loader
Foto

Моида сураси 44-оят

Биз Тавротни туширдик, унда ҳидоят ва нур бор. Итоаткор пайғамбарлар, Аллоҳ китобини сақлашга масъул руҳонийлар ва уламолар яҳудийларга у билан ҳукм қилишади. Улар бунга гувоҳ қилингандирлар. Одамлардан эмас, Мендан қўрқинглар, оятларимни арзонга сотманглар. Ким Аллоҳ туширгани билан ҳукм юритмаса, ўша кофирлардандир.

Имом Бағавийнинг ривоят қилишларича, Хайбарда бир яҳудий эр ва яҳудий хотин ўртасида зино содир бўлган. Тавротда зинокорни тошбўрон қилиш ҳақида ҳукм бор эди. Лекин унинг обрўшарафидан қўрқиб, бу ҳукмни ижро этиша олмади. Ўзаро маслаҳат билан шундай қарорга келишди: "Мадинада пайдо бўлган Пайғамбарнинг Китобида ушбу гуноҳ учун тошбўрон қилиш эмас, дарра уриш жазоси бор экан, Бани Қурайза яҳудийлари мусулмонлар билан қўшни яшайди, ўрталарида муносабат ҳам бор. Бир неча одамни улар ҳузурига юбориб сўралсин: даррага ҳукм қилишса, қабул қилинсин, агар тошбўронга ҳукм қилинса, ижро этилмасин". Сўнгра улар келиб, бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломдан сўрашди. Расули акрам: "Менинг ҳукмимга рози бўласизларми?" деб сўрадилар. Улар: ”Ҳа", дейишди. Шунда Жаброил алайҳиссалом тошбўрон қилиш ҳукмини олиб тушдилар. Буни эшитиб, келганлар ваъда ва аҳдларидан қайтишди. Кейин уларнинг устози ва машҳур олими Ибн Суриёни олдириб келиб, қасам билан сўрашди. У ночор Тавротда тошбўрон ҳукми борлигини тан олди. Шундан кейин Саййиди олам зинокор икки яҳудийни тошбўрон қилишга буюрдилар.Баъзи адашган фирқалар ушбу ояти каримадаги охирги жумланинг зоҳирий маъносини далил қилиб, бугунги кунда мусулмонлар яшаб турган диёрларини "куфр диёри" дейишади. Муфассирлар ушбу оятдаги "куфр"дан мурод диндан чиқарадиган куфр эмас, балки Аллоҳ берган неъматга ношукрлик қилиш маъносидаги куфрдир, деб таъвил қилишади. Бинобарин, ҳозирги кунда мусулмонлар яшаб турган диёрларни Ислом аҳкомлари юритилмаслиги боис "куфр диёри" деб айтиш ҳам, бу диёрларни Расули акрам алайҳиссалом пайғамбар бўлган вақтларидаги Маккага қиёс қилиш ҳам нотўғридир.

Шайх Усмонхон Алимовнинг

"Тафсири Ирфон"китобидан