loader

Тавба сураси

12-оят. Агар аҳдлашганларидан кейин қасамларини бузсалар ва сизларнинг динингизга тош отсалар, у  ҳолда (бу кирдикорларидан) тўхташлари учун куфр етакчиларига қарши жанг қилингиз! Зеро, улар учун ҳеч қандай қасам йўқдир. (Яъни, улар мудом ўзлари ичган қасамларини бузаверадилар).
Ибн Аббос (р.а): Бу оят Абу Суфён ибн Ҳарб, Ҳорис ибн Ҳишом, Суҳайл ибн Амр, Икрима ибн Абу Жаҳл ва бошқа Қурайш пешволари ҳақида нозил бўлган. Улар аҳдни бузишган кишилардир ва улар пайғамбарни (Маккадан)  чиқариб юборишга ҳаракат қилган кишилардир.
 
17-оят. Мушриклар ўзларининг кофир эканликларига гувоҳ бўлган ҳолларида Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари жоиз эмас. Улар қилган амаллари беҳуда кетар, ўзлари эса дўзахда абадий қолгувчилардирлар.
Муфассирлар айтадилар: Бадр кунида Аббос асирга тушгач, мусулмонлар унга Аллоҳга кофир бўлганлигини ва қариндошчиликни узганлигини айтиб айблашди. Али (р.а.) унга қаттиқ-қўпол гаплар айтди.
Шунда Аббос: Нима учун фақат бизнинг ёмонликларимизни айтаяпсизлару яхшиликларимизни эсламаяпсизлар? – деди.
Али унга: - Сизнинг яхшилигингиз ҳам  борми? – деди.
У: - Ҳа, биз масжидул Ҳаромни обод қиламиз, Каъбани ҳижоблаймиз, ҳожиларга сув берамиз, қийналганларга ёрдам берамиз, - деди. Шунда Аллоҳ азза ва жаллла Аббосни рад қилиб Ушбу оятни нозил қилди.
 
19-оят. (Эй мушриклар), сизлар ҳожиларга сув беришни ва Масжид ал-Ҳаромни обод қилишни – Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган ҳамда Аллоҳ йўлида курашган зотлар(нинг амалларига) тенг, деб билдингизми?! Улар (Яъни, мўминлар билан мушриклар) Аллоҳ наздида тенг эмаслар, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас.
Маъмар ибн Башир: Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг минбарлари олдида эдим. Бир киши: - Ҳожиларга сув улашганимдан кейин бирорта амал қилмасам ҳам фарқи йўқ, - деди. Бошқаси эса: Масжид ул-Ҳаромни обод қилганимдан кейин бирор амал қилмасам ҳам фарқи йўқ, - деди. Яна бошқаси эса: - Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш сизлар айтаётган нарсадан афзалроқдир, - деди. Шунда Умар (ра) уларни тўхтатди ва: - Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг минбарлари олдида овозингизни кўтарманг, бугун жума куни, намоз ўқиб бўлгач, кириб Расулуллоҳ (с.а.в.)дан сизлар ихтилоф қилган нарсангиз ҳақида фатво сўрайман, -  деб, шундай қилди. Шунда Аллоҳ таоло Ушбу оятни нозил қилди.
Имом Муслим ривояти
Волибийнинг ривоятида Ибн Аббос (ра): - Бадр кунида асир тушгач Аббос ибн Абдулмуттолиб: - Сизлар биздан ислом, ҳижрат ва жиҳод билан  ўзиб кетган бўлсангизлар, биз ҳам Масжид ул-Ҳаромни обод қилардик, ҳожиларга сув берардик, қийналганларга ёрдам берардик, - деди. Шунда Аллоҳ таоло Ушбу оятни нозил қилди.
Ҳасан, Шаъбий ва Қурозий: - Бу оят Али, Аббос ва Талҳа ибн Шайба ҳақида нозил бўлган. Улар ўзаро мақтанишди.
Талҳа: - Мен уй (Каъба)нинг нозириман, унинг калити менинг қўлимда. Ёпинчиғи ҳам мендадир, - деди.
Аббос эса: - Мен ҳожиларга сув беришнинг эгасиман, шуни бажараман, - деди.
Али эса: - Сизлар нима деяётганингизни мен билмайман. Мен одамлардан олти ой олдин (исломга кириб) намоз ўқиганман ва мен жиҳод қилганман, - деди. Шунда Аллоҳ таоло Ушбу оятни нозил қилди.
Ибн Сирин ва Мура ал-Ҳамадоний: Али Аббосга : Сен ҳижрат қилмайсанми? Пайғамбар (с.а.в.)га етишмайсанми? – деди.
Шунда у: - Мен ҳижратдан кўра афзалроқ нарсани қилмайманми? Аллоҳнинг Байтини ҳаж қилувчига сув бермайманми ва Масжид ул-Ҳаромни обод қилмайманми? – деди. Шунда Ушбу оят нозил бўлди.
 
23-оят. Эй мўминлар, агар иймондан куфрни афзал билсалар, ота-оналаринингиз ва ака-укаларингизни (ҳам) дўст тутмангиз! Сизларнинг ичингизда кимда-ким уларни дўст тутса, (яъни, уларни деб иймондан куфрга қайтса) бас, улар золимлардир.
Калбий айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилишга буюрилганларида одамлар ўз оталари, ака-укалари ва хотинларига: - биз ҳижрат қилишга бюрилдик, - деб айта бошладилар.
Баъзиларнинг яқинлари бунга рози бўлишиб, ўз ҳолига қўйишди. Баъзиларнинг эса хотини, бола-чақалари маҳкам осилиб олиб: - Аллоҳ номи билан сўраймиз, бизни қаровсиз ҳеч нарсасиз ташлаб кетмагин, биз хор бўламизку, - дейишди. Шунда унинг кўнгли юмшаб, аҳллари билан қолди ва ҳижратни тарк этди. Шунда уларни айблаб ушбу оят нозил бўлди.
 
24-оят. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, жуфтларингиз, қариндош – уруғларингиз ва касб қилиб топган мол-дунёларингиз, касод бўлиб қолишидан қўрқадиган тижоратларингиз ҳамда яхши кўрадиган уй-жойларингиз сизларга Аллоҳдан, Унинг пайғамбаридан ва Унинг йўлида жиҳод қилишдан суюклироқ бўлса, у ҳолда то Аллоҳ ўз амрини (яъни, азобини) келтирганича кутиб тураверинглар. Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳидоят қилмас.
Бу оят Мадинага ҳижрат қилмасдан Маккада қолган мусулмонлар ҳақида нозил бўлган.
... то Аллоҳ ўз амрини (яъни, азобини) келтирганича кутиб тураверинглар...оятидаги «Аллоҳнинг амри»дан мурод – жанг ва Макка фатҳидир.
 
