loader

Анъом сураси

7-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Сизга қоғозга (ёзилган) бир мактуб туширсак ва уни қўллари билан ушлаб кўрсалар ҳам кофир бўлган кимсалар: “Бу очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас”, деган бўлур эди.
Калбий айтади: Макка мушриклари: “Эй Муҳаммад, Аллоҳга қасамки, токи Аллоҳнинг ҳузуридан бир битикни келтирмагунингча шу битик билан бирга тўртта фаришта келиб, шу битик Аллоҳнинг ҳузуридан эканлигига ва сен Аллоҳнинг элчиси эканингга гувоҳлик бермагунларича сенга иймон келтирмаймиз”, дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
 
13-оят. Кеча ва кундузга жо бўлган бор нарса Унингдир. У Эшитгувчи, Билгувчидир.
Калбий ибни Аббосдан ривоят қилади: Макка кофирлари Расулуллоҳ (с.а.в.)га келиб: “Эй Муҳаммад, биз биламизки, сен даъват қилаётган нарсага сени бир ҳожат ундаган, мажбур қилган. Биз молларимиздан сенга насиба ажратамиз. Токи, сен ичимиздан энг бойроғи бўласан ва бу ишингдан қайтасан”, дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
 
19-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг (сўранг): “Қай нарса (менинг ҳақ Пайғамбар эканимга) энг улуғ гувоҳ бўлур?” Айтинг: “Аллоҳ мен билан сизларнинг ўртамизда Гувоҳдир. Сизларни ва Қуръон етиб борган (барча) кишиларни (Охират азобидан) огоҳлантиришим учун менга – мана шу Қуръон ваҳий қилинди. Сизлар ҳақиқатан ҳам Аллоҳ билан бирга бошқа худолар ҳам бор эканлигига гувоҳлик бера оласизми?” Айтинг: “Мен бундай гувоҳлик бермайман!” Айтинг: “Ҳеч шак-шубҳасиз, Аллоҳ Якка-ю Ягонадир. Албатта мен сизларнинг ширкингиздан покман”.
Калбий айтади: Макка бошлиқлари: “Эй муҳаммад сени гапларингни, рисолатингни бирор киши тасдиқлаётганини кўрмадик. Сен ҳақингда яҳудий ва насаролардан сўраган эдик, уларда сенинг зикринг ҳам сифатларинг ҳам йўқлигини айтишди, бизга кўрсатчи ким сенга Аллоҳнинг элчиси эканингга гувоҳлик беради?”, дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.

25-оят. Улардан Сизга қулоқ тутадиганлариҳам бор, (лекин) Биз улар уни (Қуръонни) англамасликлари учун дилларини пардалаб, қулоқларини эса оғир қилиб қўйдик. Улар бор оятларни (мўъжизаларни) кўрсалар ҳам, у (оят)ларга иймон келтирмайдилар. Ҳаттоки Сиз билан жанжаллашгани олдингизга келганпайтларида ҳам кофир бўлган кимсалар: “Бу (Қуръон) фақат аввалгилардан қолган афсоналар холос”, дейдилар.
Абу Солиҳ ибни Аббосдан ривоят қилади: “Абу Суфён ибн Ҳарб, Валид ибн Муғийра, Назир ибн Ҳорис, Робианинг ўғиллари Утба ва Шайба, Халафнинг ўғиллари Умайя ва Убайлар Расулуллоҳ (с.а.в.)га қулоқ солишарди. Улар Назирга: Эй Абу Қотила, Муҳаммад нималар деяпти?”, дедилар. У “Каъбани ўзининг уйи қилган Зотга қасамки, нома деяётганлигини билмайман. Фақатгина бир нарсалар деб лаблари қимирлаганини кўраман. У фақатгина аввалгиларнинг афсоналарини гапиради. Худди мен сизларга ўтган авлодлар ҳақида гапириб берганимдек”, деди. Назир ўтган авлодлар ҳақида кўп гапирар эди. Қурайш унинг гапларини мароқ билан тинглашарди. Уни гапга чечан дейишарди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
 
