loader
Foto

Бақара сураси 190-оят

190.Сизларга қарши урушувчилар билан Оллоҳ Йўлида жанг қилингиз ва тажовузкор бўлмангиз! Шубҳасиз, Оллоҳ тажовузкорларни севмайди.

Биринчидан, урушни сизлар аввал бошламанг. Иккинчидан, уруш қонун-қоидаларига риоя қилинг: Тажовузкор, динсиз кимсаларнинг кулоқ бурунни кесиш, қуролсиз кишиларни, аёлларни, гўдакларни ва қарияларни ўлдириш каби одатларини қилманг!

Маълумки, Қуръон ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида дуч келадиган саволларга бошқа ҳеч қаердан олиш мумкин бўлмаган энгтўғри ва энг фойдали жавобларни беради. Мусулмон инсон Қуръони Каримдан дунё ҳаёти ҳақида ҳам, Охират ҳаёти ҳақида ҳам, ақида, ибодат ва муомалот ҳақида ҳам, шахсий, оилавий, ижтимоий алоқалар ҳақида ҳам, Ислом жамиятининг ички ва ташқи сиёсати ҳақида ҳам, жумладан уруш ва тинчлик ҳақида ҳам энг мукаммал жавобларни, бошқача айтганда, амр-фармонларни олади.

Ушбу оятлар уруш мавзусини ёритадиган илк оятлардан бўлиб, эътибор қилишимиз лозим бўлган жиҳати, Қуръон нозил бўла бошлаганидан ўн беш йиллар кейин нозил бўлгандир. Бунгача, Маккада ўн уч йил давомида тушган оятларда ҳам, Мадинада аввалги икки йилда тушган оятларда ҳам мусулмонларга уруш ижозати берилган эмас. Албатта, ҳар бир сўзи Ҳикмат бўлган Каломуллоҳнинг ҳали жамият сифатида тўла шаклланмаган, саноқлари оз ва камқувват бўлган мусулмонларга уруш ижозатини бермаслигида ҳам теран ҳикматлар борлиги шубҳасиздир. Биринчидан, Ислом уруш дини эмас, тинчлик Динидир. Қолаверса, куч-қуввати, ҳарбий салоҳияти заиф бўлган мусулмонларнингўзларидан беқиёс даражада кучли бўлган душманга қарши жангга киришлари фақат мағлубиятга, мусулмонларнинг қирилиб кетишларига сабаб бўладики, бу жиноятга фақат дин душманлари, мусулмон тўнини кийган мунофиқлар ёки динсизларнинг кўлидаги қўғирчоққа айланиб қолган, Қуръондан, Исломдан бехабар бўлган жоҳил кимсаларгина қадам босишлари мумкин.

Айрим муфассир уламолар ушбу оятларнинг нозил қилинишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган дейишади. Ислом тарихидан маълумки, хижрий олтинчи сананинг охирида (милодий 627 йилда) Расулуллоҳ алайҳиссалом ўзларининг бир ярим мингга яқин саҳобалари билан умра (суннат бўлган ҳаж ибодати) қилиш ниятида Мадинайи мунавварадан Маккайи мукаррамага қараб йўл оладилар. Улар уруш ғаразида кетмаётганларини билдириш учун Маккага етиб борганларида қурбонлик қилиш ниятида олган чорва ҳайвонларини олдиларига солиб хайдаб борадилар. Лекин мусулмонлар Макка яқинидаги Ҳудайбийя деб номланган бир водийга етиб келганларида, мушриклар уларни Байтуллоҳга киришдан тўсадилар. Шунда Муҳаммад алайҳиссалом мақсадлари Макка шаҳрини эгаллаб олиш эмас, балки Каъбатуллоҳни зиёрат-тавоф қилиб қайтиб чиқиб кетиш эканлигини етказиш учун Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бошлиқ бир гуруҳ элчиларни Макка катталари олдига юборганларида, улар Усмонни ҳибсга оладилар, лекин Пайғамбар алайҳиссаломга мушриклар Усмонни қатл қилдилар, деган хабар боради. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом саҳобаларни Маккани фатҳ этиш учун байъат-қасамёд қилишга ақирганларида, уларнинг барчалари байъат қиладилар. Мусулмонларнинг қасамёдларини эшитиб даҳшатга тушиб қолган мушриклар ўз одам-ларини Ҳудайбйяга жўнатиб, бу йил мусулмонларни Каъбатуллоҳга йўлатмасликларини ва агар рози бўлсалар, келгуси йилда ўзлари мусулмонларга бемалол зиёрат қилишлари учун Маккани бўшатиб беришларини билдириб, сулҳ таклиф қиладилар. Пайғамбаримиз бу таклифни қабул қиладилар ва бу сулҳ Дини Ислом тарихидиги бурилиш нуқталаридап бири бўлиб қолади. Чунки бундан борйўғи бир йил олдин мусулмонларни Ер юзидан йўқ қилиб юбориш ғаразида жуда катта лашкар билан Мадинага борган Макка мушриклари бугунга келиб уларга қарши урушиш у ёқда турсин, ўзлари яраш таклиф қилмоқда эдиларки, бу ўз моҳият эътибори билан Ислом Динининг хақ ва ўлмайдиган бир Дин эканлигини эътироф этиш эди. Бу сулҳнинг Маккадаги ва бошқа атрофжавонибдаги одамларга жуда катта таъсири бўлиб, мусулмонларнинг улар билан бевосита мулоқот қилишлари ва Исломга даъват этишлари натижасида минглаб кишилар бу ҳақ Динга иймон келтирадилар.

Шундай қилиб, орадан бир йил ўтгач, Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом яна умра сафарига отланадилар. Аммо саҳобайи киромлар Макка мушриклари ўртадаги сулҳни бузишларидан ва Ҳарамда - Макка ва унинг атрофидаги муқаддас маконда, уруш ҳаром қилинган жойларда мусулмонларга қарши уруш очиб қолишларидан хавотирда эдилар. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди ва Ҳақ таоло мусулмонларга уруш ижозатини бериб, унинг қонун-қоидаларини ўргатди. Биринчидан, жиҳод миллат, Ер, бойлик каби нарсалар учун эмас, балки Оллоҳ Йўлида бўлиши кераклигини таъкидлади, иккинчидан, фақат мусулмонларга қурол кўтариб, уруш бошлаган кофирларга қарши жанг қилишга буюрди, учинчидан, урушда ҳаддан ошмаслик кераклигини уқтирди.

Шайх Алоуддин Мансурнинг

"Қуръони Азим тафсири"китобидан