34-оят. Эй мўминлар, ўша донишмандлар, роҳиблардан кўпчилиги одамларнинг молларини ноҳақ (йўл) билан ейдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар. Олтин-кумушни босиб уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг!
Бу оят Аҳли китоблардан бўлган уламолар ва қорилар ҳақида нозил бўлган. Улар авом халқларидан тугун (пора) олардилар. Яъни оми одамлардан ҳар хил сабаблар билан егулик, пул ва бошқалар олишарди.
Аллоҳ таолонинг сўзи: - ... Олтин-кумушни босиб уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг!
Зайд ибн Ваҳб айтади: Робзадан ўтаётиб, Абу Зарни кўриб қолдим. Унга: -  Нима учун бу манзилда ўтирибсиз, - дедим.
У: - Мен Шомда эдим. Муовия билан «Олтин ва кумушларни хазина қилиб олиб ...» ояти тўғрисида ихтилоф қилиб қолдим.
Муовия: - Бу оят аҳли китоблар ҳақида нозил бўлган, - деди.
Мен эса: - Бу оят биз ва улар ҳақида нозил бўлган, - дедим. Мана шу масала ҳақида орамизда келишмовчилик бўлди. У мендан шикоят қилиб Усмонга хат ёзди.
Усмон менга: - «Мадинага келгин», - деб хат ёзибди. Шунинг учун мен Мадинага келдим. Одамлар мени худди мени аввал кўрмаганларидек атрофимга тўпланиб олишди. Мен буни Усмонга айтдим.
У: - Агар хоҳласанг ўзингни четга олгинда (менга) яқин бўлгин, - деди. Шу сабабдан мен шу ерда ўтирибман. Агар менга бир хабашни амир қилсалар ҳам албатта эшитиб, итоат қилардим, - деди.
Имом Бухорий ривояти
Муфассирлар ҳам бу оят ҳақида ихтилоф қилишган. Баъзиларнинг фикрича бу оят аҳли китоблар ҳақида махсус нозил бўлган.
Саддий: - бу оят Қибла аҳллари ҳақидадир.
Заҳҳок: - Бу оят аҳли китоблар ва мусулмонлар учун умумийдир.
Ато ибн Аббосдан: - Бу оятда (Аллоҳ) мўминлардан (шундай қилувчиларни) назарда тутди.
Савбондан: - Ушбу оят нозил бўлганда Расулуллоҳ (с.а.в.): - Олтин ва кумуш қуриб кетсин, - дедилар.
Одамлар: Эй Расулуллоҳ, ундай бўлса биз қайси молни хазина қилиб йиғиб қўямиз, - дейишди. Шунда у киши: - Шукр қилувчи қалбни, зикр қилувчи тилни ва солиҳа жуфти ҳалолни, - дедилар.
 
38-оят. - Эй мўминлар, сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида жиҳодга (чиқинглар), дейилса, ўз ерингизга (яъни, юртингизга) ёпишиб олдингиз?! Охират (неъматлари)дан юз ўгириб, ҳаёти дунё (лаззатлари)га рози бўлурмисиз?! Охират олдида бу дунё матоси жуда оз нарса-ку?!
Бу оят Табук ғазотига (одамларни) ундаш – қўзғатиш учун нозил бўлган.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Тоифдан ва Ҳунайн ғазотидан қайтгач Румга ғазот қилиш учун жиҳодга буюрилдилар. Бу қаттиқ қийинчилик жуда иссиқ ва қурғоқчилик, қаҳатчилик замонида бўлган эди. Хурмо терилиб, мевалар пишган вақтда эди. Шунинг учун Рум ғазоти одамларга оғир ботган эди. Улар соя-салқин жойларда мол-мулклари ва масканларида қолишни хоҳлардилар. Жанг учун чиқиш уларга қийин бўлди, оғир ботди. Аллоҳ одамларнинг сусткашлигини билгач, ушбу оятни нозил қилди.
 
41-оят. - (Эй мўминлар), хоҳ енгил, хоҳ оғир ҳолингизда (яъни, истасангиз, истамасангиз жиҳодга) чиқингиз ва молу жонларингиз билан Аллоҳ йўлида курашингиз! Агар билсангизлар, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир.
Бу оят камчилик, машғул бўлиб қолиш, ишларни кўпайиб кетиши каби баҳоналар билан (жиҳоддан қолиш учун) узр сўровчилар ҳақида нозил бўлган. Бас, Аллоҳ таоло уларнинг узрларини қабул қилмади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам қўзғалишларни хоҳлади.
Анас (ра)дан: - Абу Талҳа ушбу оятни ўқиб: - Аллоҳ бирор кишининг узурини қабул қилганини эшитмадим, - дедида мужоҳид бўлиб Шомга кетди ва вафот этди.
Саддий: Миқдод ибн Асвад Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келди. У катта, семиз киши эди. У Расулуллоҳ (с.а.в.)га (семизлигини) шикоят қилиб, (қолишга) изн беришини сўради. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Бу оят нозил бўлгач, одамларга оғир ботди. Шунда Аллоҳ таоло бу оятни мансуҳ қилиб,  ... заифлар учун ва касаллар учун (гуноҳ) йўқдир ... оятини нозил қилди. Сўнг Табук ғазотидан қолган мунофиқлар ҳақида.
 
42-47 оятлар: - (Эй Муҳаммад), агар (Сиз даъват қилаётган жиҳод) осон фойда ва яқин сафар бўлганида, улар (яъни, мунофиқлар) албатта сизга эргашган бўлур эдилар. Лекин уларга масофа узоқ бўлиб кўринди (шунинг учун чиқмадилар). Ҳали улар (ёлғон қасам билан) ўзларини ҳалок қилиб: «Агар қодир бўлганимизда сизлар билан бирга чиққан бўлур эдик», деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ эса уларнинг ҳеч шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларини билур.

43-оят. - (Эй Муҳаммад). Аллоҳ сизни авф қилди. (Лекин) нима учун то сизга ростгўй кишилар аниқ бўлиб ёлғончиларни ҳам аниқ билгунингизча, (яъни, уларнинг ёлғон қасамларига ишониб) уларга  (жиҳодга чиқмаслик учун) изн бердингиз?!

44-оят. - Аллоҳга ва Охират кунига ишонган зотлар сиздан молу жонлари билан жиҳод қилишдан (қолиш учун) изн сўрамайдилар. Аллоҳ тақводорларни билгувчидир.

45-оят. - Балки фақат Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган ва кўнгилларида шак-шубҳа бўлган кимсаларгина сиздан  (қолиш учун) изн сўрайдилар. Чунки улар ўз шубҳаларида иккиланиб юрадилар.

46-оят. - Агар улар (жиҳодга) чиқишни истаганларида унинг учун тайёргарлик кўриб қўйган бўлур эдилар. Лекин Аллоҳ чиқишларини истамай уларни дангаса қилиб қўйди ва уларга (ўзларидан бўлган кимсалар тарафидан): «Қолганлар (яъни, аёллар, ёш болалар ва ожиз – нотавон кишилар) билан бирга ўтираверинглар», дейилди.

47-оят. Агар улар сизларнинг орангизда чиққанларида ҳам сизларга фақат ортиқча зиён бўлган ва ўрталарингизда сизларни фитнага солиш учун югуриб-елиб юрган бўлур эдилар ҳамда ораларингизда уларга қулоқ солувчилар ҳам (топилган) бўлур эди. Аллоҳ золим кимсаларни билгувчидир. Тавба 42-47 оятларини нозил қилди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) (жиҳод учун) чиққач, лагерларини «Саниятул Ваъдоъ»да яъни, Ваъдоъ теппалигида ўрнатдилар. Абдуллоҳ ибн Убай эса Саниятул Ваъдоъдан пастда Зил Ҳидда деган жойда лагерни қурди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) йўлга тушганларида эса, Абдуллоҳ ибн Убай ва у билан бирга  мунофиқлар шубҳа аҳллари йўлга тушмай Расулуллоҳ (с.а.в.)дан қолиб кетишди. Шунда Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига тасалли бериб: Агар улар сизларнинг ичингизда (Жангга) чиққанларида ҳам, сизларга фақат саросимани зиёда қилган бўлар эдилар... оятини нозил қилди.
 
