loader
Foto

Ню-ширк. Нуҳ алайҳиссаломдан жедиларгача

Бу дунё жадал равишда оғир маъсиятлар ва куфрга ғарқ бўлиб бормоқда. Биз бу нарсаларга шу даражада бефарқмизки, хатто оғир гуноҳлар, ширк ва куфр катта залолат эканини билиб туриб ҳам ўзимиз бу нарсаларга алоқамиз борлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Аксар мусулмонлар тош ёки дарахт тотемларга илоҳ тимсоли дея очиқчасига сиғанадиганларни мушриклар деб ҳисоблайдилар.

Бироқ, ширк фақат бут-санамларга сиғиниш билан чекланиб қолмайди. Шаклланиб қолган тушунчалардан ташқари, ширк жуда кўп замонавий жамиятларда ҳам кенг тарқалган. Охирзамон келишининг аломатларининг бири шуки, ер юзида қисқа вақт ичида жуда кўп ширк ва куфр турлари пайдо бўлар экан.

Ширкдан огоҳлантириш

Савбон разияллоҳу анҳу ривоят қилади. Раслулаллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом дедилар: “Менинг умматим бир бирларига қарши қилич кўтарадилар ва бу Қиёмат қоим бўлгунича давом этади. Токи умматимдан бир гуруҳи мушрикларга эргашиб ва яна бир қисми бутларга ибодат қилмагунича қиёмат қоим бўлмайди ”. (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: “Давс қабиласи аёллари Зулхулуса деб аталмиш бутга сиғинадиган бўлмагунларига қадар қиёмат бўлмайди. Зулхулуса эса Давс қабиласи жоҳилият даврида ибодат қилган бутдир” (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом айтиб кетган нарсалар рўёбга чиқиб бўлди. Мусулмонларнинг жоҳиллиги шу даражага етдики, бир неча аср олдин уларнинг баъзилари худди жоҳилия давридаги мушрик араблар каби бутларга сиғина бошладилар.

Энди тавҳидни англаб етмайдиганлар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин. Ҳақ йўлдан мусулмонлар тойиб кетииши мумкин бўлган ҳолатда бошқаларнинг осонликча ширкка тушиб қолаётганини тасаввур қилиш қийин эмас. Мазкур муаммони муҳокама қилаётганимизга баъзилар истеҳзо билан қарашлари ҳам мумкин. Бироқ, ҳар биримиз ҳозирги замон одамларининг қанчалик чуқур залолатда эканини, қанчалик катта гуноҳ иш қилаётганини англаб олишимиз зарур.

Сўнгги вақтларда дунёда жуда кўп янги-янги динлар пайдо бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Янги таълимотлар ичида Аум Синрикё, Оқ биродарлик, Янги диний ҳаракат, Халқаро Оқ биродарлик, Жаннат эшиклари, Коинот одамлари, Худонинг ўн аҳдини иҳё қилиш ҳаракати, Ивановчилар, Космик коммунистлар, Халқ ибодатхонаси, Янги тафаккур, Илоҳий элчихона, Сўнггги аҳд черкови, New Age, Сайентология, Боконизм, ёзувчи Курт Воннегут ўйлаб топган дин ва ҳоказолар.

Уйимиздаги бут-санамлар

Булар билан бир қаторда ҳар биримизниинг уйимизда янги бут ва санамларни пайдо қилувчи қудратли телевизор ҳам бор. Ғарб замонавий оммавий маданияти ёшлар ва ҳатто ёши каттароқ кишиларнинг ҳам ҳали қатъий шаклланиб улгурмаган онгига шу даражада таъсир қилиш кучига эга-ки, бу уларни реал воқеъликдан ўйлаб топилган ҳаёлий қиёфалар ва машҳур қилинган юлдузлар дунёсига олиб кетади. Кўплаб мухлислар ўзлари ёқтирган кимсаларнинг ижоди билан қизиқишга шу даражада муккасидан кета бошлайдилар-ки, ёқтириш ва илоҳийлаштириш орасидаги чегарадан ўтиб кетадилар. Инглиз тилида эстрада юлдузини “idol”, яъни “идол” (“бут, санам”), деб аталиши ҳам бежиз эмас. Бугунги кунда Ғарбнинг кўплаб мамлакатларида ўзларининг поп- ва рок-идолларини илоҳийлаштириш ҳақида жар солаётган фан-клубларнинг очилаётгани ҳам бекорга эмас.

