loader
Foto

Ҳужум ҳақида

Ҳужум (араб тилида هجوم) — 1920-1930 йилларда Марказий Осиёда советлар томонидан амалга оширилган ва аёлларнинг мақомини ўзгартиришга қаратилган кампания.

Марказий Осиёда кўпхотинлилик, қалин учун ёшлигидан қизларга уйланиш амалиёти, аёлни мерос қилиб ўтказиш (эри вафотидан кейин укасига), келинларни ўғирлаш одатлари бўлган. Деярли барча аёллар саводсиз эдилар.

1920-йилларда бутун СССРда аёлларнинг жамиятдаги ролини қайта кўриб чиқиш, уларни баъзи уй вазифаларидан озод қилиш, уларга таълим олиш ва эркаклар билан тенг асосда ишлаш имкониятини беришга қаратилган сиёсат амалга оширилди. Шу билан бирга, «Шарқ аёллари»га  СССРдаги аёлларнинг энг эзилган тоифаси сифатида қаралган.

1920-йилларнинг ўрталаридан бошлаб «Шарқ аёлларини озод қилиш» кампанияси учун махсус белги — ҳужум мавжуд эди. Аёлларни болаларни парвариш қилиш ва асосий гигиена бўйича ўқитадиган, шунингдек уларга ҳуқуқий масалалар, аёллар ва болалар тиббий маслаҳатлари, туғруқхоналар бўйича маслаҳат берадиган махсус хотин-қизлар бўлимлари ташкил этилди.

Аммо ҳужум, биринчи навбатда, аёлларга нисбатан «зулм ва қуллик рамзи» сифатида паранжини оммавий ечиб ташлаш ва ёқиб юбориш каби радикал ҳаракатлар билан ёдда қолади. 1924 йилда қалинни бекор қилиш тўғрисидаги декрет эълон қилингандан кейин биринчи бўлиб ўзбек ишчиларининг хотинлари паранжи ташладилар. 1927 йилнинг 8 мартида Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида Болшевиклар Бутуниттифоқ Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Марказий Осиё бюросининг биринчи котиби И.Зеленский ташаббуси билан минглаб ўзбек аёллари паранжи ташладилар, бир уюм қилиб, ёқиб юбордилар. Шу куни 10 минг аёл паранжидан қутулган. Кейинги уч ой ичида яна 90 минг аёл паранжи ташлади.

1920-йилларнинг ўрталарида Ўзбекистон ва Тожикистонда паранжини ечиб ташлаш ечиш бўйича аёллар ҳаракати бўлиб ўтди, унга Тожихон Шодиева номи берилди, у ўзбек аёлларидан биринчи бўлиб паранжи ечиш бўйича оммавий ҳаракатни амалга оширганди.

Кампания анъанавий жамиятнинг қаттиқ қаршилигига дуч келди. 1927-1928-йилларда биргина Ўзбекистонда хотин-қизлар бўлими аъзолари, клуб ва кутубхона мудирларидан 2500 дан ортиқ аёллар ўлдирилган. Қирғизистонда 22 ёшли фаол Алимхан Мамитқулова аёллар йиғилишларида қатнашиб, саводсизликни тугатиш мактабида таҳсил олган. Эри бундан жуда норози бўлиб, уни мунтазам равишда калтаклаган ва ниҳоят суд жараёнида ажралиш иши пайтида уни ханжар билан ўлдирган. Қишлоқ Кенгаши депутати Айнабиби Жалганбоева «қизил уй»ни (маданий-маърифий муассаса) бошқарган, ўқув дастурларида қатнашган ва Қочқор волостининг Қизил-Туу қишлоғида хотин-қизлар ўртасида фаоллик кўрсатган. Бундан унинг эри ва қариндошлари жуда норози бўлиб, эри уни қаттиқ калтаклаган. Айнабиби бу ҳақида девор газетасида ёзган ва ота-онасиникига бориб, ўқиш ва ишлашни давом эттирган. Шундан сўнг эри унинг йўлини пойлаб, 14 марта пичоқ билан урган ва ўлдирган.

Кўпинча эрлар хотинларини майдонга олиб келиб, у ерда паранжисини ечиб, ёқиб юборарди ва эртаси куни уларни яна паранжи кийишга мажбур қиларди. 1927 йил октябрда Средазбюронинг 16-Пленуми бундай хатти-ҳаракатларни жазолаш, жумладан, партия сафидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди.

Паранжига қарши кампания кейинги ўн беш йил яна давом этди. Марказий Осиё аёллари 1940-йилларнинг бошларидагина паранжидан тўлиқ қутулишди.

Абу Муслим тайёрлади

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР