loader
Foto

Европалик имом. Али Изетбеговичнинг кураши

Сребреницадаги мусулмонлар геноцидининг навбатдаги йиллиги Югославияни парчаланишга, славян халқларининг ўзаро қирғин қилиш ҳамда мустақил Босния давлатининг барпо этилишига олиб келган фожиага яна бир бор эътиборимизни қаратди. Мусулмонлар қирғини Болқон оролларидаги мусулмонлар қолдиғини йўқ қилмоқчи бўлган мутаассиблар хоҳиши туфайли келиб чиққанди.

Тоталитар коммунистик диктатура даврида Болқондан ва Кавказдан Ўрта Осиёгача бўлган улкан социалистик майдонда мустақил исломий фикр ниҳолларининг сақланиб қолиши  ХХ асрнинг энг катта жумбоғи бўлиб қолмоқда. Ушбу жиҳатдан Али Изетбеговичнинг ҳаётини энг ёрқин ва англаб бўлмас мисол тариқасида келтириш мумкин.

У ўз миссиясини амалга ошириш учун ёзувчи, файласуф, мусулмон фаоли, Сараево қамали даврида босниялик мусулмонларининг қаршилигининг қаҳрамони йўлини босиб ўтди. Айнан у Югославияда геноцид бўйича ўтказилган кампаниядан сўнг ўз мамлакатини мустақилликка олиб келди ва шундан сўнг мустақил Босния ва Герцоговинанинг биринчи президенти бўлди. Амалда у парчаланган Усмонийлар Султонлигининг Европа қисмида биринчи мусулмон лидери бўлиб қолди.

Зиддиятли фикрлар

У 78 ёшида вафот этди. Бу сиёсатчи Болқон минтақасини ҳозирги кундаги барча ҳарбий-сиёсий ва этник хусусиятли чегараларига олиб келган асосий шахслар орасида бўлган. Бошқача қилиб айтганда, у Болқон ярим оролидаги 90-йиллар урушининг асосий ҳаракатдаги шахсларидан бири бўлган.

Унинг фаолиятига берилган баҳолар ҳам ғайри оддий тарзда турланади. “Бу одам ўз халқининг отаси эди, десак тўғри бўлади. Агар бу одам бўлмаганида, бугунги Босния ва Герцоговина ҳам бўлмасди”. Бу фикр Пэдди Эшдаунга – халқаро ҳамжамиятнинг Олий вакили бўлмиш Босниянинг бош администраторига тегишли.

Изетбеговичнинг душманларидан бири – Милорад Додикнинг (ўтмишда у Босния ва Герцоговина таркибидаги Сербия Республикаси ҳукуматини бошқарган) билдиришича, 90-йиллардаги қирғинлар учун асосий масъулият босниялик мусулмонлар лидерининг зиммасига тушади, шунинг учун уни судга бериш керак. Халқаро трибуналда унга қарши ҳарбий жиноятларни содир этишда тайёр айблов хулосаси сақлаб қўйилган, деган миш-мишлар тарқалганди.

Изетбеговични ҳам уруш ва ҳам тинчлик даврида чинакам давлат арбоби деб атаган Хорватия президенти Стьепан Месичнинг баҳоси холис ва салмоқлироқ. Шу билан бирга, у ҳаётдан кўз юмганида кўплаб некрологларда уни нафақат сиёсатчи, балки йирик исломий мутафаккир деб атадилар, турк газеталаридан бири эса Изетбегович “замонавий фалсафа қироли” деб ёзганди.

Ёш мусулмонлар (Млади мусульмане)

Ўз ҳаёти борасида шунчалик диаметрал баҳоларни олган бу одамнинг ўзи ким? Али Изетбегович 1925 йил 8 августда Босниянинг шимоли-ғарбий қисмида, аҳолисининг аксарияти мусулмонлар бўлган Европанинг бир бурчагида туғилган. У ўзига тўқ оилада туғилган бўлиб, юридик маълумотга эга бўлди ва ўн йилга яқин  умрини Иосиф Броз Тито раҳбарлик қилган коммунистик Югославиянинг турмаларида ўтказди.

У ҳеч қачон компартия аъзоси бўлмаган. Унга кўпроқ Исломга даъват қилиш ёқарди. ХХ асрнинг биринчи ярмида Али “Ёш мусулмонлар” (“Млады мусульмани”) ташкилотини тузилишида иштирок этган. Сараеводаги гимназияда таҳсил олаётган чоғида ва шундан кейин Сараево университетининг юридик факультетида ўқиб юрган пайтларда Изетбегович мусулмонларнинг ўз динига эътиқод қилиш ҳуқуқи учун кураш олиб борган. 