Шунинг баробарида яна бир таҳдид - кинодир. Бўлганда ҳам шундай кино-ки, унда томошабинга шунчаки ёқимли бир персонаж эмас, балки янги афсоналар ва дунёлар тақдим этилади. Улар шу даражада ишонарли ва ҳақиқий қилиб берилади-ки, одамлар ўзларини уларга боғлай бошлашади. Булар “Узуклар ҳукмдори”, “Матрица”, “Гарри Поттер”, “Терминатор”, “Юлдуз урушлари” каби фильмлардир. Фильмлар ва улардаги афсоналар инсон онгини шу даражада эгаллаб олади-ки, айрим кишилар ўзлари ўйлаб топган хаёлий дунёда яшай бошлашади. Масалан, “Узуклар ҳукмдори” фильмининг серияларидан кейин Ғарбда “толкинчилар” – хоббитлар, орклар, гномлар ва тўқиб чиқарилган бошқа “шайтонвачча”ларнинг хаёлий дунёсини ўйлаб топган Жон Толкин китоблари мухлисларининг кучли ҳаракати вужудга келди. Толкинчиларнинг аксарияти ролларни ўзаро тақсимлаган ҳолда, Профессор (Толкинни улар кўпроқ шундай деб аташади) томонидан тасвирланган воқеаларни ўйнашади. Ўзларини Толкин персонажларининг номлари билан аташади ёки Толкин дунёси (“Ер Ўртаси”)дан олинган тиллар воситасида ўзларига исмлар ўйлаб топишади. Улар ўзларини Толкин тасвирлаган турли ирқлар: одамлар, гномлар, энтлар, орклар, гоблинлар, хоббитлар, эльфлар ва бошқа махлуқларнинг вакиллари деб аташади ва буни макияж суртиш, ўзига хос кийим ва қурол макетларини тайёрлаш орқали визуал эстетика билан тўлдиришади. Айрим толкинчилар Толкин томонидан тўқиб чиқарилган эльфлар тили (Синдарин ёки Квенья), одамлар тили (Адунаик) ва орклар тилини ўрганадилар.

Баъзи толкинчилар Толкин китобларида тасвирланган дунёни аслида мавжуд бўлган деб ўйлашади ва бунинг исботини излашади ёки шундай тушунча асосида умр кечиришади. Улар ўша дунёни кўпинча “эслай олишади” ва ўз аксларини ўша ерда бор деб ишонишади; ёҳуд аксинча – уларнинг ҳозирги вужуди ўша ерда яшаган нарсаларнинг акси ва улар одам эмас, балки эльфлардир.

Толкинистлар томонидан Толкин тўқиб чиқарган нарсаларга бағишланган “дала йиғилишлари”, конвентлар (учрашувлар), роль ўйинлари ўтказиб турилади. Толкинистларнинг Россиядаги энг машҳур конвенти – Зиланткон (татарча “Зилант” – Қозон гербида акс эттирилган афсонавий аждарҳо) ҳар йили ноябрь ойида Қозонда ўтказилади. Шундай қилиб, бефарқлигимиз оқибатида Анъанавий Ислом ўлкаси мушрикларга хос кўнгилхушликларга макон бўлиб қолди.

