Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Шайх Абул Ҳасан Али ибн Аҳмад ал Ваҳидий Ан-Нисабурий айтади:
Неъматларини тўхтовсиз бериб турувчи, ўта сахий, гуруҳларни мағлуб этувчи, булутларни барпо қилувчи, шамолларни юборувчи ва турли сабаблар билан оятлар нозил қилувчи Аллоҳга ҳамду сано бўлсин. У Қуръонни бўлиб-бўлиб кетма кет нозил қилгандир ва унинг ичига илмлар ва ҳукмларни жойлади. Сўзловчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), Сиз Қуръонни инсонларга секин-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни бўлиб-бўлиб нозил қилдик”.
Абу Ражо р.а. айтадилар: “Мен ушбу ҳақида Ҳасандан қуйидагиларни эшитдим: - Бизга зикр қилиндики Қуръон нозил бўлишининг бошланиши билан тугаш ораси 18 йилдир. Расулуллоҳ (с.а.в.)га ҳижрат қилишларидан олдин Маккада саккиз йил, Мадинада эса 10 йил давомида нозил бўлди”.
Шаъбийдан ривоят қилинади: “Аллоҳ китобини бўлиб-бўлиб нозил қилди. Боши билан охирининг ораси йигирма ёки шунга яқин йилдир”.
Аллоҳ Китобини улуғ Қуръон қилиб, ҳикмат ва эслатма қилиш, дунё Охиратнинг ёмонликларидан қутилиш учун узун арқон қилиб, кофирларга азоб, мўминларга нажот бўлишини ваъда қилди. Қиёматгача барча башариятни ўз ичига қамраган умумий соя ва тўғри йўл қилиб нозил қилгандир.
Унда ажойиб мўжизалар, ёрқин оятлар, ҳаққи рост ҳужжатлар, аниқ тиниқ далолатлар бордир. Бу китоб билан Аллоҳ инкор қилувчиларнинг ҳужжатларини ботил қилди. Ҳийлагарларнинг ҳийлаларини пучга чиқариб, Ислом динини бу китоб билан қувватлади. Шу сабабли исломнинг йўли ёрқин бўлиб, чироғи нур таратди. Баракаси тарқалиб, ҳикмати аланга олди. Буларнинг барчаси пайғамбарларнинг сўнггиси, Аллоҳнинг кўрсатмаларини ижро этувчи, умматни ҳидоят қилувчи, ундан дунё ва Охират ёмонликларини кеткизувчи, ҳикмат билан сўзловчи, раҳмат қилиб юборилган зот орқали содир бўлди. Ул зот ҳақ байроғини кўтардилар. Ростгўйлик белгиларини тирилтириб, ёлғонни йўқ қилдилар, унинг излари ўчириб ташланди. Ширкни янчиб, минорасини қулатдилар. Мушрикларга очиқ-ойдин ҳужжатларни кўрсатиб, динни ёйдилар ва инкор этувчиларнинг шубҳаларини ботил қилдилар. У кишига Аллоҳнинг туганмас ва кўпдан кўп салоту саломлари бўлсин. Оилаларига ва тўғри йўлга юрган, Қуръон ва суннат билан покланган, пайғамбар суҳбати билан хосланган ва афзал кўрилган асҳобларига ҳам саломлар бўлсин.
Албатта Қуръон илмлари жуда кенгдир. Унинг турлари жуда мўл кўл бўлиб, ҳаммасини тўла баён қилинса энг болиғ сўзлар ҳам қисқа бўлиб қолади. Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бу илмларнинг кўпини ўзида жамлаган тўпламлар менинг қўлимга келиб тушди. Булар заифлик ва ёлғон хабарлардан холи, етарли маълумотларни қамрагандир. Лекин бугунги кунга келиб, Қуръон илмларини ўрганиш жуда камайган, уларни ўрганишга чақириш ва тарғиб қилиш фойда бермай қолгандир. Бас, бу нарса бизни Қуръон оятларининг нозил бўлиш сабабларини баён қилиш билан бу билимларни ўрганмоқчи бўлган ёш тажрибасиз кишиларга йўл кўрсатишга ундади. Чунки оятнинг тафсирини ва мақсадини билиш учун унинг нозил бўлиш сабабларини билмасдан иложи йўқ. Китоб нозил бўлишининг сабаблари борасида гапириш фақатгина нозил бўлишга гувоҳ бўлган кишилардан эшитиш, ривоят қилиш ва бу илмни излаб машаққат чеккан кишилардангина собит бўлган асрлар орқалигина мумкиндир. Бу илм борасида илмсизлик билан гапирган жоҳил кимсага шариат дўзахни ваъда қилгандир. Ибн Аббос р.а. дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Ҳадис айтишдан тақво қилинглар, фақат аниқ билганингизнигина айтинг. Бас, ким мени номимдан қасддан ёлғон гапирса жойини дўзахдан ҳозирласин.” Ўтган салафи солиҳлар бирор оятнинг нозил бўлиши ҳақида гапиришдан ниҳоятда эҳтиёт бўлишган. Муҳаммад ибн Сиррин р.а. айтадилар: “Убайдадан Қуръон сураларидан бир оят ҳақида сўрадим. У киши – Аллоҳдан тақво қил, ва фақат рост сўзла. Қуръон қандай сабаблар билан нозил бўлганини билувчилар дунёдан ўтишди. Аммо бугун эса ҳар бир киши оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида билимсизлик билан гапирган киши учун қўрқитувни фикр қилмасдан, тизгинини жаҳолатга ташлаган ҳолда бирор нарса тўқимоқда, буҳтон ва ёлғон пайдо қилмоқда”, дедилар.
Мана шу нарса мени сабаби нузулларни ўз ичига олган китоб ёзишга ундади. Шоядки шу ҳақда гапирувчилар бу китобга мурожаат қилсалар ва рост билан ёлғонни ажратиб олсалар. Ўқиб эшитганларидан кейин ёдлаб олишга тиришсалар ва ҳушёр бўлсалар. Аввало ваҳийнинг бошланиши, нозил бўлиш кайфияти, Жаброил (а.с.)нинг ваҳий олиб тушишлари, унинг ҳоли ҳақида гапирамиз. Сўнг эса сабаблари келтирилган ҳар бир оятни муфассал ўрганамиз. Аллоҳнинг ўзи ростлик ва тўғриликка муваффақ қилсин ва қоқилишдан равон йўлга чиқарсин.