loader

Моида сураси

2-оят. Эй мўминлар, Аллоҳ буюрган удумларни (бузишни ўзларингга) ҳалол қилиб олманглар! Шунингдек, уруш ҳаром қилинган ойда (- улар Зул-қаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир – жанг қилишни, Аллоҳ йўлида) ҳадя этилган ҳайвонларни (ўлдиришни) ва (уларга осиб қўйилган) ҳадялик белгиларини (узиб ташлашни) ҳамда парвардигорларидан фазлу марҳамат ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни (Каъбани) мақсад қилиб кетаётган кишиларга (қарши жанг қилишни ҳалол қилиб олмангиз!) Қачон (иҳромдан чиқиб) ҳалол бўлгач, ов қилаверингиз. Сизларни (яъни, Расулуллоҳ алайҳис-салом ва саҳобаларини Ҳудайбия йилида Макка мушриклари умра қилишдан тўсганлари каби) Масжидул-Ҳаромдан (Каъбадан) тўсганлари сабабли бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаргиз сизларни ҳаддингиздан ошишингизга – адолатсизликка тортмасин – сабаб бўлмасин! (Эй мўминлар), сизлар яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошишйўлида ҳамкорлик қилмангиз!Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.
Ибни Аббос р.а. айтади: “Хутайм ҳақида нозил бўлган. Унинг асл исми Журайҳ ибн Добиъ Ал-Киндий. У Ямомадан Мадинага Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг олдиларои га келди. Отини Мадина ташқарисида қолдириб якка ўзи Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг ҳузурларига кирди ва: Одамларни нимага даъват қиляпсан?, - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик беришинг, намоз ўқишинг ва закот беришга”, дедилар. У айтди: - Яхши, лекин бизнинг амрларимиз бор. Биз уларсиз бирон иш қилмаймиз. Эҳтимол мен исломга кириб, уларни ҳам олиб келарман. (У кишидан олдин) Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларга: “Олддингизга шайтоннинг тили билан гапирадиган бир одам киради”, деган эдилар. Кейин у чиқиб кетди Расулуллоҳ (с.а.в.) : - дарҳақиқат у кофирнинг юзи билан кирди ва ёлғончининг орқаси билан чиқиб кетди, мусулмон бўлмади, -  дедилар. У чиқиб, Мадинанинг ўтлаб юрган подаси олдидан ўтиб қолди ва уларни ҳайдаб кетди одамлар подани қидириб топиша олмади. Расулуллоҳ (с.а.в.) қазо Умраси учун чиқққанларида, Ямома ҳожиларинг талбиясини эшитдилар ва асҳобларига: “Бу Хутайм ва унинг ҳамроҳларидир”, дедилар. У Мадина подасидан қурбонликка ҳайвонлар олиб, буйинларига тақинчоқ тақиб қуйиб, Каъбага олиб кетаётган эди. Асҳоблар уни ушлаш учун юзланишганида Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди ва улар исломда бўлмасалар ҳам, Аллоҳ учун шиор қилинган нарсаларни ҳалол санамасликни хоҳлади”.
Зайд ибн Аслам айтади: “Мушриклар Расулуллоҳ (с.а.в.) ва асҳобларини Каъбадан тўсгач, Хукдайбияда турган эдилар. Бу уларга оғир ботганди. Шу пайт уларнинг олдиларидан Умра қилиш учун мушрик одамлар ўтиб қолишди. Буни кўриб асҳоблар: “Мана буларнинг шериклари, бизни Каъбадан тўсганидек, биз ҳам уларни тўсамиз”, дедилар.Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилиб: “Буларнинг шериклари сизни тўсган бўлишса ҳам, сиз буларга тегманг”, деб амр қилди”.
 
3-оят. Сизларга ўлакса, қон, тўнғизгўшти, Аллоҳдан бошқа бировнинг йўлида сўйилган нарса, буғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, (баланд жойдан) қулаб ўлган, (бошқа бирон ҳайвон билан) сузишиб ўлган ва йиртқичҳайвон тишлаб ўлдирган жониворлар ҳаром қилинди. Магар (бу жониворларни жони чиқмасдан туриб) сўйиб юборишга улгуриб қолган бўлсангиз, (ҳалолдир). Яна (сиғиниш учун) тиклаб қўйилган бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўштини истеъмол қилиш) ва (фол) чўплардан қисматингизни сўрашингиз (ҳам сизларга ҳаром қилинди). Зотан, бу ишларингиз итоатсизликдир. Бугун энди кофир бўлган кимсаларнинг сизларни динингиздан (чиқаришдан) умидлари узилди. Бас, сизлар улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз! Бугун Мен сизлар учун Динингизни комил қилдим, (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни Дин қилиб танладим (яъни, Исломдан бошқа динлар Аллоҳ ҳузурида мақбул эмас). Энди кимки очарчиликда, гуноҳ томонга оғмаган ҳолида (мазкур ҳаром қилинган нарсаларни ейишга) мажбур бўлса (Аллоҳ кечирар). Зеро, Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир.
Бу оят ҳижратнинг ўнинчи йилида “Ҳажжул Вадо”да, аср намозидан кейин, Расулуллоҳ (с.а.в.) Арофатда Азво исмли туялари устида турганларида, арафа кунида, жума куни нозил бўлган.
Аҳмад ибн Жаъфар Ал Қотиъий айтади: Умар ибн Хаттоб р.а.га бир яҳудий келиб: “Эй Амирул мўминин, сизлар китобингизда бир оятни ўқийсизлар. Агар шу оят биз яҳудийларга нозил бўлганида эди, ўша кунни биз байрам қилиб олардик”, деди. У киши: “У қайси оят экан”, деди. У: “......”, оятидир, деди. Шунда Умар р.а. айтди: “Аллоҳга қасамки, мен ушбу оят Расулуллоҳ (с.а.в.)га нозил бўлган кунни ҳам, Расулуллоҳ (с.а.в.)га нозил бўлган соатни ҳам биламан. Ужума кунига тўғри келган, арофат куни  кечки пайт эди”. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Ибод ибг Абу Аммор айтади: “Ибни Аббос ушбу оятни ўқиди. Ёнида бир яҳудий бор эди. Шунда у: - Агар бу оят бизга нозил бўлганида эди, у нозил бўлган кунни байрам қилиб олардик, - деди.Шунда ибни Аббос: - Бу оят бир кунга тўғри кеоган икки байрамда нозил бўлган: Жума куни ва шу кунга тўғри келган Арафа куни, деди”.
 
