб, унинг бўйнига ўралади, сўнгра баданига заҳарли тишларини ботириб: “Мен сенинг бойлигингман, тўплаган хазинангман”, дейди”, дедилар ва ушбу ояти каримани тиловат қилдилар. Ояти каримада аввало инсонлар қўлидаги мол-дунё улар ўзлари йўқ ердан пайдо қилиб топган нарса эмас, балки Оллоҳ таоло Ўз Фазлу Карами, тенгсиз Саховати билан уларга ато қилган неъмати экани айтилади. Демак, бировнинг моли деган сўз ўта нисбий иборадир. Аслида ўша мол ҳам, унинг эгаси ҳам Оллоҳникидир. Ҳақ таоло Ёлғиз Ўзига маълум бўлган ҳикмат сабабли айрим бандаларининг ризқини кенг, айрим бандаларининг ризқини тор ва танг қилиб кўйган ҳамда ризқи кенг қилинган инсонлар зиммасига ризқи танг бўлган бандаларига закот бериш вазифасини юклаган. Яъни, Оллоҳ берган кенг, мўл ризқдан бир қисмини, аниқроғи, қиркдан бир қисмини фақир-мискин диндошларига бериши фарз қилинган. Ҳақтаоло: “Оллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (Оллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қил”, деб буюрган. (Қасас сураси, 77-оят). Албатта, қўлларидаги моллари Оллоҳ берган нарса эканини аниқ биладиган мусулмонлар ўзларининг эҳгиёжларидан ортиқча бўлган бойликларининг бир бўлагини камбағалларга беришлари ўзлари учун фойдали эканини ҳам биладилар ва зиммаларидаги закотларини буюрилгандек адо қиладилар, балки закотдан ташқари ҳам доимо Оллоҳ Йўлида хайру саховатлар кўрсатиб, Оллоҳ таоло берган бойликларини яхши ишларга сарфлаб, мол-давлатларидан том маънода фойдаланадилар.

Аммо бахил кимсалар эса ўз бахилликлари билан дунёда инсонларнинг нафратига, Охиратда эса Оллоҳнинг азобига дучор бўладилар. Ажаллари етгач, бор нарсаларини ташлаб, зиммаларидаги закотни бермаган-лари учун бўйинларига тушган гуноҳларини орқалаб ўтиб кетаверадилар, ҳамма нарсадан Огоҳ ва Хабардор бўлган Зот уларнинг қилмишларига яраша жазоларини беради. Демак, бахилликни ўзлари учун яхшилик деб ўйлаган кимсалар қаттиқ адашадилар.

“Нега сизлар Оллоҳ Йўлида инфоқ-эҳсон қилмаяпсизлар?! Ҳолбуки, Осмонлар ва Ернинг ворислиги Ёлғиз Оллоҳники-ку (яъни, оз кунда сизлар бу оламдан ўтиб кетиб, қўлларингиздаги барча мол-дунёларингиз Оллоҳга мерос бўлиб қолади-ку)!” (Ҳадид сураси, 10-оят).

Ўрганаётганимиз ояти каримада молларини босиб, яшириб, закотини бермаган кимсаларга азоб “хушхабари” берилди. У қандай азоб экани қуйидаги ояти каримада баён қилинади.

Тавба сураси. Қуръони Азим тафсиридан

Шайх Алоуддин Мансур (роҳимаҳуллоҳ)