Жедилар ширки

Вақт ўтиши билан бу каби ўйинлар ўта хавфли тус олиб оддий “кўнгилочарликдан” очиқдан очиқ куфр ва ширкга етаклаб боради. Мисол учун Британия, Австралия, Янги зеландиялик “Юлдузлараро урушлар” ўйини фанатлари ушбу ўйиндаги қаҳрамонларни орқали танилган жеди рицарларини оммада расман дин сифатида деб қабул қилишни эътироф этишни сўрашган. Мисол учун 2006 йилда оммавий ахборот воситалари “Умада ва Уайюн” (Уларнинг исмлари Жон Уилкинсон ва Шарлотт Лоу) икки жеди рицарлари БМТга расман бу кучни расмий дин деб қабул қилишлар тўғрисида мурожат қилишгани тўғрисида хабар тарқатган. “Sky News” хабар беришича Британиянинг ўзида 400 мингдан ортиқ кишини қайта рўйхатга олиш чоғида ўз анкетасининг “Эътиқодингиз” графасига “Жеди” деб битиб қўйишган. Статистика Британиядаги жедилар сони буддачилар, яҳудийлар, сикҳлар динларига эътиқод қилувчилардан ҳам кўплигини кўрсатиб турибди.

Пировардида, дунёнинг бошқа бурчакларида ҳам жедичилар харакатининг тарафдорлари топилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Автралияда 70 минг, Янги Зеландияда 53 минг, Канадада 20 минг жедилар яшайди. Интернетда эса уларнинг ўзига хос “черкови” ҳам мавжуд.

Жедилар ноанъанавий дини фаоллиги фақатгина интернет билан чекланиб қолмаяпти. Ўтган йили Буюк Британиянинг Суррей графлигида жедилар академиясининг очилиши хақида маълумотлар пайдо бўлди. Хабар берилишича, тингловчилар академияда “Жедилар йўли” таълимоти асосида таҳсил олишар экан. Академия фақатгина “рангли қиличлар билан жанг қилиш санъати”ни ўргатиш билан чекланмай, техника фанлари, якка кураш усуллари, медитация ҳамда нейро-лингвистик дастурлаш сирларидан хам воқиф қилар экан.

Академияни Дэниел Жонсуи ва унинг укаси Барнига ташкил қилган. Ҳудди шу икки рицарь Буюк Британиядаги жедилар черковининг биринчи филиалини очилишида жонбозлик қилишган. Уларнинг тарафдорлари Франция, Испания, Бразилия ва АҚШда ҳам  янги ўқув масканларини ташкил этишни режалаштирмоқдалар.

Ширкнинг биринчи сўқмоқлари

Бир қарашда беозор бўлиб кўринган нарсаларга кўнгил қўйиш очиқ ширк ва куфрга олиб келиши мумкин. Нуҳ алайҳиссалом қавми ҳам худди шу йўл билан ширкка йўл қўйган эди. Одамлар ўзларидан бўлган солиҳ инсонларга эҳтиром кўрсата бошладилар, сўнг қабрларини безадилар ҳамда уларнинг суратларини чизиб ва ҳайкалларини ясадилар. Оқибатда улар Аллоҳни бир четга суриб қўйиб, ўша ўлиб кетган солиҳларга илтижо қила бошладилар.

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича:

«Одам алайҳиссалом билан Нуҳ алайҳиссалом орасида ўн аср бўлган эди. Ҳаммаси Исломда», деганлар. Муфассирларга кўра, бу ҳадисни қуйидаги оятлар билан бирга тушуниш керак “Одамлар бир миллат эдилар” сўнг “улар ихтилоф қилган...” (Бақара сураси, 213 оят). Бундай тушунишнинг тўғри эканини Юнус сурасидаги қуйидаги оят ҳам тасдиқлайди: “Одамлар фақат бир уммат бўлган эдилар. Сўнгра ихтилофга тушдилар” (Юнус сураси, 19 оят).

Қадимги Арабистон халқлари худди шу йўл билан боришган, яъни Иброҳим алайҳиссалом Каъабани қуриб битказиб, байтуллоҳга ҳаж қилинганларидан сўнг, одамлар Каъба деворининг бир бўлагини ўзлари билан олиб кета бошлашган ва бу тош бўлакчаларини тавоф қилишни йўлга қўйишган. Авлодлар алмашган сари, одамлар ушбу тошларга сиғинишга ўтган, Аллоҳ таолони қўйиб, тошларга дуолар қилишган, ёлворишган.