26-оят. Улар (ўзгаларни) ундан (Қуръондан) қайтарадилар ва ўзлари ҳам ундан четланадилар. Улар ўзлари сезмаган ҳолларида фақат ўзларини ҳалок қиладилар, холос.
Саид ибн Жубайр ибни Аббосдан ривоят қилади: Бу оят Абу Толиб ҳақида нозил бўлган. У мушрикларни Расулуллоҳ (с.а.в.)га азият беришдан қайтарарди. Ўзига эса Расулуллоҳ (с.а.в.) келтирган нарсадан узоқлашиб борарди. Бу Абу Амр ибн Динор ва Қосим ибн Муҳаймирларнинг ҳам сўзларидир.
Муқотил айтади: Бу қўйидагича бўлган. Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Толибнинг ҳузурида уни исломга чақириб тургандилар. Қурайш ҳам Абу Толибнинг олдида жам бўлишди. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг даъватларини рад қилишди. Шунда Абу Толиб ушбу шеърни ўқиди.
Аллоҳга қасамки, мен тупроққа дафн қилинмагунимча улар сенга яқинлашолмайдилар.
Ишингни бажаравер, сенга офатлар бўлмайди. Бундан хурсанд бўл, қувонгин. Сен шубҳасиз одамзод динининг энг яхшисини келтирдинг. Агар маломат ва эҳтиёткорлик бўлмаганда эди, мени очиқ-ойдин бу динга қучоқ очганимни кўрар эдинг.
Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Муҳаммад ибн Ҳанафия, Саддий ва Заҳҳоклар айтади: Бу оят Макка кофирлариҳақида нозил бўлган. Улар одамларни Муҳаммад (с.а.в.)га эргашишдан қайтаришарди ва ўзлари ҳам ундан узоқлашарди. Волибийнинг ибни  Аббосдан қилган ривояти ҳам шундай.
 
33-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Биз уларнинг гаплари Сизни маҳзун қилишини билурмиз. Зотан, улар Сизни ёлғончи қилмайдилар, балки бу золимларАллоҳнинг оятларини инкор қиладилар.
Саддий ривоят қилади: Ахнас ибн Шурайқ ва Абу Жаҳл ибн Ҳишом учрашиб қолишди. Ахнас Абу Жаҳлга деди: “Эй Абул Ҳакам, менга Муҳаммад ҳақида айтчи, у ростгўйми ёки ёлғончими? Бу ерда сени сўзингни мендан бошқа ҳеч ким эшитмайди”, деди. Шунда абу Жаҳл: “Аллоҳга қасамки, Муҳаммад ростгўйдир. У ҳеч қачон ёлғон гапирмаган, лекин ундай бўлса Бани Қусай Ливони ҳам, Сиқояни ҳам, Ҳижобатни ҳам, Надвани ҳам, нубуватни ҳам олиб кетади-ку. Қурайшнинг бошқа уруғларига нима қолади?”, деди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Абу Майсара айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Жаҳл ва ҳамроҳлари олдидан ўтиб қолдилар. Улар: “Эй Муҳаммад, Аллоҳга қасамки, биз сени ёлғончига чиқармаймиз. Бизнинг наздимизда сен албатта ростгўйсан, лекин биз сен келтирган нарсанигина ёлғон деймиз”, дейишди. Шунда ушбу оят.......................
Муқотил айтади: Бу оят Ҳорис ибн Омир ибн Навфал ибн Абдуманноф ибн Қусай ибн Килаб ҳақида нозил бўлган. У Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ошкора ёлғончига чиқарарди, лекин ўз аҳли билан холи қолса: “Муҳаммад ёлғончилардан эмас. Мени уни ростгўй деб ҳисоблайман”, дер эди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
 
