loader
Foto

Душманлик

Бировга нисбатан қалбида адоват ва нафрати бўлган инсон ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам, уни ғийбат қилишга уринади.

Муолажаси. Агар инсонга бировдан кулфат етса, унга адоват қилмаслиги, устидан шикоят қилмаслиги керак. Шайтон шундай ҳолатларда инсоннинг қалбига васваса солиб, орада фасод пайдо қилади. Шайтоннинг васвасасига алданмаслик лозим.

Насиҳат. Одамлар арзимас сабаблар билан бир-бирларига нафрат қиладилар. Учрашганда ниҳоятда хушмуомалалик билан гаплашсалар ҳам, кетганларидан сўнг устиларидан ҳаммага шикоят қиладилар. Зоҳирий кўринишда одамларга ўз муҳаббатларини изҳор қиладилар, лекин ботинда уларга душманлик қиладилар. Зоҳирда ўзини дўст қилиб кўрсатиб, қасамлар ичадилар, бироқ ботинда чаён каби чақишга пайт пойлайдилар. Бундай дўстлар муҳаббатга лойиқ эмас, балки улар Аллоҳ лаънатига учрайдиган кишилардир.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Инсонлар илм ўрганиб, унга амал қилишни тарк этсалар, тиллари билан бир-бирларига дўст бўлиб, қалблари билан эса бир-бирларига нафрат қилсалар ҳамда қариндошликларни узсалар, Аллоҳ уларни лаънатлаб, қулоқларини кар, кўзла-рини кўр қилиб қўяди”.(“Иҳёу улумид-дин”.)

Насиҳат. Кўпчилик одамлар мусулмонларга, хусусан, ўз қариндошларига нисбатан адоват ва душманчилик қиладилар. Ҳатто, улар бемор бўлсалар, кўргани ҳам бормайдилар. Шунинг учун бу ўрин адоват ҳақида гапиришнинг мақоми бўлмаса ҳам, ушбу сўзларни ёзмоқдаман. Чунки одатда адоват ва нафрат ғийбат қилишга сабаб бўлади. Бинобарин, ғийбат сабаблари саналаётганда адоват ва душманлик ҳақида ҳам айтиб ўтиш фойдадан холи бўлмайди. Мен шундай кишилардан бирига: “Нимаучун фалончидан нафратланасиз? У билан гаплашмас экансиз, ҳатто, у бемор бўлганида кўргани ҳам бормаган эмишсиз” - дедим. У киши: “Чунки у менга ҳаддан ташқари кўп азият етказган, дилим ундан қаттиқ ранжиган”, дея жавоб берди. Мен у кишига: “Сиз нафсингизга тобемисиз ёки нафсингиз сизга тобеми? Одамлар сизга озор берга нида шу гапни хаёлингизга келтиринг ва уларга душманчилик ҳамда нафрат қилишни қўйинг”, дедим ва қуйидаги ҳикояни айтиб бердим.

Ҳикоя. Бир зоҳид киши айтади: “Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб, у зотдан : “Эй Аллоҳнинг Расули! Мен одамлардан алоҳида яшайми ёки уларларга аралашиб юрайми?” - дея сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамлар билан бирга яшаб, улардан етадиган озорларга сабр қилишинг сен учун яхшироқдир”, деб жавоб бердилар.

Мазкур киши гапларимни эшитгач: “Сиз душманимнинг тарафини оляпсиз, менинг унга ҳеч қандай нафратим йўқ” - деди. Мен: “Ундай бўлса, нима учун у билан кўришмайсиз, гаплашмайсиз?” десам, у киши: “Учрашадиган бўлсам, орамиз янада ёмонроқ бузилиши мумкин”, дея баҳона қилди. Мен: “Бемор одамни зиёрат қилиш суннатдир. Арзимас сабаб билан бу муборак амални тарк этиш қандай қилиб дуруст бўлади?” деган эдим, у киши жим бўлиб қолди.

Муҳаммад Абдулҳай Лакхнавий

"Ғийбат ўзи нима?"китобидан