4-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мўминлар) Сиздан ўзлари учун нималар ҳалол қилинганинисўрайдилар. Айтинг: “Сизлар учун (барча) покиза нарсалар ва яна сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг – Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан билдириб қўлга ўргатганингиз жониворларнинг (тутиб келтирган овлари) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун ушлаб келтирган нарсаларни еяверинглар ва (уларни овга қўйиб юбораётганларингда) Аллоҳнинг номини зикр қилинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир”.
Абу Рофиъ айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) менга итларни ўлдиришни буюрдилар. Шунда одамлар: “Эй Расулуллоҳ, сиз ўлдиришга буюрган бу жониворлардан нималар ҳалол қилинди?”, дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Ҳоким ривояти.
Муфассирлар бу қиссани шарҳлаб айтишади. Абу Рофиъ айтди: Жаброил а.с. Расулуллоҳ (с.а.в.)га келиб, киришга изн сўради. У киши рухсат бнрганларида у кирмади. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) чиқиб: “Эй Аллоҳнинг элчиси, биз сизга изн бердик-ку”, дедилар.  Жаброил а.с. “Ҳа, шундай лекин биз сурат ва ит бор уйга кирмаймиз”, деди. Улар қарасалар уйнинг баъзи жойида кучукча бор экан. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) менга Мадинада биронта ит қолдирмай ҳаммасини ўлдиришга буюрдилар. Мен шундай қилиб, Мадина ташқарисига ҳам чиқдим. Қарасам бир аёлнинг ити уни қўриқлаб турибди. Унга раҳмим келиб индамадим. Расулуллоҳ (с.а.в.)га бориб бу хабарни етказдим. У киши уни ҳам ўлдиришга буюрдилар. Мен бориб уни ҳам ўлдирдим. Шунда одамлар : “Эй Расулуллоҳ, сиз ўлдиришга буюрган жониворлардан нима ҳалол қилинди?”, дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) жим турдилар, шунда ушбу оят нозил бўлди. Оят нозил бўлганидан кейин уйларда фойдаси тегадиган итларига эга бўлишга изн бердилар. Ҳеч қандай фойдасиз итсақлашдан қайтардилар. Қапағонларини, зарар берадиганини ўлдиришга буюрдилар.
Саид ибн Жубайр айтади: Бу оят Адий ибн Ҳотим ва Зайд ибн Маҳалҳал ҳақида нохил бўлган. Иккаласи ҳам той қабиласидан Той қабиласидан Зайд Ал-Хойл деб аталадиган бу кишини Расулуллоҳ (с.а.в.) Зайд Ал-Хойр деб номлаганлар. Улар: “Эй Расулуллоҳ, биз итлар ва йиртқич қушлар билан ов қиладиган қавммиз. Яхши зотдор итлар сигир, эшак, кейик ва эчки эмарлани ушлайди. Улардан айримлари тирик қолади ва биз уларни суйиб оламиз. Айримлари эса итнинг чангалида ўлади. Улардан бизга нималар ҳалол бўлади, - дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилиб: “Айтинг: “Сизлар учун (барча) покиза нарсалар ва яна сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг – Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан билдириб қўлга ўргатганингиз жониворларнинг (тутиб келтирган овлари) ҳалол қилинди”.
Яъни, сиз ўргатган ҳайвонлар келтирган овлар уланинг чангалида ўлса ҳам ҳалолдир. У йиртқич қушлар ва итларнинг фойдаларидир.
 
11-оят. Эй мўминлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматини – бир қавм сизларга қўл кўтаришни (яъни, ҳалок қилишни) қасд қилган пайтида уларнинг қўлларини сизлардан қайтарганини эслангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Иймонли кишилар Ёлғиз Аллоҳга суянсинлар.
Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий айтади: Маҳориб қабиласидан Ғурос ибн Ҳорис Маҳориб ва Ғатофонликларга “Сизлар учун Муҳаммадни ўлдирайликми?”, деди. Улар “ҳа, лекин қандай қилиб ўлдирасан дейишди. У уни ўлдираман деб, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига борди. У киши ўтирган бўлиб, қиличлари қўйниларида эди. У айтди: “Эй Муҳаммад, қиличингни бир кўрай”. Расулуллоҳ (с.а.в.) майли дедилар. Қилични олиб, уни ялонғочлади сўнг уни ўйнатиб силкий бошлади. Расулуллоҳ (с.а.в.)га қилич солишга ҳаракат қилганида Аллоҳ уни босиб қўйди. Сўнг у: “Эй Муҳаммад қўрқмаяпсанми?, деди. Йўқ, дедилар. У айтди қўлимда қилич борку мендан қўрқмаяпсанми? Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: “Аллоҳ мени сендан ҳимоя қилади”. Кейин у қилични қинига солиб Расулуллоҳ (с.а.в.)га қайтариб берди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Жобир р.а. айтадилар: Расулуллоҳ (с.а.в.) бир манзилга тушдилар. Одамлар дам олиш учун буталар остига тарқаб кетишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) қуролларини дарахтга илиб қўйди. Бир аъробий келиб уни олди ва: “Сени мендан ким ҳимоя қила олади?”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) “Аллоҳ”, деб жавоб қайтардилар. У саволни икки ёки уч марта қайтарди ва ҳар гал Аллоҳ деган жавобни олди. Шунда аъробий қилични қўйди. Пайғамбар а.с. саҳобаларини чақириб бу воқеани айтиб бердилар ва аъробий у кишининг олдида ўтирган эди. Унга ҳеч қандай жазо бермадилар.
Мужоҳид, Жобир ва Икрималар айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобаларидан бирлари бани Салам қабиласидан икки кишини ўлдириб қўйди. У қавм билан Расулуллоҳ (с.а.в.) ораларида шартнома бор эди. Уларнинг қавми хун талаб қилиб келишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу бакр, Умар,Усмон,Али, Талҳа Абдурроҳман ибн Авф р.а.лар билан бирга Бани Назир яҳудийлари саййиди Каъб ибн Ашрафнинг олдига хун тўлаш учун ёрдам сўраб бордилар. У эса: “Эй Абул Қосим, бир нарса сўраш баҳонасида бир келиб қолибсан, ўтиргин, сени бир зиёфат қилайин. Кейин сўраган нарсангни берамиз”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ва ҳамроҳлари ўтиришди. Шунда яҳудийлар бир бирларига: “Муҳаммадни бизга ҳозиргидан кўра яқинроқ, қулайроқ ҳолда топа олмаймиз. Ким мана шу уйнинг томига чиқиб, тош ташлаб юбориб бизни роҳатлантиради”, дейишди. Амр ибн Жаҳҳош ибн Каът “Мен”, деди-да катта бир тегирмон тошини Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг устиларидан ташламоқчи бўлди. Лекин шу пайт Аллоҳ таоло унинг қўлидан тутиб қолди. Жаброил а.с. келиб бу хабарни етказди. Буни билиб Расулуллоҳ (с.а.в.) чиқиб кетдилар ва ушбу оят нозил бўлди.
 