52-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз эрта-ю кеч Парвардигорларининг Юзини истаб Унга илтижо қиладиган зотларни (ҳузурингиздан) ҳайдаманг! Сизнинг зиммангиздауларнинг ҳисоб-китобларидан ҳеч нарса йўқдир ва сизнинг ҳисоб-китобингиздан уларнинг зиммаларида ҳеч нарса йўқдир. Бас, уларни ҳайдаб золимлардан бўлиб қолманг!
Саъд р.а ривоят қилади: Бу оят биз олти киши ҳақимизда нозил бўлган. Булар: Мен, ибн Масъуд, Суҳайб, Аммор, Миқдод ва Билоллардир. Қурайшийлар Расулуллоҳ (с.а.в.)га: – Биз ҳеч қачон анави (ялангоёқларга) эргашишга рози бўлмаймиз, уларни  ҳузурингдан ҳайда, (улар билан бирга ўтирмаймиз), - дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қалбларига Аллоҳ хоҳлаганича нарса келиб, шундай қилишни хоҳладилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Имом Муслим ривояти.
Ҳаббоб ибн Арат р.а.айтади: Бу оят Биз ҳақимизда нозил бўлган. Биз заиф бечоралар эдик. Эртаю кеч Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларида эдик. Қуръон ва яхшиликни ўрганардик. У киши бизга жаннат, дўзах, ўлим, қайта тирилиш каби фодали нарсаларни таълим берардилар. Ақро ибн Ҳабис Тамимий ва Уяйна ибн Ҳисн Фузорийлар келиб: “Биз қавмимизнинг шарафли кишиларимиз. Бизни биров мана шулар билан бирга кўришини хоҳламаймиз. “Эй Муҳаммад), агар сен билан бирга ўтирсак мана буларни ҳайдаб юборгин”, дейишди. У киши: “Хўб”, дедилар. Улар: “Орамизда шуни ҳужжат қилиб ёзиб қўймагунимизча рози бўлмаймиз”, дейишди. “.....Уларнинг баъзиларини баъзилари билан имтиҳон қилдик”, оятигача.
Ибни Масъуддан ривоят қилинади. Бир гуруҳ қурайшликлар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларидан ўтиб қолишди. У кишининг ёнларида Ҳаббоб ибн Арат, Суҳайб, Билол ва Амморлар бор эди. Мушриклар: “Эй Муҳаммад, сен мана шу (ялангоёқларга) розимисан? Бизни ҳам шуларга эргашишимизни хоҳлайсанми?”, дедилар. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Яна мана шу иснод билан Робиъдан айтилади: Одамлар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига ўтириш учун мусобақалашишарди. Билол, Суҳайб, Салмонлар шулар жумласидан эди. Қавмнинг шарафлилари, катталари келишганда мана шу кишилар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг атрофларини эгаллаб олишган бўларди. Шунда улар: “Суҳайб румлик, Салмон форслик, Билол Ҳабашлар унинг атрофида ўтириб олишган. Биз эса келиб бир чеккада ўтирамиз”, деб Расулуллоҳ (с.а.в.)га эслатишди ва: - Биз қавмингни саййидлари, ҳурматли кишиларимиз. Келганимизда бизни ўзингга яқин қилсанг бўлмайдими?, - деганларида Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай қилмоқчи бўлдилар. Лекин Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Икрима айтади: Робианинг ўғиллари Утба ва Шайба, Мутъим ибн Адий, Ҳорис ибн Навфал ва бошқа Бани Абдуманноф уруғининг шарафли кишилариАбу Толибнинг олдига келишиб: "Укангизнинг ўғли Муҳаммад ўз ҳузурига қулларни, ялангоёқ хизматкорларни, паст одамларни ҳайдаса, бизга маъқул бўларди. Унга эргашиб, тасдиқ қилардик”, дейишди. Абу Толиб Расулуллоҳ (с.а.в.)га бориб уларнинг гапини етказди. Шунда Умар ибн Хаттоб: “Уларнинг айтганини қилинг, токи биз уларнинг нима хоҳлаётганини кўрамиз, мақсадларини биламиз (эҳтимол уоардан бирортаси Исломга кириб, ислом у билан қувватланса)”, деди. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Умар айтган гапи учун узр сўради.

