loader
Foto

Моида сураси. 32, 33-оятлар

32. Шунинг учун ҳам Бани Исроилга: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик. Батаҳқиқ, уларга Пайғамбарларимиз баёнотлар олиб келдилар. Сўнгра, бундан кейин ҳам, улардан кўплари ер юзида исроф қилгувчилардан бўлдилар.

Одам ўлдиришнинг тарихга кириши саҳифасини ҳикоя қилиб берилгандан сўнг, Аллоҳ таоло ўша қиссадан олинадиган хулосани кейинги ҳаётга, одам ўлдиришга уринишларга боғлаб, умумий қоида чиқаради:

«Шунинг учун ҳам», яъни одамлар ичида ёмонлари бўлиши, улар нафснинг гапига кириб, бошқаларни ўлдиришга ҳаракат қилиши, кейин эса, қилганига пушаймон бўлиши ва бошқа сабабларни эътиборга олиб:

«Бани Исроилга: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик», дейилмоқда.

Бу ердаги «ноҳақдан» деган ҳукмга одам ўлдириб қасос учун ўлим жазосига тортилган кимса кирмайди.

«Ер юзида фасод қилиш» тушунчаси эса, босқинчилик, қароқчилик каби ишларни ўз ичига олади.

«Тирилтирса» дегани ўлимдан сақлаб қолса, деган маънони билдиради.

Исломда ўлим ҳукмига лойиқ жиноят қилмаган жон жуда ҳам юқори баҳоланади. Зотан, ўлим ҳукми ҳам бошқа яхши жонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун чиқарилади. Шу боис бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Чунки жонлар кўп бўлгани билан ҳаёт кечириш ҳаққи битта. Ҳар бир жон ҳаёт кечириш ҳаққига эга. Ана ўша жонлардан биттасини ўлдирган одам ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққига тажовуз этган бўлади. Аксинча, битта жоннинг ҳаётини сақлаб қолиш эса, ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққини сақлаб қолган билан тенг. Худди шу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Бани Исроилга ёзиши–фарз қилиши–улар ўша вақтда аҳли китоб бўлиб турган қавм эканлигидадир.

Аммо Бани Исроил, одатдагидек, яҳудийлигига борди.

«Батаҳқиқ, уларга Пайғамбарларимиз баёнотлар олиб келдилар. Сўнгра, бундан кейин ҳам улардан кўплари ер юзида исроф қилгувчилардан бўлдилар».

Ояти карима аввалида келган аҳдномадан кейин бир қанча Пайғамбарлар очиқ-ойдин баёнотлар олиб келишди. Аммо барибир Бани Исроилдан кўплари ер юзида исроф қилгувчилардан бўлдилар. Яъни, тажовузкор бўлиб, ер юзида одам ўлдирдилар, куфр ва фасод ишларни қилдилар.

Агар ушбу ояти каримада бир жонга суиқасд қилиш, уни ноҳақдан ўлдириш жиноятининг миқёси ҳақида сўз кетган бўлса, келаси оятда жамиятга хавф-хатар солувчиларнинг ҳукми ҳақида сўз боради:



33. Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига қарши уруш қилувчилар, ер юзида фасод қилувчиларнинг жазоси, албатта, ўлдирилмоқлари ёки осилмоқлари ёхуд қўл-оёқлари қарама-қарши томондан кесилмоғи ёки ер юзида сургун қилинмоқларидир. Бу, уларга бу дунёда ор бўлур. Охиратда эса, уларга улкан азоб бор.

Бу ерда васф қилинаётган жиноятчилар бугунги кундаги «уюшган жиноят» истилоҳига тўғри келади. Ёмон ниятли бир гуруҳ кишилар тўпланиб олиб, мусулмонларнинг ўзига, мол-мулкига ва тинчликларига таҳдид солиши, мусулмон ҳукуматга қарши чиқиши, Ислом шариатида «ҳироба» дейилади. Уларни Аллоҳ таоло ояти каримада:

«Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига қарши уруш қилувчилар», деб таърифламоқда.

Демак, мусулмонлар жамоаси ҳаётига, тинчлигига, молу мулкига таҳдид солувчилар, шариат асосида ҳукм юритаётган ҳукуматга қарши чиқувчилар, аслида, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига қарши уруш очган ҳисобланадилар. Чунки улар Аллоҳнинг шариатига амал қилаётган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилаётган ҳукумат ва жамоатга суиқасд қилмоқдалар. Аллоҳнинг динини ортга суришга сабаб бўлмоқдалар. Шунинг учун ҳам улар «ер юзида фасод қилувчилар» деган сифатга сазовор бўлмоқдалар. Демак, уларнинг

«жазоси, албатта, ўлдирилмоқлари ёки осилмоқлари ёхуд қўл-оёқлари қарама-қарши томондан кесилмоғи ёки ер юзида сургун қилинмоқларидир».

Булар учун тўрт хил оғир жазо тайин қилинди. Ўша даврнинг ҳокими давр шароитига ва жиноятчиларнинг жинояти ҳолатига қараб, ушбу ҳукмлардан қайси бирини муносиб топса, ўшанисини қўллайди. Ё уларни ўлдиришга ҳукм чиқаради, ё уларни осиб ўлдиришга ҳукм қилади, ё ўнг қўлию чап оёғини ёки, аксинча, чап қўлию ўнг оёғини кесишга буюради ва ёки сургун қилишга амр этади.

Қуръони Каримда бу масалада ижтиҳод қилишга йўл очиб қўйилганлиги учун ҳам мужтаҳид уламоларимиз кенг баҳс этиб, турли фикрларни айтганлар.

Ҳанафий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби уламолари, жазо жиноятчилар содир этган жиноятга қараб бўлади, деганлар. Шунга биноан, жиноятчилар гуруҳи одам ўлдирса-ю, молу мулкини олмаса, улар ўлдириладилар. Молу мулкини олсалар-у, одам ўлдирмасалар, қўл-оёқлари кесилади. Ҳам одам ўлдириб, ҳам молу мулкини олса, олдин ўлдирилиб, кейин осилади. Ким таҳдид қилса-ю, одам ҳам ўлдирмаса, молу мулкини ҳам олмаса, сургун қилинади, деганлар.

«Бу, уларга бу дунёда ор бўлур».

Ислом шариати бўйича бундай жиноятчилар қўлга тушиб, жиноятлари исбот бўлиб, ҳукм чиққандан сўнг, ҳукмни ижро этиш пайтида жамоатчилик тўпланади. Уларнинг жиноятлари ҳақида маълумот берилади. Ва кўпчилик ҳузурида ҳукм ижро этилади. Агар жиноятчи ўлдирилса, ўлимидан олдин ор-номусга қолиб ўлади. Уруғ-авлоди, бола-чақаси ҳам ор-номусга қоладилар. У осиладиган бўлса, одамлар тўпланадиган, кўпчилик ўтадиган жойга осилади. Бу ҳам катта ор бўлади. Баъзи уламолар: «Жиноятчиларни тириклайин осиб қўйиб, ҳар замонда найза суқиб турилади, аста-секин ўлади», дейишган. Бу яна ҳам каттароқ ор бўлади. Шунингдек, сургун ҳам ор-номусдир. Тинч юртидан бошқа, узоқ ва қийинчиликли жойларга сургун қилинади. Бундай кимсанинг умри афсус-надоматда, ору номусда ўтиб кетади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,

Тафсири Ҳилол, Моида сураси