Милоднинг 8-аср охири 9-аср бошларида яшаган Ҳишом ибн Муҳаммад Калби бунинг қандай содир бўлгани ҳақида шундай маълумот беради: “Уларнинг бут ва тошларга ибодат қилишларига шу нарса сабаб бўлдики, Маккага бўлган боғлиқлик ва Ҳарамга (яъни, Каабатуллоҳ) бўлган эҳтиром туфайли улардан ҳеч ким Ҳарамдан тош парчаси олмасдан Маккани тарк этмаган. Ва улар қаерга ўрнашишмасин, бу тошни қўйиб, унинг раҳматига сазовор бўлиш, Ҳарамга бўлган мухаббати ва боғланганликни билдириш мақсадида ҳудди Каъбани тавоф қилишганидек уни ҳам тавоф қилишган.

Бу уларнинг ўзлари муҳаббат қўйган нарсага ибодат қилишларига ва ўзлари маҳкам ушлаган нарсани унутишига олиб келди ҳамда Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларнинг динини бошқасига алмаштиришди. Улар санамларга ибодат қилишни бошладилар ва ўзларидан аввал ўтган халқларнинг йўлини лозим тутдилар. Улар ўзларига эски хотираларидан қолган Нуҳ алайҳиссалом қавми ибодат қилган бутларни қайтариб олишди”.

Иброҳим алайҳиссаломнинг динини биринчи бўлиб инкор қилиб, араблар ичида бут ва санамларга сиғинишни жорий қилган шахснинг исми маълум. Уни Амр ибн Луҳайй Хузоъа деб аташган, у Хузоъа қабиласининг асосчиларидан бўлади. Араблар орасида бутпарастликни айнан шу одам ёйишга бошлаган ва бу эътиқод Ҳижозга ҳам қаттиқ таъсир қилган. Араблар ягона Аллоҳга ибодат қилишни тарк қилиб бутларга сиғина бошладилар, муқаддас Маккада ҳамда унинг атрофида кўпхудолик тарқалган. 

Замондошларга эслатма

Аллоҳ таоло одамларга сўнгги Пайғамбари - Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни юборгунига қадар араблар орасида кўпхудолик кенг тарқалган эди. Айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саъй-ҳараакатлари натижасида Арабистон ўлкаси ширкдан тозаланди. Аммо авлодлар ўтиши билан одамлар бутларнинг янги шаклларига яна қайта бошлаяптилар. Яккахудолик ва ширк ўртасидаги бу кураш Қиёматга қадар давом этса керак.

Шунинг учун ҳам мусулмонлар ўз динини ҳимоя қила билишлари лозим. Ўзларининг шахсий манфаати ва қизиқишлари сабаб кўплаб одамлар ширк ва куфрга кетганлигига тарихий ҳамда ўз кўзимиз билан кўриб турган мисолларни ёдимизда сақлашимиз керак. Биз гуноҳлар ўпқонига қуламаслик учун барча хурофот ва кўпхудолик аломатларидан сақланишимиз, авлиёлар, қаҳрамонлар ва шаҳидларни илоҳийлаштиришдан тийилишимиз лозим.

Чунки Ширк – жуда катта кечирилмас гуноҳдир: «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир.» (Нисо сураси, 48-оят).

Бундан ташқари, Аллоҳ таолониинг мушрикларга бўлган ғазаби абадий бўлиши ва У мушрикларни кечирмаслигининг ўзиёқ мусулмонларни доим хушёр қилиши керак:  «Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қиладир ва унинг турар жойи дўзах бўладир. Ва золимларга нусрат берувчилар йўқдир» (Моида сураси, 72-оят).

Солиҳ Иброҳим мақоласи асосида

Абу Муслим тайёрлади