33-оят. Албатта Аллоҳ ва Пайғамбарига қарши урушадиган ва Ерда бузғунчилик қилиш ҳаракатида юрадиган кимсаларнинг жазоси – ўлдирилиш ё дорга осилиш ёки оёқ қўллари тескарисига (яъни, ўнг қўл ва чап оёқ ёкичап қўл билан ўнг оёқ) кесилиши ёхуд ўз ерларидан сургун қилинишларидир. Бу жазо улар учун бу дунёда расволик – шармандалик бўлур. Охиратда эса улар учун улуғ азоб бордир.
Анас р.а. айтади: Укол ва Урайна қабилаларидан бир гуруҳи Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, биз чорва аҳлимиз, бир жойда муқим яшамаймиз. Шунинг учун Мадинани соғлигимизга зарарли деб ўйлаймиз”, дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни Мадина ташқарисида ўтлаб юрган туялар подасига бориб, сути ва бавлидан ичишга буюрдилар. Улар бориб Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг туя боқувчисини ўлдириб,туяларни ҳайдаб кетишди. . Расулуллоҳ (с.а.в.) уларнинг изидан саҳобаларини юбориб, ушлаб келишди. Уларниг қўл-оёқлари кесилиб, кўзлари ўйиб олинди ва бир тошлоқ жойга чиқариб ташланди. Улар шу ҳолларида ўлиб кетдилар.
Қатода айтади: Бизга зикр қилиндики, ушбу оят шулар ҳақида нозил бўлган.
 
38-оят. Ўғри эркакни ҳам, ўғри аёлни ҳам қўлларини кесинглар! (Токи бу) уларнинг қилмишларига яраша жазо бўлсин, Аллоҳ томонидан берилган азоб бўлсин. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгасидир.
Калбий айтади: Бу оят совут ўғирлаган Таъма ибн Убайриқ ҳақида нозил бўлган.
 
41-оят. Эй Пайғамбар (алайҳис-салом), оғизларида: “Иймон келтирдик”, деган, аммодиллари иймон келтирмаган (мунофиқлардан) ва яҳудийларданбўлган, куфр томонга қараб чопаётган кимсалар Сизни маҳзун қилмасин. Улар ёлғонга қулоқ берувчи ва Сизнинг олдингизга келмаган, сўзларни ўз ўринларига қўйилгандан кейин ўзгартирадиган бошқа қавмга (яъни яҳудийларга) қулоқ бергувчи кимсалардир. (Яҳудийлар): “Агар (Муҳаммад тарафидан) сизларга мана шу ҳукм берилса, олинглар, бўлмаса, (яъни, бошқа бир ҳукм айтилса), эҳтиёт бўлинглар – олманглар, дейишди. Кимники Аллоҳ Ўзи адаштиришни истаса, бас, сиз унинг учун Аллоҳ томонидан ҳеч нарса қила олмассиз. Улар Аллоҳ кўнгилларини поклашни истамаганкимсалардир. Улар учун дунёда расволик, Охиратда эса улуғ азоб бордир”.
 
47-оят. Ҳамда (буюрдик) Инжил аҳли унда Аллоҳ нозил қилган нарсалар билан ҳукм қилсинлар! Кимда-ким Аллоҳ нозил нозил этган Дин билан ҳукм этмасэкан, улар фосиқлар – итоатсиз кимсалардир.
Барро ибн Озиб р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларидан яҳудийлар бир яҳудийни дарраланган ва юзларига қора куя суртилган ҳолда олиб ўтишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни чақириб: “Зинокорга мана шундай жазо берилишини ўз китобларингиздан олганмисиз?”, дедилар. Улар ҳа дейишгач, Расулуллоҳ (с.а.в.) яна: “Мусо а.с.га Тавротни нозил қилган Аллоҳ ҳақи билан сўрайман, Китобингизда зинокорнинг жазоси шундай эканини топганмисиз?”, дедилар. Бу гапни у киши яҳудийларнинг бир уламосини чақириб сўрадилар. У “Йўқ, агар сен Аллоҳ номи билан сўрамаганингда мен сенга айтмасдим. Китобимизда зинокорнинг жазоси тошбўрон эканини топганмиз. Лекин зино юқори табақадаги кишиларнинг орасида кўпайиб кетди. Шундайларни тутиб олсак қўйиб юборардик, паст табақадагиларга эса жазони ижро этардик. Шунда биз ўзимизча “Келинглар, паст табақадаги кишиларга ҳам  аслзодаларга ҳам қўллайдиган бир жазога келишайлик”, деб юзига қора суртиб сазойи қилиш ва даррага келишдик. Тошбўронни тарк этдик”, деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эй Аллоҳим, одамлар ўлдиришган буйруғингни энг аввал тирилтирувчи менман”, деб тошбўрон қилишга буюрдилар. Яҳудий тошбўрон қилинди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
 