54-оят. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қачон Сизнинг олдингизга Бизнинг оятларимизга иймон келтирган зотлар келсалар Сиз уларга: “Салом алайкум – сизларга тинчлик бўлсин, Парвардигорингиз Ўз зиммасига раҳмат – марҳамат қилишни ёзгандир. Сизлардан ким билмасдан бирон ёмонлик (гуноҳ) қилса, сўнгра ўша ёмонлигининг кетидан тавба қилиб, (ўзини) тузатса, бас, (гуноҳи кечирилади), албатта (Аллоҳ) Мағфиратли, Меҳрибондир”, деб айтинг.  
Икрима айтади: Бу оят Аллоҳ таоло ўз пайғамбарини уларни ҳайдашдан қайтарган кишилар ҳақида нозил бўлган. Шу оят нозил бўлгач Расулуллоҳ (с.а.в.)уларни кўрганларида биринчи бўлиб салом берардилар ва: “Умматимдан мени уларга биринчи бўлиб салом беришга буюрган кишиларни чиқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дер эдилар.
Моҳан ал Ҳанафий айтади: Бир қавм Расулуллоҳ (с.а.в.)га келиб: “Биз кўп катта гуноҳ қилдик”, дейишди. Уларга нима жавоб қайтариш у кишининг хаёлларига келмади. Улар орқага қайтиб кетишгач,ушбу оят нозил бўлди.
 
57-оят. Айтинг: “Мен Парвардигорим тарафидан (Унинг Ёлғиз Маъбуд эканлиги хусусида) аниқ ҳужжатга эгаман. Сизлар эса Уни (яъни, Аллоҳ Ягона Тангри эканини) ёлғон дедингиз. Сизлар шоштираётган нарса (яъни, Аллоҳнинг азоби) менинг илгимда эмас, ҳукм қилиш фақат Аллоҳнинг ўзига хосдир. У Зот фақат ҳақни сўйлар. У (Ҳақ билан ноҳақни) ажратгувчиларнинг энг Яхшисидир.”
Калбий айтади: Бу оят Назир ибн Ҳорис ва Қурайш бошлиқлари ҳақида нозил бўлган. Улар истеҳзо қилиб: “Эй Муҳаммад, сен бизга ваъда қилган ўша азобни келтирчи”, дер эдилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
 
91-оят. (Яҳудийлар): “Аллоҳ башарга ҳеч нарса нозил қилган эмас”, деган пайтларида, Аллоҳни тўғри таний олмадилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз (уларга): “Одамлар учун нур ва ҳидоят бўлган ҳолида Мусо келтирган, сизлар дафтар қилиб олиб (айрим оятларни) кўрсатиб, (Муҳаммад пайғамбар ҳақидаги) кўп (оят)ларини эса яшириб юрадиган Китобни (Тавротни) ким нозил қилган эди?! (Ахир ўша Китобда) сизларга ўзларингиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам билмаган нарсалар таълим берилган эди-ку?!”, деб айтинг! Сиз ўзингиз “Аллоҳ”, деб (жавоб қилинг)! Сўнгра уларни ўзлари шўнғиган (нотўғри йўлларида адашган) ҳолларида тарк этинг!
Волибий ибн Аббосдан ривоят қилинади: Яҳудлар: “Эй Муҳаммад Аллоҳ сизга китоб нозил қилдими?” - дедилар. У киши: “Ҳа”- дедилар. Улар: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ осмондан бирор китоб нозил қилмаган”, -  дейишди. Шунда ушбу оят нозил қилди-да.
........Айтинг: одамлар учун нур ва ҳидоят бўлган Мусо келтирган китобни ким нозил қилган? .... деди.
Муҳаммад ибн Каъб Ал-Қурозий ривоят қилади: Аллоҳ Муҳаммад (с.а.в.)га аҳли китоблардан ўзи ҳақида ва китобларида топган пайғамбарлик сифатлари ҳақида сўрашни буюрди. Лекин уларнинг ҳасадлари уларни Аллоҳнинг китоби ва Расулига кофир бўлишига ундади ва улар: “Аллоҳ башар (зотига) бирор нарса нозил қилган эмас”, дедилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
Саид ибн Жубайр ривоят қилади: Яҳудлардан Молик Ибн Сайф исмли киши келиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)  унга: Сендан Мусога Тавротни нозил қилган зот номи билан, Тавротда “Аллоҳ семиз роҳибга ғазаб қилади” дейилганини кўрмаганмисан?” – дедилар. У семиз роҳиб эди. Шунда у ғазабланиб: “Аллоҳга қасамки, Алоҳ башарга бирор нарса нозил қилмаган”, деди. Шунда унинг ҳамроҳлари: “Сенга вой бўлсин, Мусога ҳам нозил қилмаганми?”, дейишди. У: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ҳеч бир башарга ҳеч нарсани нозил қилмаган”, деди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
 