У тарихни ҳамда мусулмонларнинг бутун дунё бўйлаб кураши ҳақида кўпроқ билимга эга бўлиш учун чет тилларини (немис, француз ва инглиз) яхши ўзлаштириб олган эди.

Иосиф Броз Титонинг коммунистик диктатураси 1945 йилда мамлакатдаги барча коммунистик бўлмаган ташкилотларни тақиқлаб, уларнинг лидерларини қамоққа олди. Изетбегович умрининг 10 йилга яқин вақтини турмада ўтказди ва озодликка чиққанидан сўнг тижорат соҳасида юридик амалиёт билан шуғуллана бошлади. У ўзининг фаоллигини ёзувчилик фаолияти орқали намоён этди.

Уни “Млади мусулмани” ташкилотини қайта тиклашга уринишда гумон билан 1983 йилда яна ҳибсга олдилар ва адолатдан мосуво суд кўргазмасида 14 йилга озодликдан маҳрум этдилар. Бу пайтга келиб унинг турмадан яширинча олиб чиқилган “Ислом Ғарб ва Шарқ орасида” қўлёзмаси ёруғлик юзини кўрди. Жуда оғир шароитларда ёзилганига қарамай ушбу қўлёзма мусулмонларни ўз кучларига ишонишга чақирарди.

Сиёсатчи ва курашчи

1990 йилда, Югославияни коммунистлар бошқараётган пайтда Изетбегович ўз китобларида баён этилган сиёсий мақсадларга эришиш учун Демократик ҳаракат партиясини (SDA) тузди. Болқон ярим оролидаги 1992-1995 йиллар уруши пайтида SDA кучайиб кетди. Ўшанда у босниялик етакчи “мусулмон миллатчилари” партияси сифатида халқаро миқёсда танилди.

Изетбеговичнинг ўзи ушбу иборадаги “мусулмон” сўзи ўринли, аммо “миллатчилик”ка йўл қўйиб бўлмайди дея ушбу таърифни номақбул дея тан олмаган. “Мусулмон халқларининг бирлашувга интилиши юракдан чиққан, миллатчилик эса ташқаридан киритилган ёт унсур”, - дея ёзганди у 1973 йилда ислом сиёсати тўғрисидаги китобида.

Ҳатто унинг исми ҳам учта ислом тамаддуни тўлқинларининг бирлашувини намоён этади: “Изет” – араб тилидаги “иззат”ни, “бег” – туркийларнинг “бек” мақомини ва “-ович” - славянча  қўшимча.

Изетбегович 1992-1995 йил Босния уруши даврида буюк жасоратини намоён қилди, у қамалда қолган пойтахтнинг қум тўлдирилган қопларга тўла офислардан туриб давлатни бошқарди, ўғирланиш ва тўхтовсиз замбарак ўқларидан омон қолди. 

НАТО 1996 йилда Босния ҳудудини ишғол этиб, халқаро ҳамжамит давлатни бошқариш учун маъмурият тузганида у бошқараётган партиянинг ҳукмдорлиги тугади. Бироқ ўтган умумий сайловларда Изетбеговичнинг ёрқин нутқларидан кучайган SDA партияси кутилмаганда Босниянг олий ҳокимияти саналган “учликдан” ўрин олиб ғалаба қозонди.

Халқ отаси

Бироқ бу воқеа собиқ президент ҳаётининг охирги палласига тўғри келди ва ўз режеларининг фақат бир қисми амалга ошганини кўра олди. Изетбегович урушнинг охирида амалга оширилган Дейтондаги тинчлик музокараларидан кўнгли қолди, ўшанда халқаро воситачилар уни Босниянинг душманлари саналган серб ва хорватларнинг етакчилари Милошевич ва Тужман билан тенглик асосида музокаралар олиб боришга мажбур қилгандилар.

Иосиф Броз Тито давридаёқ миллат мақомини олган босниялик мусулмонлар айнан Изетбегович даврида миллат сифатида шаклланди. Жануби-Шарқий Европанинг энг таниқли диссиденти, Титонинг 1954 йилгача яқин сафдоши бўлган Милован Жиласнинг ўлимидан олдин берган интервьюсида босниялик мусулмонларни ҳақиқий миллат қилган сўнгги уруш бўлди, деб айтганди. 