44-оят. Албатта Биз Тавротни ҳидоят ва нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз. (Аллоҳга) бўйинсунувчи бўлган пайғамбарлар, Илоҳий билим эгалари ва донишмандалар ўзларига Аллоҳнинг Китоби омонат қўйилгани сабаблияҳудийларга у (яъни Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қилдилар. Улар бу Китоб устида гувоҳдирлар. Бас, (эй яҳудий уламолар), одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз ва Менинг оятларимни қиймати оз нарсаларга алмаштирмангиз! Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган Дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир.
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади: Яҳудлардан бир эркак ва бир аёл зино қилди. Шунда улар: “Мана бу пайғамбарнинг олдига борамиз. У енгил қилиш учун юборилгандир. Агар бизга тошбўрондан бошқа фатво берса уни қабул қиламиз ва Аллоҳнинг ҳузурида уни ҳужжат қилиб: “Пайғамбарингдан бири шундай фатво берди”, деймиз”, дейишди. Масжидда саҳобалар билан ўтирган Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига бориб: “Эй Абул Қосим, зино қилган эркак ва аёл ҳақида нима дейсан?”,дейишди. У киши ҳеч нарса демай уларнинг мадрасаларига бордилар ва эшик олдида туриб: “Сизлардан Мусога Тавротни нозил қилган Аллоҳ номи билан сўрайман, агар турмуш қилган киши зино қилса, Тавротда унга қандай жазо қўлланилади?”, дедилар. Улар: - юзига қора сурилиб, дарра урилади ва эшакка тескари миндирилиб сазойи қилинади, - дейишди. Улардан бир йигит гапирмай турди. Буни кўриб Расулуллоҳ (с.а.в.) ундан қаттиқроқ талаб қила бошладилар. Шунда у: “Аллоҳ номи билан сўраганингиз учун айтаман. Биз Тавротда тошбўрон қилишни топганмиз”, деди. “Аллоҳ азза ва жалланинг буйруғидан қандай воз кечгансизлар?”, деб сўрадилар. У “Шоҳимизга яқинроқ бир киши зино қилганида тошбўрон қилинмади. Паст одамлардан бири зино қилди, лекин қавми унинг ёнини олиб, токи у ҳам тошбўрон қилинмагунча бу ҳам тошбўрон қилинмайди, дейишди. Шунда барча ушбу жазога келишишган”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мен Тавротдаги нарса билан ҳукм қиламан”, деб уларни тошбўрон қилдирдилар.
Зуҳрий айтади: Бизга етдики ушбу оят шулар ҳақида нозил бўлган. Оятдаги “...итоаткор пайғамбарлар” жумласига Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам кирадилар.
Ибни Умар р.а. айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни тошбўронга буюрганларида мен ҳам шоҳид эдим. Тошбўрон қилинаётганида қарасам, эркак ўзларини тошдан тўсиш учун қўлларини қалқон қилиб турибди.
 
49-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), улар ўртасида Аллоҳ нозил қилганнарса билан ҳукм қилинг, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг ва Аллоҳ Сизга нозил қилган ҳукмларнинг айримларидан Сизни буриб фитнага солиб қўйишларидан эҳтиёт бўлинг! Агар (Сизнинг ҳукмингиздан) юз ўгирсалар, билингки, Аллоҳ уларга айрим гуноҳлари сабабли мусибат етказишни истамоқда. Шубҳасиз, гуноҳлари сабаблимусибат етказишни истамоқда. Шубҳасиз одамлардан кўплари фосиқ – итоатсиздирлар.  
Ибни Аббос р.а. айтади: Каъб ибн Усайд, Абдуллоҳ ибн сурия, Шос ибн Қайс ва бошқа яҳудийлар ўзаро келишиб Муҳаммаднинг олдига борамиз эҳтимол уни чалғита олсак, дейишди. Улар: “Биласанки, биз яҳудийларнинг ҳурматли кишилари ва роҳибларимиз. Агар биз сизга эргашсак, яҳудийлар ҳаммалари бизга эргашади. Бизга ҳеч қачон қарши чиқишмайди. Биз билан бир қавм ўртасида хусумат бор. Сенинг олдингга ҳукм сўраб, улар билан бирга келамиз, сен бизнинг фойдамизга, уларнинг зарарига ҳукм қилсанг, биз сенга иймон келтирамиз ва сени тасдиқлаймиз”, дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) бундан бош тортдилар. Шунда Аллоҳ улар ҳақида ушбу оятни нозил қилиб, “...уларнинг хоҳишига эргашманг ва Аллоҳ сизга нозил қилган нарсаларнинг баъзисидан Сизни чалғитишдан эҳтиёт бўлинг”, деди.
 
51-оят. Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас.
Атия ал Авфий айтади: Убода ибни Сомит (у исломга кирган яҳудий эди) келиб: “Эй Расулуллоҳ, Қурайза ва Назир қабилалари биздан ўзларини четга олиб, ажратиб ташлашди, биз билан бирга ўтирмасликка қасам ичишди. Манзилимиз узоқ бўлгани учун саҳобаларингиз билан суҳбатлашиб юролмаймиз”, деб яҳудлардан етган азиятлардан шикоят қилишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу оятни унга ўқиб бердилар. У эса: “Аллоҳнинг, расулининг ва мўминларнинг дўстлигига розимиз”, дедилар.
Калбий ҳам шунга ўхшаш ривоят қилиб қуйидагиларни  зиёда қилади: “Оятнинг охирги қисми Али ибн Абу Толиб ҳақидадир. Чунки у ўзи намозда рукуъ қилиб турган ҳолатда бир сўровчи муҳтожга узугини берди”.
Ибни Аббос р.а. айтади: Абдуллоҳ ибни Салдом ва иймон келтирган қавмдошлари келиб: “эй Расулуллоҳ, бизнинг манзилимиз узоқ, бизга бтрон суҳбатдош ҳам йўқ. Биз Аллоҳ ап Унинг расулига иймон келтириб, тасдиқлагач, қавмимиз биздан юз ўгирди. Бирга ўтирмасликка, гаплашмасликка ва қуда-андачилик қилмасликка қасам ичишди. Бу бизга оғир ботди”, дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ушбу оятни ўқиб бериб, масжидга чиқдилар. Одамлар намоз ўқиб айримлари рукуъда, айримлари қиёмда эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) бир садақа сўраб турган кишини кўриб: “Сенга кимдир бирон нарса бердими?”, дедилар. У: “Ҳа тилло узук берди”, деди. Ким берганини сўраганларида тиланчи Али р.а.ни қиёмда турган ҳолларида кўрсатди. Қандай ҳолатда бнрганини сўрадилар. “Рукуъ қилган ҳолатда берди”, деб жавоб қилди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) “Аллоҳу акбар”, деб такбир айтдилар ва: “Ким Аллоҳни, расулини ва мўминларни дўст тутса, албатта Аллоҳнинг гуруҳи ғолиб бўлгувчидир”, оятини ўқидилар.
 