49-оят. – Уларнинг орасида: «Менга (жангдан қолиш учун) изн бергин, мени фитнага солмагин», дейдиган кимсалар ҳам бордир. Огоҳ бўлингизким, улар (жангдан қолишлари сабабли), фитнанинг ўзига тушдилар. Шак – шубҳа йўқки, жаҳаннам кофирларни ўраб олгувчидир.
Бу оят мунофиқ Жадд ибн   Қайс ҳақида нозил бўлган. Табук ғазоти учун тайёргарлик вақтида Расулуллоҳ (с.а.в.) унга: - Эй Абу Ваҳб, бани Асфарга қарши курашга чиқмайсанми? Улардан чўри – асира-ю хизматкорлар олардинг дедилар.
Шунда у: - Эй Расулуллоҳ, қавминг биладики, мен аёлларга жуда қизиққан кишиман. Бани Асфар аёлларини кўрсам улардан сабр қилолмай қоламан деб қўрқаман. Шунинг учун улар билан мени фитналантирманг. Менга қолиш учун изн беринг. Мен сизга молим билан ёрдам бераман, - деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) ундан юз ўгириб: - Сенга изн бердим, - дедилар. Шундан Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди. Бу оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ (с.а.в.) бани Салама  уруғига: - Эй бани Салама, сизларнинг саййидларинигиз ким, - дедилар. Жадд ҳам шу уруғдан эди.
Улар: - Саййидимиз Жадд ибн Қайс, лекин у қўрқоқ ва бахилдир, - дейишди.
Расулуллоҳ (с.а.в.): - Бахилликдан кўра ёмонроқ дард борми? Балки сизларнинг саййидингиз саҳоватли жингалаксоч йигит Бишр ибн Баро ибн Маъруфдир, - дедилар. Бу оятдан кейин  токи:
 
50-оят. Агар сизга бирон яхшилик (ғалаба ёки ўлжа етса, бу уларни ҳафа қилур. Агар сизга Уҳуд жангида бўлганидек) бирон мусибат етса: “Ишнинг олдини олибмиз”, дейишиб, хурсанд бўлган ҳолларида юз ўгириб кетурлар.

51-оят. Айтинг: «Бизга фақат Аллоҳ биз учун ёзиб қўйган нарсагина етур. У бизнинг ҳожамиздир. Бас, иймонли кишилар фақат Аллоҳгагина суянсинлар!».

52-оят. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Сизлар биз учун фақат икки яхшилик (яъни ё шаҳид бўлишимиз ёки ғалаба қилишимиз)дан бирини кутмоқдамиз. Биз эса сизлар учун Аллоҳ сизларга ўз даргоҳидан ёки бизнинг қўлимиз билан бир азоб етказишини кутмоқдамиз. Бас, сизлар ҳам кутуверинглар, биз ҳам сизлар билан бирга кетгувчимиз».

53-оят. Айтинг: «(Эй мунофиқлар), хоҳ ўз хоҳишингиз билан, хоҳ мажбуран инфоқ-эҳсон қилинглар, сизлардан ҳаргиз қабул қилинмас. Чунки сизлар итоатсиз қавм бўлдингиз».

54-оят. Қилган инфоқ-эҳсонлари (Аллоҳ даргоҳида) қабул қилинишидан тўсган нарса фақат уларнинг Аллоҳ ва унинг пайғамбарига иймон келтирмаганлари, намозга фақат эринган ҳолларидагина келишлари ва ўзлари истамаган ҳоллардагина инфоқ-эҳсон қилганликларидир.

55-оят. Бас, сизни уларнинг молу дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Чунки Аллоҳ ўша нарсалар сабабли ҳаёти дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва кофир бўлган ҳолларида, жонлари чиқишини истайди, холос.

56-оят. Улар ўзларининг сизлар билан бирга эканликларига Аллоҳ номига қасам ичадилар. Ҳолбуки, улар сизлардан эмасдирлар. Фақат улар қўрқоқ қавмдирлар (яъни, мунофиқликлари маълум бўлиб қолса, бошларига бошқа кофирларнинг куни тушиб қолишидан қўрқадилар).

57-оят. Агар улар бирон бошпанами, ғорми ёки кирадиган бирон тешикми топсалар эди, чопганларича ўшанга қараб жўнаб қолган бўлур эдилар.

58-оят. Уларнинг орасида садақотлар тўғрисида сизга таъна қилгувчи кимсалар ҳам бордир. Бас, агар ўша садақалардан уларга ҳам берилса, рози бўладилар, агар берилмаса, бирдан норози бўлиб қоладилар.

60-оят. Албатта, садақалар (яъни закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошно қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир.
Абу Сайид Ал-Худрийдан: - Расулуллоҳ (с.а.в.) улушларни тақсим қилаётган пайтда ибн Зилл Хувайсиро ат-Тамимий келди. У хаворийчиларнинг асли бўлган Ҳарқус ибн Зоҳирдир. (Хаворижлар мана шу кишидан келиб чиққан).
У: - Эй Расулуллоҳ, биз ҳақимизда адолат қилинг, - деди. Шунда у киши: - Шўринг қурсин, мен адолат қилмасам ким адолат қилади, - дедилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
Имом Бухорий ривояти
Калбий: - Бу оят «муаллафи қулублар», (яъни, қалбларни исломга ошно қилиш учун мол садақа бериладиган кишилар) ҳақида нозил бўлган. Улар мунофиқлардир. Абул Хувасир исмли киши Расулуллоҳ (с.а.в.)га: - Тенг (адолат билан) тақсимламадингиз, - деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
 
61-оят. Уларнинг орасида пайғамбарга озор берадиган ва «у (яъни, пайғамбар) қулоқ тутувчи (яъни, эшитган нарсасига ишонаверадиган киши)» дейдиган кимсалар бордир. Айтинг: («Ҳа, у) сизлар учун яхшилик бўлган нарсага қулоқ тутгувчи, Аллоҳга иймон келтирувчи мўминларга ишонадиган ва сизларнинг орангиздаги иймон келтирган зотлар учун раҳмат-марҳамат бўлган зотдир. Аллоҳнинг пайғамбарига озор берувчи кимсалар учун эса аламли азоб бордир.
Бу оят мунофиқлардан бир жамоат ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)га азият беришар ва ҳар хил кераксиз гапларни айтишарди. Баъзилари: - Бундай қилманглар, биз айтаётган гапларингиз унга етишидан ва бизни жазолашидан қўрқамиз, - дейишса, Жаллос ибн Сувайд: - Хоҳлаган нарсамизни гапирамиз. Кейин унинг олдига борсак, у бизни гапларимизни (баҳонамизни) тасдиқлайди. Муҳаммад «Эшитувчи қулоқдир», - деди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Ясар ва бошқалар: - Бу оят Набтол ибн Ҳорис исмли бир мунофиқ ҳақида нозил бўлган. У азлам (жирканч). Икки кўзи қизил, икки бетини офтоб урган, яратилиши жуда хунук киши эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) у ҳақида: - Ким шайтонга қарашни хоҳласа,  Набтол ибн Ҳорисга қарасин деган эдилар. У Раусулуллоҳ (с.а.в.)нинг гапларини мунофиқларга чақимчилик қилиб ташиб юрар эди. (Қўшиб-чатиб).
Унга: - Бундай қилмагин, - дейилса, у: - Муҳаммад қулоқку, ким бирор гап айтса ишонаверади, биз хоҳлаган гапларимизни айтаверамиз, сўнг унинг олдига бориб, (айтмадик деб) қасам ичамиз у ишонаверади, - деди.  шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Саддий: - Бир гуруҳ мунофиқлар йиғилишди. Улар орасида Жаллос ибн Сувайд ибн Сомид ва Вадиъа ибн Собийлар ҳам бор эди. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳақларидан гап қилишни хоҳлашди. Ораларида Омир ибн Кайс исмли бир ансорий йигитча ҳам бор эди. Улар ўзаро гаплашиб – Агар муҳаммад айтаётган гап ҳақ бўлса, биз эшаклардан кўра ёмонроқ эканмиз, - дейишди. Кейин йигит Расулуллоҳ (с.а.в.)га бориб бу хабарни етказди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни чақириб, сўрадилар.
Улар: Омир ёлғончидир, - деб қасам ичишди. Шунда Омир ҳам: - Уларнинг ўзлари ёлғончидирлар,- деб қасам ичди ва: - Эй Аллоҳ, ростгўйнинг ростлиги ва ёлғончининг ёлғони аниқ бўлмагунча бизни ажратмагин деди. Шунда улар ҳақида ушбу оят нозил бўлди.
 
