Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ислом даъвати, асослари ва услубларини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у киши орқали даъватчи умматларига баён қилиб бермоқда.
Аввало,
«Роббингнинг йўлига»
Яъни, даъват Аллоҳнинг йўлига бўлмоғи керак экан. Баъзи шахсларга, гуруҳларга, тоифаларга эмас, фақат холис Аллоҳнинг йўлига бўлиши керак.
Иккинчидан,
«ҳикмат»
Демак, даъват ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоий, маданий савияси ва бошқа омилларни эътиборга олиб, оғир келмайдиган йўсинда даъват қилиш лозим.
Учинчидан,
«ва яхши мавъиза ила даъват қил».
Шунингдек, даъват яхши мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Кишиларни қизиқтириш, рағбатлантириш учун чиройли сўз ва гапларни топиб гапириш зарур бўлади. Уларни нафратлантирмаслик лозим.
Тўртинчидан,
«Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт».
Ҳар бир даъватчи кишилар билан гўзал услубда мунозара қилиши керак. Аллоҳнинг йўлига даъват, аввало, фикрий ҳаракатдир. Фикрий ҳаракат бор жойда мунозара бўлиши турган гап. Ислом даъватчиси мунозарани ғоятда гўзал услубда олиб боришга тайёр бўлиши керак. У рақиби билан талашиб, тортишиб, бақир-чақир, уруш-жанжал этмасдан, рақибининг табъига йўл топиб, унга қаноат ҳосил қилдириб, ўзи сезмаган ҳолда Исломга мойил бўлиб қоладиган даражада усталик билан мунозара олиб бориши лозим.
Бешинчидан,
«Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир».
Яъни, даъватчи ўз вазифаси даъват қилиш эканини, ҳидоят ва залолат Аллоҳга боғлиқлигини ҳеч қачон унутмаслиги керак.
Исломга даъватнинг асосий қоидалари шулардан иборат. Гоҳида ҳикмат ва яхши мавъиза ила Аллоҳнинг йўлига чақираётган даъватчиларга қарши душманлик, тажовузкорлик содир бўлиши ҳам мумкин. Ундай пайтда даъватчи ўзини қандай тутиши лозимлиги қуйидаги оятда баён қилинади.
Агар иқоб қиладиган бўлсангиз, ўзингизга қилинган иқобга ўхшаш иқоб қилинг. Агар сабр қилсангиз, албатта, у сабр қилгувчилар учун хайрлидир. (126)
Агар сизга тажовуз қилганларни иқоб қиладиган бўлсангиз:
«...ўзингизга қилинган иқобга ўхшаш иқоб қилинг».
Ошириб юборманг. Ошириб юборсангиз, тажовузкор бўлиб қоласиз.
«Агар сабр қилсангиз...»
Тажовузкордан ўч олмасангиз, уни авф этсангиз...
«...албатта, у сабр қилгувчилар учун хайрлидир».
Ўрни келганда сабр қилиб ўч олмаслик ҳам, хайр бўлиб, Ислом даъватига фойда келтириши мумкин.
Тафсири Ҳилол, Наҳл сураси, 125-126
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