57-оят. Эй мўминлар, сизлардан илгари Китоб берилганлар ичидан Динингизни ҳазил-масхара қилиб олган кимасаларни ва кофирларни дўст қилиб олмангиз! Агар мўмин бўлсангизлар Аллоҳдан қўрқингиз!
Ибни Аббос р.а. айтади: Рифоа ибн Зайд ва Сувайд ибн Ҳорис исломга кирганликларини эълон қилди. Кейин эса мунофиқлар йўлига ўтишди. Айрим мусулмон кишилар улар билан дўст бўлиб юришганди. Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
 
58-оят. Сизлар қачон (мусулмонларни) намозга чорласангиз (азон айтсангиз), улар ўша (намозини) масхара ва ўйин қилиб оладилар. Бунга сабаб, уларнинг ақлсиз – жоҳил қавм эканликларидир.
Калбий айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муаззинлари азон айтиб, мусулмонлар намозга қоим бўлсалар, яҳудийлар куги ва масхара қилишиб: “туринглар намоз ўқинглар, рукуъ қилинглар”, дейишарди.Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Саддий айтади: Бу оят Мадина насароларидан бир киши ҳақида нозил бўлган. У муаззин “Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ”, деганини эшитса “ёлғончи ёниб кетсин”, дер эди. Бир куни у ва аҳли уйқудалигида хизматкори олов олиб кирди. Оловдан учқун чиқиб ўзи ва аҳлиёниб кетди.
Бошқалар айтишади: Кофирлар азонни эшитиб Расулуллоҳ (с.а.в.)га келишиб: “Эй Муҳаммад, биздан олдин ўтган умматлардан ҳеч эшитманан нарсани ўйлаб топдинг-ку! Сен пайғамбарликни даъво қиласан. Бу ўйлаб топган азонинг билан ўзингдан олдинги пайғамбарларга хилоф иш қилдинг. Шу нарсада яхшилик бўлганида эди, сендан олдинги пайғамбарлар уни қилишган бўларди. Бу туянинг бўкиришидек қичқиришни қаердан ўйлаб топдинг? Бу қандай ҳам қабиҳ товуш экан, қандай ҳам ёмон куфр экан-а?”, дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни ва: “... Аллоҳга чақирган ва амали солиҳ қилганкишининг сўзидан кўра яхшироқ сўз борми?!” , оятни нозил қилди.
60-оят. Айтинг: “Сизларга Аллоҳнинг ҳузурида (яъни Қиёмат Кунида) бундан кўра ёмонроқ “савоб” (жазо оладиган кимсалар) ҳақида хабар берайми? Улар Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлган, ғазабига гирифтор бўлган ва маймун, тўнғизларга айлантириб қўйилганлар ҳамда шайтонгақул бўлган кимсалардир. Ана ўшалар энг ёмон мартабада бўлган ва бутунлай Тўғри Йўлдан озган кимсалардир”.
Ибни Аббос р.а. айтади: Яҳудлардан бир гуруҳи келиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан пайғамбарларнинг қайсиларига иймон келтиришларини сўради. У киши: “Мен Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарсаларга ва Иброҳимга, Исмоилга...деб, “...биз унга бўй сунувчилармиз...” оятигача айтдилар. У киши Исони зикр қилгач, улар Исо а.с.нинг пайғамбар эканликларини инкор этди ва: “Аллоҳга қасамки, дунёда ҳам, Охиратда ҳам сизлардан кўра насибаси камроқ бўлган, сизлардан кўра дини ёмонроқ бўлган дин эгаларини билмаймиз”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
 
67-оят. Эй Пайғамбар (алайҳис-салом), Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг! Агар (бу фармонга амал) қилмасангиз, Унинг элчилигини (бандаларига) етказмаган бўлурсиз, Аллоҳ Сизни одамлардан (уларнинг зараридан) сақлагай. Албатта Аллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас.
Ҳасан айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.): - Аллоҳ таоло мени рисолат билан юборгач, жуда танг аҳволга тушдим. Одамлар орасида мени ёлғончига чиқарадиганлари ҳам бор эканлигини билардим, дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) Қурайш, Яҳудлар ва насаролардан ҳайиқардилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Аьу Саид Худрий айтади: Ғудайрхом кунида Али бин Абу Толиб ҳақларида нозил бўлган.
Ойша р.а. айтади: Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) кечаси билан ухламай чиқдилар. Шунда мен: “Эй Расулуллоҳ, сизга нима бўлди?”, деб сўрадим. У киши: “Кечаси бизни қўриқлаб чиқадиган бир солиҳкиши йўқмикан-а?”, дедилар. Шу зайл тургандик қурол товушини эшитиб қолдик. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким бу?”, деганларида “Биз Саъд ва Хузайфамиз, сизни қўриқлагани келдик”, дейишди. Шундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в.) ухлаб қолдилар, ҳатто хурракларини ҳам эшитдим ва ушбу оят нозил бўлди. Расулуллоҳ (с.а.в.)бошларини чодирнинг туйнугидан чиқариб: “Эй одамлар кетаверинглар, Аллоҳнинг Ўзи мени сақлайди”, дедилар.
Ибни Аббос р.а. айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) қўриқланар эди. Қаерга борсалар Абу Толиб у киши билан бирга қўриқлаб юрадиган кишиларни жўнатар эди. Токи ушбу оят нозил бўлгунга қадар шундай бўлди. Кейин эса амакилари у киши билан бирга қўриқчи юбормоқчи бўлганида, Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эй амаки, Аллоҳнинг ўзи мени жинва инсонлардан асрайди”, дедилар.
   
82-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз мўминларга энг қаттиқ адоват қилгувчи одамлар яҳудийлар ва мушрик бўлган кимсалар эканини кўрасиз. Мўминларга дўст бўлишга яқинроқ кишилар эса: “Биз насронийлармиз”, деган кишилар эканини кўрасиз.Бунга сабаб, уларнинг орасида олимлар ва роҳиблар бор эканлиги ва улранинг кибр ҳаво қилмасликларидир.
 