62-оят. (Эй, мўминлар), улар сизларни рози қилиш учун (Пайғамбарга озор бермадик, деб) Аллоҳ номига қасам ичадилар. Ҳолбуки, агар мўмин бўлганларида, Аллоҳ ва унинг пайғамбарини  рози қилмоқлари лойиқроқ иш эди.
 
64-оят. Бу мунофиқлар ўзлари ҳақида дилларидаги нарсадан (яъни, мунофиқликларидан) огоҳлантирадиган бирон сура нозил бўлиб қолишидан  қўрқадилару (яна пайғамбар ва мўминларни) масхара қилиб куладилар. Айтинг: «Кулаверинглар Аллоҳ сизлар (фош бўлиб қолишидан) қўрқаяпган нарсани албатта (юзага) чиқарувчидир».
Саддий: Баъзи мунофиқлар: - Аллоҳга қасамки, мен келтирилиб юз дарра дарралансам-да, ва бизни фош қиладиган бирор нарса нозил қилинмаса  шуни хоҳлайман, - деди. Шунда Аллоҳ ушбу оятни нозил қилди.
Мужоҳид: Улар ўзаро (бемаза гапларни) гаплашишарди. Кейин эса: - Аллоҳ бизнинг сирларимизни фош қилмаса эди, қанийди, - дейишар эди.
 
65-оят. Қасмки, агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, албатта улар: «Биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳдан , Унинг оятларидан Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?»
Қатода: Расулуллоҳ (с.а.в.) Табук ғазотига чиққанларида сафарларида мунофиқ кимсалар ҳам бор эди.
Улар: - Бу киши (яъни, Расулуллоҳ (с.а.в.)) Шом қасрларини, қалъаларини фатҳ қилишни орзу қилаяптими? Буни ҳеч қачон қилаолмайди, - дейишди. Бу нарсадан Аллоҳ ўз пайғамбарини хабардор қилди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): - Уловларга мининглар, - дедилар-да уларнинг олдига келдилар ва: - шундай – деб айтингизлар, - дедилар. Улар: - Эй Расулуллоҳ, биз фақатгина баҳслашиб, ҳазиллашаяпмиз - дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Зайд ибн Аслам ва Муҳаммад ибн Ваҳб: - Мунофиқлардан бир киши Табук ғазоти ҳақида: - мен мана бу қориларимиздан кўра қорнини ўйлайдиган, тиллари ёлғончи, душманга дуч келганда қўрқоқроқ кимсаларни кўрмадим, - деди. У бу гапи билан Расулуллоҳ (с.а.в.) ва у кишининг асҳобларини назарда тутди. Шунда Авф ибн Молик: - Ёлғон гапирдик. Аммо сен мунофиқсан. Мен албатта Расулуллоҳ (с.а.в.)га хабар бераман, деди. У хабар бериш учун боргач, ўзидан олдин Қуръон хабар берганини кўрди. Шунда ҳалиги (мунофиқ) киши Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдига келди. У киши йўлга отланиб, туяларни минган эдилар. Мунофиқ: Эй Расулуллоҳ, биз баҳслашиб, ҳазиллашиб тургандик. Йўлни қисқа қилиш учун гурунглашиб кетаётгандик, - деди.
Ибн Умардан: Абдуллоҳ ибн Убайни кўрдим. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларида: - Эй Расулуллоҳ, биз баҳсга (шўнғиб) ҳазиллашиб турган эдик, - деб кетаяпганди. Тошларга қоқилиб йиқилиб кетарди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) эса: - Аллоҳни унинг оятларини ва  Расулини  масхара қилаётган эдингизми, - дер эдилар.

74-оят. Улар (яъни, мунофиқлар сизга етиб келган хақорт сўзларни) айтмаганликларига қасам ичадилар. Ҳолбуки, куфр сўзини аниқ айтган эдилар ва исломга кирганларидан сўнг яна куфрга қайтган эдилар ҳамда ўзлари етолмаган нарсага (яъни, пайғамбар жонига суиқасд қилишга)  қасд қилган эдилар. Аллоҳ улар (мунофиқлар) фақат ва унинг пайғамбари уларни ўз фазлу карамидан бой бадавлат қилиб қўйгани учунгина (Аллоҳ ва унинг пайғамбарини) ёмон кўрдилар, холос. Бас, энди агар тавба қилсалар, ўзлари учун яхши бўлур. Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ уларни дунёю охиратда аламли азоб билан азоблар ва улар учун ер юзида бирор дўст ва ёрдамчи бўлмас!
Заҳҳок: Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга мунофиқлар ҳам Табук ғозотига чиқишди. Улар агар бир – бирлари билан ҳоли қолишса Расулуллоҳ (с.а.в.) ва асҳобларини ҳақорат қилишар ва динда таъна қилишарди. Шунда Ҳузайфа уларнинг гапларини Расулуллоҳ (с.а.в.)га етказди.
Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): - Эй нифоқ аҳллари, сиз ҳаққингизда менга етган нарса нимадир, - дедилар. Шунда улар: - буларнинг бирортасини айтганимиз йўқ, - деб қасам ичишди. Шунда Аллоҳ таоло уларни ёлғончига чиқариб ушбу оятни нозил қилди.
Қутода: - Бизга зикр қилиндики, Жуҳайна қабиласидан бир киши билан Ғифор қабиласидан бир киши уруш қилиб қолишди. Ғифорлик киши Жуҳайналик киши устидан ғолиб чиқди. Шунда Абдуллоҳ ибн Убай: - Эй бани Авс, биродарингизга ёрдам беринглар, Аллоҳга қасамки, биз билан Муҳаммаднинг мисоли ушбу мақолдагидекдир: - Итингни семиртирсанг ўзингни қопади. Аллоҳга қасамки, Мадинага қайтсак азиз у ердан хорни (ҳайдаб) чиқаради, - деди. (Азиз деб ўзини, хор деб  Расулуллоҳ (с.а.в.)ни назарда тутди). Бу гапни бир мусулмон киши эшитиб қолиб, Расулуллоҳ (с.а.в.)га келиб айтиб берди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни келтирдилар. Шунда у: - “айтмадим”, - деб қасам ича бошлади. Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
Аллоҳ таолонинг сўзи: - ... етолмаган нарсаларига қасд қиладилар...
Зоҳҳак: - Улар тоғли йўлда кечаси даф қилишга қасд қилишди. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ўлдиришга келишиб олишган қавм эдилар. Улар у киши билан бирга қулай фурсатни пойлаб боришди. Тоғли йўлга кирганларида баъзилари олдинга ўтишди, баъзилари эса, орқада қолишди. Бу кечасида бўлган эди. Улар: Агар тоғли йўлга кирса водийда туясидан тушуриб даф қиламиз, - дейишди.  У кишининг бу кечада йўл бошловчилари Аммор ибн Ёсир, туя етакловчилари Ҳузайфа эди. Бирдан Ҳузайфа туяларнинг оёқ товушини эшитиб қолди. Ўгирилиб қараб, юзларини тўсиб олган кишиларни кўрди ва: - Эй Аллоҳнинг душманлари ўзларингни ҳимоя қилинглар, - деди. Буни эшитиб улар тийилишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) эса кўзлаган манзилларига эсон-омон етиб олдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.