93-оят. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ўзига ҳеч нарса ваҳий қилинмаган ҳолда: “Менга ваҳий кеди”, деган кимадан ҳамда: “Аллоҳ нозил қилган нарсанинг мислини (ўхшашини) мен ҳам нозил қила оламан”, деган кимсадан ҳам золмроқ ким бор? (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бу золимларни ўлим гирдобида қолган, ўлим фаришталари қўлларини чўзиб: “Жонларингизни берингиз! Бу Кун сизлар – Аллоҳ шаъниганоҳақ гапларни айтганларингиз ва Унинг оятларидан юз ўгирибкибру ҳаво қилганларингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланасизлар”, деб турган пайтда бир кўрсангиз эди.
Бу оят Мусайлама ал КаззобАл Ҳанафий ҳақида нозил бўлган. У қофия билан гапирарди ва коҳинлик қиларди. Пайғамбарликни даъво қилиб, Аллоҳдан ўзига ваҳий келишини айтарди.
“...Аллоҳ нозил қилганидек мен ҳам нозил қиламан”, - деган кимсага ... ояти Абдуллоҳ ибн Саъдибн Сарҳҳақида нозил бўлган. У Исломни гапириб юрарди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни бир нарса ёзишга чақирдилар. Мўминун сурасидаги: “Дарҳақиқат биз инсонни лойнинг сарасидан яратдик...” ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ (с.а.в.) бу оятни унга айтиб турибёздирдилар. Оят “...Сўнгра бошқача вужудни пайдо қилдик...”га етгач, Абдуллоҳ инсон яралишининг бунчалик муфассал баёниданажабланиб: “Яратувчиларнинг энг гўзали Аллоҳ Баррокатлидир”, деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Менга худди шу гап нозил бўлди”, дедилар. (Оятнинг давоми худди шундай эди). Бундан абдуллоҳ шубҳаланиб: “Агар у ростгўй бўлса, худди унга оят нозил бўлганидек, менга ҳам оят нозил бўлди. Агар у ёлғончи бўлса, худди у айтганидек мен ҳам айтдим”, деди. Аллоҳнинг ушбу ояти шу ҳақидадир.Кейин у муртад бўлиб исломдан чиқиб кетди. Бу Калбий ибниАббосдан ривоят қилган сўздир.
Шураҳбил ибн Саъд айтади: Ушбу оят Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Сарқ ҳақида нозил бўлган. У: “Аллоҳ нозил қилганидек мен ҳам нозил қиламан”, деган эди ва исломдан чиқиб кетганди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Маккага киргач, Усмон уни Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларига келтириб омонлик сўради.
 
100-оят. (Мушриклар) Аллоҳга жинларни шерик қилдилар (яъни, жинларни ҳам худо деб билдилар). Ҳолбуки, уларни (Аллоҳнинг) Ўзи яратган эди. Яна Унинг учун билмаган ҳолларида ўғил-қизлар “ясаб” олдилар. У Зот булар сифатлаётган нарсалардан (шериклар ва болалардан) Пок ва Юксакдир.
Калбий айтади: Бу оят Зиндиқлар ҳақида нозил бўлган. Улар: “Аллоҳ ва Иблис биродардирлар. Аллоҳ инсонларнинг, ҳайвонларнинг яратувчисидир. Иблис эса илонлар, йиртқичлар ва чаёнларнинг яратувчисидир”, дейишарди. Аллоҳнинг ушбу сўзи шу ҳақидадир.
 