86-оят. Кофир бўлган ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсалар жаҳаннам эгаларидир.
Бу оят Нажжоший ва унинг ҳамроҳлари ҳақида нозил бўлган.
Ибни Аббос р.а. айтади: Маккада Расулуллоҳ (с.а.в.)мушриклар саҳобаларга азият етказишидан хавфда яшар эдилар. Жфар ибн Абу Толиб ва ибни Масъудларни бир гуруҳ саҳобаларни Нажжошийнинг ҳузурига юбориб: “У солиҳ подшоҳдир. Унинг қарамоғида бирон киши зулм кўрмайди ҳам, зулм қилмайди ҳам. Аллоҳ мусулмонлар учун бирон енгиллик қилгунича, унинг ҳузурига бориб туринглар!”, дедилар. Улар унинг олдига келга у уларни Ҳурмат билан кутиб олди ва : “Сизга нозил қилинган нарсадан бирор нима биласизми?”, деди. Муҳожирлар “Ҳа”, дейишди. Улар ўқишди. Нажжошийнинг атрофида роҳиблар, қиссислар, туришганди. Мусулмонлар ҳар бир оятни ўқишганда уларнинг барчалари ҳақни таниганликларидан ёш қуйилди. Аллоҳ таоло айтадики: “...бунинг сабаби – улар ичида руҳоний ва роҳибларнинг борлиги, уларнинг кибр қилмасликларидир. Улар пайғамбарга нозил қилинган Нарса (Қуръон)ни эшитганларида, унинг ҳақлигини англаётганларидан кўзлари ёшга тўлганини кўрасиз...”.Моида 82-83 оятлар.
Бошқа муфассирлар айтади: Жаъфар ибн Абу Толиб ва ҳамроҳлари Ҳабашистондан қайтиб, келишди. Улар билан бирга Нажжоший Расулуллоҳ (с.а.в.)га элчи қилиб юборган етмиш киши ҳам келишди. Уларнинг устида жун кийим бор эди. Олтмиш иккитаси Ҳабашистонлик, саккизтаси Шом аҳлидан эди. Шом аҳллари: Буҳайро роҳиб, Аброҳа, Идрис, Ашраф, Таммон, Қусом, Зарр ва Айманлар эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга “Ёсин” сурасини охиригача ўқиб бердилар. Улар Қуръонни эшитгач, йиғлаб юборишиб, иймон келтиришди. Улар: “Бу нарса Исога нозил қилинган нарсага қандай ҳам ўхшаш экан-а?”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида ушбу оятни нозил қилди.
 
87-89-оятлар. Эй мўминлар, Аллоҳ сизлар учун ҳалол қилиб қўйган покиза нарсаларни ҳаром деманглар ва (Аллоҳ белгилаган чегарадан) тажовуз қилганлар! Албатта Аллоҳ тажовузкор кимсаларни севмас. Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол, пок нарсалардан енглар ва ўзларингиз иймон келтирган Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳ сизларни тилларингиздаги беҳуда қасамларингиз сабабли жазоламайди. Балки (дилларингиздаги) маҳкам туккан қасамлар сабабли (агар шундай қасамни бузсангиз) жазолайди. Бас, унинг каффорати Ўз оилангизни боқадиган ўртача таомлардан ўнта мискинга таом бериш ёки уларни сарпосини қилиш, ёҳуд бир қулни озод қилишдир. Ким (бу нарсаларни) топа олмаса, уч кун рўза тутсин! Мана шу – қасам ичган (ва уни бузган) пайтингиздаги қасамларингиз каффаротидир. Қасамларингизни (бузишдан) сақланингиз. Шукр қилишингиз учун Аллоҳ сизларга Ўз оятларини мана шундай очиқ-ойдин баён қилур.
Икрима ибни Аббос р.а.дан ривоят қилади: Бир киши Расулуллоҳ (с.а.в.)га келиб: “Агар мен гўшт есам аёлларга берилиб қоламан. Мен ўзимга гўштни ҳаром қилдим”, деди. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди.
Муфассирлар айтади: Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в.) ўтириб одамларга Охиратни эслатдилар, Қиёматдаги ҳолатлардан гапирдилар. Уларни охиратдан озроқ қўрқитган эдилар. Одамларнинг қалби қўрқувга тўлиб йиғлаб юбордилар, кейин эса саҳобалардан ўнтаси Усмон ибн Мазъун ал Жумаҳийнинг уйида тўпланишди. Улар: Абу Бакр Сиддиқ, Али, Абдуллоҳ ибни Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абу Зарр ал Ғиффорий, Абу Хузайфанинг озод қилган қули Солим, Миқдод ибн Асвад, Салмон Форсий ва Маъқол ибн Музар эдимлар. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг вазларидан таъсирланиб, ҳар куни рўза тутишга, ҳар кечаси ухламасдан намоз ўқишга, тўшакда ётмасликка, гўшт ва ёғ емасликка, уйланмасдан роҳиб бўлиб, эркакликларини кесиб ташлашга аҳдлашишди. Бу хабар Расулуллоҳ (с.а.в.)га етгач, уларни тўпладилар ва: “Сизлар шундай, шундай нарсага аҳдлашган эмишсизлар”, дедилар. Улар “Ҳа эй расулуллоҳ биз фақат яхшиликни хоҳладик. Шунда у киши: “Мен бу нарсага, буюрмаганман, сизларга нафсларингизни ҳам ҳаққи бордир. Рўза ҳам тутинглар, очитб ҳам юринг. Кечаси намоз ҳам ўқинг, ухланг ҳам. Мен намоз ҳам ўқийман, ухламан ҳам. Рўза ҳам тутаман очиқ ҳам юраман. Гўшт ва ёғ ейман. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмасдир”, дедилар. Кейин эса одамлар олдига чиқиб хутба қилдилар ва: “Одамларга нима бўлдики ўзларига аёлларни, таомларни, покиза нарсаларни, уйқуни ва дунё неъматларини ҳаром қилиб олаяптилар. Мен сизларни тарки дунё қилиб, роҳиб бўлиб олишингизга буюрмайман. Менинг динимда гўшт ва аёлларни тарк қилиш йўқдир. Ҳужраларга, ғорларга кириб олиш ҳам йўқдир. Умматимнинг (Аллоҳ йўлида) юриши гўзалдир, (тарки дунё қилиб) роҳиблик қилиши – жиҳоддир. Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга ҳеч нарсани шерик қилманг! Ҳаж ва умра қилинг, намоз ўқинг, закотни беринг ва рамазон рўзасини тутинглар. Сизлардан олдингилар қаттиқ берилиш билан ҳалок бўлдилар. Улар ўзларига қаттиқ олувдилар, Аллоҳ уларга қаттиқ қилиб қўйди. Мана уларнинг монастир ва ҳужраларидаги қолдиқларигина қолди”, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.” Шунда улар : “Эй Расулуллоҳ, биз ичган қасамимизни нима қиламиз?”, дейишди. Улар аҳдлашишган нарсалари устида қасам ичишганди. Кейин Аллоҳ таоло “Аллоҳ сизни беҳуда қасамларингиз учун жавобгар қилмайди. ....”, деди.
 