75-оят. Улар орасида: “Қасамки, агар (Аллоҳ) бизга Ўз фазлу карамидан (мол-давлат) ато қилса, албатта биз камбағалларга садақотлар қилурмиз ва солиҳ бандалардан бўлурмиз”, деб Аллоҳга аҳд паймон берадиган кимсалар ҳам  бордир.
Абу Умома ал-Баҳилий: Саълаба ибн Ҳатиб Ал-Ансорий Расулуллоҳ (с.а.в.)га келиб: - Эй Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени мол-дунё билан ризқлантирсин, - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): - Шўринг қурсин эй Саълаба, шукрни адо қиладиган оз нарса, тоқатинг етмайдиган кўп нарсадан яхшироқдир, - дедилар. Яна бошқа сафар эса: - (Эй Саълаба), Аллоҳнинг Пайғамбаридек бўлишга рози бўлмайсанми, нафсим йўлида бўлган зотга қасамки, то мен билан бирга олтин, кумуш бўлиб оқиб юришини хоҳласам албатта оқиб юради, - дедилар. Шунда у: - Сизни ҳақ билан юборган зотга қасамки, агар Аллоҳга мени мол билан ризқлантиришини дуо қилсангиз ҳар бир ҳақдорга ҳақини бераман, - деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): - Эй Аллоҳ, Саълабани мол билан ризқлантир, - дедилар. Шунда у қўйларга эга бўлди. Қўйлар худди қуртлар кўпайгандек кўпайиб кетди. Мадина уларга торлик қилиб қолди. У Мадинадан четга чиқиб, бир водийга жойлашди. Ҳаттоки фақат пешин ва аср намозларинигина  жамоат билан ўқиб қолганларини тарк қилди. (Ўзи ёлғиз ўқиди). Кейин қўйлар яна ўсиб кўпайиб кетди. Ҳаттоки фақат жума намозларинигина жамоат билан ўқиди. Қўйлар эса қуртдек кўпайиб ҳаттоки жума намозини ҳам тарк қилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) у ҳақида сўраб: - Саълаба нима қилди? – дедилар.
Одамлар: - У қўйга эга бўлди, Мадинага сиғмади, - деб унинг хабарини беришди.
Шунда у киши: - Саълабанинг шўри қуриб қолибди, - дедилар. Уч марта айтдилар. Кейин Аллоҳ азза ва жалла уларнинг молларидан поклайдиган садақа (закот) олгин ... оятини ва закотни фарз қилиб оят нозил қилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) икки кишини садақа (закотга) масъул қилиб жўнатдилар ва: - Саълабага ва фалончига (Бани Салимлик бир киши) боринглар ва уларнинг садақа (закот)ларини олиб келингар, - дедилар. Улар чиқиб Саълабанинг олдига бордилар ва садақа (закот)ни сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг хатларини унга ўқиб бердилар шунда у: - ахир бу жизянинг ўзику, бу жизянинг туриданку, буни нималигини мен билмадим. Сизлар бораверинглар. Ҳаммадан олиб тугатгач, сўнг яна келинглар. Улар кетишди. Бани Салимлик киши хабардор бўлиб, туяларнинг энг яхшиларини садақа учун ажратиб қўйди. Сўнг шулар билан уларни кутиб олди. Улар буни кўриб: - Буларни бериш сенга вожиб эмас, биз буларни сендан олишни хоҳламаймиз, - дейишди. У эса: - Йўқ олинглар. Шу билан менинг нафсим шод бўлади, булар менинг туяларимдир, - деди. Шунда улар ундан садақа (закот)ларини олишди. Фориғ бўлишгач, яна Саълабанинг олдига қайтиб, боришди. Шунда у: - Менга хатингизни кўрсатинг, бир қарайчи, - деб, бу жизянинг туридан-ку, сизлар бораверинглар, мен бир фикрга келайчи, - деди. Улар қайтиб Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига боришди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни кўргач, улар билан ҳали гаплашмасдан туриб: - Саълабанинг шўри қуриди, - дедилар. Салимлик кишига эса, барака тилаб дуо қилдилар. Улар Саълаба қилган ишни ҳам Бани Салимлик киши қилган ишни ҳам айтиб беришди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла ушбу: улар орасида: - Агар бизга (Аллоҳ) фазли (бойлиги)дан берса, албатта садақа қиламиз. (Закот берамиз) ва солиҳлардан бўламиз, - деб Аллоҳ билан аҳдлашадиганлар ҳам бор оятини ... ёлғончилик қилганлари сабабли ...оятигача нозил қилди.
 
76-оят. Энди қачонки (Аллоҳ) уларга ўз фазлу карамидан (мол-давлат) ато қилса, унга бахиллик қилурлар ва юз ўгирган ҳолларида кетурлар.
 
77-оят. Бас, (садақотлар берурмиз), деб Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва (иймон келтирганмиз) деб ёлғон гапирувчи бўлганлари сабабли (Аллоҳ) уларга то Унинг Ўзига рўбарў бўладиган кунгача дилларида нифоқ бўлишини оқибат қилиб қўйди.
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларида Саълабанинг бир қариндоши бор эди. У бу оятни эшитиб чиқди-да, Саълабанинг олдига бориб, унга: - Эй Саълаба, сенга вой бўлсин, Аллоҳ сени ҳақингда ушбу оятни нозил қилди, - деди. Буни эшитиб, Саълаба Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига бориб,  садақа (закот)ини қабул қиишларини сўради.
Шунда у киши: - Аллоҳ менга сендан закотингни қабул қилишимни ман қилди, - дедилар. Буни эшитиб у бошидан тупроқ соча бошлади.
Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): - Бу ўзингнинг амалингдир. Мен сенга буюрган эдим. Сен эса менга итоат этмадинг, - дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) ундан бирор нарса қабул қилишдан бош тортгач, у қўйлари олдига қайтди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ундан ҳеч нарса, қабул қилмай вафот этдилар. Кейин эса, Абу Бакр халифа бўлганларида, у Абу Бакрнинг олдига бориб: - Менинг Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларидаги ва ансорлар ичидаги мартабамни биласиз. Мендан садақам (закотим)ни қабул қилинг, - деди.  
Шунда Абу Бакр: - Расулуллоҳ (с.а.в.) қабул қилмадилар – у, мен қабул қиламанми? – деди. Абу Бакр ҳам унинг садақа (закот)ини қабул қилмасдан вафот этди. Умар (ра) халифа бўлгач, бориб: Эй амирул мўъминин, садақамни қабул қилинг,- деди. У киши: - Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам Абу Бакр ҳам қабул қилмадилар. Энди мен сендан қабул қиламанми? – деди. Умар ҳам ундан қабул қилмай вафот этди. Сўнг Усмон (ра) халифа бўлдилар. Саълаба бориб садақа (закоти)ни қабул қилишини сўради.  Шунда у киши: Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам, Абу Бакр ҳам, Умар ҳам қабул қилишмади. Энди мен қабул қиламанми?, - деди. Саълаба Усмон (ра) халифалик қилган вақтларида ҳалок бўлди.
 
79-оят. Мўминлар орасидан ўз хоҳиши билан садақотлар қилувчи кишиларни ва (инфоқ-эҳсон қилиш учун) кучлари етган нарсани топиб келган кишиларни айблаб, масхара қиладиган кимсаларни Аллоҳ масхара қилур ва улар учун аламли азоб бордур.
Ибн Масъуд (ра)дан: - Садақа ояти нозил бўлгач, бир киши келиб, бир соъ нарса садақа қилди. Одамлар: - Аллоҳ бу бир соъдан бемуҳтождир, бойдир, - дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
Имом Бухорий ривояти.
Қутода ва бошқалар: - Расулуллоҳ (с.а.в.) одамларни садақа қилишга ундадилар. Шунда Абдураҳмон ибн Авф тўрт минг дирҳам келтирди ва: - Эй Расулуллоҳ, менда саккиз минг дирҳам бор эди. Ярмини келтирдим, Аллоҳ йўлида ишлатинг. Ярмисини эса, оилам учун олиб қолдим, - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): - Аллоҳ берганингга ҳам, олиб қолганингга    ҳам барака берсин, - дедилар. Аллоҳ Абдуаҳмоннинг молига барака берди. Хаттоки у вафот этгач иккита аёли қолди. Молининг саккиздан бир қисми уларга тегди. У бир юз олтмиш минг дирҳам бўлди. Шу вақтда Осим ибн Адий ибн Ажлон ҳам юз васақ хурмо садақа қилди.
Абу Уқайл ал-Ансорий бир соъ хурмо келтирди ва: - Эй Расулуллоҳ,  кечани арқон билан юк ташиб ўтказдим ва икки соъ хурмога эга бўлдим. Бир соъни аҳлим учун олиб қолдим. Бир соъни сизга келтирдим, - деди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга хурмони садақалар орасига қўйишни буюрдилар. Шунда уларни мунофқлар масхара қилишди: - Абдураҳмон ва Осим риё учун беришди. Абу Уқайлнинг бир соъ хурмосидан эса, Аллоҳ ва Расули беҳожат, бемуҳтождир, у ўзини яхши кўрсатишни хоҳлади, - дейишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.
 