108-оят. (Эй мўминлар), сизлар Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни(нг бутларини) сўкмангиз!У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкурлар. Биз ҳар бир миллатга ўзлари қилган амални мана шундай чиройли кўрсатиб қўйганмиз. Сўнгра Парвардигорларига қайтмоқликлари бор. Бас, У Зот уларга қилиб ўтган амалларининг хабарини берур.
Волибий ибни Аббосдан ривоят қилади: Мушриклар: “Эй муҳаммад, ё бизни илоҳларимизни ҳақорат қилишдан тийиласан, ёки биз ҳам сени Роббингни ҳажв қиламиз”, дейишди. Шунда Аллоҳ уларнинг бутларини ҳақорат қилишдан қайтарди. Улар ҳам душманлик қилиб илмсизлик билан Аллоҳни ҳақорат қилишлари мумкин эди.
Қутода айтади: Мусулмонлар кофирларнинг илоҳларини сўкишарди.Улар ҳам буни мусулмонларга қайтаришарди. Шунда Аллоҳ уларни жоҳил, Аллоҳни танимаган қавм билан Роббиларини сўкишдан қайтарди.
Саддий айтади: Абу Толибга ўлим келгачқурайшликлар: “Юринглар, Абу Толибнинг олдига бориб, укасининг ўғлини биздан тийиб қўйишини сўраймиз, унинг ўлимидан кейин биз уни ўлдиришдан уяламиз. Чунки араблар: “Уни амакиси ҳимоя қилиб турарди, ўлгач уни ҳам ўлдиришди”, дейишлари мумкин”, дедилар. Абу Суфён, Абу Жаҳл, Назр ибн Ҳорис, Умайя ибн Халаф, Уқба ибн Абу Муъит, Амр ибн Ос ва Асвад ибн Бухтарийлар Абу Толибнинг ҳузурига боришди. Унга: “Сиз бизнинг каттамиз ва саййидимизсиз. Муҳаммад бизга ва илоҳларимизга азият беряпти. Сиз уни чақириб илоҳларимизни гапиришдан тийиб қўйишингизни хоҳлаймиз. Биз ҳам унинг илоҳини тинч қўямиз”, дейишди. Абу толиб Расулуллоҳ (с.а.в.)ни чақирди ва: “Мана бу сенинг қавминг ва амакингни ўғилларидир”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) “Нима хоҳлашади?”, деб сўрадилар. Улар: “Бизни ва илоҳларимизни ўз ҳолига қўйишингни хоҳлаймиз. Шунда биз ҳам сенинг илоҳингни ўз ҳолига қўямиз”, дейишди. Абу Толиб: “Қавминг сенга инсоф қилаяпти, улардан қабул қил”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Айтингларчи, агар мен сизлар хоҳлаган нарсани қилсам, сизлар менга бир сўзни айтасизларми? Агар уни айтсангизлар арабларга бош бўласизлар, ажамлар у туфайли сизга бўйсунади”, дедилар. Шунда абу Жаҳл: “Ҳа, отангга қасамки, ўша сўзни ва шунга ўхшаган ўнта сўзни айтамиз. Нима экан-у?”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) “Ла илаҳа иллаллоҳ”, денглар, дедилар. Улар бош тортиб нафратланишди. Шунда абу Толиб: “Эй укамнинг ўғли, шундан бошқасини айт, қавминг бундан даҳшатга тушяпти”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Эй амаки, мен ундан бошқасини айтмайман. Агар қуёшни келтириб, уни қўлимга қўйсалар ҳам шу сўздан бошқасини айтмайман”, дедилар. Улар: “Бизнинг илоҳларимизни ҳақорат қилишдан тийиласан ёки биз ҳам сени васенга буюраётган
Зотни ҳақорат қиламиз”, дейишди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
 