90-оят. Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз!
Саъд ибн Абу Ваққос р.а. айтади: Бир гуруҳ муҳожирларнинг олдига боргандим, “Кел, бир зиёфат қилиб ароқ ичамиз”, дейишди. Бу ароқ ҳаром қилинишидан илгари эди. Боғда уларга қўшилдим. Олдиларида қовурилган ҳайвон калласи ва бир хум ароқ бор эди. Улар билан бирга ичдим. Кейин эса муҳожир ва ансорларни эслаб “Муҳожирлар ансорлардан кўра яхшироқдир”, дедим. Шунда бир киши калланинг жағини олиб, ўша билан бурнимни майиб қилди. Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)га бориб, айтдим. Шунда Аллоҳ таоло ароқ хусусида ушбу оятни нозил қилди. Имом Муслим ривояти.
Абу Майсара айтади: Умар ибн Хаттоб: “Эй Аллоҳ, хамр (ароқ) ҳақида бизга тўлиқ баён қилиб бер”, деди. Шунда бақара сурасидаги “Сиздан ароқ ва қимор ҳақида сўрайдилар...”, ояти нозил бўлди. Умарга ушбу оят ўқиб берилди. У яна “Эй Аллоҳ, ароқ ҳақида бизга узл-кесил баён қилиб бер”, деди. Шунда Нисо сурасидаги “Эй мўминлар, маст ҳолда намозга яқинлашманг...”ояти нозил бўлди. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг жарчилари намоз вақти бўлса: Маст одам намозга яқинлашмасин, деб нидо қилар эди. Умар чақирилиб,бу оят ҳам унга ўқиб беришди. У яна “Эй Аллоҳ, бизга ароқ ҳақида узл-кесил баён қилиб бер!”, деди. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди. Улар яна чақиришиб оятни ўқиб беришди. “...бас энди тийиласизларми?...”, деган жойига етганда Умар “Тийилдик”, деди. Ароқ ҳаром қилинишидан илгари ароқ ичиш туфайли бир неча ходисалар бўлган. Қуйидагилар шу жумладандир: Али бин Абу толиб айтади: Бадрдаги ўлжаларни менга теккан урғочи туям бор эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам менга Ҳумсдан битта урғочи туя бергандилар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қизлари Фотимага уйланмоқчи бўлиб, бани Қайнуқоълик бир заргар билан бирга бориб хушбуй ўсимлик олиб келишга ваъдалашдим. Хушбуйликни заргарлар билан савдо қилиб, никоҳ тўйимга ишлатмоқчи эдим. Бунга туяларимни бир ансорий кишининг ҳужраси ёнида чўктирилган эди. Мен туяларимга эгар, қоп ва арқонлар тўплаб келиб қарасам туяларимнинг ўркачлари кесиб ташланган, биқинлари ёрилиб жигарлари чиқариб ташланган эди. Бу манзарани кўриб кўзимга ишонмай қолдим. Буни ким қилди? Деб сўрадим. Одамлар “Ҳамзанинг иши, у уйда ансорий ичувчилар билан ўтирибди. Олдида қўшиқчи аёл ва шериклари ҳам бор. Қўшиқчи аёл: “ҚарангларҲамза туяларга борди.
Улар кенг жангда боғлиқ эди.
 Пичоғини уларнинг буғзига тортди.
 Ҳамза уларни қизил қонга белади.
 Уларнинг бурдаларидан қовурдоқнинг тутунида пиширилган кабоб қилиб еди.
Эй Абу Аммора, сен биздан зарар ва балаларни кетказишда умидли кишисан”, деб қўшиқ айтди.  Шунда Ҳамза қиличига сакради ва туяларни ўркачларини кесиб, биқинларини ёриб, жигарларини олди”, дейишди. Буни эшитиб мен, Расулуллоҳ (с.а.в.) нимадир бўлганини билиб: - Сенга нима бўлди? – дедилар. Мен “Эй Расулуллоҳ, бугунгидек кунни ҳеч кўрмаганман. Ҳамза Менинг туяларимга душманлик қилиб, ўркачларини кесиб ташлабди. Биқинини ёриб ташлади. У ҳозир уйда ароқ ичувчилар билан ўтирибди”, дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.) ридоларини келтирдилар-да пиёда жўнадилар. Мен ва Зайд ибн Хориса ҳам у кишига эргашдик. Ҳамза турган уйга бориб, изн сўрадилар. Изн берилди. Кириб қарасак у ерда ичувчилар ўтиришибди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳамзани қилган иши учун койидилар. Ҳамза маст, кўзлари қизарган эди. Ҳамза Расулуллоҳ (с.а.в.)га қараб назарини кўтариб у кишининг юзларига қаради сўнг: “Сизлар менинг отамнинг қулларисиз”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг мастлигини билиб орқаларига тисарилиб чиқиб кетдилар. Биз ҳам чиқдик. Бухорий ривояти.
Анас р.а. айтади: “Ароқ ҳаром қилинган куни мен Абу Талҳанинг уйида қавмнинг Соқий (яъни, ароқ қўйиб берувчи)си эдим. Уларнинг ичимлиги Пишган ва хом хурмодан тайёрланган шароб эди. Бирдан жарчи: Ароқ ҳаром қилинди, деб жар солди. Ароқ-шароблар мадина кўчаларида оқизилди. Шунда абу Талҳа “Чиқиб уни тўкиб ташла”, деди. Мен тўкиб ташладим. Шунда баъзи одамлар: “Фалончи ҳалок бўлди, Фалончи ҳалок бўлди, ароқ уларнинг қорнида қоди”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди”.
Имом Бухорий ва Муслим Барро ибн Озиб р.а.дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг асҳобларидан баъзилари ароқ ичиб вафот этишди. Энди ароқ ҳпром қилингач, баъзи одамлар: “Биродарларимиз қандай бўлишаркан. Улар ароқ ичишарди. Ўша ҳолларида вафот этишди?”, дейишди.
 