84-оят. Улардан бирортаси ўлса, зинҳор унинг (жаноза) намозини ўқиманг ва қабри устига ҳам бориб турманг! Чунки улар Аллоҳ ва унинг пайғамбарига кофир бўлдилар ва итоатсиз ҳолларида ўлдилар.
Ибн Умар (ра)дан: - Абдуллоҳ ибн Убай (мунофиқ) вафот этгач, ўғли Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келиб: - менга кўйлагингизни беринг, мен уни (отамни) шу кўйлагингиз билан кафанлайман, унга жаноза намозини ўқинг, унинг учун истиғфор айтинг, - деди. У киши унга кўйлакларини бердилар. Кейин эса: - Менга хабар бер, мен унга жаноза ўқийман, - дедилар. Бу Расулуллоҳ (с.а.в.)га хабар етказди. Расулуллоҳ (с.а.в.) жаноза намозини ўқимоқчи бўлганларида, Умар ибн Хаттоб у кишини тортиб: - Аллоҳ сизни мунофиқларга жаноза ўқишдан қайтармаганми? – деди.
Расулуллоҳ (с.а.в.): - Мен икки ихтиёрнинг орасидирман: Улар учун истиғфор айтаман ёки истиғфор айтмайман, - дедиларда ўқидилар. Кейин ушбу оят нозил бўлди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) уларга жаноза намози ўқишни тарк қилдилар.
Бухорий ва Муслим ривояти
Ибн Аббос (ра): Умар ибн Хаттобдан эшитдимки, айтдилар: - Абдуллоҳ ибн Убай вафот этгач, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга жанози намози ўқишга чақирилдилар. У киши шундай қилмоқчи бўлдилар. Жаноза ўқиш учун майитнинг олдида турганларида бориб у кишининг кўкраклари олдида турдим ва: - Эй Расулуллоҳ, Аллоҳнинг душмани Абдуллоҳ ибн Убайга (жаноза ўқийсизми)? Фалон куни фалон нарса деган, фалон вақти фалон нарса деган кишига – я? – деб кунларни санадим. Расулуллоҳ (с.а.в.) табассум қилиб турдилар. У кишига кўп гапирганимдан кейин: - Эй Умар, мендан нари тургин. Менга ихтиёр берилди, мен танладим. Менга айтилдики: - Улар учун истиғфор айт ёки уларга истиғфор айтма (фарқи йўқ). Агар улар учун етмиш марта истиғфор айтсанг ҳам, бас Аллоҳ уларни кечирмайди.
Агар етмиш мартадан зиёда истиғфор айтсам, у кечирилса эди, албатта зиёда қилардим, - дедилар. Сўнг Расулуллоҳ (с.а.в.) жаноза ўқидилар. Қабргача олиб бордилар ва унинг қабри устида турдилар. Токи қўшилиб бўлгунча. Расулуллоҳ (с.а.в.)га журъат қилиб, дадил бориб гапирганимга ўзим ажабландим. Аллоҳ ва Расули билучироқдир. Аллоҳга қасамки, озгинагина вақт ўтгач ушбу оят нозил бўлди. Шундан кейин Расулуллоҳ (с.а.в.) бирор мунофиққа жаноза ўқимадилар, қабрида ҳам турмадилар. Токи вафот этгунларича.
Муфассирлар айтишади: Расулуллоҳ (с.а.в.) Абдуллоҳ ибн Убайга қилган ишлари ҳақида гапириб: - Менинг кўйлагим, ва намозим унга Аллоҳдан бирор нарсада ас қотмайди. (Бирор нарсани қайтара олмайди). Аллоҳга қасамки, мен шу сабабли унинг қавмидан мингтаси исломга киришини умид қилган эдим, - дедилар.
 
92-оят. Яна сизга (жангга миниб бориш учун) от-улов сўраб келган вақтларида, уларга: “Сизларни миндириб юборадиган улов йўқ-ку”, деганингизда (жиҳод учун) ишлатиладиган бирон нарса топа олмаганлари ва ғамгин бўлишиб, кўзларидан ёш тўкиб қайиб кетган кишиларни ҳам  айблашга ҳеч қандай йўл йўқдир.
Бу оят йиғлаган кишилар ҳақида нозил бўлган. Улар еттита эдилар: Маъқол ибн Ясар, Соҳир ибн Қунайс, Абдуллоҳ ибн Каъб ал-Ансорий, Солим ибн Умайр, Саълаба ибн Ғонма, Абдуллоҳ ибн Маъфал ва еттинчиларининг номи келтирилмаган. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келишиб: - Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, Аллоҳ азза ва жалла бизни сиз билан бирга (жангга) чиқишга чорлади. Бизга улов топиб беринг сиз билан бирга ғазот қиламиз, - дейишди. Шунда у киши: - Сизларни миндиришга бирор нарса топа олмадим, - дедилар. Буни эшитиб йиғлаган ҳолларида қайтиб кетишди.
Мужоҳид: Бу оят Миқроннинг ўғиллари Маъқал, Сувайд ва Нўъмон ҳақида нозил бўлган.
 
97-оят. Аъробийлар куфру нифоқда қаттиқроқ ва Аллоҳ ўз Пайғамбарига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойқроқдирлар. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир.
Бу оят Асъад ва Ғатафон қабилаларидан аъробийлар ва Мадинада ҳозир бўлган аъробийлар ҳақида нозил бўлган.
 
101-оят. Атрофингиздаги аъробийлар ва Мадина аҳолиси орасида инфоқда доимий бўлган шундай мунофиқлар борки, уларни сиз билмайсиз. Биз билурмиз. Уларни қайта-қайта (яъни, ҳайтлик пайтларида қатл қилиш, асир олиш билан, ўлганларидан кейин қабр азоби билан) азоблаймиз. Сўнгра (қиёмат кунида) улуғ азобга қайтарилурлар.
Калбий: - Бу оят Жуҳайна, Музайна Ашжаъ, Аслам, Ғифор қабилалари ҳақида нозил бўлган. Мадина аҳлларидан эса: Абдуллоҳ ибн Убай, Жадд ибн Қайс, Маътаб ибн Башир, Жаллос ибн Сувайд ва Абу Омир Роҳиб ҳақидадир.
 