109-111 оятлар. Улар агар бирон оят – мўъжиза келса, албатта унга иймон келтиришлари ҳақида жон-жаҳдлари билан Аллоҳ номига қасам ичдилар. Айтинг: “Оятлар фақат аллоҳнинг ҳузуридадир”. Қаердан билурсизлар (эҳтимол) оят келган вақтда ҳам иймон келтирмаслар. Ва Биз худди аввал-бошда унга (яъни, аллоҳнинг оятларига) иймон келтирмаганлари каби уларнинг дил ва кўзларини айлантириб қўйюрмиз ва ўз туғёнларидаадашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилурмиз. Агар биз (Макка мушрикларига улар талаб қилаётган) фаришталарни туширганимизда ва ўликлар (қабрларидан тирилиб келиб) уларга гапирганларида ҳамда барча нарсани (халойиқни) уларнинг олдида очиқ-аён тўплаганимизда ҳам улар иймон келтирувчи бўлмайдилар, магар Аллоҳ хоҳласагина (иймон келтирурлар). Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар.
Муҳаммад ибн Каъб айтади: Қурайшликлар Расулуллоҳ (с.а.в.)га: “Эй Муҳаммад, хабар берган эдингки, Мусонинг асоси бор эди. У билан тошни урганда ўн икки булоқ отилиб чиққанди. Исо эса ўликларни тирилтирарди. Самуд қавмининг туяси бор эди. Бас, сен ҳам ушбу оят мўжизалардан бирортасини келтир. Биз сени тасдиқлаймиз”, дейишди. Улар: “Ҳа, Аллоҳга қасамки агар сен шуни қилсанг ҳаммамиз сенга эргашамиз”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) дуо қилдилар. Жаброил а.с. келиб: “Хоҳласанг Сафо олтинга айланади, лекин бирор мўжиза оят келиб одамлар уни тасдиқламасалар, аниқ азоб туширилади. Агар хоҳласанг ораларидаги тавба қилувчилари тавба қилгунча мен уларни тарк этаман”, деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Тавба қилувчилар тавба қилгунларича уларга индама”, дедилар. Шунда Аллоҳ “Аллоҳ хоҳлаганидан бошқалари иймон келтирмаслар...” оятигача нозил қилди.
 
121-оят. Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан бу (иш) итоатсизликдир. Албатта шайтонлар ўз дўстларини (яъни мушрикларни) сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйинсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклардан бўлиб қолурсизлар.
Мушриклар: “Эй Муҳаммад, айтгинчи агар қўй ўлиб қолса, уни ким ўлдирган бўлади”, деб сўрашди. У киши: “Уни Аллоҳ ўлдиради”, дедилар. Улар: “Сенингча сен ва асҳобларинг сўйган нарса ва итлару лочинлар (овда) ўлдирган нарсалар ҳалолу, Аллоҳ ўлдиргани ҳаромми?”, дейишди.  Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Икрима айтади: Аллоҳ таоло ўлимтик гўштининг ҳаромлиги ҳақида оятнозил қилгач, форслик мажусийлар Қурайш мушрикларига хат ёзишди. Улар ўзаро дўст эдилар. Хат қўйидагича эди: “Муҳаммад ва унинг асҳоблари ўзларини Аллоҳнинг амрига эргашяпмиз, деб ўйлаяптиларми? Улар сўйган нарса ҳалолу Аллоҳ ўлдирган нарса ҳаром бўлиб қолдими?”, бу хат айрим мусулмонларнинг қалбига иккиланиш солди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
 
122-оят. Ахир аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра Биз Уни (Ҳақ Йўлга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган нурни (иймонни) бериб қўйганимизбир киши – зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чмқувчи бўлмаган кимсага ўхшайдими?! (Мўминларга иймонлари қандай чиройли кўринса) кофирларга ҳам қилаётган амаллари шундай чиройли қилиб кўрсатиб қўйилди.
Ибни Аббос р.а. айтади: Ҳамза ибн Абдулмуттолиб ва Абу Жаҳл ҳақидадир. Абу Жаҳл Расулуллоҳ (с.а.в.)га ичак чавоқларни отди. Ҳамза ҳали иймон келтирмаган эди. Абу Жаҳл қилган ишни Ҳамза эшитди. У овдан қайтаётган бўлиб, қўлида камони бор эди. Ғазабланиб камон билан Абу жаҳлнинг устига бостириб борди. У эса титраб: “Эй Абу Яъло унинг келтирган нарсасини кўрмаяпсанми? Ақлли кишиларимизни аҳмоққа чиқараяпти, илоҳларимизни ҳақоратлаяпти, ота-бобомизга хилоф иш қилаяпти-ку”, деди. Шунда Ҳамза: “Сизлардан кўра аҳмоқ одам борми?! Аллоҳни қўйиб тошларга сиғинасиз. Мен гувоҳлик бераманки Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ ва Муҳаммад унинг қули ва пайғамбаридир”, деди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Зайд ибн Аслам айтади: Оятдаги “...ўлик бўлган одамни тирилтириб...”, яъни Умар ибн Хаттоб р.а. “Зулматлар ичида қолган...” бу абу Жаҳл ибн Ҳишомдир.

Орқага Олдинга