loader
Foto

Бақара сураси, 190-оят тафсири

190. Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас.

Аллоҳ таоло ушбу оятда мусулмонларга ўзларига қарши урушаётганлар билан Аллоҳнинг йўлида жанг қилишни амр қилмоқда.

«Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг».

Бу ерда икки нарсага алоҳида эътиборни қаратиш лозим. Биринчиси–қарши урушаётганлар билан жанг қилиш. Яъни, қарши урушмаётганларга тегмаслик. Иккинчиси–Аллоҳнинг йўлида жанг қилиш. Бошқа йўлда эмас.

Жангу жидол одатда одамни тавозиндан чиқариб, тажовузкор бўлишга олиб келади. Урушнинг қийинчилигини бошидан ўтказган одам баъзи ҳолатларда тажовузкорликни ҳам оддий ҳолат деб тушунади. Аллоҳ таоло ўшандай тажовузкорлик мусулмонларга умуман тўғри келмаслигини англатиб:

 «Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкорларни хуш кўрмас», демоқда. Урушдаги тажовузкорлик–душманни қийнаб ўлдириш, ўлгандан сўнг аъзоларини кесиш, аёл кишилар, ёш болалар, қари одамларни ўлдириш, ҳайвонларни бекорга ўлдириш ва дарахтларни ҳожатсиз кесиш каби ишлардан иборатдир.

Имом Муслим Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳнинг йўлида ғазот қилинг. Ким Аллоҳга куфр келтирса, уни қатл этинг. Ғазот қилинг, ҳаддан ошманг, алдамчилик қилманг. Қийнаб ўлдирманг. Болаларни ва ибодатхоналарда ибодат қилаётганларни ўлдирманг», деганлар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадиларки, «Ғазотлардан бирида Пайғамбар алайҳиссалом ўлдирилган аёл кишини кўриб, ачиндилар ва аёл кишиларни, ёш болаларни ўлдиришни ман қилдилар».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ, Тафсири Ҳилолдан