102-оят. Яна бошқа бир кишилар борки, гуноҳларини эътироф қилурлар. Улар яхши амални бошқа – ёмонга аралаштириб юборганлар. Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилса ажаб эмас. Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир.
Ибн Волибийнинг ривоятида Ибн Аббос (ра): - Бу оят бир қавм ҳақида нозил бўлгандир. Улар Табук ғазотига бормасдан қолган эдилар. Кейин эса бу қилган ишларига пушаймон бўлиб, надомат қилдилар. Ва: - Биз бошпаналарда, соя – салқин жойларда, аёлларимиз ёнида бўлсагу, Расулуллоҳ (с.а.в.) ва азҳоблар жиҳодда юрибдилар. Аллоҳга қасамки, биз ўзимизни устунларга боғлаймиз. Ўзимизни токи Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзлари озод қилиб-ечиб, бизни кечирмагунларича, биз ўзимизни озод қилмаймиз – бўшатмаймиз, - дедилар. Ва ўзларини масжид устунларига боғладилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) қайтгач, уларнинг олдиларидан ўтдилар ва уларни кўриб: - Булар кимлар, - дедилар.
Одамлар: - Булар сиз билан бирга жиҳодга бормасдан қолганлардир. Шунинг учун улар токи сиз келиб, уларни озод қилмагунингизча ва улардан рози бўлмагунингизча, ўзларини озод қилмасликка Аллоҳга аҳд берганлар – дейишди.
Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): - Мен ҳам Аллоҳ билан қасам ичаманки, уларни озод қилишга буюрмагунимча, уларни кечирмайман ҳам, озод ҳам қилмайман. Улар мендан юз ўгирдилар ва мусулмонлар билан бирга ғазот қилишдан қолдилар, - дедилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни озод қилдилар ва кечирдилар.
Улар озод қилингач: - Эй Расулуллоҳ, мана бизни сиз билан жиҳодга бормасдан қолишимизга сабаб бўлган молларимиз. Бу моллларни биздан садақа қилиб юборинг, буни покланг ва биз учун истиғфор айтинг, - дейишди.
Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): - Мен сизнинг молларингиздан бирор нарса олишга буюрилмадим, - дедилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла:

103-оят. (Эй Муҳаммад), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб, тозалайдиган сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир. Оятини нозил қилди.  
Ибн Аббос (ра) айтадики: Улар ўнта киши эдилар.
 
106-оят. Яна бошқа бир  (гуруҳ, ғазотга чиқмаган)лар борки, Улар Аллоҳнинг амрига қолдирилурлар – У Зот Ўзи уларни ё азобга гирифтор қилар, ёки тавбаларини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир.
Бу оят Каъб ибн Молик, Бани Амр ибн Авф уруғидан Мирора ибн Аъробий ва Бани Воқиф уруғидан Ҳилол ибн Умаййалар ҳақида нозил бўлган. Улар Таук ғазотидан қолган эдилар. Улар Аллоҳ таолонинг “яна ўша уч кишининг ҳам (тавбаларини ҳам қабул қилдик), то уларга кенг ер торлик қилиб қолгунча ва диллари сиқилиб, Аллоҳнинг (ғазабидан) фақат ўзига тавба қилиш билангина қутилиш мумкин эканини билгунларича (тавбалари) қолдирилган  эди (яъни тавба қилишга муваффақ бўлмаган эдилар). Сўнгра (Аллоҳ) Тавба қилишлари учун уларга тавба йўлини очди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қақбул қилгувчи, меҳрибондир” (тавба, 118) оятида зикр қилинган кишилардир.
 
107-оят. Яна шундай кимсалар ҳам борки, улар (мўминларга) зиён етказиш, куфрни кучайтириб ва мўминлар ўртасига тафриқа солиш ҳамда илгари Аллоҳ ва унинг Пайғамбарига қарши уришган (бир) кимсага кўз тутиш учун (фитна юзасидан) масжид  қуриб олдилар. Яна: “Биз фақат яхшиликнигана истаган эдик”, деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар шак-шубҳасиз ёлғочилардир.
Муфассирлар айтади: Бани Амр ибн Авф Қубо масжидини қуриб олишди ва Расулуллоҳ (с.а.в.)ни чақириб одам юборишди. У киши келиб, у ерда намоз ўқиб бердилар. Шунда уларнинг Бани Амр ибн Авфлик биродарлари уларга ҳасад қилишиб: - Биз ҳам масжид қурамиз ва Расуллуллоҳ (с.а.в.)га одам юборамиз. Худди биродарларимизнинг масжидида намоз ўқиганларидек, бизнинг масжидимизда ҳам намоз ўқиб берсинлар. Абу Омир ар-Роҳиб Шомдан келса, масжидда (имом бўлиб) намоз ўқийди, - дейишди. Абу Омир жоҳилиятда роҳиблик йўлини тутганди. Насроний бўлиб, дағал роҳибларнинг кийимини кийиб юрарди. Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинага келгач, у тўғри динни инкор қилиб бу кишига душманлик йўлига ўтганди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) уни  Абу Омир ал-Фосиқ деб номлаган эдилар. У Шомга бориб мунофиқларга хабар жўнатди: - Кучларинг етганча қувват ва қурол-яроқларни тайёрланглар. Мен учун бир масжид қуринглар. Мен Қайсарнинг олдига кетяпман. Рум қўшинларини олиб бораман. Муҳаммад ва асҳобларни (Мадинадан қувиб) чиқараман, - деб тайинлаган эди. Шунинг учун улар Қубо масжидининг ёнида масжид қурдилар. Уни қурганлар ўн икки киши эдилар: Ҳизом ибн Хомид – у ҳовлисидан масжидга жой ажратганди. Саълаба ибн Ҳатиб, Маътаба ибн Қушайр, Абу Ҳабиба, ибн Аръад, Ибод ибн Ҳаниф, Ҳориса, Жория ва унинг икки ўғли Мажмаъ ва Зайд, Набтол ибн Ҳорис, Лиҳод ибн Усмон ва Вадиъа ибн Собитлардир. Масжидни қуриб бўлишгач, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келишди ва: Ёмғирли кунларда, қиш кечаларида қийналмаслик учун, касал, заифларга осон бўлиши учун биз бир масжид қурдик. Ўша ерга бориб, биз учун намоз ўқиб беришингизни хоҳлаймиз, - дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) кийишга кўйлак келтиришларини буюрдилар. Ўша масжидга бормоқчи бўлдилар. Шунда Аллоҳ таоло у кишига Қуръон нозил қилди ва масжид Азрорнинг хабарини берди. Уларнинг мақсадларини билдирди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) Молик ибн Даҳшан Маъман ибн Адий, Омир ибн Яшкар ва Ҳамзанинг қотили Вахшийни чақириб: - Ўша аҳли золим бўлган масжидга бориб, уни бузиб ташланглар ва ёқиб юборинглар, - дедилар. Улар кетишди. Молик бориб хурмо навдасини олиб, унга олов илаштириб олди. Сўнг масжидга киришди. У ерда масжид аҳлллари бор эди. Улар масжидни бузиб ташлаб, ёқиб юборишди.  Масжид аҳли ҳар томонга қочиб кетишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ерни ўлимтиклар, супурунди – ахлатлар, нопок нарсалар ташланадиган ахлатхона қилиб олишини буюрдилар. Абу Омир эса, Шомда ғариб – ёлғиз ҳолида ўлиб кетди.
Саъд ибн Абу Ваққоснинг қизи Ойиша отасидан ривоят қилади: - Мунофиқлар Қубо масжидига қиёслаб, тенглаштириб бир масжид қуришди. У  масжидга яқин эди. Улар Абу Омир ар-Роҳибни кутиб-пойлаб туришарди. У келса, ўша масжидда уларнинг имомлари бўларди. Масжидни қуриб битиришгач, Расулуллоҳ (с.а.в.)га бориб: - Биз бир масжид қурдик. Ўша ерда намоз ўқиб беринг, биз ўзимизга намозгоҳ қилиб оламиз, - дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) улар билан бирга бориш учун кийимларни олдилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
 
111-оят. Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди – улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар. (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда ўзининг ҳаққи ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (Эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу  ҳақиқий буюк бахтдир.
Муҳаммад ибн Каъб ал-Қурозий: - Маккада Ақаба кечасида ансорлар Расулуллоҳ (с.а.в.) билан байъат қилишгач, улар етмиш киши эдилар, Абдуллоҳ ибн Равоҳа: - Эй Расулуллоҳ, Роббингиз ва ўзингиз учун хоҳлаган нарсангизни шарт қўйинг, - деди. Шунда у киши: - Роббим учун ёлғиз унинг ўзига ибодат қилиб, ҳеч нарсани шерик қилмаслигингизни, шарт қиламан. Ўзим учун эса, ўзингизни қандай ҳимоя қилсангиз мени ҳам шундай ҳимоя қилишингизни шарт қиламан, - дедилар. Улар: - Агар биз шуни қилсак, бизга нима бўлади? – дейишди. У киши: - Жаннат – дедилар. Улар: - Савдо фойдали бўлди. (Бу байъатни) бекор қилмаймиз ҳам, бекор қилишни сўраймиз ҳам, - дейишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
 
113 – оят. На пайғамбар ва на мўминлар, - агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам, - уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир.
Саъид ибн Муайб оталаридан: - Абу Толибга ўлим яқинлашгач, Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг олдига кирдилар. Унинг ҳузурида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя бор эди.
Расулуллоҳ (с.а.в.): - Эй амаки, мен билан бирга “Ла илаҳа илла Аллоҳ”, - денг. Аллоҳнинг ҳузурида мана шу сўз билан сиз учун ҳужжатлашаман, - дедилар. Шунда Абу Жаҳл ва ибн Абу Умайя: - Эй Абу Толиб, Абдулмуттолиб миллатидан юз ўгирасанми? – деб тинимсиз айтаверишди. Ҳаттоки у охирги сўзида: - Абдулмуттолиб миллатиданман, - деди (ва ўлди). Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): - Модомики Роббим тақиқламаса сиз учун истиғфор айтаман, дедилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
Бухорий ва Муслим ривояти
Жаъфар ибн Авс: - Менга етдики, Абу Толиб ўлим олдидаги касаллигидан шикоят қилгач, Қурайш аҳллари унга: - Эй Абу Толиб, укангни ўғлига одам юбор, у сенга ўзи таърифлаётган Жаннат (неъматлари)дан юборади. Сенга шифо бўлади, - дейишди. Элчи бориб Расулуллоҳ (с.а.в.)ни Абу Бакр билан бирга ўтирган ҳолда топди ва: Эй Муҳаммад, амакинг айтдики: - Мен заиф, касал, қарияман. Менга ўзинг зикр қилган жаннатнинг таоми ва ичимликларидан юбор, менга шифо бўлади, - деди. Шунда Абу Бакр: - Аллоҳ уларнини кофирарга ҳаром қилган, - деди. Элчи қайтиб: Мен Муҳаммадга айтган нарсаларингизни етказдим. Менга бирор нарса (жавоб) қайтармади. Абу Бакр эса: - Аллоҳ уларни кофирларга ҳаром қилган деди, - деди. Қурайшликлар буни эшитиб, Абу Толибдан яна қаттиқроқ талаб қилишди. У яна одам юборди. Элчи яна Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ўша хислатда топиб, гапни етказди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унга: - Аллоҳ жаннат таомлари ва ичимликларини кофирларга ҳаром қилган дедилар. Кейин элчининг изидан ўзлари ҳам йўлга тушиб, у билан бирга Абу Толибнинг уйига кирдилар. Уйнинг одамлар билан тўла эканлигини кўрдилар-да: - Мен билан амакимни ҳоли қолдиринглар, - дедилар. Улар эса: - Биз бундай қилмаймиз. Сен унга биздан кўра ҳақлироқ эмассан. Сен қариндош бўлсанг, биз ҳам сен каби қариндошмиз, - дейишди. У киши амакиларининг олдида ўтириб: - Эй амаки, мендан яхшилик олинг. Эй амаки, битта сўз билан ўзингиз учун менга ёрдам беринг қиёмат кунида мана шу сўз сабабли Аллоҳнинг ҳузурида мен сизни шафоат қиламан, - дедилар. Абу Толиб: - Нима экан у, эй укамнинг  ўғли? – деди. У киши: - Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ, - деб айтинг, - дедилар. У: - Сен мен учун холис турасан. Аллоҳга қасамки, одамар сенга: - Амакинг ўлимдан қўрқди, - деб сени орлантиришмаганда эди шу сўзни айтиб, кўзингни қувонтирар эдим, - деди. Бундан одамлар қичқириб юборишди: - Эй Абу Толиб, сен тўғри йўлда ота-боболар миллатидасан, - дейишди. Шунда у: - Қурайш аёллари: - Амакинг ўлим пайтида қўрқди, - деб айтмайди-ми, - деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): - Сиз учун токи Роббим мени рад қилмагунча Роббимдан истиғфор сўрайман, - дедилар. Ва ўлимидан сўнг унга истиғфор айтдилар. Шунда мусулмонлар: - Иброҳим отаси учун истиғор айтган бўлса, Муҳаммад (с.а.в.) ҳам амакилари учун истиғфор айган бўлсалар. Нега энди биз ота – боболаримиз ва қариндошларимиз учун истиғфор айтмаймиз? – дейишиб, мушрик қариндошлари учун истиғфор айта бошладилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд: Расулуллоҳ (с.а.в.) қабрларга назар қилиб чиқдилар. Биз ҳам у киши билан бирга чиқдик. Биз бир жойга ўтирдик. Кейин у киши қабрларни оралаб бир қабр олдида тўхтадилар. У ерда узоқ муножат қилиб туриб қолдилар. Сўнг кетдилар. Биз келсак, Расулуллоҳ (с.а.в.) йиғлаб турибдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) йиғлаганлари учун биз ҳам йиғлардик. Сўнг у киши бизга қарадилар. Умар ибн Хаттоб у кишини қарши олиб: - Эй Расулуллоҳ нима сабабдан йиғладингиз? Биз ҳам йиғладик ва қўрқдик, -деди.  У киши келиб олдимизга ўтирдилар-да: - Менинг йиғлаганим сизларни қўрқитдими? – дедилар. Биз: - Ҳа, - дедик. Шунда у киши: - Мен муножат қилиб туриб қолган қабр Омина бинти Ваҳбнинг (яъни, оналарининг) қабридир. Мен Роббимдан уни зиёрат қилишга изн сўрагандим, менга изн берилди. У учун истиғфор айтишга изн сўрагандим. Менга (Роббим) изн бермади. Ва “Иброҳимнинг отаси учун истиғфор сўраши фақат унга қилган ваъдаси туфайли эди...” оятни нозил қилди. Бундан бола ўз онасига қандай кўнгли эриса мен ҳам шундай аҳволга тушдим. Мана шу нарса мени йиғлатди, - дедилар.
 
122-оят. Барча мўминлар (жангга) чиқишлари лойиқ эмас. Ахир улардан ҳар бир гуруҳдан бир тоифа одамлар (жанг учун) чиқмайдиларми?! (Қолганлари эса Мадинада) динни ўрганиб, (жангга кетган) қавмлари уларнинг олдиларига қайтган вақтларида, у қавмлар Аллоҳнинг азобидан азобланишлари учун уларни огоҳлантиргани (қолмайдиларми)?!
Калбийнинг ривоятида ибн Аббос (ра): - Аллоҳ таоло мунофиқларнинг жиҳоддан қолганликларини айблаб оят нозил қилгач, мўминлар: - Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ (с.а.в.) ғазот қилган бирор ғазотдан ва (у киши қатнашмаган бўлсалар ҳам) бирор-бир жангга чиқишдан ҳеч қачон қолмаймиз, - дейишди. Шунинг учун Расулуллоҳ (с.а.в.) душманга қарши бирор-бир юришга буюрилсалар ҳам мусулмонларнинг барчалари ёппасига чиқишди. Расулуллоҳ (с.а.в.)ни Мадинада ёлғиз ташлаб кетишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди.

Орқага Олдинга