Бошқача қилиб айтганда, бу айнан Изетбегович даврида содир бўлди. Айнан у халқаро майдонда дунёнинг ярмини ўз халқи геноцидга дуч келгани ҳақида ишонтирди. Айнан у босниялик мусулмонларга ўзларининг мустақил давлатини, ўз тилини (серб-хорват тили ўрнига босния тили) тақдим этди, ҳолбуки, бунгача бундай бўлишиги ҳеч ким ишонмай келганди.

Китоблар ва ғоялар

Изетбеговичнинг энг машҳур китоблари – “Ислом декларацияси” ҳамда “Ислом Шарқ ва Ғарб орасида” бўлиб, рус тилидан бошқа барча асосий тилларга таржима қилинган. Бу китоблар мусулмонлар яшайдиган барча мамлакатларда ҳаридоргир (бестселлер) саналади.

Изетбегович ҳеч қачон “исломий тартиб”нинг тарафдори эканлигини яширмаган ҳамда ўзининг ҳар бир асарида ҳар бир “чинакам исломий ҳаракат” албатта “сиёсий ҳаракат” бўлиши кераклигини кўп маротаба таъкидлаб келган.

Изетбегович “ғарбча прогресистлар” ва “модернистлар”га очиқдан-очиқ қарши чиқиб келган. Унга кўра, бу оқимлар мусулмон дунёсига “барча кулфат ва балолар”ни олиб келганлар. Модернистлар рамзи сифатида у доим Туркияни учинчи даражали мамлакатга айлантириб қўйган Отатуркни мисол қилиб келтирарди.

Мавжуд аҳволдан чиқишнинг ягона йўлини у “исломий фикр юрита оладиган зиёлиларни шакллантириш ва бирлаштиришда” деб кўрарди. “бу зиёлилар ислом тартиби байроғини юқори кўтарадилар ҳамда диндош мусулмонлар билан жамиятни Ислом асосида қайта ташкил этадилар”.

Ислом декларацияси

Ушбу Изетбегович асарининг асосий ғояси шундаки, Қуръон модернизацияга йўл беради, бироқ Қуръонга асосланмаган модернизацияга ўрин йўқ.  У “Ислом декларацияси”да “Исломий янгиланиш диний инқилобсиз бошланиши мумкин эмас, бироқ у сиёсий инқилобларсиз  муваффақиятли равишда давом этиши ва ҳаётга татбиқ этилиши имкониятсиздир. Бизнинг йўлимиз ҳокимиятни эгаллашдан эмас, одамларни қалбини забт этишдан бошланади”.

Мазкур декларациянинг кайфиятини тушуниш учун ундаги энг ёрқин иқтибослардан намуналар келтириш лозим:

“...Исломни қабул қилган одам ушбу ҳолатдан сўнг бошқа илоҳ йўлида яшаши ва ўлиши мумкин эмас. мусулмон одам ўз жонини қандайдир подшоҳ ёки амирнинг ёки миллат ва партиянинг шон-шавкати учун фидо этиши мумкин эмас, чунки бу ҳолат айнан ширк саналади. Мусулмон одам фақат Аллоҳнинг номи билан ва Исломнинг шон-шавкати учун жон бериши мумкин...”

“...Мусулмон халқлари ҳеч қачон Исломга қарши йўналтирилган ҳаракатларни қабул қилмайди, негаки Ислом – нафақат қонунга ишончни, балки меҳр-оқибат ва мурувватни ҳам англатади. Ким Исломга қарши кўтарилса, нафрат ва қаршиликдан бошқа нарсани қўлга кирита олмайди...”

“...Истиқболда битта йўл кўринади, холос: Исломий таълимотга асосан фикр юритадиган ва қалби ила ҳис этадиган янги зиёлилар қатламини яратиш ва бирлаштириш. Шундан сўнг бу зиёлилар  ислом тартиби байроғини кўтаради ва мусулмонлар оммаси билан бирга ушбу тартибни ўрнатиш бўйича иш бошлайди...”

“... Мусулмон одатда ёлғиз яшамайди. Агар у мусулмон сифатида яшашини ва омон қолишини истаса, у ўз атрофида мусулмонлар жамиятини, тартибини яратиши керак бўлади. У дунёни ўзгартириши керак, акс ҳолда дунё уни ўзгартириб қўяди. Тарихда қанақа исломий ҳаракат бўлган бўлса, фақат сиёий ҳаракат бўлган. Негаки, Ислом нафақат дин, балки у фалсафа, ахлоқий кўрсатмалар тўплами, нарсалар тартиби, услуб, муҳит ва умумий ҳаёт тарзи ҳамдир...”

