loader
Foto

Синов ва бало кимларга келади...

***

25. Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир.

Ушбу ояти каримадаги «фитна» сўзи бошқа оятлардаги каби синов ва бало маъноларини англатади. Қайси бир жамоада золимлар зулм қилганда бошқалар қараб турса, ҳамма–зулм қилганлар ҳам, қараб турганлар ҳам баробар балога гирифтор бўладилар. «Зулм» деганда бир шахснинг иккинчи шахсга тажовуз қилишигина англанмайди, балки бу сўзнинг маъно қамрови кенг бўлиб, ҳамма ноҳақликлар, гуноҳлар ичига киради. Хусусан, динни тарк этиш, Аллоҳнинг амрига юрмаслик катта зулм ҳисобланади. Қайси бир жамиятда ана шундоқ зулмлар содир этилса, ўша жамиятнинг барча аъзолари; зулм ишларни қилганларию, уларга бефарқ қараб турганлари биргаликда фитнага-оммавий бало-офатга гирифтор бўладилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтирган бандаларини бундан огоҳлантириб, ушбу хитобни қилмоқда:

«Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг».

Яна, эй зулм қилаётганлар ва уларга жим қараб турганлар:

«...билгинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир».

Албатта, зулмга қарши курашиш осон эмас. Лекин мусулмон одам, қийинчиликлар олдида тушкунликка тушмаслиги керак. Ихлос билан харакат қилса, Аллоҳнинг Ўзи ёрдам беради. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг "Тафсири Ҳилол"идан)

***

25. Ва золимларингизнинг ўзигагина тегмайдиган фитнадан сақланинглар, билингларки, Аллоҳнинг азоби шиддатлидир.

Аллоҳ таоло айтяптики: эй инсонлар, ўзларингиз яхши, солиҳ амалларни қилиб ёки гуноҳ ишлардан тийилиб қолмай, бошқаларни ҳам яхшиликка чорланглар ва гуноҳ ишлардан қайтаринглар, яъни мунтазам равишда амру маъруф ва наҳйи мункар олиб боринглар. Чунки баъзиларнинг ёмонлик, гуноҳ ва зулм қилишда ҳаддан ошишлари кўпчиликнинг бошига, бутун инсонлар жамиятига кулфат, бало ёғилишига сабаб бўлиши мумкин. Юқоридаги оят тафсирида муфассир олимлар: "Қайси жамиятда гуноҳ, бошқалар ҳақига тажовуз каби ишлар кўпайса, шу ишларни қилганлар ва уларга бефарқ бўлганлар бирдай офатга йўлиқишади", дейишган. Муҳаммад Саид Тантовий "Ат-Тафсирул-восит"ида "Инсониятнинг бошига келадиган балолар одамларнинг ёмон ишларга муккадан кетишлари, бошқаларни яхшиликка чақирмасликлари, ёмонликлардан қайтармасликлари сабабидандир", деб ёзади. (Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандининг "Тафсири Ирфон" китобидан)

***

25. Ҳамда бир фитнадан - балодан сақланингларки, у сизларнинг орангиздаги золим кимсаларнинг ўзигагина етмас, (балки ўша фитнага қарши курашмай қараб турган барчага етар.) Ва билингизки, албатта Оллоҳнинг азоби қаттиқдир.

Ушбу ояти карима тафсирида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анхумо: “Оллоҳ азза ва жалла мўминларга ўрталарида мункар гуноҳ ишлар ёйилишига йўл қўймасликни буюриб, акс ҳолда Оллоҳ бало азобни золимга ҳам, золим бўлмаган кишиларга ҳам умумий қилиб туширишини айтиб огоҳлантирди”, дейди.

Ояти карима тафсирида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Аҳмад, Таҳовий, Абдуллоҳ ибн Муборак ва Бағавий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳ айрим одамлар сабабли оммани азобламайди. То қачонки одамлар кўз ўнгларида гуноҳ ишлар содир бўлаётганини кўриб туриб, у гуноҳдан қайтаришга қодир бўлиб туриб, қайтармасалар, ана ўшанда Оллоҳ ўша гуноҳни содир этган кимсаларни ҳам, уни инкор қилмасдан томошабин бўлиб турган оммани ҳам азоблайди”, дедилар. (Тафсири Бағавийдан).

Нўъмон ибн Башир розияллоху анху ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам айтдилар: “Оллоҳ таоло белгилаб қўйган чегараларга жиддий қарамасдан бепарво бўладиган ва у чегараларни бузадиган кимсаларнинг мисоли худди бир қавмга ўхшайдики, улар кемага миниб, жойларини бўлиб олишган - баъзиларига кеманинг остки қисми теккан, баъзилари эса устки қисмини эгаллаганлар. Пастдагилар дарёдан сув олмоқчи бўлсалар, устки қисмга чиқиб, юқоридагиларни безовта қи-либ кема четига бориб сув олар эдилар. Шунинг учун пастдагилардан бири қўлига болта олиб, кема остини чўқий бошлади. Буни кўрган устки қаватдагилар: “Нима қиляпсан”, деб сўрашганида, у жавоб қилди: “Мени деб сизлар ҳам қийналиб кетдинглар, менга эса сув керак. Шунинг учун сизларнинг оромингизни бузмай деб, ўзимга тегишли жойни тешиб сув олмоқчиман”. Мана шунда юқоридагилар, яъни, уламолар унинг, яъни, илмсиз кишининг қўлидан ушлаб тўхтатсалар, уни ҳам, ўзларини ҳам қутқарган бўладилар, агар билганингни қил, деб уни тарк этадиган бўлсалар, уни хдм, ўзларини ҳам ҳалок қилган бўладилар - кема чўкиб кетади!”

Шунинг учун ҳам Ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳу айтади: “Энг афзал жиҳод - яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришдир”.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар яхшиликка буюрасизлар ва ёмонликдан қайтарасизлар ёки, яъни, агар шу ишни қилмасангизлар, Оллоҳ Ўз ҳузуридан сизларга азоб юбориши аниқдир. Сўнгра сизлар Унга дуоилтижолар қилаверасизлар, аммо У дуоларингизни ижобат қилмайди”, деб огоҳлантирдилар.  (Шайх Алоуддин Мансурнинг "Қуръони азим тафсири"дан)