100-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “Гарчи нопок нарсанинг кўплиги сизни қизиқтирса ҳам, нопок нарса пок нарсага Барробар бўлмас. Бас, эй аҳли дониш, Аллоҳдан қўрқингиз, шояд нажот топсаларингиз!”.
Жобир р.а. айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.): Албатта Аллоҳ сизларга бутларга сиғинишни, ароқ ичишни ва насаблар билан тана қилишни ҳаром қилди. Огоҳ бўлинглар. Албатта ароқ ичувчи ҳам, тайёрловчи ҳам, қуйиб берувчи ҳам, сотувчи ҳам, пулини ейувчи ҳам лаънатланди, - дедилар. Шунда бир Аъробий туриб: “Эй Расулуллоҳ, мен ароқ сотиб тижорат қиладиган одамман. Ароқ сотиб, мол йиғдим. Шу молни Аллоҳнинг тоатига сарфласам, менга фойдаси тегадими?”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) “Агар уни Ҳажга ёки жиҳодга ёки садақага сарфласанг ҳам Аллоҳнинг наздида пашшанинг қанотига ҳам тенг бўлмайди. Аллоҳ фақат покиза нарсанигина қабул қилади”, дедилар. Шунда Аллоҳ Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сўзларини тасдиқлаб ушбу оятни нозил қилди.
 
101-оят. Эй мўминлар, (Аллоҳ сизлардан кечиб юборган), очилганда сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар! Қуръон нозил бўлаётганда у нарсалар ҳақида сўрасангиз, сизларга очиб берилади (яъни, зиммангизга юкланади). Ҳолбуки, Аллоҳ у нарсаларни кечиб юборган эди. Аллоҳ Мағфиратли, Ҳалимдир.
Ибни Аббос р.а. одамлар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан (билиш учун эмас, балки бошқа ҳар хил ниятларда) истеҳзо билан саволлар сўрашарди. Ҳатто туяси йўқолган киши: “Туям қаерда?”, деб сўрарди. Аллоҳ улар ҳақида ушбу ва кейинги оятларни нозил қилди.
Али бин абу толиб р.а.: Одамларга Аллоҳ учун ҳаж қилиш фарз бўлди, ояти нозил бўлгач, одамлар: “Эй, Расулуллоҳ, ҳар йилими?”, деб сўрашди. У киши жим турдилар. Кейин яна “Ҳар йилими?”, дейишди. У киши сукут қилдилар. Тўртинчи марта сўраганларида “Йўқ. Агар “Ҳа” деганимда вожиб бўлиб қоларди”, дедилар.
 
105-оят. Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (яъни, гуноҳлардан сақланингиз!) Мадомики, Ҳақ Йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар етказа олмас. Барчангиз ҳам Аллоҳга қайтишингиз бордир. Ана ўшанда Аллоҳ сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур.
Калбий Абу Солиҳдан, у ибни Аббосдан айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳажар аҳлига хат ёздилар. Уларнинг ҳокими Мунзир ибн Сава эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни исломга чақирдилар, агар бош тортсалар жизя тўлашга чақирдилар. Мунзирга хат етиб келгач уни ўз қарамоғидаги араблар, яҳудлар, насаролар, собийлар ва мажусийларга ўқиб берди. Уларнинг барчалари исломдан бош тортиб, жизя тўлашга рози бўлишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга яна хат ёзиб: “Араблардан фақат исломнигина қабул қил ёки қилич. Аҳли китоб ва мажусийлардан эса жизяни қабул қил”, дедилар. Мунзир бу хатни уларга ўқиб бергач, араблар исломни қабул қилишди. Аҳли китоблар ва мажусийлар жизя беришди. Шунда арабларнинг мунофиқлари – Муҳаммадга ҳайронмиз, у ўзини инсонларнинг барчаси токи исломни қабул қилмагунларича улар билан жанг қилиш учун юборилганман, деб даъво қиларди. Жизяни фақатгина аҳли китоблардан қабул қиларди. Энди эса араб мушрикларидан рад қилган нарсани Ҳажар аҳли мушрикларидан қабул қилаётганини кўряпмиз, - дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
 
106-оят. Эй мўминлар, Бировингизга ўлим келганда – васият қилар вақтида ўзингиздан (яъни, мусулмонлардан) бўлган икки адолат эгаси ёки бирор ерга сафар қилиб, ўша ерда сизга ўлим етган бўлса, (қиладиган васиятларингизга) ўзгалардан бўлган икки киши ўрталарингизда гувоҳ бўлсин! У гувоҳларни намоз ўқиб чиққанларидан кейин тутасизлар. Агар (уларнинг адолат қилишига) шубҳа қилсангиз, улар Аллоҳ номига (бундай) қасам ичадилар: “Гарчи гувоҳлик берилувчи (яъни, меросхўр) қариндошимиз бўлса-да бу қасамимизни озгина қийматга алмаштирмаймиз ва Аллоҳ учун берган гувоҳлигимизни яширмаймиз. Зотан, у ҳолда ҳеч шак-шубҳасиз, гуноҳкорлардан бўлиб қоламиз”.
Саид ибн Жубайр, ибни Аббос р.а.дан ривоят қилади: Тамим ад Дорий ва Адий ибн Зайд Маккага тез тез борибтуришарди. Бир сафар уларга Қурайшнинг Бани Саҳм уруғидан бир киши ҳамроҳ бўлди. У одам йўлда ўлди. У ерда мусулмонлардан ҳеч ким йўқ бўлиб, шу иккаласига нарсаларини васият қилди. Улар манзилга келгач аҳлига нарсаларни берди. Лекин кумушдан ясалиб, юзига олтин қопланган қадаҳини яшириб қолишди ва “Уни кўрмадик”, дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига олиб келинганларида “Аллоҳ номи билан, яширмадик ҳам, кўрмадик ҳам”, деб қасам ичириб қўйиб юбордилар. Кейин қадаҳ Макка аҳлидан бир қавм ҳузуридан топилди. Улар: “Биз буни Тамим ад Дарий ва Адий ибн Зайддан сотиб олдик”, дейишди. Ўлган кишининг аҳли қадаҳни олишди. Улардан икки киши Аллоҳ номи билан биродаримизнинг қадаҳидир, бизнинг гувоҳлигимиз у иккаласининг гувоҳлигидан ҳақлироқ, биз ҳаддимиздан ошмаяпмиз”, деб қасам ичишди. Шунда шу икки оят нозил бўлди.

Орқага Олдинга