loader
Foto

Моида сураси 44-оят

Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор. У билан У зотга таслим бўлган Пайғамбарлар, Аллоҳнинг китобини муҳофаза қилишга мукаллаф бўлган роббонийлар ва аҳборлар яҳудий бўлганларга ҳукм юритурлар. Улар бу китобга гувоҳ қилинганлар. Одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар. Менинг оятларимни арзон баҳога сотманглар. Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир.

Тавротни ҳам илоҳий китоб сифатида Аллоҳ нозил қилган. Унда одамларга ҳидоят ва икки дунё саодати йўлини кўрсатувчи нур бор. Унга амал қилувчилар ақида, ибодат бобидаги ҳидоят ва йўл-йўриқларни ўша Тавротдан оладилар. Шу билан бирга, Таврот фақат ахлоқ-одоб ва баъзи диний маросимларнинг мажмуаси эмас. Унда кишилар ҳаётини бошқариб турувчи таълимотлар, ҳукмлар бор. Ҳукумат шунга мувофиқ бўлиши керак.

«У билан У зотга таслим бўлган Пайғамбарлар, Аллоҳнинг китобини муҳофаза қилишга мукаллаф бўлган роббонийлар ва аҳборлар яҳудий бўлганларга ҳукм юритурлар».

Демак, яҳудийлар ҳукумати Таврот асосида иш олиб бориши керак. Ўзларини Аллоҳга таслим қилган–бутунлай топширган Пайғамбар алайҳиссаломлар бор вақтларида улар Тавротга амал қилган ҳолларида яҳудийларга ҳукмдор бўладилар. Чунки Таврот фақат яҳудийларга хос китобдир. Шунинг учун ҳам унинг ҳукми фақат яҳудийларга тааллуқлидир.

Мазкур Пайғамбарлардан кейин эса, Аллоҳнинг китобини муҳофаза қилишга мукаллаф бўлган, сақлаш масъулияти юклатилган роббонийлар–халқ тарбиясига масъул кишилар, ҳукмдорлар, қозилар ҳамда аҳборлар–диний уламолар Тавротнинг ҳукмини яҳудийлар орасида жорий қилишга масъулдирлар. Яҳудийларнинг диний уламолари «аҳбор» деб аталади. Мазкур масъул тоифалар (роббоний ва аҳборлар) Таврот шариати асосида ҳукм қилиш билан бирга:

«Улар бу китобга гувоҳ қилинганлар».

Яъни, улар Таврот таълимотлари асосида ўзлари ҳаёт кечиришларига, сўнгра эса, қавмларини ҳам ушбу китоб шариати асосида яшашларига гувоҳ бўлишлари лозим эди.

Албатта, Аллоҳнинг ҳукмини жорий қилиш осон бўлмайди. Унинг йўлида турли-туман тўсиқлар бўлади. Ҳар хил тоифалар Аллоҳнинг шариати асосида яшашга даъват қилувчиларга турли туҳматлар қилади. Авом халқни бу ишдан қўрқитиш учун турли ташвиқотлар қилади. «Динни ўз манфаати йўлида ишлатмоқчи, ўзи ҳукмни тортиб олмоқчи, одамларни эски замонга қайтармоқчи», каби иғволарни қўзғайди. Бундан ташқари қувғин қилиш, қамаш, қийнаш ва ўлдириш каби усуллари ҳам бор. Аллоҳ таолодан қўрқиш бўлмаса, унинг ҳукмини жорий этишга ҳаракат қилувчилар ҳам бўлмайди. Шунинг учун Аллоҳ уларга хитобан:

«одамлардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар», демоқда.

Ва яна, Аллоҳнинг китобини ўқиб, ҳар бир банда шариат ҳукми остида яшамоғи зарурлигини тушуниб етганлардан баъзилари, молу дунё деб, амал ва мансаб умидида йўлдан озиб, Аллоҳнинг оятларини бузишга, маъносини ўзгартиришга ҳаракат қилишларини қораламоқда:

«Менинг оятларимни арзон баҳога сотманглар», демоқда.

Бу дунёнинг матоҳи деб оятлар маъносини бузишга уринишни Аллоҳ, оятларимни арзон баҳога сотиш, деб таърифламоқда. Бундай кимсалар ҳукмдорга, мулкдорга, мансабдорга, зўравонга хушомад қилиб, улар хоҳлаган мақомда фатво чиқариб беришади. Қилмишларини оқлаб гапиришади ёки индамай туришади.

«Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир».

Бошқа гапнинг ҳожати йўқ. Ҳаммаси очиқ-ойдин. Бошқа томонга буриб маъно ҳам бериб бўлмайди. Аллоҳ ҳукмининг жорий бўлишидан бош тортган одам Унинг илоҳи маъбудлигини ҳам тан олмаган бўлади.

Тафсири Ҳилолдан, Моида сураси

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)