“Ислом – уммат тамойилини тарғиб қилади, яъни барча мусулмонларни – маънавий, маданий ва сиёсий жиҳатдан ягона жамоага бирлаштиради. Ислом – бу миллат эмас. Ислом миллатдан юқори туради...”

“...Ислом низомини ўрнатиш – демократиянинг энг олий акти бўлиб, мусулмон миллатлари ва оддий одамларнинг энг юксак интилишларини ҳаётга татбиқ этилишини англатади. Бир нарсага ҳеч қандай шубҳа йўқ: бойлар ва зиёлилар қатламининг бир қисми нималарни исташидан қатъий назар, одамлар Исломни ва исломий жамитда яшашни истайдилар...”

“Исломий низомини аҳолининг аксарияти мусулмонлардан иборат мамлакатларда жорий қилиш мумкин. Агар бу аксарият бўлмаса, унда тартиб фақат расмийларга оид бўлади (чунки унинг бошқа унсури – исломий жамият бўлмайди) ва бу зўравонликка олиб келиши мумкин...”

“Исломий низомнинг табиий фкункцияси – барча мусулмонларни ва мусулмон жамиятларини бутун дунё бўйича бирлаштириш. Ҳозирги шароитда бу Марокашдан Индонезиягача, Тропик Африкадан Ўрта Осиёгача бўлган ҳудудда буюк Исломий федерациясини барпо этиш учун кураш олиб бориш истагини англатади...”

Кураш йўли

Изетбегович 2000 йилда сиёсий майдонни тарк этди. Кўпчилик кузатувчиларнинг таъкидлашича, бунинг сабаби унинг соғлиғи ёмонлашгани ёки коррупцияда эмас, балки Ғарбдаги асосий музокарачилари билан муносабатининг кескин равишда совиб кетганида. Шунга қарамай, у Босния ишларига таъсир кўрсатишдан тўхтамади. Гаагага эса гувоҳ сифатида ҳам бормади. 

Али Изетбегович умрининг охирида “агар менга қайтадан умр беришни таклиф этганларида, мен рад этган бўлардим. Бироқ агар яна қайта туғилганимда, мен ўз ҳаётимни кечиришни афзал кўрардим”.

Қайд этиш жоиз, унинг бошига кўплаб синовлар ва кулфатлар тушган: унинг ўз эътиқоди учун 1946 йилда илк бор турмага ташланганини эслаш кифоя. 1983 йил баҳорида “исломий фундаментализмда” айбланган ўн уч нафар фаоллар устидан ўтган суд процессида ҳам уни қамоққа ташладилар.

Ҳақиқий курашчи ва давлат арбоби, буюк мутафаккир Али Изетбегович ҳамон ибрат олишга арзийдиган инсон ва “қаршилик кўрсатиш қаҳрамони” бўлиб қолмоқда.

Шавқатсиз “халқаро сиёсат” тизимига қарши кураша оладиган ҳамда “қўрқув нималигини билмайдиган” ва буюк Ғалабанинг муқаррарлигига ишонадиган ҳар бир инсон “Аллоҳ ўз ваъдасига хилоф қилмаслигини” билади.

Али Изетбегович юртини вайронага айлантирган можаронинг адолатли тарзда тугаши учун собитқадамлик ила курашган президент сифатида тарихда қолади. Гарчи эллик йил олдин ўз ҳудудида бундан-буён “ҳеч қачон” концентрация лагерларининг барпо этилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги ваъдасини бузган сотқин Европанинг кўзи ўнгида у ҳам ўз ватанида ва ҳам хорижий мамлакатларда адолат учун курашди.

У энг юқори тамойилларга мувофиқ ҳаёт кечиришга интилган одам эди. Виждон тутқуни бўлиб юрган 1980 йилда у “агар ҳаётнинг мазмунини йўқотиб қўйсам, ўламан” деб ёзганди.

У айнан ўз тамойиллари боис 2000 йилда президент лавозимини тарк этди ҳамда халқаро ҳамжамият олиб бораётган ишларга кўна олмаслигини билдирди. 2003 йил 9 октябрда у юрак касаллигидан вафот этди ва “Ковичи” қабристонига дафн этилди.

Тимур Юсупов мақоласи асосида

Абу Муслим тайёрлади

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР